1441 йил 26 Зулҳижжа | 2020 йил 15 август, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:26
Sunrise
05:51
Dhuhr
12:41
Asr
17:32
Maghrib
19:31
Isha
20:56


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қуръонни унутишдан огоҳлантириш

7-12-2019, 18:17 146 Ўқиш режими + -

 

 


Аввал Қуръони Каримни ўқиш, ёд олиш ва амал қилишга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифлар келтирилган эди. Энди ўша савобли ишларни бардавом қилиш кераклигини таъкидловчи ҳадиси шарифлар келтирилади. Қуръони Каримни ёд олгандан кейин бепарво бўлиб унутиб қўйишнинг оқибати ёмон бўлиши уқтирилади.

 

3282- عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِنَّمَا مَثَلُ صَاحِبِ الْقُرْآنِ كَمَثَلِ صَاحِبِ الإِبِلِ الْمُعَقَّلَةِ إِنْ عَاهَدَ عَلَيْهَا أَمْسَكَهَا وَإِنْ أَطْلَقَهَا ذَهَبَتْ. 

 

3282. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Қуръон соҳибининг мисоли худди тушовланган туя соҳибига ўхшашдир. Агар ундан хабар олиб турса, уни тутиб қолади. Тек қўйса, кетиб қолади», дедилар».

Шарҳ: Туясини тушовлаб қўйган одам ундан тез-тез хабар олиб турмаса, туя кетиб қолиши турган гап. 

Худди шунга ўхшаб Қуръони Каримни ёд олган одам ҳам тез-тез такрор қилиб туриши лозим, бўлмаса эсидан чиқиб қолиши турган гап.

 

3283- عَنْ أَبِي مُوسَى t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: تَعَاهَدُوا الْقُرْآنَ فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنَ الإِبِلِ فِي عُقُلِهَا. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ.

 

3283. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръондан хабар олиб туринглар. Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, у қочоқликда тушовда турган туядан ҳам ашаддийроқдир», дедилар».

Иккисини икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ёд олган одамга уни эсдан чиқариб қўймаслик учун такрорлаб туришни амр қилмоқдалар ва бу маънони қасам ичиб таъдикламоқдалар. Ва, ниҳоят, бу ҳақиқатни туя ми­солида ўхшатма ила баён ҳам қилмоқдалар.

Буни Қуръони Каримни такрор қилиб туришга қатъий амр деб қабул қилмоқ лозим.

 


 

َ

  
3284- عَنْ عَبْدِ اللهِ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: بِئْسَمَا ِلأَحَدِهِمْ أَنْ يَقُولَ نَسِيتُ آيَةَ كَيْتَ وَكَيْتَ بَلْ هُوَ نُسِّيَ وَاسْتَذْكِرُوا الْقُرْآنَ فَلَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنْ صُدُورِ الرِّجَالِ مِنَ النَّعَمِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 

3284. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирингизнинг фалон, фалон оятни унутдим, демоғи қандоқ ҳам ёмон. Лекин у унутдирилгандир. Қуръонни ёдингизда туриши учун ҳаракат қилинг. Албатта, у одамларнинг кўксидан чиқишда қочоқ туядан ҳам ашаддийдир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, Қуръони Карим ёддан чиқиб қолмаслиги учун доимо уни такрорлаб турмоқ керак экан.

Аллоҳ таоло кўрсатмасин, мабодо баъзи оятлар ёддан чиқиб қолганда ҳам фалон оятни унутдим, демаслик керак экан. Чунки унутиш тарк қилиш деганидир. Қуръони Каримни тарк қилиш асло мумкин эмас. Шунинг учун, унутдирилдим, демоқ одобга тўғри келар экан.

Аллоҳ таоло ёдлаган сура ва оятларни унутилишидан Ўзи асрасин!

 

3285- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعَ النَّبِيُّ r رَجُلاً يَقْرَأُ بِاللَّيْلِ فَقَالَ: يَرْحَمُهُ اللهُ لَقَدْ أَذْكَرَنِي آيَةَ كَذَا وَكَذَا كُنْتُ أُنْسِيتُهَا مِنْ سُورَةِ كَذَا وَكَذَا. رَوَاهُ الثَّلاَثَةُ.

 

3285. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг кечаси қироат қилаётганини эшитдилар ва:

«Аллоҳ унга раҳм қилсин! У менга унутдирилган фалон, фалон сурадаги фалон, фалон оятни эслатди», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримнинг бирор ҳарфини унутдирилишлари мумкин нарса эмас. Чунки Аллоҳ таоло бундоқ бўлиши мумкин эмаслигини қайта-қайта такрорлаган. Бу ерда маълум бир оятларни, маълум бир сурага қўшиб қироат қилиш ҳақида кетмоқда. Энг асосийи, бу ерда Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикматга биноан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим учун бундоқ ҳолатларда қандоқ гапириш кераклигини ўргатмоқдалар.

 

3286- عَنْ أَنَسٍ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ عُرِضَتْ عَلَيَّ ذُنُوبُ أُمَّتِي فَلَمْ أَرَ ذَنْبًا أَعْظَمَ مِنْ سُورَةٍ مِنَ الْقُرْآنِ أَوْ آيَةٍ أُوتِيهَا رَجُلٌ ثُمَّ نَسِيَهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ. 

 

3286. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Қуръондан бир сура ёки оят унга берилганда унутиб қўйган одамдан кўра катта гуноҳни кўрмадим», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Қуръони Каримнинг бирор сураси ёки оятини ёддан чиқаришнинг гуноҳи шунчалар қаттиқ экан. Шунинг учун бу масалада жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Ҳадиси шарифларда Қуръони Каримни ёддан чиқаришни бунчалар қаттиқ олиниши ҳам ўзига яраша ҳикмат ва сабабларга эга. Агар шу даражада қаттиқ турилмаса одамлар бу масалада суст-каш бўлиб қолишлари мумкин. Бу эса Аллоҳ таолонинг каломига эътиборсизлик бўлади. Бу нуқтадан бошқа нарсаларга ҳам эътиборсиз бўлиш келиб чиқади. 

Аксинча, Қуръони Каримни доимий равишда ёддан чиқармасликка одатланган киши бошқа нарсаларни ҳам ёддан чиқармасликка одатланади. Бу эса жуда муҳимдир.

Аллоҳ таоло ёдлаган Қуръони Каримимизни доимо эсимизда туришини насиб қилсин!