Ҳар бир иши айни ҳикмат бўлган ва ҳар бир ишга қодир бўлган Ҳакийму Қодир таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Ўз умматларига Роббиси амри ила ҳикматни ўргатган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом саловоту саломлар бўлсин!
У кишининг ҳадисларини Ислом умматига етказган оли байтлари ва саҳобаларига Аллоҳнинг розилиги бўлсин!
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини бизларга етказиш ва англатишда беқиёс хизматлар қилган уламоларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Азиз ва муҳтарам ўқувчиларимиз!
Аллоҳ таолонинг инояти ва мухлис бандаларнинг саъйи ҳаракатлари ила сиз азизларга орзиқиб кутилган «Ҳадис ва Ҳаёт» китобини тақдим қилиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз. Бу китоб барчамизнинг севикли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг энг мўътабар ҳадис китобларда келган сара ҳадисларининг замонавий шарҳидир.
Камина ходимингиз «Тафсири ҳилол»ни сиз муҳтарамларнинг олиймақом эътиборингизга тақдим қилганимдан кейин ҳадис илмида ҳам худди шунга ўхшаш бир асар таълиф этиш ниятида Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу оғир ва шарафли ишга қўл урдим. Албатта, аввал устозларим, муҳаддис биродарларим билан маслаҳат қилдим, дуогўйларнинг дуосини олдим ва энг муҳими, қайта-қайта Пайғамбаримиз алайҳиссалом зиёратларига бориб, Мадинаи Мунавварада у зотнинг живорларида бўлиб, истиҳора қилиб башорат олганимдан кейингина бу ўта масъулиятли ишни бошлашга журъат этдим.
«Ҳадис ва Ҳаёт»ни ёзиш жараёнида у кўпчилик тушунадиган содда тилда бўлишига алоҳида эътибор берилди. Қолаверса, бу китоблар юртимизда асрлар оша мусулмонларнинг ягона ва доимий фиқҳий мазҳаби бўлмиш ҳанафий мазҳабида бўлиши эътиборимизда турди.
Албатта, бош вазифалардан бири Аллоҳ юборган ва Пайғамбар алайҳиссалом татбиқ қилган мўътадил Ислом таълимотларини халқимизга етказиш эди. Шунинг учун ҳам баъзи фирқа ва тоифаларга раддиялар берилиб, уларнинг даъволари нотўғрилиги баён қилинди. Агар мазҳабимизда олинмаган ҳадислар келса, у ҳадисга қайси мазҳаб амал қилиши ва ҳанафий мазҳабида нима учун бу ҳадис олинмагани айтиб ўтилди. Баъзи ҳолатларда шарҳ қилинаётган матнда ҳанафий мазҳаби далили зикр қилинмаган бўлса, ўша далилни бошқа китоблардан топиб, ўз ўрнида зикр қилинди. Ҳозирги кунимизда турли омилларга кўра, мусулмонлар ичида тарқалиб, кўпчиликнинг ташвишига сабаб бўлаётган масалалар ҳам ўрни келганда ҳужжат ва далиллар билан ҳақиқий шаръий ҳукми айтиб ўтилди. Ихтилофлар ноўрин эканлиги баён қилинди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни араб тилидан бошқа тилларга таржима ёки шарҳ қилишда арабча матн, албатта, бирга бўлиши кераклиги ҳақидаги фатволарга амал қилиб, баъзи арабчани биладиган ўқувчиларга ёрдам бўлиши ва матннинг қудсиятини сақлаб қолиш ниятида аввал ҳар бир ҳадиснинг матни рақамланган ҳолда келтирилди. Кейин ҳадислар сўзма-сўз таржима қилинди. Шарҳга ўтганда қадимги уламоларимиз одатига эргашиб, ҳар бир ҳадиснинг ровийси бўлган саҳобийнинг қисқача таржимаи ҳоли бериб борилди. Шарҳга эҳтиёжи бор истилоҳлар ва сўзлар керагича шарҳ қилинди. Сўнгра ҳадиснинг умумий шарҳига ўтилди. Ҳадисдан чиқадиган ҳукмлар баён қилинди. Ҳадисдан олинадиган фойдалар ҳам рақамланган ҳолда санаб кўрсатилди. Айниқса, ҳар бир ҳадис маъносини бугунги кунимизга яқинлаштиришга алоҳида эътибор берилди. Баъзи бир илмий кашфиётлар ҳадисда келган маънони тасдиқлаган бўлса, улар ҳам зикр этилди.
Китобнинг жузлари асосан мавзуга қараб белгиланди. Мисол учун, «Поклик китоби», «Таом ва шароб китоби», «Яхшилик ва ахлоқ китоби», «Рўза китоби» ва шунга ўхшаш. Ҳаммаси бўлиб, «Ҳадис ва Ҳаёт» китоби ўттиз тўққиз жузни ташкил қилди. Улардан мусулмон одамнинг ҳаётида дуч келадиган асосий масалаларнинг барчасига жавоб топиш, ҳеч бўлмаганда, йўлловчи маълумот олиш мумкин.
Бу эса ўз навбатида кўпчиликни ўйлантириб турган саволларга жавоб топиш ва бошқа ерларда бўлиб ўтган, келажакда жамиятимизда содир бўлиш эҳтимоли бор масалаларни ҳам муолажа қилишда ёрдам берса ажаб эмас.
Ҳар бир мавзуни ёритишда кўпжилдлик она манбалар билан бир қаторда мазкур мавзуни ёритиш учун алоҳида битилган кўплаб асл манбалардан ҳам фойдаланилди. Ва ниҳоят, 26.06.1996 да бошланган иш Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан 10.07.2002 чоршанба, 09 соат 09 дақиқада ўз ниҳоясига етди.
Бу шарафга муяссар қилган Азизу Алийм Аллоҳга ҳадсиз шукрлар айтиш билан бирга, бу ишда ўз ёрдамини аямаган ҳамма биродарларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилишни муқаддас бурчим деб биламан. Албатта, уларни номма-ном санаб ўтишдан ожизман. Лекин ўша олижаноб зотлар учун умр бўйи дуода бўлишга бурчлиман.
«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Муқаддима» деб аталмиш биринчи жузини сиз алоҳида қадрли ўқувчиларимга тақдим қилар эканман, бу китобни айнан азиз ватанимизда чоп этилишига алоҳида эҳтимом билдирилганини ҳам таъкидламоқчиман. Бу эса ўз навбатида китобни чоп этиш масаласини ҳал қилишда жонбозлик кўрсатган ва кўрсатадиган кишиларга, келажак жузларни нашр қилишда ёрдам бериш ниятида бўлганларга алоҳида ташаккурларимизни изҳор қилишимизни тақозо қилади.
Буюк муҳаддислар юрти бўлган бугунги мустақил ватанимизда истиқомат қилаётган ватандошларимизга уларнинг юртларини ҳам, ўзларини ҳам шарафлаган илм – ҳадис илми бўйича озгина бўлса ҳам хизмат қилган бўлсак, ўзимизни чексиз бахтиёр ҳис этар эдик.
Азиз ва қадрли ўқувчилар! «Ҳадис ва Ҳаёт» китобини ўқиш жараёнида ўзингиз учун бирор фойдали нарса топсангиз Аллоҳ таолодан деб, нуқсон ва камчиликлар учратсангиз камина ходимингиздан деб билгайсиз.
Роббисининг афвига муҳтож:
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
27 Рамазон. 1423 ҳ.с. 2 Декабр 2002 м.с.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
М у қ а д д и м а
Ҳамду сано Аллоҳ таолога бўлсинким, У зот ўз китобида «Сизга Расул нимани берса, олинг ва сизни У зот нимадан қайтарса, қайтинг», деган.
Салоту саломлар Роббул оламийннинг ҳабиби Муҳаммад мустафога бўлсинким, У зот: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар.
У зотнинг суннатларини омонат сифатида умматга етказган саҳобаи киромлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин!
Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари ва ҳадисларини тўплаш, ўрганиш, саралашда иштирок этган барча имомлар, муҳаддислар, уламоларга Аллоҳ таолонинг беҳисоб раҳмати бўлсин!
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини – Исломнинг биринчи масдари, ҳукмлари ва таълимотларининг асосий манбаи Қуръони каримдир.
Шунингдек, Исломнинг Қуръондан кейинги иккинчи масдари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари эканлигига ҳам ҳеч шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам ушбу мутаҳҳар суннатни ўрганиш ҳар бир мусулмон инсоннинг зиммасидаги муқаддас бурчдир. Чунки Суннатни – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари ва иқрорларини билмай туриб, Исломни билдим, унга амал қилдим, дейиш мумкин эмас.
Суннат нима?
Суннатни ўрганишдан аввал «Суннат» ўзи нима эканини билиб олиш керак. Аввало, Суннат ва Ҳадис бир-бирининг ўрнида ишлатилиб келган истилоҳдир. Уларга яна ҳам диққат қилсак, Ҳадис хосроқ, Суннат умумийроқ экани кўринади.
«Ҳадис» араб тилида «гап-сўз» маъносини англатади. Демак, ҳадис деганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.
Ҳадис илми билан шуғулланувчи олимни муҳаддис деймиз. Муҳаддислар, асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида умуминсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.
«Суннат» сўзи эса, араб тилида «тариқат – маънавий йўл» маъносини англатади. Фалончининг суннати дегани унинг ҳаётий йўли, деганидир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деганда тариқатлари, йўлларини тушунамиз.
Суннат муҳаддислар истилоҳида, қуйидагича таъриф қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «Суннат» дейилади».
Ушбу таъриф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «Суннат» деб номланишини англатмоқда. Ана ўша таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.
1. «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.
Мисол учун, «Албатта ишлар ниятга боғлиқдир» деганлар.
Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса, илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина китобига киргизган. Буни «қавлий (гап) суннат» дейилади.
2. «Иш» деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж адо этишлари ва бошқа ишлари. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни «амалий (иш) суннат» дейилади.
3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқийди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш маъқул, деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Буни «тақририй суннат» дейилади.
4. «Халқий» деб тана тузилишидаги сифатларга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, шу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.
5. «Хулқий-ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.
6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, У зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббилари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.
Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.
Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.
Илоҳий, абадий ва мўъжизакор дастур Қуръони каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам биз Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръони каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Қуръони каримнинг тафсирини ҳам ўша Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ўзларига нозил бўлган оятларни атрофларидаги кишиларга ўқиб эшиттирар, зарур бўлганда тафсир қилиб ҳам берар эдилар. Кўпгина саҳобалар ўзлари тушунмаган жойларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олар эдилар. Ана ўша нарсалар ҳам ҳадисларда келгандир.
Қуръони карим Бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам Суннатдан топамиз. Мисол учун, Аллоҳ таоло Қуръонда намоз ўқишга амр қилган. Лекин ўша намозни қандоқ қилиб ўқишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Шу қатори, Қуръони каримда закот бериш фарз қилинган, қайси турдаги молдан, қанча миқдорда ва қандоқ қилиб закот бериш эса, Суннати мутаҳҳарада тушунтириб берилган.
Шунга ўхшаб, умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, ўша асосда шариатнинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлган. Демак, Суннат Ислом шариатида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Бу солиштириб кўриб, ё мулоҳаза қилиб айтилган фикр эмас. Балки Суннатнинг Ислом шариатида иккинчи манба эканини Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар. Бу мусулмонларнинг асрлар оша иттифоқ ўлароқ амал қилиб келаётган ишидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўпгина оятларида мўминларни, аввало, Ўзига итоат қилишга, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони каримда:
«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» ояти такрор-такрор келиши шундан.
Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, тирикликларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, У зот вафотларидан кейин эса Суннатларига амал қилиш билан бўлиб келмоқда. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда. Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ожиз қолдирувчи ваҳийидир.
