Халқимиз азал-азалдан диний арконларни мукаммал адо этиб келган эл ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиз аҳолиси динимизнинг энг катта байрамларидан ҳисобланган, диний ва миллий байрам сифатида ҳалқимиз онгу шуурига сингиб кетган икки ҳайит байрамларини ўзгача шодиёналик билан нишонлаш азал-азалдан ота-боболаримиздан қолган бой миллий ва диний меросимиздан ҳисобланади. Бу борада эса Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам бизларга Исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар: “Аллоҳ таоло Исломгача бўлган даврда нишонлайдиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамини ҳадя қилди”-деганлар (Абу Довуд ривояти).
Шу кунларда барча дунё мусулмонлари ана шу улуғ байрамлардан бири-Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандчилик ила нишонлаш остонасида турибди.
Қурбон ҳайити Иброҳим (а.с.) ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, Шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдан иборатдир. Буни қандай амалга оширамиз?
Ҳар бир инсонни у танишми ёки бегона бўлсин бир-бирларини ҳайит байрами билан самимий қутлайлик, бир-бирларимизни кўнглимизни олишга ҳаракат қилайлик.
Ҳайит намозидан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак, уларга қўлимиздан келганича ҳадялар улашсак ва албатта аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак динимиз кўрсатмаларини мукаммал адо этган инсонлар қаторида бўламиз. Ахир байрам-байрамдек бўлиши ҳам керакку!.
Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам “Бева ва мискинга ғамҳўрлик қилувчи – Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”-деганлар.
Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак..
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин,
унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши, шаръан дуруст эмасдир. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.
Қурбон ҳайитининг номидан маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-
мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин.
Битта мол, ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак, қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин! Кейинги йил ҳайит байрамларига ҳам соғлик – саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Р. Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакили,
Вилоят бош имоми хатиби