Меҳмондорчилик одоби
Дарҳақиқат, инсонларнинг ҳаётдаги завқларидан бири бир-бирлариникига боришлари, ҳол-аҳвол сўрашлари, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашлари билан бўлади. Бу хислатлар эса халқимизнинг меҳмондорчилик одатида мужассамдир. Халқимиз меҳмондўст бўлиб, у меҳмон келиши билан хурсанд бўлади, аммо меҳмон кетса, хафа бўлади. Халқимиз шоирларидан бири меҳмондорчилик ҳақида шундай ёзади:
Хонамиз дўстлар оёғидан топар нур-у зиё,
Уй-фонус, меҳмон шам-у, мен эса парвона.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо,
Кетса, меҳмон, мен мисоли мажнуни девона.
Ривоят қилишларича, Иброҳим ( а.с.)никига меҳмон келади. Иброҳим (а.с.) меҳмон ҳурмати учун олдин қўй сўядилар. Аллоҳ таоло у кишига “ Меҳмонни ҳурмат қил”, деган ваҳий юборади. Иброҳим (а.с.) бирин –кетин сигир ва туя сўядилар, аммо у кишига юқоридаги ваҳий такрорланаверади. Иброҳим (а.с.) Аллоҳ таолодан: “ Нима қилсам, меҳмонни ҳурмат қилган бўламан”, деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло: “ Эй Иброҳим, меҳмонни ҳурмати унга таомни кўпайтириб қўйиш билан эмас, меҳмонга яхши такаллуф билан ўзинг хизмат қилишингдадир”, дейди. Шундан сўнг Иброҳим( а.с.) меҳмонларига доимо ўзлари хизмат кўрсатган эканлар.
Меҳмондорчилик ҳақида ҳадисда: “ Меҳмонини эъзозламаган қавм ёвуз қавмдир”, дейилади. ( Бухорий ривояти). Меҳмондорчилик ҳақидаги бу оят ва ҳадисга мувофиқ келадиган мақол ва ривоятлар халқимиз орасида жуда кўп. “ Меҳмон отангдан улуғ”, “ Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан”, деган мақоллар шулар жумласидандир.
Қадим замонларда меҳмондўст қишлоқ бўлиб, у қишлоққа вақти-вақти билан бир мўътабар меҳмон келиб турар экан. У мўътабар меҳмонни қишлоқ аҳли меҳмон бўлишини орзу қилар экан. Бир сафар меҳмон қишлоқ одамларига: “ Ҳамма қишлоққа кирадиган тепалик ёнида улов боғлайдиган қозиқ қоқсин. Мен кимнинг қоққан қозиғига уловимни боғласам, ўшанинг уйига меҳмон бўлиб бораман”, -деб хабар юборибди. Қишлоқ аҳлининг барчаси меҳмон юборган хабарга амал қилиб, меҳмонни интизорлик билан кутишибди. Ўша қишлоқда меҳмон келишини ортиқча ташвиш ҳисоблаб, меҳмондорчиликни ёқтирмайдиган бир аёл бор экан. У аёл эрига меҳмон олиб келиш учун тепалик ёнига боришга рози бўлмабди. Шундай бўлсада, унинг эри бу ишни эл қатори бажаришини ва тепалик ёнига кўзга кўринар-кўринмас бир қозиқ қоқишини айтибди. Аёл эса эрига ишонмай, мабодо меҳмон келадиган бўлса, уни фақат бир ўзини қабул қилишини ва бошқа кишиларни қўшилиб келмаслигини тайинлабди. Белгиланган кула меҳмон келиб, тепалик ёнидаги улов боғланидиган қозиқларни кўздан кечириб, ўша кўзга кўринар-кўринмас қозиққа уловини боғлабди. Ва меҳмон меҳмондорчиликни ёқтирмайдиган оилага меҳмон бўлиб келибди. Меҳмон уларнинг хонадонига келгандан сўнг, бир оқ кийимли киши дарвозани тақиллатибди. Аёл дарвозани очган экан, оқ кийимли киши меҳмон келганлигини сўрабди ва уйга кириб кетибди. Яна бир оздан сўнг қора кийимли киши келиб, дарвозани ура бошлабди. Энди аёл дарвозани очмасдан қора кийимли киши билан мунозара қила бошлабди. Шунда ичкаридан меҳмон чиқиб, қора кийимли кишига бир нарсалар дебди ва қора кийимли киши орқасига қайтиб кетибди. Аёл эса меҳмондан бу кишилар ким эканлигини сўрабди. Меҳмон: “ Бир хонадонга меҳмон келса, у билан барака ва уйдан бало-қазолар даф бўлади. Уйингга меҳмон келганидан сўнг келган оқ кийимли киши уйингга барака олиб келган бўлса, бу қора кийимли киши билан уйингга келадиган бало-қазолар қайтди”, деган экан. Халқимизнинг бу каби ривоятларида, меҳмон келиши билан хонадонга барака кириши ҳикоя қилинади.
Меҳмондорчиликда меҳмон ва мезмон одобларига амал қилинади.
Мезмон одоблари қуйидагича:
-меҳмон кутадиган киши пок ва озода бўлиши;
- меҳмон кутадиган одам тоза ва озода либосларини кийиши;
-меҳмон кутадиган жойлари саранжом-саришта бўлмоғи.
Меҳмон одоблари қуйидагича:
-меҳмонга келадиган киши пок ва озода бўлиши;
- меҳмон келадиган одам
тоза ва озода либосларини кийиши;
- мезмондан ҳол-аҳвол сўрашиши;
-меҳмонга келган киши ножўя гап ёки қилиқлар қилиб мезбонни кўнглини қолдирмаслиги;
-мезмон олдида фарзандларини ёки бошқа кишиларни уришмаслиги;
-мезмоннинг мушук каби уй ҳайвонларига қўполлик билан муомила қилмаслиги;
-мезмондан айрим хато ва қусур ўтса, уларни кечириб туриши;
-мезмон олдида ўзини камтар тутиши;
-мезмонга яхши суҳбатлар бериши;
-мезмонга меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдириши;
-мезмон ҳақига яхши дуолар билдириш;
-мезмонга меҳмон бўлиб боришини таклиф қилиб, хайрлашиш лозим.
Меҳмондорчилик халқимизнинг ажралмас олий фазилатидир. Меҳмондорчилик орқали халқимиз орасида дўстлик, меҳри-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади. Меҳмондорчилик халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатда, тинч-осойишта яшаш йўлида хизмат қилади.
Р. Акбаров