Суннат-ҳадис эса маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:
«У ҳаводан гапирмас. Бу фақат қилинадиган ваҳийдир», деган.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, У зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сура- сида:
«Йўқ! Роббингга қасамки, улар токи, Сени ўз ораларида чиққан нарсага ҳакам қилмагунларича, сўнгра Сен чиқарган ҳукмдан нафсларида танглик топмайдиган бўлмагунларича ва тўлалигича таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар», дейди.
Шунга биноан, мўминлар ўз ҳаётларида юзага келган ҳар бир муаммони ҳал қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, У зотнинг Суннатларини ҳакам қилиб олмоқлари лозим. У зотдан чиққан ҳукмни эса, кўнгилларида ҳеч бир танглик топмай амалга оширмоқлари, ўша ҳукмга тўлалигича таслим бўлмоқлари керак. Акс ҳолда, мўминлик даъвосини қилишга асло ҳақлари йўқ. Бу Суннатнинг шариатимизда Қуръондан кейин иккинчи ўриндаги масдар эканини қаттиқ таъкидловчи далилдир.
Қуръони каримда шу маънолардаги оятлар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Суннатнинг Ислом шариати учун иккинчи масдар эканлигига далолат қилади. Бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзлари ҳам қайта-қайта таъкидлаганлар. У зоти бобаракот ўз ҳадисларидан бирида:
«Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар Аллоҳнинг Китоби ва Менинг Суннатимдир», деганлар.
Худди шу маънодаги жуда кўп ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал Қуръонни, кейин Суннатни таъкидлашларидан Суннат шариат учун Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканлиги тушунилади.
Бу нарсани янада тўлароқ англаб етиш учун машҳур муҳаддислар Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Байҳақий, Имом Ибн Саъд ва Имом Ибн Абдул Баррлар ривоят қилган бир ҳадисни ўрганиб чиқайлик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга ўз вакиллари қилиб юбораётиб, у кишига:
«Агар сенга бир ҳукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандоқ ҳукм чиқарасан?» дедилар. У киши:
«Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман», деб жавоб берди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг Китобида бўлмаса-чи?» дедилар.
«Расулуллоҳнинг Суннати ила», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Расулуллоҳнинг Суннатида ҳам бўлмаса-чи?» дедилар.
«Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан. Бўш келмайман», деди у.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўксига уриб:
«Расулуллоҳнинг расулини Аллоҳни ва Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деб ниҳоятда мамнун бўлдилар.
Юқоридаги ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўқ бўлган жойда мўминлар аввало, Қуръонга, кейин эса Суннатга қараб, иш қилишлари лозимлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Ушбу оят ва ҳадислардан ибрат олган ҳолда Ислом уммати Аллоҳ дунёни динимиз ила мунаввар қилган кундан бошлаб ҳозиргача Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканига якдил иттифоқ қилиб келмоқда. Бу нарсага фақат ўзини унутган, эс-ҳуши жойида бўлмаган баъзи шахс ёки тоифаларгина қарши чиққан бўлишлари мумкин.
Соғлом ақл ҳам Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканини тасдиқ қилади. Аллоҳ таоло Ўзи танлаб олиб пайғамбар қилган зотнинг Суннати иккинчи масдар бўлмай, кимники бўлиши мумкин? Албатта, ҳар бир соғлом фикр эгаси бу саволга фақатгина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларигина Ислом шариатига иккинчи манба бўла олади, деб жавоб беради.
Мана, Суннатнинг луғат ва истилоҳдаги маъноларини ўрганиб чиқдик, бу тўғрида мисоллар ҳам келтирдик. Қолаверса, Суннатнинг Ислом шариати учун Қуръони каримдан кейинги иккинчи масдар эканлигини ҳужжат ва далиллар билан тушуниб ҳам олдик.
Энди бу муҳим манбанинг тарихини қисқача ўрганиб чиқайлик.
Суннат тарихи
Суннат Қуръони карим билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Суннат тарихи ҳам Қуръони карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз эса Суннатни илм сифатида шаклланиш тарихидан бошлаб ўрганамиз.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, У зотни охирги Пайғамбар, деб эълон қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига иймон келтирмаган одам мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг У зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозиму лобуд бўлди. Юқорида зикр қилинганидек, бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайта-қайта таъкидлади. Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю кичик ҳар бир нарсани ўз пай-ғамбарларидан ўргана бошладилар. Улар У зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръони карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат олишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қабул қилиб олар эдилар. Шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди.
Чунки У зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма сифатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти бунчалик тўкис, очиқчасига, оммавий равишда ва кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари ҳам бутун икир-чикирлари билан тўлалигича ўрганилиб, ривоят қилингандир.
Чунки Ислом дини мукаммал дин бўлганидан ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олганидан буларнинг ҳаммасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлишини тақозо этарди. Бошқача айтганда, У зот Қуръонни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, одамларга кўрсатишлари керак эди. Амалда шундоқ бўлди ҳам.
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар ва У зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишарди. Ҳатто зарур иш ёки юмушлари чиқиб қолган кезларда бошқа кишиларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида қолдириб, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса, дарҳол ўзлари йўқ пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап, иш, амални тайинлаб кетган одамлардан сўраб-билиб олар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб, навбат ила Пайғамбаримиз ҳузурларида турганликлари у кишининг ўзидан ривоят қилинган.
Шу тариқа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолмаган. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Худайбия ҳодисасида мушриклардан вакил бўлиб Пайғамбаримиз ҳузурларига келганлардан биттаси ўз қавмига қайтиб бориб: «Аллоҳга қасамки, ҳеч кимни биров Муҳаммаднинг шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа, туфуги ерга тушмаяпти. Саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар», деган. Шунга ўхшаб, У зот муборак сочларини олдирганларида саҳобалар бирор толани ҳам ерга туширмай, бўлишиб олганлар. Ҳаттоки бир тола сочи ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси катта эътибор ва аниқлик билан қабул қилиб олинган ва омонат ила келажак авлодларга етказилган.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳойи ҳавас, гап-сўз учун қабул қилмаганлар. Улар энг аввало, бу нарсаларга амал қилишни кўзлаганлар. Қолаверса, бошқаларга етказиб, уларни ҳам амалга чорлашни мақсад қилганлар. Бунга биргина мисол келтирамиз.
Қози Ийёз ва Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳимлар Абу Саъд ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан намоз ўқиб туриб, кавшларини ечиб, чап тарафларига қўйдилар. Буни кўриб одамлар ҳам кавшларини ечдилар. Намозни ўқиб бўлиб У зот:
«Нима учун кавшларингизни ечдингиз?» дедилар. Улар:
«Сиз кавшингизни ечганингизни кўриб», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга Жаброил уларда нопоклик борлигининг хабарини берди», дедилар.
Аслида нопоклик Пайғамбар алайҳиссаломнинг кавшларида эди. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом У зотга кавшларини ечиб қўйишни хабар қилган эдилар. Бошқалар кавшларини ечишларига зарурат йўқ эди. Аммо саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш истаклари ғоятда кучли бўлганидан «модомики, Расулуллоҳ кавшларини ечдиларми, биз ҳам ечишимиз лозим», деб шундоқ қилдилар. Бу оддий бир мисол, холос. Саҳобаи киромларнинг ҳаётлари бу каби иқтидонинг олий намуналарига тўладир.
Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини англаб бошқаларга ривоят қилиш у кишининг ҳаётлари давомидаёқ бошланган эди. Саҳобалар бир-бирларига, айниқса, катта саҳобалар кичикларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини оқизмай-томизмай ривоят қилганлар. Саҳобалардан эса, улардан кейинги мусулмонлар авлоди – тобеъинлар қабул қилиб олганлар.
Саҳобаларнинг баъзилари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини кўплаб ривоят қилиш билан машҳур бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба эканликлари ҳаммага маълум. У кишидан кейинги ўринда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо турадилар. Шунингдек, тўрт рошид халифалар – Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳумлар, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Анас ибн Молик каби саҳобалар ҳам кўп ҳадис ривоят қилиш билан ном чиқарганлар.
Шу давр ҳақида яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоғимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида, тўрт халифалар даврида, то юзинчи ҳижрий санагача ҳадисни ёзиб қўйиш расмий равишда йўлга қўйилмаган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан Қуръондан бошқани ёзманглар», деганлар. Шунинг учун расмий равишда Қуръони каримни ёзишга алоҳида эътибор берилган. Аммо бу, ҳадис умуман ёзилган эмас, деган маънони ифода этмайди. Кишилар хусусий равишда ўзлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёзиб юришган.
Аммо ёзганлар ҳам, ёзмаганлар ҳам ҳадисларни ўта аниқлик билан ривоят қилишни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билар эдилар. Бирорта ҳадисни аниқлаш учун ҳар қанча оғир меҳнатдан, узоқ сафардан ҳам қочмас эдилар.
Имом Бухорий Уқба ибн Ҳорисдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Бир аёл Уқба розияллоҳу анҳуга мен сени ҳам, хотинингни ҳам эмизганман, дебди. Шунда Уқба дарҳол уловини миниб Маккадан Мадинага қараб йўлга чиқибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, билмасдан эмикдош синглисига уйланиб қўйган, кейин эса эмизган шахс хабар берган одамнинг ҳукми ҳақида сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қандоқ гап?! Бунинг ҳукми айтилган-ку!» деб икковларини ўша заҳоти ажратдилар. Сўнгра аёл бошқа эрга тегди».
Ўша вақтда Маккадан Мадинага боришнинг ўзи осон бўлмаган. Неча кунлаб машаққатли сафар қилиш зарур бўлган. Лекин саҳобаларнинг ҳар бир нарсада Ислом ҳукмига амал қилиш рағбатлари, ҳар бир нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга бўлган қизиқишлари ҳамма нарсадан устун турган.
Саҳобалар нафақат ҳадисларни ўрганишни, балки ўргатишни ҳам ўз бурчлари, деб билар эдилар. Чунки Ислом таълимоти, Пайғамбар сол- лаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари шу эди.
Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг гапимни эшитиб, ёд олиб, сингдириб сўнгра эшитганидек қилиб адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар.
Имом Ибн Абдул Барр Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлингиз! Сиздан ҳозир бўлганлар ғойибларга етказсин», деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Ким илмни беркитса, оловдан бўлган юган билан юганланади», деганлар.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билган саҳобалар уларни бошқаларга етказишга астойдил ҳаракат этар эдилар. Шу билан бирга, улар ўта аниқлик билан ривоят қилаётганларига ишончлари комил бўлсагина бу ишга журъат этар эдилар. Акс ҳолда, ҳадис ривоят қилишдан ўзларини тияр эдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапираверишнинг ўзи гуноҳ учун етарли», деган эдилар. Яъни, эшитган нарсасини орқа-олдига қарамай гапиравериш гуноҳга олиб боради, деганлар. Ҳар бир нарсани эшитгандан сўнг яхшилаб аниқлаб, кейин гапириш керак.
Саҳобалардан Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадисни оз ривоят қиладиган кишилардан эдилар. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Зубайр розияллоҳу анҳуга ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:
«Фалончи-пистончиларга ўхшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилганингизни эшитмайман», дебди. У:
«Мен У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажраганим йўқ-ку, лекин: «Ким мендан ёлғон гап айтса, дўзахдаги ўрнини тайёрлайверсин», деганларини эшитганман», деган экан.
Яъни, Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда бирор ноаниқликка йўл қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққанлар.
Саҳобалардан Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳуга: «Ҳадис айтиб беринг», дейилса, «Ўшимиз улғайди. Эсдан чиқарадиган бўлиб қолдик. Расулуллоҳдан ҳадис ривоят қилиш қийин нарса», дер эдилар.
Демак, саҳобаи киромлардан ҳадис ривоят қилишда ўта аниқлик билан иш тутаётганига қаттиқ ишонганларигина бу ишга журъат этганлар, қолганлар ўзларини тийганлар.
Шу билан бирга, умумий сиёсат шундай бўлганки, ҳадис ривоят қилувчилар текшириб турилган. Бу ишда заррача бепарволикка йўл қўйилмаган. Бу борада кўпроқ Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида бўлиб ўтган машҳур ҳодиса мисол қилиб келтирилади.
Имом Муслим Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Абу Мусо розияллоҳу анҳу эшик ортидан туриб Умар розияллоҳу анҳуга уч марта салом берди. Унга изн бермаган эди, қайтиб кетди. Умар унинг ортидан одам юбориб:
«Нега қайтдинг?» деб сўратди. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сиздан бирортангиз уч марта салом берганида жавоб бўлмаса, ортига қайтсин», деганларини эшитган эдим», деди. Умар:
«Ана шунга ҳужжат келтирасан, бўлмаса, кунингни кўрсатаман», деди. Биз ўтирган эдик, Абу Мусо ранги оқарган ҳолда ҳузуримизга келди, биз унга:
«Сенга нима бўлди?» дедик. У бўлган воқеани айтиб:
«Сизлардан бирортангиз (ушбу ҳадисни) эшитганми?» деди. Биз:
«Ҳа, ҳаммамиз эшитганмиз», дедик. У билан бир кишини юбордилар. Ўша одам бориб хабар берди».
Албатта, бу ҳадисни Ҳазрати Умарнинг ўзлари ҳам яхши билар эдилар. Лекин сиёсат учун, одамлар ҳадис ривоят қилишдек масъулиятли ишни осон санаб, эътиборсиз бўлмасликлари учун шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам воқеа бўлиб ўтгандан кейин Абу Мусо розияллоҳу анҳуга:
«Мен сени бирор нарсада муттаҳам қилмоқчи эмасман. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ўта аниқ бўлиши лозимлигини билдириб қўймоқчи эдим», деганлар.
Кўриниб турибдики, бир одам ким бўлишидан қатъи назар, ҳадис эшитганини даъво қилса, ундан бунинг исботи учун гувоҳ кўрсатиш сўралган. Яъни, ўша ҳадисни бир киши эмас, кўп киши эшитган бўлиши шарт қилиб қўйилган.
Шундай қилиб, Пайғамбаримиз ҳадислари улкан иноят билан сақланиб, ёдланиб, ривоят қилиб келинди. Бунда саҳобаи киромларнинг хизматлари ғоятда катта бўлди. У зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида бу ишга қандай аҳамият берган бўлсалар, У зот вафотларидан кейин ундан ҳам ортиқ эътибор бера бошладилар. Шу ўринда яна бир мисол келтирамиз:
Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар қилган ривоятда буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари мен эшитмаган бир ҳадисни билиши ҳақида эшитиб қолдим. Бир туя сотиб олдим. Унга юкимни юкладим. Сўнгра бир ой йўл юриб, Шомга етиб бордим. Қарасам, у одам Абдуллоҳ ибн Анас ал-Ансорий экан. Олдига бориб:
«Менга маълум бўлишича, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зулм қилганлар муомаласи ҳақида мен эшитмаган ҳадисни эшитган экансан. Ўша ҳадисни эшитгунча мен ўлиб қоламанми ёки сен ўлиб қоласанми, деб қўрқиб келдим», дедим. У ҳадисни айта бошлади...»
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз халифалик вақтларида саҳобаларга Мадинаи Мунавварадан кўчиб-чиқиб кетишга рухсат бермас эдилар. Доимий яшаш жойлари Мадина эди. Шунинг учун ҳадис ўрганмоқчи бўлганлар Мадинаи Мунавварага келишарди.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида саҳобаи киромлар турли юртларга, шаҳар-қишлоқларга кўчиб кетдилар. Одамлар улардан ҳадисларни ўргана бошладилар. Шу билан бирга, Ислом давлатининг чегараси ҳам тезлик билан кенгайиб борди. Турли халқлар, динлар, мазҳаблар, миллат ва элатлар вакиллари Исломни қабул қилдилар. Албатта, буларнинг ёдлаш қобилияти, араб тилини билиш даражаси, эътиқоди ва бошқа омиллари саҳобаи киромлар даражасида эмас эди. Бунинг устига уларнинг орасида турли ғаразгўй кишилар ҳам бор эди.
Қолаверса, сиёсий фитналар чиқиб турли жанжаллар бошланди. Хилма-хил фирқалар юзага келди. Орада ҳам қуролли, ҳам фикрий, ҳам даҳанаки жанглар авж олди. Маълумки, тарафкашлик, гуруҳбозлик бор жойда, мутаассиблик бор жойда ўз тарафдорларини қўллаш учун ҳеч нарсадан қайтилмайди. Бундай пайтда мустақим қолишлик жуда ҳам қийин. Ҳар ким, ҳар тараф ўзининг ҳақлигини исботлаш учун тўғри-нотўғри барча чора-воситаларни ишга сола бошлайди. Ўша пайтдаги оммавий ҳаёт диний ҳаётдан иборат бўлгани учун ҳар ким ўзини диндор кўрсатишга, ўзининг қилаётган ишига, айтаётган гапига Қуръон ва Суннатдан далил келтиришга уринар эди. Шу услуб ила ўзига кўпчиликнинг эътиборини тортар ва хайрихоҳлигини уйғотишга уринар эди. Албатта, ҳақиқат икки хил бўлмайди. У битта бўлганидан талашаётган икки томондан ҳамиша бири ҳақу иккинчиси ноҳақ бўлаверади. Ана шундай ҳолатда ноҳақ томон Қуръонни ботил таъвил қилишга ва ичидан тўқиб чиқарган гапни ҳадис, деб ёлғон даъво қилишга ўта бошлайди. Айниқса, бундоқ ишларда яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ каби Исломни бузиш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб юрган кишилар тинчимадилар.
Уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлмаган нарсани ҳадис деб тақдим этишни – ҳадис вазъ қилиш (қўйиш) дейдилар. Сохта ҳадисни эса, мавзу (сохта, биров тўқиган) ҳадис деб атайдилар. Ана ўша – мавзу (сохта) ҳадисларнинг пайдо бўлишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
1. Сиёсий ихтилофлар. Бу борада Рофиза мазҳабидагилар сохта ҳадис айтишда ҳаддан ошганлари алоҳида таъкидланади.
2. Зиндиқлик. Яъни, зимдан Ислом динига ва давлатига қарши кураш олиб борувчи ҳаракат томонидан ҳадис тўқиш.
3. Қавмига, қабиласига, тилига, юртига ва имомига мутаассиб бўлиш. Бунда ҳар ким ўз қавмини, қабиласини, тилини, юрти ва имомини мақтаб, бошқаларни ёмонлаб сохта ҳадис тўқийди.
4. Қиссачилик ва ваъзхонлик. Баъзи бир жоҳил кишилар одамларни оғзига қаратиб шуҳрат қозониш мақсадида турли нарсаларни тўқиб, ҳадис, деб даъво қиладилар.
5. Фиқҳий ва эътиқодий мазҳаблардаги ихтилофлар. Бунда ҳам ўз мазҳаби ҳақ, тўғри эканлигини исбот қилиш мақсадида сохта ҳадис тўқийдилар.
6. Жоҳил кишиларнинг динга хизмат қиламан деб уринишлари оқибатида тўқилган ҳадислар.
7. Подшоҳ ва амирларга ёқиш мақсадида ҳадис тўқиш.
Ана шундай бир пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатларининг поклигини сақлаб қолиш, унга сохта нарсаларни аралаштириб юбормаслик масаласи кўндаланг бўлди. Ҳадис билан таниш кишилар учун ҳақиқий ҳадис билан сохтасини фарқлаб олиш қийин эмас эди. Аммо авом халқ, янги мусулмон бўлганлар ва келажак авлод учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини асл ҳолида етказиш зарурроқ эди.
Буни эса омма учун ҳадис китоблари ёзиш билан амалга ошириш мумкин эди. Аср бошида Қуръондан бошқа нарсани расмий равишда ёзмаслик давлат сиёсати бўлса, энди ўша вақтдаги омиллар ўзгарган, ҳадис билан Қуръон аралашиб кетмасин, деган эҳтиёткорликка ҳожат қолмаган, Қуръони карим ёд олиниб, ўрганиб бўлинган эди.
Ҳазрати Усмон даврларида Қуръони карим мусҳафларга ёзиб, улардан расмий нусхалар кўчириш ҳам илмий асосда йўлга қўйилди. Энди ҳадисларни расмий равишда ёзиб, эҳтимом беришни давлат сиёсатига айлантириш давр талаби бўлиб қолган эди.
Мана шу ишни тобеъинлар амалга ошира бошладилар. Чунки тобеъинлар – саҳобаларни кўрган мусулмонлар авлоди бўлиб, ичида бу ишга лаёқатли кишилар кўп эди. Улар саҳобаи киромларнинг мухлис ва вафодор шогирдлари сифатида улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тўлалигича, соф ҳолида қабул қилиб олган эдилар. Тобеъинлар ичида Саъид ибн Мусаййиб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Қатода, Товус, Ҳасан Басрий, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий каби кишилар улкан муҳаддислар сифатида машҳур бўлганлар.
Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.
Бу муборак ва масъулиятли вазифага алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, енг шимариб ишга тушдилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, Суннати набавийя пок, соф эканлигини исбот этишни ўзларига вазифа қилиб қўйдилар. Шу билан бирга, улар сохта ҳадислар ва уларни тўқиганларни фош қилишни ҳам кўзлаб, иш олиб бордилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар.
Муҳаддис уламоларимизнинг бу илмий жасоратлари бир неча илмларга асос бўлди. Жумладан, бугунги кунда бутун дунёда умуминсоний илмлар деб аталаётган илмларга асос солинди. Ҳадиснинг ҳақиқийлигини, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлганлигини исбот қилиш учун у бир қанча синовлардан ўтиши зарур экани шарт қилиб қўйилди.
Ҳадисни текшириш
Бу илмий иш қандоқ олиб борилганини яхшироқ тушуниб, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлай қолайлик.
Бунинг учун Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб муаллифи, ҳадисда мўминларнинг амири Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъ ус-Саҳиҳ» китобларида келтирган биринчи ҳадисни оламиз.
У киши қуйидагича баён қиладилар:
«Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яҳё ибн Саъид ал-Ансорийдан эшитган. У Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди, деган. У эса, Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган. Ал-Лайсий айтадики, у Умар ибн Ҳаттобдан эшитган экан. Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагини эшитдим, дейди:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани бўлади. Кимки дунё учун ҳижрат қилса, унга эришади. Хотин учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати – нима учун ҳижрат қилса, шунинг учун бўлади».
Демак, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиб, олти кишидан ўтгач, Имом Бухорийга етиб келган. Имом Бухорий ўз шайхлари Абдуллоҳ ибн Зубайр ал-Ҳумайдийдан бу ҳадисни эшитишлари биланоқ дарҳол уни китобларига ёзиб қўяқолмайдилар.
Балки ҳадисни ҳар томонлама текширишни бошлайдилар. Аввало, ҳадисни иккига: «Санад» ва «Матн»га бўладилар.
Ҳумайдийдан бошлаб, Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳугача бўлган ровийлар силсиласи «санад» дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари эса «матн» бўлади.
«Санад» сўзи араб тилида «суянчиқ» маъносини англатади. Муҳаддислар истилоҳида эса ҳадис матнига олиб борувчи суянчиқ йўлга санад дейилади. Ҳар бир хабарни санадга, ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятидир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарлари айтган гаплари, қилган ишлари у ёқда турсин, муқаддас китобларига ҳам ёлғон аралашиб, ҳатто ёлғон ростдан устун бўлиб кетган.
