Намозда белнинг очилиб қолиши ҳақида
CАВОЛ: Бир неча ёши улуғ отахонлар намоз вақти бел очилиб қолса, намоз бузилади, деди. Шу тўғрими? Бу борада тўлиқроқ маълумот берсангиз.
ЖАВОБ: Намоз дуруст бўлиши учун аврат бўлган аъзолар тўсилиши шарт. Чунки сатр аврат намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31-оят).
Уламоларимиз бирор-бир аврат аъзосининг тўртдан бир қисми бир муддат очилиб қолса намоз бузилади, деганлар. Аёл кишининг соқи (яъни болдири), эркак кишининг сони алоҳида аъзо ҳисобланади. Бир муддат миқдори эса бир марта тасбеҳ айтишга кетадиган вақт миқдоричадир (“Ҳошиятут Таҳтовий”).
Баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан намоз ўқияпти, руку ва саждага борганларида аврат аъзосининг тўртдан бири, ҳатто кўпроғи кўриниб қолиб, ўқиётган намозлари дуруст бўлмаяпти, баъзилар эса калта шим (шортик)да намоз ўқимоқдалар. Шим белни ёпганда тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам алоҳида аврат ҳисоблананади, унинг тўртдан бири очилиб қолиши билан намоз бузилади. Қулай ва аврат аъзоларни ёпадиган кенг ва узун кийимда намоз ўқиш динимиз талабидир.
Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан