1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мазҳабга эргашиш саодат кўпригидир

12-12-2022, 08:24 243 Ўқиш режими + -
Маълумки, муқаддас динимизда хоҳ ақидавий, хоҳ фиқҳий масалаларда бўлсин ўзаро ихтилофга тушиб, турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниш қораланади. Чунончи, Қуръон оятлари ва ҳадиси-шарифлар мўмин-мусулмонларни ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатга тарғиб қилиб, унинг акси бўлган ихтилоф, парокандалик, тартибсизлик каби иттифоқни парчаловчи омилларни қоралаган.
Шубҳасиз, ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннани тушуниш, ундан мустақил ҳукм олиш учун етарли билим ва салоҳиятга эга эмас. Бундай ҳолда у фақатгина шахс камолоти, халқ фаровонлиги ва жамият ижтимоий барқарорлигини кўзлаб ҳукм чиқарувчи мужтаҳидларга эҳтиёж сезади. Шу маънода мужтаҳид уламолар томонидан Қуръон ва Сунна кўрсатмалари асосида фиқҳий мазҳабларга асос солиниши бу – мусулмонлар бирлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлашда муҳим омил вазифасини бажарди.
Мазкур услуб шариат кўрсатмаларига риоя қилишда мусулмонлар учун қулайликлар туғдириш билан бирга Қуръон ва Суннага амал қилишда Аҳли суннага зид бўлган адашишликдан ҳам сақлайди.
Маълумки, исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга бўлинади.
Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишдаги турли-туманлилик бўлиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, ҳар хил тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўътазилий, қадарий, жабарий ва муржиъий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.
Фиқҳий ихтилофлар эса ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга мазҳаблар томонидан турлича ёндашувни англатади. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилмайди. Аксинча, ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги унга эътиқод қилувчилар учун кенг имкониятлар туғдиради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, нисбатан энг яқин ва қулай йўл танланади. Мусулмон кишининг бирор-бир мазҳабга эргашишини ҳам айнан шунга қиёслаш ўринлидир.
Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш асло мумкин эмас. Бунинг акси ўлароқ фиқҳий масалаларда эса, бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим деб қаралган. Зеро, мазҳаб – оддий инсонлар учун чигал ва тушунарсиз бўлган фиқҳий масалаларни осонлик билан ҳал этиб унга амал қилиш имконини яратади.
Усулул-фиқҳ уламолари: “Тақлид – шариатга амал қилишда далилни билмаган шахснинг уни билган ва ечимини берган шахс фикрини қабул қилиб, амал қилишидир”, – дея таърифлаганлар. Демак, муқаллид, яъни тақлид қилувчи ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади.  Ҳатто мусулмон  шахс баъзи  фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила  аниқлай  олмайдиган масалаларда тақлид қилиши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади: “Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.
Саҳоба ва тобеинлар даврида мужтаҳид бўлмаган мусулмонлар ўзи билмаган масалаларни мужтаҳид бўлганлардан сўраган. Агар динга тақлид мумкин бўлмаганда  сўровчилар  савол бермаган  ва  сўралган  шахслар ҳам уларга: “ўзингиз  ижтиҳод  қилинглар”, – деб айтган бўлар эди.  Зеро, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларда бунақа ҳолат учрамаганлиги тарихий ҳақиқатдир. Шу сабабли мужтаҳидга тақлид қилиш лозимлиги саҳоба ва тобеинлар ижмоъси билан ўз исботини топган.  Қолаверса,  забардаст  ислом уламолари томонидан ҳам кўплаб фатволар чиқарилиб, шахсни ўзига маъқул бўлган мазҳабга тақлид қилишга чақирганлар.  Уларнинг орасида  аллома Зафар  Аҳмад Усмонийнинг “Эълоус-сунан” номли  китобида келтирган  фикрлар эътиборга молик.  Зеро, алломанинг фикрича,  динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятда бўлиб, уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади.
Демак, мазҳабга эргашсак саодат йўлини топамиз. Мазҳабга эргашш  биз   учун  саодат  кўпригидир.  Лекин  мазҳабни инкор қилиб, биз “асл”ни ушлаймиз,  деб аййюҳаннос солиб  юрган баъзи бир салафийлик оқимидан илҳомланиб юрганлар залолатга қараб тубанлашаётганини ўзлари англаб етмаяптилар.
Шу сабабдан миллий қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган Ҳанафийлик мазҳабини маҳкам ушлаб, ислом дини арконларини ушбу Имом Аъзам мазҳаби, яъни “Ҳанафийя” асосида бажариш ва уни асраш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.
 
Шуҳрат Муродов,
Миришкор тумани бош имом хатиби