Яна Имом Бухорий мисолида муҳаддисларнинг қилган ишлари билан танишишни давом эттирамиз. У киши ҳадис санадида келган ровийларни текширишни бошлайдилар.
Энг аввал Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёт йўллари, насл-насаблари, иймон- эътиқоди, Исломга нечоғли амал қилиши, адолатлими йўқми, зеҳн-идрок даражаси ва бошқа кўплаб сифатларини пухта ўрганиб чиқади- лар.
Мазкур ровийда мавжуд бўлиши шарт қилинган нарсалардан иккитасини алоҳида кўриб чиқайлик:
I. Ровийнинг ҳадиси қабул этилиши учун у адолатли бўлиши керак.
«Адолат» луғатда тўғрилик, мустақимлик ва одилликни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса, «Адолат инсон нафсидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакасидир».
Ровийда адолат мавжуд бўлиши учун аввало, қуйидаги тўртта шартга жавоб бера олиши талаб этилади:
1. Исломда бўлиши.
2. Балоғатга етган бўлиши. (Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.)
3. Ақлли, яъни ақли расо бўлиши керак. (Ақли норасо одамнинг ривояти зинҳор қабул қилинмайди.)
4. Тақводорлиги. (Маълум гуноҳ қилган, ҳатто, мурувватсизлик, бепарволик ҳисобланадиган ишларга йўл қўйган одамларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди. Бу тоифага гуноҳи кабира қилганлар, динда бидъат чиқарганлар ва ҳадисдаги хизмати учун ҳақ олганлар ҳам киради. Мурувватсизлик ва бепарволикка эса, кўча-кўйда таом емоқ, кўп ҳазил қилмоқ, беодоб кишилар билан ҳамсуҳбат бўлмоқ кабилар ҳам киради.)
Ривоятда келишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир кишида ҳадис борлигини эшитиб, узоқ йўл босиб, уни топиб борсалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга ем бордай қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий: «Ҳайвонни алдашга журъат этган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб ортларига қайтган эканлар.
II. Ровийнинг ҳадиси қабул бўлиши учун у зобтли бўлиши лозим.
«Зобт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса, «Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлаши лозим» деганидир. Бу эса, икки йўл билан ҳосил бўлади.
Биринчиси, хоҳлаган вақтда ҳадисни аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиши керак.
Иккинчиси, ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак.
Агар ровий бир оз эҳтиётсизликка ёхуд бепарволикка йўл қўйган бўлса ҳам ривояти қабул қилинмайди. Ҳатто эътимодли, тузатилган аслга суяниб ривоят қилаётган бўлса ҳам, айтган гаплари бошқа ишончли ровийлар гапига тўғри келмаса ҳам, баъзи вақт ва маконлар хусусида бўшроқ гапирган бўлса ҳам, ва ниҳоят, баъзан устозидан кучли, баъзисида кучсиз ривоят қилган бўлса ҳам ривоятлари қабул қилинмайди.
Бир нарсани ёд олиб, ўша ёд олган нарсасини маҳкам тутишда мусулмонларга тенг келадиган умматни дунё кўрмаган. Бу уммат Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни ўн беш асрдан буён бир сўзи, бир нуқтасини ҳам ўзгартирмай ёд сақлаб келмоқда. Ҳозиргача ўзи мусҳаф юзидан Қуръонни ўқиб ёд олган одам қорилар ҳузурида қори ҳисобланмайди. Аксинча, устознинг оғзидан эшитиб ёд олган ва унга ўхшатиб ўқиб берган ҳамда изн олган кишигина қори ҳисобланади.
Ҳадислар ҳам ҳозиргача ёд олиб келинмоқда. Умуман, Ислом шариатининг ҳамма асллари ёд олиниб, ёд орқали қабул қилинган. Ҳатто баъзи ёзишни биладиган кишилар ҳам ёд олиш учунгина айрим нарсаларни ёзиб олганлар. Ўд олиб бўлгач эса ўчириб ташлаганлар. Аллоҳ таоло ўзининг охирги динига, ёд олишга суянган қавм ва ана шунга одатланган пайғамбарни ихтиёр қилгани ҳам бежиз эмас.
Тарих китоблари ва илмий ривоятларда муҳаддисларнинг ёд олиш қобилиятлари ҳақида нодир маълумотлар жуда ҳам кўп учрайди. Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик имом Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилибди. Имом аз-Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилибди. Сўнгра ташқари чиқиб: «Эй ҳадис эгалари!» деб чақирибдилар. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни ёддан айтиб берибдилар. Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдулмалик Имом аз-Зуҳрийни кўриб, «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз», деганида, Имом аз-Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан ёддан ёзиб берган эканлар. Кейин бу орада ўша биринчи китоб топилиб, солиштириб кўрилганида унинг бирор ҳарфи ҳам алмашмаганига шоҳид бўлишган.
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазийнинг шогирдларидан Абу Довуд ал-Ҳаффоф: «Исҳоқ бизларга ёддан ўн бир минг ҳадисни имло қилиб берди. Сўнгра ёзган китобидан ўқиб солиштириб чиқиб, бирор ҳарф ортиқ ёки кам эмаслигини кўрдик», деб айтади.
Имом Бухорийнинг мирзалари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Ҳошим ибн Исмоил ва унинг шеригидан қуйидагиларни эшитдим, деб айтади: «Бухорий болалик чоғида биз билан дарсга қатнашар эди. Бир неча кунлар ўтиб кетса ҳам ҳеч нарса ёзмас эди. Биз унга бу ҳақда гапирган эдик, у: «Икковингиз менга жуда кўп гапирдингиз. Ўзган нарсаларингизни кўрсатинг-чи», деди. Биз ёзган нарсаларимизни олиб келувдик, ўн беш мингдан ортиқ ҳадис чиқди. Ўша ҳадисларнинг ҳаммасини у бизга ёддан ўқиб берди. Ҳаттоки, баъзи хатоларимизни унинг ёдлаб олган нарсасига эътимод қилиб тузатдик. Шунда у: «Сизлар мени беҳудага келиб, кунларини зое қилмоқда, деб ўйловдингизми?» деди. Ана ўшанда биз унинг олдига биров туша олмаслигини билган эдик».
Шундоқ бўлса-да, муҳаддис ҳужжат учун ҳар бир ровийни яхшилаб ўрганишдан эринмайди. Имом Бухорийга қайтадиган бўлсак, у киши ҳам ўз шайхлари ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўрганиб, ишончли ровий эканига қаноат ҳосил қилганларидан кейин ал-Ҳумайдийнинг шайхи Суфённи ўрганишга киришадилар. Суфёнда ҳам ҳадиси қабул бўлиши учун зарур ҳамма шартларни топганларидан кейин икковлари қаерда, қачон, қандоқ учрашганлари ҳақида ҳужжат ва далил ахтарадилар. У ҳам собит бўлганидан кейингина учинчи ровийни ўрганишга киришадилар. Шундоқ қилиб, ҳар бир ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса, ҳаммаси текшириб чиқилади.
Аввал ҳам айтиб ўтгандик: муҳаддисларнинг мана шу ишлари инсоний илмларга асос бўлди. Чунки улар бу билан ҳадис ривоятига мансуб ўн минглаб одамларнинг таржимаи ҳолларини, омонатли, ишончли, адолатли, забтли, тақволи, зеҳн ҳолатлари қандоқ бўлганини ёки аксинча, ёлғончи, ғофил, унитувчи, фосиқ эканини ўрганиб чиқиш орқали шу илмни йўлга қўйдилар. Унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда жилд-жилд китоблар ёздилар. Ровийларнинг аҳволи ҳақидаги китобларини, «Журҳ ва таъдил» ёхуд «Ровийларнинг жароҳатлилиги ёки адолатлилиги ҳақидаги китоблар» деб номладилар. Бу бутун бошли бир илмдир. Инсоният тарихида бошқа ҳеч ким бу ишни қилган эмас, қила олмаяпти, қила олмайди ҳам.
Яна Имом Бухорийга қайтсак, у киши юқоридаги ҳадис санадида номлари ўтган олти ровийни, улар ҳадисни бир-бирларидан қандай олганларини текшириб чиққач, улардан ҳадис олса бўлади, деган хулосага келдилар. Аммо шунда ҳам ҳадисни ёзишга шошилмасдилар. Энди ривоят қилинган ўша ҳадиснинг ўзини, яъни матнини текшириш лозим эди. Бу ҳам алоҳида катта бир илм. Бу илм бўйича ҳам қанчадан-қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Биз ҳам имкониятга қараб, қисқа ишоралар қилиб ўтамиз.
Муҳаддис аввало матннинг лафзига ва маъно-сига қарайди: дастлаб айнан шу лафз ва маъно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ва у зотдан содир бўлганми, деган саволга жавоб ахтаради. Бунинг эса ўзига яраша аломатлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳаловат, гўзаллик, пурмаънолик жиҳатидан Қуръондан кейинги иккинчи ўринда туради. Ўн минглаб ҳадисларни ёд билган муҳаддис матнга назар солиши билан унинг илк лафзлариданоқ кимга тегишли эканини билиб олади. Шу билан бирга, Қуръони каримга ҳам солиштириб кўради. Чунки ҳадис ҳеч қачон Қуръонга зид келмайди. Ана шунга ўхшаш кўпгина аломатларидан ҳадиснинг матнида бирор нуқсон топилса, у сохта ҳисобланиб, тарк қилинади.
Шу билан бирга, муҳаддис сохталик аломати бўлмаган ҳадисни ҳам дарров қабул қилавермайди. Бошқа томонларини ҳам текшириб кўради. Очиқроқ айтсак, айнан шу ҳадисни бошқалар ривоят қилганми-йўқми, излаб кўради. Агар ривоят қилган бўлса, бир-бирига мос тушадими? Мос келмаса ва бунда бошқа ровий кучли бўлса, хилоф қилган ровийнинг ҳадиси олинмайди. Баъзан, бир ривоятда иккинчисида йўқ сўзлар, ортиқча маъно бўлиши мумкин, бу ҳам текшириб чиқилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари орасига ровийнинг тушунтириш гаплари кириб қолганми, йўқми? Шунга ўхшаш кўпгина саволларга жавоб олингандан кейин ва матннинг саломат эканига ишонч ҳосил қилингандан сўнггина, муҳаддис уни қабул этишга қарор қилади.
Ривоят этилишича, Имом Бухорий ҳазратлари кўпинча ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқиб, уйқуга кетар эканлар. Тушларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, «ушбу ҳадис мендан» десалар, туриб китобларига ёзар эканлар.
Муҳаддислар
Биз Имом Бухорий ҳазратлари энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун ҳам кўпроқ у зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам худди шундай йўл тутишган. Аслида бу ишнинг бошида фитналар давригача яшаб қолган саҳобаи киромлар туришган. Аввало ўша покиза зотлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом Суннатларини асл ҳолича сақлаб қолишга ҳаракат этиб, бу ишга бел боғлаган тобеъинларга беқиёс ёрдам берганлар.
Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламлиги, ихлосанлиги, поклиги, аниқлиги ва бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан самаралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё учун ҳам фойдали эканлиги кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.
Мазкур улкан ва муборак илмий ҳаракатнинг бош натижаси шу бўлдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари расмий равишда ёзилиб, ҳужжат сифатида тўпланиб қолди. Бу ишнинг бошловчиси халифа Умар ибн Абдулазиз бўлди ва у киши турли жойларга одам юбориб: «Мен уламоларнинг орамиздан кетишлари ва илм дарсларининг камайишидан қўрқмоқдаман, қараб, суриштириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзиб олинглар», деб буюрди. Шундай қилиб, биринчи китобни буюк тобеъин Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (124 ҳижрий санада вафот этган) ёздилар. Бу китоб содда бўлиб, саҳобалардан эшитиб, ёзиб олинган ҳадислар тўпламидан иборат эди. Шундан сўнг ҳадис китоблари ёзиш расм бўлди ва кенг миқёсдаги илмий ҳаракатга айланди.
Маккадаги ҳадисларни Ибн Журайж ва Ибн Исҳоқ, Мадинадагиларини Саъид ибн Абу Уруба, ар-Робийъ ибн Субайҳ ва Имом Моликлар, Басрадагиларини Ҳаммод ибн Салама, Куфадагиларини Суфён ас-Саврий, Шомдагиларини Абу Амр ал-Авзоъий, Хуросондагиларини Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий, Ямандагиларини Муъаммар, Райдагиларини Жобир ибн Абдул Ҳамид ва бошқалар тўплашди.
Учинчи ҳижрий аср ҳадис илмининг олтин асри бўлди. Айнан шу асрда бу илм равнақ топиб, энг машҳур китоблар ёзилиб қолди.
Дастлаб уламолар «Муснад» китоблари ёзишди. Бу турдаги китобларда саҳобаи киромларнинг номлари тилга олиниб, аввал битталари қанча ҳадис ривоят қилган бўлсалар, барчаси бирин-кетин келтирилади. Кейин иккинчи саҳобийга ўтилиб, у киши ривоят қилган ҳадислар келтирилади. «Муснад» тариқасида биринчи бўлиб, Абдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий, Мусаддад ал-Басрий, Асад ибн Мусо ва Наъийм ибн Ҳаммод ал-Хузоъийлар китоб тасниф қилдилар. Кейин эса Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби муҳаддислар ўз «Муснад» китобларини туздилар. «Муснад» китоблари ичида энг машҳур ва кенг тарқалгани Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг муснадларидир.
Сўнгра Имом Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъ ус-Саҳиҳ» китобларини ёздилар. Бу китоб фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлагани учун шундай ном билан аталгандир. Шу боисдан ҳам бу китоб Қуръондан кейинги энг тўғри китоб саналади, Имом Бухорий эса мўминларнинг ҳадисдаги амири ҳисобланадилар. Энг саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига жамлаган бу китоб ҳанузгача қадрланиб келмоқда. Аввалги вақтларнинг ўзидаёқ унга саксондан ортиқ шарҳ ёзилган.
Имом Бухорий ҳазратларидан кейин худди шу услубда шогирдлари Имом Муслим «Саҳиҳ» китоби тузди. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари иккинчи ўринда туради.
Худди шу асрда «Сунан» номи билан шуҳрат топган ҳадис китоблари таълиф этиш одат тусига кирди. Бу услубдаги китобларда ҳадислар фиқҳ боблари асосида келтирилади. Мисол учун, «Таҳорат китоби»га таҳоратга тегишли ҳадислар жамланган. «Китобус солат»да эса намозга тегишли ҳадислар келтирилади ва ҳоказо.
Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ва Имом Ибн Можаларнинг «Сунан» китоблари ана шу услубдаги китобларнинг энг машҳурларидир. Ушбу тўрт китоб Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Жомеъ ус-Саҳиҳ»ларига қўшилиб, «Сиҳоҳи ситта», яъни «Олти саҳиҳ китоб» номини олган. Ҳадис китоблари ичида энг кучли ва энг мўътабарлари мана шу олти китоб ҳисобланади. Буларнинг даражалари ҳақида, иншааллоҳ, келгусида батафсил сўз юритгаймиз.
Тўртинчи ҳижрий аср уламолари ҳам ўзларидан аввал ўтган муҳаддислардан кенг фойдаландилар. Аммо улар учун янгилик ахтаришга ўрин қолмаган эди. Қолса ҳам жуда оз эди. Шунинг учун тўртинчи ҳижрий аср уламолари кўпроқ аввалги муҳаддисларнинг асарларини тартибга солиш ва жамлашга кўпроқ эътибор бердилар. Баъзи бир ҳадисларни топиб, аниқладилар. Бу асрда шуҳрат топган муҳаддислар ичида Имом ат-Табароний, Имом Дора Қутний, Имом Ибн Ҳиббон ал-Бустий, Имом Ибн Ҳузайма, Имом ат-Таҳовийлар алоҳида зикр қилинадилар.
Булардан кейин келган муҳаддислар ҳам асосан аввалги муҳаддислар тўплаган ҳадисларни турли тўпламларга жамлаш, тартибга солиш ёки уларга шарҳ ёзиш билан шуғулландилар.
Мазкур илмий ҳаракат самараси ўлароқ «Мусталаҳ ул-ҳадис» илми пайдо бўлди. Бу илм ривоят қилинган хабарнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқловчи илм эди. У тўғри бўлса, қай даражада тўғри, нотўғри бўлса, қай даражада нотўғри эканини яхшилаб баён қилиш қоидаларини ўз ичига олган эди. Бу илм туфайли дунёдаги хабар ва ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашнинг энг ишончли услуб ва йўллари ишлаб чиқилди. Бу улкан ҳақиқатни барча, ҳатто Ислом душманлари ҳам тан олганлар. Муҳаддисларнинг бу илмга асос солишлари бошқа илмлар ривожига ҳам сабаб бўлди. Тафсирчилар, тарихчилар, фақиҳлар, луғат ва адабиёт олимлари ҳам бу услубдан кенг фойдаланишга ўтдилар. Ўз соҳаларида қилинган ривоятларнинг тўғрилигини аниқлашда муҳаддислар услубидан фойдаландилар.
«Мусталаҳ ул-ҳадис» илмида китоб ёзган уламолар ичида Абу Маҳмуд ар-Ромаҳрузий биринчилардан ҳисобланади. Сўнгра ал-Ҳоким Абу Абдуллоҳ ан-Нийсобурий «Маърифату улум ул-ҳадис» китобини битди. Ал-Хатийб Абу Бакр ал-Бағдодий «ал-Кифоя», Қози Ийёз «ал-Илмоъ», Ибн Салоҳ ад-Димашқий «Муқаддимату Ибн Салоҳ», Ибн Касир ад-Димашқий «Ихтисору улум ул-ҳадис», Ибн Ҳажар «Нухбатул фикар» номли китоблар ёздилар. Кейинчалик бу соҳада китоблар жуда кўпайиб кетди.
Мазкур илмий ҳаракатнинг учинчи катта самараси – «Илмул журҳ ва таъдийл»ни пайдо қилувчи шахсларни ўрганиб, уларнинг қай бири ишонч юзасидан мажруҳ, қайси бири адолатли эканини аниқлаш бошланди. У ҳам ўзида кўплаб нарсаларни мужассам этган алоҳида бир илмга айланди. У инсоний илмларга асос бўлганини ҳам айтиб ўтган эдик. Бу илмга қўл урган уламолар ўн минглаб одамларни атрофлича ўрганиб чиқиб, китоблар ёзиб қолдирдилар.
Аслида бировнинг айбини айтиш Исломда ғийбат, гуноҳ ҳисобланади. Аммо ҳадис диннинг асоси эканлигидан, унинг соф қолиши лозим бўлганидан ўзининг даражасини бу ишга аралаштирганларнинг айбини баён қилиб кетиш ўз вақтда зарур саналган. Имом Бухорийга «Одамлар сизнинг «Тарих» (одамлар тарихи) китобингиз учун аччиқлари чиқмоқда, унда бошқаларнинг ғийбати бор, деб ҳисоблашмоқда», дейишганда Имом Бухорий ҳазратлари «Биз буни ривоят қилдик, ўзимиздан айтганимиз йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Бу одам – ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон одами», деганлар», деб жавоб қилган эканлар.
Дастлаб ровийлар шахси ҳақида, уларнинг ишончли ёки ишончсиз эканликлари тўғрисида оғзаки маълумотлар нақл қилиб юрилган бўлса, кейинчалик бу борада ҳам китоб ёзиб қолдириш расм бўлди.
Яҳё ибн Маъийн, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Али ибн ал-Маданий, кейинроқ Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Заръа, Имом Абу Довудлар бу хусусида ўз китобларини ёздилар.
«Улум ул-ҳадис»
Юқорида зикр этилган илмларга қўшимча яна бир қанча илмлар ҳам юзага чиқди. Улар умумлаштирилиб «Улум ул-ҳадис» – «Ҳадис илмлари», деб аталади. Улардан баъзиларини таништириб ўтамиз:
1. Саҳобаларни таниш илми.
Бу илмга қўл урган уламолар саҳобаларнинг ҳаммасини, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, У зотни тирик ҳолларида кўрган кишиларнинг барчаларини ўрганиб чиққанлар. Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг маслакдошлари Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилган эмас. Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ий-мон келтириб, У зотнинг суҳбатларини топган бўлса, барчасининг ҳаёти тўла ўрганиб чиқилган. Исми, ота-боболарининг исмлари, ҳаёти, қачон Исломга келгани, нималар қилгани ва ҳоказолар шу жумладан бўлиб, барчаси ёзиб қолдирилган.
Уламолар саҳобаи киромларни ўн икки табақага бўлиб ўрганганлар. Маккада Исломни қабул қилганлардан тортиб, то болалигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганларгача аниқлаб чиқилган. Бу борадаги китоблардан Ибн Саъднинг «Табақот ул-кубро», Ибн Асийрнинг «Асадул ғоба фии маърифати саҳоба», Ибн Ҳажарнинг «Ал-Истийъоб фии асмои асҳоб» рисолаларини эслатиб ўтмоқчимиз.
2. Тобеъинларни таниш илми.
Уламолар нафақат саҳобаларни, ҳатто уларни кўрган авлод – тобеъинларни ҳам чуқур ўрганиб, китоблар ёзишган. Чунки саҳобий, тобеъин ва табаъ тобеъинларни фарқлай олиш ҳадис илми билан машғул бўлган ҳар бир киши учун зарурдир.
3. Ҳадис фиқҳини билиш илми.
Бу ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқара билиш илми бўлиб, бу илмда муҳаддис уламолардан Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Абдурраҳмон ибн Амр ал-Авзоъий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна ва Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар машҳур бўлганлар.
4. Ҳадиснинг носух ва мансухини билиш илми.
Чунки мансух ҳадис амалдан қолишини эътиборга олганда бу жуда ҳам муҳим илм ҳисобланади.
5. Бир-бирига қарши маънолари бор ҳадислар ва уларнинг маъноларини билиш илми.
6. Муҳаддисларнинг мазҳабларини билиш илми.
7. Сохта ҳадислар ва уларни тўқиганлар ҳақидаги илм.
Бу бобда ҳам кўплаб китоблар ёзилган. Ҳофиз Абул Фараж ал-Жавзий, Абу Амр ибн Бадр ал-Мусилий, Ибн Тоҳир ал-Мақдийсий, Имом ас-Суютий, Али Қори ал-Ҳанафий ва бошқа кўплаб уламоларимиз китоблар таълиф этиб, кўп хайрли иш қилиб кетганлар.
Энди ушбу илмлар бўйича тузилган ҳадис китобларининг турлари ва уларнинг мартабалари ҳақида сўз юритайлик:
1. «Саҳиҳ» китоблар.
Бу турдаги китобларнинг энг биринчиси – Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»лари ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ҳақида аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Бу китоблар фақат «Саҳиҳ» ҳадисларни ўз ичига олгандир. Ибн Хузайма каби муҳаддислар ҳам «Саҳиҳ» китоб тузганлар, аммо улар Имом Бухорий ва Муслимлар асарлари даражасига етмаган.
2. «Сунан» китоблар.
Бундай асарлар аввалида Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можаларнинг китоблари туради. «Сунан» китоблари бошқа уламолар томонидан ҳам тузилган, лекин мазкур тўрт имомнинг китоблари даражасида эмас.
Юқорида айтиб ўтганимиз икки «Саҳиҳ» ва тўртта «Сунан» қўшилиб, «Сиҳоҳи ситта» – энг саҳиҳ олти китобни ташкил этади. Лекин олтинчи китоб – «Сунани Ибн Можа» ҳақида уламолар ихтилоф қилишганини айтиб ўтишимиз керак. Жумладан, Ибн Асийр ва Розийлар «Сунани Ибн Можа»нинг ўрнига Имом Моликнинг «Муватто»сини қўйиш керак, деганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний эса, унинг ўрнига Доримийнинг китобини қўйишни лозим санаганлар.
Шундай қилиб, юқорида айтганимиздек, аввал Бухорийнинг саҳиҳлари, сўнг Муслим китоблари, ундан кейин Абу Довуд, Термизий ва Насаийнинг сунанлари энг кучли ҳадис китоблари ҳисобланади ва бу китобларда келган ҳадислар энг ишончли бўлади. Сўнгра Бухорий билан Муслим иттифоқ қилган ҳадислар, кейин Бухорий ёлғиз ўзи ривоят қилганлари, сўнгра Муслим ва бошқаларнинг ҳадислари кучли ҳисобланади. Олтинчи ўринга Ибн Можа, Имом Молик ва Имом Доримийларнинг китоблари даъвогарлик қилади. Бошқа китоблар эса улардан кейинда туради.
3. «Жомеъ» – жамловчи китоблар.
Бу хилдаги китобларга: ақида, аҳком, зуҳд, емоқ-ичмоқ одоби, тафсир ва тарих, шамоил, фитналар, фазилатлар каби бобларни ўз ичига олган китоблар киради. Шу маънода Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг китоблари «Жомеъ» ҳисобланади.
4. «Муснад» китоблар.
Бундай китобларда ҳар бир саҳобий алифбо бўйича ёки Исломга кириш навбати бўйича олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилади.
Абу Довуд ат-Таёлисий ва Бақий ибн Муҳаммадларнинг китоблари муснад китоблар жумласига киради. «Муснад» китобларнинг энг машҳури Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг китобларидир.
5. «Мўъжам» – алифбо бўйича китоблар.
Бу турдаги китобларда шайхлар, юртлар ва қабилаларга мансуб ҳадислар алифбо тартиби билан келтирилади. «Мўъжам» китобларнинг энг машҳури Имом ат-Табаронийнинг китобидир.
6. «Мустадрак» китоблар.
Бирор муҳаддис ўз шартлари бўйича мавжуд ҳадисларни китобига қўшмай кетган бўлса, уни бошқа муҳаддис тўплаб китоб қилиши «мустадрак» дейилади. Мисол учун, Ҳоким ан-Нийсобурий Имом Бухорий ва Имом Муслим шартлари бўйича қўшилмай қолган ҳадисларни топиб «мустадрак» китобини тузган.
7. «Мустахраж» китоблар.
Бу турдаги китобларда муҳаддис ўзидан олдинги бошқа бир муҳаддиснинг китобини олиб, унинг ҳадисларини ўзи топган бошқа ровийлар йўли билан тузиб чиқади. Мисол учун, Абу Бакр ал-Исмоилий Бухорийга, Абу Авона Муслимга, Абу Али ат-Тусий Термизийга «Мустахраж» қилганлар.
8. Жузларга оид китоблар.
Бунда бир киши ривоят қилган ёки маълум бир мавзуга боғлиқ ҳадислар жамлаб бир китоб қилинади. Мисол учун, Имом ас-Суютийнинг «Солат уз-Зуҳа» номли китоби ана шулар жумласидан.
Кейинги асрлардаги уламоларимиз мазкур китоблардан келиб чиқиб, турли мавзуларда ҳадис китоблари тузганлар. Мисол учун, Имом Нававий ахлоқ-одобга боғлиқ ҳадислардан «Риёз ус-солиҳийн» китобини, Имом ал-Мунзурий тарғиб ва қўрқитишга боғлиқ ҳадислардан «Ат-тарғийб ват-тарҳийб» китобини, Ибн Таймия фиқҳий ҳукмларга тааллуқли китоблардан «Булуғ ул маром» китобини тузганлар. Ал-Муттақий ал-Ҳиндий «Канз ул-уммол» номли китобда қирқ минг ҳадисни тўплаган. Имом ас-Суютий ҳамма ҳадисларни тўплаш ниятида «Жамъул жавомеъ» номли китобга тартиб бериб, юз минг ҳадис тўплаганларидан кейин вафот этганлар. Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотийб ат-Табризий «Масобийҳ» номли катта китобдан «Мишкот ул-масобийҳ» деган аҳком ҳадисларга оид китобни тузган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларга ёзилган шарҳлар ундан ҳам кўп. Ҳозирда ҳам турли-туман китоблар топилиб тадқиқ қилинмоқда. Ўки янгидан жамланмоқда, шарҳлар ёзилмоқда.
Муҳаддис уламоларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари йўлида, Ислом шариати йўлида қилган хизматлари ана шундоқ улкан. Бу хизматларни ёзиб, адо қилиш қийин.
Шу билан Суннат хизмати, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари юзасидан хизмат тугамайди. Эндиги хизмат навбати фиқҳ уламоларига тегишли. Улар муҳаддислар тайёрлаб берган ҳадислардан шаръий аҳкомлар чиқаришлари ва уни Ислом умматига етказишлари керак бўлади.
Суннат ва фуқаҳолар
Фуқаҳоларимиз Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун «Усул ул-фиқҳ» номли қонун-қоидалар мажмуи илмини ижод қилганлар. Бу жуда улкан илм бўлиб, ундаги нозик қонун-қоидалар ёрдамида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, уларнинг нозил бўлиш ёки айтилиш сабаблари диққат билан синчиклаб ўрганилади. Уларда келган ҳукмлар умумийми ёки маълум бир шахс, макон ёки замонга хосми – шулар эринмай ўрганилади. Шунингдек, қайси бири носух – бошқасини амалдан қолдирувчи ва қайси бири мансух – амалдан қолганлиги ўрганилади. Бунга ўхшаш нозик масалалар жуда ҳам кўп ва уларни асосан, мутахассислар тадқиқ қиладилар ва яхши тушунадилар.
Биз муҳаддис билан фақиҳнинг иши орасидаги фарқни яхшилаб тушуниб олсак, кифоя қилади. Аввал танишиб ўтганимиздек, муҳаддис ўзига етиб келган ҳадиснинг санади ва матнини чуқур ўрганиб, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мансуб эканини ва даражасини, васфини аниқлайди. Фақиҳ эса, ўша ҳадиснинг саҳиҳлиги ва даражасини аниқ билиб олгандан кейин ундан шаръий ҳукм олишга киришади. Қуръонда келмаган тафсилий ҳукмлар Суннатдан олинган. Намозларнинг вақти, ракатлари сони, қиём, руку, сажда, қаъда ва уларнинг фарзлиги, бошқа ҳукмларнинг вожиб, суннат ёки мустаҳаблиги – ҳаммаси шу жумлага киради. Фақиҳ баъзи ҳадисларда келган ҳукмларни барча мусулмонлар учун умумий ҳукм ёки баъзи шахсларгагина хос ҳукм эканлигини ҳам аниқлайди. Мисол учун, пешин намозининг фарзи тўрт ракат, дейилади. Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тўрт ракат ўқиганлар, бошқаларга ҳам шуни амр қилганлар. Бу борада бошқа ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бошқа кўпгина ҳукмлар ҳам шунга ўхшаш.
Ҳадис китобларидаги ҳеч шак-шубҳасиз ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир вақтнинг ўзида тўққиз аёлни ўз никоҳларида ушлаб турганлар. Пайғамбаримизга эргашиш лозимлигини тушунган мусулмон, мен ҳам У зотга эргашиб, бирданига тўққиз аёлни ўз никоҳимда ушлаб тураман, деса, фақиҳ унга: «Йўқ, биродар, сизга фақат тўрттагача аёлни ўз никоҳингизда ушлаб туришга рухсат бор, тўққизта аёлни бирданига ўз никоҳида ушлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳукм», дейди. У яна Қуръони каримдан иккита, учта ёки тўрттагача уйланиш мумкинлиги ҳақидаги оятни далил қилиб келтиради. Ушбу оят нозил бўлганда тўрттадан ортиқ хотини бўлган одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрттасини олиб қолиб, қолганларини талоқ қилишни амр этганлари ҳақидаги ҳадисларни маълум қилади. Чунки фақиҳ ўзига етиб келган ҳадисдан ҳукм чиқаришга дарҳол киришмайди. Аввал у ҳадисни ҳукм чиқаришга тегишли ҳамма тарафларини «Усули фиқҳ» қоидаси бўйича чуқур ўрганиб чиқади. Аввало, Қуръони каримга солиштиради. Агар юқоридаги ҳолат —мисолни солиштиргудек бўлса, Қуръондан оддий мусулмон учун тўрттагача аёлни ўз никоҳида ушлаб туриш мумкинлигини топади. Шу билан бу ҳукм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос эканлигига битта далил пайдо бўлади. Кейин ўша ҳадисни бошқа ҳадисларга солиштириб чиқади. Бошқа ҳадисларнинг ҳеч бирида оддий мусулмонга тўрттадан ортиқ уйланишга изн берилмаганини аниқлайди. Сўнгра тўрттадан ортиқ хотини борларга ортиқчаларини талоқ қилиш ҳақида буюрилган ҳадисларни топади. Кейин эса, тўққиз аёлни бараварига ўз никоҳида ушлаб туриш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос экан, деган ҳукмни чиқаради.
Лекин ҳадислардан ҳукм чиқаришга ишқивоз шоввоз эса қўлига тушган: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишдан қайтардилар», деган маънодаги ҳадисни ўқийдию дарҳол ловуллаб кетади: «Ҳадисга амал қилмай, фиқҳга амал қилишнинг оқибати мана шу-да. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилмай, қандайдир мазҳаб фақиҳининг айтганини қилиб юришибди. Ахир Аллоҳнинг Расули қабрларни зиёрат қилишдан қайтариб турганларида, фалонийнинг зиёрат қилса бўлаверади, демоғи нима деган гап?», дейди. Ҳалиги ҳадисни у ер-бу ерда одамларга ўқиб беради ҳам.
Уни эшитган баъзилар «ҳақиқат бу ёқда экан-у, чаламуллалар бошимизни айлантириб юришган экан-да», дейди.
Бошқалар эса «аввалги муллалар ҳам бирор нарсани билмаса айтмас. Сен билганни улар билишмасмидими», деб эътироз билдирган бўлади.
Учинчи тоифа: «Бу ерда бошқа гап бор», дейди. Хуллас, одамлар ичида гап кўпаяверади, ихтилоф, фитна чиқади, уруш-жанжалга айланади. Оқибатда Исломга душманлар ҳам етказа олмаётган катта зарар етади. Агар шу нарса асрлар оша бўлиб келаётганидек, етти ўлчаб, мулоҳазаларга бориб, ахлоқ-одоб доирасида амалга оширилса эди, ҳамма учун фойдали бўлар эди.
Аввало, керакли шаръий илмларни чуқур ўрганмай, ҳар бир илмнинг ўз устозларидан изн олмай туриб, кўпчиликка шариат ҳукмлари ҳақида иршод қилиш мумкин эмас. Айниқса, оят ва ҳадисдан ўзича ҳукм чиқариш жуда нозик нарса. Қолаверса, шариат илмлари бир ёки икки китобдагина мукаммал баён этилган эмас. Балки битта ҳукмни яхшилаб ўрганиш учун гоҳида ўнлаб китобларни ўрганишга тўғри келади. Бирор мавзуда узил-кесил гап айтишдан аввал текширилаётган ўша нарсани атрофлича ўрганиб чиқиш керак. Доимо билим борасида ўзидан юқори кишилардан сўраш лозим. Хилофли нарсаларни илмсиз кишилар ўртасига олиб чиқмаган маъқул.
Юқорида айтган биродаримиз агар тартибли диний дарс олганида бу ишни зинҳор қилмаган бўлар эди. Иқтидорли устозни лозим тутганда ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб ўтирмаган бўлар эди. Айтайлик, қабрлар зиёратидан қайтариш ҳақидаги мазкур ҳадисни ўқиди. Унда «Нима учун ҳадисда қайтарилса ҳам муллалар, зиёрат қилса бўлади, дейишади? Нима учун одамлар зиёрат қилишади?» деган саволлар пайдо бўлди. Шунда у одамларга ўз фикрини ҳукм тариқасида айтиб, уламоларни мазаммат қилиш ўрнига ўз саволига жавоб излаши керак эди. Агар иқтидори етса, шу бобда баҳс юритган бир неча китобларни ўқиб, солиштириб чиқиши, энг осони иқтидорли, тақводор олимнинг ҳузурига бориб, одоб билан сўраши керак эди. Агар у шундоқ қилганида қуйидаги жавобни олар эди: «Аввало, шаръий илмларга рағбат қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганаётганингиз учун ташаккур! Агар бу ҳадисларни бирон устоз ҳузурида ўргансангиз яна ҳам яхши бўлар эди. Қолаверса, кўнглингизда пайдо бўлган саволни кўпчиликка ҳукм тариқасида ташлаб, ихтилоф чиқармай, ишонч билдириб каминанинг ҳузурига келганингиз учун алоҳида ташаккур!
Энди саволингизга келсак, Ислом шариатида бошқа барча шариатлардаги каби «носух» ва «мансух» деган нарсалар бор.
«Носух» деганимиз, насх қилувчи – ўчирувчи маъносини англатади.
«Мансух» деганимиз эса, насх қилинган – кетказилган, ўчирилган маъносини англатади.
Ислом шариатида шаръий далил билан собит бўлган бир ҳукмни ўша далилдан кейин келган бошқа бир шаръий далил билан кучдан қолдирилиши ва амали тўхтатилишига «насх» дейилади.
Маълумки, Ислом янги келган пайтда инсоният жамиятида кўплаб бидъат-хурофот ва нотўғри урф-одатлар ҳукм сурар эди. Одамларнинг қон-қонига сингиб кетган ана шу нарсаларни муолажа қилишда насх деб аталган услуб ҳам ишлатилган. Шундай ёмон одатлар қабрларни зиёрат қилишда ҳам бор эди. Энг ёмони, қабрдагиларга сиғиниш, улардан мадад сўраш одати бор эди. Бу эса, ўзингиз билганингиздек, ширк ҳисобланади. Ислом эса, энг аввал ишни ширкка қарши курашдан бошлаган.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динимизнинг дастлабки босқичида мўмин-мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан ман этганлар.
Кейинчалик кишиларда тавҳид ақидаси мустаҳкам ўрнашиб бўлганидан сўнг эса, бошқа бир ҳадислари билан қабрларни зиёрат қилишга изн берганлар. У ҳадисни Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ларида Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сизларни қабрлар зиёратидан наҳий қилган (қайтарган) эдим. Бас, энди зиёрат қилаверинглар», деганлар. Бошқа бир ривоятда «Қабр зиёрати ўлимни эслатади», деган зиёдаси ҳам бор.
Шундоқ қилиб, жанобингиз ўқиган ўша ҳадис мансух бўлиб, амалдан қолган. Лекин муҳаддисларимизнинг вазифалари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисни аниқлаб жамлаш бўлганидан уни ўз китобларига киритганлар. Улар буниси мансух экан, ёзмай қўяверайлик, дейишмайди. Илмий омонат юзасидан ўзлари аниқлаган ҳар бир ҳадисни ёзиб қўйишни ўз бурчлари, деб биладилар. Ҳадислардаги бунга ўхшаш дақиқ нарсаларни мулоҳаза қилиб, солиштириб, жумладан, носух ва мансухларни ажратиб, ҳукм чиқариш эса, фуқаҳоларнинг вазифасидир. Ҳозирги мисолда бу ҳақиқатнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунга ўхшаш бошқа мисоллар ҳам бор. Мусулмонлар ичида оч-яланғоч, таомга муҳтож кишилар кўпайиб кетган бир пайтда (ва яна бошқа ҳикматини Аллоҳнинг ўзи билади) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ҳаром қилганлар. Кейинроқ эса, бу ҳукмни ўзлари насх қилиб, қурбонлик гўштини хоҳлаганича ейишга ижозат берганлар.
Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зоти бобаракот:
«Мен сизларни қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ олиб туришдан наҳий қилган эдим. Бас, энди ундан хоҳлаганингизча еяверинг», деганлар.
Азизим, ҳадиси шарифларнинг носух ва мансухини билиш жуда ҳам муҳим. Уламоларимиз бунга катта аҳамият беришган. Аҳмад ибн Исҳоқ ад-Динорий, Муҳаммад ибн Баҳр ал-Асфиҳоний, Ҳиббатуллоҳ ибн Салома, Муҳаммад ибн Мусо ал-Ҳозимий ва Ибн Жавзийга ўхшаш уламоларимиз носух ва мансух ҳадислар ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзганлар, булар билан ҳам танишиб чиқсангиз ёмон бўлмасди».
Олимнинг шундай мукаммал жавобидан сўнг ким ўз билганича ҳукм чиқаришга журъат этади?! Бу ҳамма учун яхши бўлади. Бекорчи гап-сўз, уруш-жанжал ҳам чиқмайди.
Қачон ҳадислардан ҳукм чиқариш нозик иш экани ҳақида гап кетса, ҳаётий тажрибада бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушаверади. Бу ибратли воқеа талабаларга ҳам, турли илмий суҳбатлар чоғида ҳам бир неча бор айтиб берилган.
Бухорадаги «Мир-Араб» мадрасасида таҳсил олиб юрган пайтларимиз эди. Ҳадисдан ал-Хатийб ат-Табризийнинг «Мишкот ул-масобийҳ» китобини ўқир эдик. Талабаларнинг жуда кўпчилигида китоб йўқлигидан улар китоб эгасини қуршаб ўтиришарди. Шунда ҳадисларнинг биридан «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким туя гўшти еса, таҳорат қилсин», деганлар, маъноси чиқди. У ҳадисни сўзма-сўз таржима қилиб, ўтиб кетилди. Шунда ичимизда ёши каттароқ бир талаба журъат қилиб устозга:
«Тақсир, буни қандоқ тушуниш керак?» деди.
«Нимани?» сўради домла.
«Ҳозирги ўқиган ҳадисимизни-да! Ахир туянинг гўштини еган одам таҳорат қилиши керак, дейиляпти-ку?»
«Ҳа, нима бўлибди?»
«Биз туяни гўштини есак, таҳорат қилмаймиз-ку?»
«Чунки фиқҳ китобларида таҳоратни бузувчи нарсалар қаторида туянинг гўшти зикр қилинмаган».
«Ҳадисда таҳорат қилсин, дейилса, фиқҳда шарт эмас, дейилса, қайси бирини қилиш керак?»
«Сиз, фиқҳда айтилганини қилаверинг».
«Ҳадис нима бўлади?»
«Ҳадисни билиб қўйдингиз, етади!»
«Жуда қизиқ-ку!» деди бояги биродаримиз жавобдан қониқмай.
«Сиз гапни кўпайтирмай, биров бир нарса деганидан кейин, хўп, денг».
Дарсдан сўнг талабалар баҳсни давом эттирдилар. Баъзилари «бу ҳадис мазҳабимиз уламоларига етмаган бўлса керак», деди.
Бошқалари «бу ҳадис мансух бўлса керак», деди. Учинчилари «биз билмайдиган сабаби бўлиши мумкин», деди.
Яна баъзилари «домла ҳам билмасмикинлар, аниқ жавоб бермадилар», деди. Бошқалари «билсалар керагу, биз қабул қилишга тайёр эмасдирмиз. Шунинг учун айтмаган бўлсалар керак», деди. Хуллас, савол жавобсиз қолди.
Йиллар ўтди. Аллоҳ таоло каминага ҳам чет эл исломий илм даргоҳларида таҳсил олишни насиб этди. Ўша ердаги муҳтарам устозларимиздан бирлари, ҳадислардан фойдаланишда кўп илмлардан хабардор бўлиш зарурлиги, баъзи бир ҳадисларнинг айтилиш сабаблари ва тарихи борлиги, агар шулар эътиборга олинмаса, тамоман бошқача маъно ва тушунча чиқиб қолишини тушунтирдилар. Бунга мисол келтиришга ўтдилар:
«Ичингизда, туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин, деган ҳадисни ўқиган ёки эшитганлар борми?» деб сўрадилар устоз. Талабалар:
«Бор», дейишди.
«Хўш нимани тушундингиз, бу ҳадисдан?» деб сўрадилар устоз.
«Туянинг гўштини еган одам таҳоратини янгилаши зарурлигини»
«Демак, сизлардан ким туя гўштини еса, таҳоратини янгидан қилади. Шундайми? Аммо биз Моликий мазҳабидагилар бундоқ қилмаймиз».
«Биз ҳам бундоқ қилмаймиз».
«Нима учун?»
«Чунки мазҳабимизнинг уламолари буни айтишмаган».
«Мазҳабингиз уламолари нима учун буни айтишмаганини биласизларми?»
«Билмаймиз. Энди сиздан билишни умид қиламиз», дедик.
«Бўлмаса эшитинглар. Бу ҳадисни кўриб, туя гўшти еган одам таҳоратини янгилаши лозим, деганлар бўлса, уларни аҳли зоҳир, дейилади. Яъни, булар – ҳадисни зоҳиридан ҳукм чиқариб гапираверадиганлар, дегани. Аммо ҳақиқий фақиҳ олимлар, шаръий далилларни нозик нуқтала- ригача англаб етадиганлар бундоқ қилмайдилар. Ҳар бир далил билан атрофлича текшириб кўрадилар. Уламоларимиз бу биз мисол қилиб келтираётган ҳадисни ҳам текшириб кўрганлар. Аниқласалар, бу ҳадис маълум бир муносабат билан айтилган экан. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар билан жамоат намозини ўқиб бўлиб, зиёфатга ўтирибдилар. Ҳамма таҳорати билан келиб, зиёфатга ўтирибди. Зиёфатда туя гўшти тортилибди. Ҳамма ундан маза қилиб ебди. Шу орада бировдан ноқулай ҳид чиқибди. Буни ҳамма ўзича мулоҳаза қилибди. Зиёфатдан яна жамоат намозига туриш керак бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», дебдилар-да, ўзлари бошлаб таҳорат олибдилар. Аллоҳ Расулининг юксак одобларини, кишиларни хижолатчиликдан чиқариш учун йўл топганларини қаранг. Агар шундоқ қилмасалар, ҳамма намозга кирганида, ҳалиги ҳид чиқарган одам ёлғиз ўзи таҳорат қилиши керак эди. Чунки ҳид чиқарганидан кейин таҳорати кетади, таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмайди. Ўтирганларнинг ҳаммаси таҳорат қилганида эса, ҳид чиқарган одам хижолатчиликдан қутулади», дея устоз сўзларини тугатдилар.
Мана шу дарс кўпларимизга ўрнак бўлди. Шариат аҳкомларини, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишда кўп ҳаракат лозим эканини яна бир бор англаб етдик.
Агар эътибор берадиган бўлсак, «Иймондан кейинги энг яхши амал нима?» деган саволга турли ҳадисларда турлича жавоблар келади. Бирида жиҳод, дейилса, иккинчисида ҳаж, дейилади ва ҳоказо.
Хўш, нима учун бундоқ? Савол битта. Сўралаётган шахс ҳам битта – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, лекин жавоб ҳар хил, нима учун? Чунки «сўровчи ҳар хил», дейдилар ҳадиснинг фиқҳини яхши тушунадиган уламоларимиз. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир одамнинг ҳолатига, имкониятларига ва иқтидорига қараб ўзига яраша муомала қилганлар. «Иймондан кейинги энг яхши амал нима?» деб сўраган одам шижоатли, паҳлавон, қўрқмас, ботир инсон бўлса, «Жиҳод» деб жавоб берганлар.
Дарҳақиқат, жиҳод унинг ўзига ҳам, Исломга ҳам, мусулмонларга ҳам фойда келтирган. Агар ўша одамга Аллоҳнинг Расули рўза тутиш, деганларида, у паҳлавон одамнинг нафл рўзасидан ўзи, Ислом, мусулмонлар унинг жиҳодидан кўрган фойдани кўрмас эдилар.
Агар савол сўраган одам нимжон, қўрқоқ ва имкони йўқ одам бўлса-ю, унинг саволига иймондан кейинги энг яхши иш жиҳод, деб жавоб берилса, нима бўлар эди? Аввало, бу гапга амал қилиб жиҳодга борса, ундоқ одамнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегар эди. Қолаверса, бормаган чоғида ҳам, кўнгли ўксир, мен яхши иш қила олмайдиган тоифаданман, деб хафа бўлар, бошқа бир иш қилишга қўли бормас эди. Аммо унинг ўзига мос ишни иймондан кейинги энг яхши иш, деб юборилса, у жон-дили билан ўша ишни бажаради. Ҳақиқатдан ҳам унинг учун ўша иш, иймондан кейинги энг яхши иш бўлади.
Бу ҳикматларни тушунмаганлар ҳадислар бир-бирига қарама-қарши, бирида маълум гап айтилса, иккинчисида унинг акси айтилади, деб айюҳаннос соладилар.
Ҳадиси шарифдаги бундай нозик масалалар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин яна бир мисол келтириб, гапни мухтасар қиламиз.
Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фахр эмас-ку, мен одам боласининг улуғидирман», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мени Мусодан афзал кўрманглар», деганлар.
Буни қандоқ тушунса бўлади? Уламоларимиз бу нарсани ўрганиб чиқиб, қуйидаги жавобни берганлар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мени Мусодан афзал кўрманглар», деган гапларининг сабаби бор. Бир яҳудий одам: «Мусони башарият устидан танлаб олган зот билан қасамки», деган. Бу гапни эшитган бир мусулмон ҳалиги яҳудийни бир тарсаки уриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб, шу гапни айтасанми?!» деган. Сўнгра тарсаки еган яҳудий Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, шикоят қилган. Ана ўшанда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Мусодан афзал кўрманглар», деганлар.
Чунки таассуб ва тарафкашлик йўли билан ҳавойи нафсга берилиб, афзал кўришлик дуруст эмас. Аллоҳ бундай фахр қилишни ҳаром қилган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўша пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик», деган.
Бу мисоллардан кўриниб турибдики, муҳаддиснинг вазифаси бошқа, фақиҳнинг иши бошқа. Икковлари ҳам ҳадиси шарифга боғлиқ иш қиладилар. Аммо икковларининг ишлари ўзига хосдир.
Ҳозирги кунда ҳадис бор бўлгандан кейин фиқҳ ва фақиҳнинг нима кераги бор, дейиш мазкур дақиқ масалалардан бехабарлигимиздан бўлса керак. Ўшандоқ фикримиз бўлса, бошқа тортишувларни бир томонга қўйиб, муҳаддисларнинг ҳаётларига, мазҳабларига назар солайлик.
Муҳаддис имомлар ва фиқҳий мазҳаблар
Имоми дорул ҳижрат – ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан бўлганлари учун ҳадисни ҳаммадан кўп ва яхши билар эканлар. Мадинаи Мунавварада Расули Акрам ётсалар мен қандоқ қилиб, улов миниб юраман, деб шаҳарда доимо пиёда юрар эдилар.
У кишининг «Муватто» китоблари «Сиҳоҳи ситта»нинг бири бўлишга номзод, агар шундоқ бўлса, Бухорий ва Муслимлар китобларидан кейин учинчи китоб бўлиши муқаррар. Лекин шундоқ буюк муҳаддис ҳам ҳадис туриб, фиқҳнинг нима кераги бор демай, эътироф қилинган тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирига асос солдилар. Бу мазҳаб Ислом оламининг кўплаб юртларига тарқалди. Ҳозирда милёнлаб мусулмонлар бу фиқҳий мазҳабга мансуб эканликлари билан фахрланадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса, ҳадис илмининг уммони бўлганлар. У кишининг ҳадисдаги «Муснад» китоблари энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. У киши бу китобда келтирган қирқ минг ҳадиси шарифни етти юз эллик минг ҳадисни матнини ва уларнинг сон-саноқсиз ровийларини ўрганиб чиқиб танлаганлар.
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларида ҳам учрамайдиган саҳиҳ ҳадислар бор.
«Қуръон – Махлуқ», деган гап чиққанда бу зот ўзларининг мислсиз жасоратлари билан бунга қарши курашганлар. Шу гапга кўндириш учун халифалар ҳар куни у кишини хушларидан кетгунча калтаклатишганида ҳам унамаганлар. Ҳатто «Мен халифаман, гапим ерда қолмасин, бир оғиз хўп, деб қўйгин, майли, кейин сенинг айтганингни қилайлик», десалар ҳам у зот кўнмаганлар.
Лекин «мен муҳаддисман, етти юз эллик минг ҳадисни яхшилаб ўрганиб чиқдим. Ичидан қирқ мингини танлаб олиб, «Муснад» китобимни туздим. Энди менга фиқҳнинг кераги йўқ», деб қайсарлик қилмадилар. Аксинча, фиқҳнинг ашаддий тарафдорларидан бўлиб, тўрт фиқҳий мазҳабдан бирини туздилар. Ўша мазҳаб у кишининг номлари билан Ҳанбалий мазҳаби деб юритилади.
Ҳозиргача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб, яшаб ўтган, ушбу ҳадисларни айтган муқаддас диёрнинг аҳолиси ҳам Ҳанбалий мазҳабига амал қиладилар.
Кишилар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан юз минг ҳадисни ёд билган одам фатво берса бўладими, деб сўраганларида, у киши йўқ, деб жавоб берибдилар. Сўровчилар ёдланиши лозим ҳадисларнинг сонини юз мингдан ошириб бораверибдилар, Имом Аҳмад йўқ, деб бораверибдилар, ахийри беш юз мингга етганида умид қиламан, деган эканлар. Бизнингча, бунга изоҳнинг ҳожати йўқ.
Қолган муҳаддислар ҳам фиқҳий мазҳабларга тобе бўлишни ўзларига ор билмаганлар. Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий каби энг саҳиҳ ва энг мартабали ҳадис китобларининг мусаннифлари ҳам Шофеъий мазҳабида бўлганлар. Бошқа муҳаддислар ҳам шу қабилда иш тутганлар.
Демак, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳадисни қўйиб, бировнинг фикрига юриш, дегани эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўйиб, Абу Фулонга эргашиш дегани эмас. Аксинча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўр-кўрона эмас, оқилона ва ўзлари кўзлаган маънода эргашишдир.
Бирорта ҳадисни санади билан тўлиқ ёд билмай туриб, юз минглаб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларни ҳамма жиҳатдан синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддислардан ўзимизни юқори қўймайлик. Уч-тўрт ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, ўтган азиз уламоларга тош отиб, айюҳаннос солмайлик. Бунинг ўрнига ҳадисларни кўпроқ ва чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилайлик. Ана шунда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.
Кези келганда ҳамма билиши лозим бўлган яна бир ҳақиқатни айтиб ўтайлик. Ҳадисларни яхши билмагунча ҳеч ким яхши фақиҳ бўла олмайди. Машҳур тўрт фиқҳ мазҳаблардан яна бирининг соҳиблари Имом Шофеъий ҳам ўткир муҳаддис бўлганлар. Ҳадис илмида «Муснад» номли китоблари бор. Лекин фақиҳ сифатидаги шуҳратлари муҳаддислик шуҳратларидан устун бўлган.
Баъзиларимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа муҳаддислик бобида энг олий даражада туришлигини, ҳофизлик мақомига етган зот эканликларини билмасак керак. Лекин у кишини ҳам ҳадис бобида маломат қиладиганлар топилади. Ҳолбуки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳадисда ҳофиз бўлишлари билан бирга «Муснад» китобини ҳам ёзганлар. Фиқҳда эса китоблари йўқ.
Лубнондаги «ал-Азҳар» мудири Шайх Халил Муҳйиддин ал-Мийс «Абу Ҳанифа муснади шарҳи» номли китобига ёзган «Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ва ҳадис илми» номли муқаддималарида қуйидагиларни ёзадилар: «Миср диёрининг муҳаддиси ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Юсуф ас-Солиҳий аш-Шофеъий «Уқуд ул-жимон» китобида: «Абу Ҳанифа ҳадиснинг катта ҳофизларидан ва аъёнларидан эди. Агар у киши ҳадисга кўп эътибор бермаганларида фиқҳий масалаларни бунчалик еча олмас эдилар. Аз-Заҳабий у кишини Ҳофизлар табақасида зикр қилиб жуда яхши иш қилган».
Бошқа фақиҳлардан кўра Абу Ҳанифадан оз ҳадис ривоят қилингани ҳақида ас-Солиҳий қуйидагиларни ёзади: «Кенг ҳифзли бўлсалар ҳам у кишидан оз ривоят қилиниши, фиқҳ билан кўп машғул бўлганларидандир. Чунончи, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумларга ўхшаш катта саҳобалардан ҳам бошқа кичик саҳобаларга қараганда оз ривоят қилинган».
Кўриниб турибдики, ҳадис билан фиқҳ бир бирига чамбарчарс боғлиқ илмлардир. Бирини олиб, иккинчисини четга суриб қўяман, деган одам хато қилади. Шунинг учун ҳам ўтган уламолар бу икки илмни баробар пухта эгаллашга ҳаракат қилганлар. Фақат ҳадисда катта муваффақиятга эришганлар ҳадис илми имомлари, фиқҳда кўпроқ шуҳрат топганлари фиқҳ имомлари бўлиб танилганлар.
Муҳаддис фиқҳга, фақиҳ ҳадисга муҳтождир. Ким буни тан олмаса, у хатокордир. Суфён ибн Уяйна ва у кишига ўхшаш бошқа улуғларимиз: «Агар иш бизнинг қўлимизда бўлганида, фиқҳ билан машғул бўлмаган муҳаддисни ҳам, ҳадис билан машғул бўлмаган фақиҳни ҳам хурмонинг шохи билан калтаклар эдик», деганлар.
Бизнинг мақсадимиз ҳадис тадқиқи бўлгани учун шу нарсага алоҳида эътибор берамиз. Ҳадиси шарифни тўғри тушуниш, ундан тўғри ҳукм, ибрат ёки хулоса чиқариш учун юқорида зикр қилинган нарсалардан ташқари яна бир қанча асосий ва муҳим жиҳатларни билиш зарур бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари (суннатлари) шариатимиз учун Қуръони каримдан кейинги иккинчи масдар эканлиги, суннатга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи эканлигини билиб олдик. Шундоқ экан, Суннатда келган ҳар бир нарса фарз ёки вожибми? Ўхуд суннат-мандуб ёки мустаҳабми? Суннатда ман қилинган нарсалар ҳаммаси ҳаромми ёки макруҳи ҳам борми? Агар Суннати мутаҳҳарада келган ҳамма буйруқ ва кўрсатмалар фарз бўлса, нима учун фарз? Агар вожиб ёки суннат бўлса, нима учун шундоқ? Агар Суннатда келган ҳукмлар фарз, вожиб, суннат, мандуб, мустаҳаб, ҳаром, ҳалол, макруҳ кабиларга бўлинадиган бўлса, уларни қандоқ қилиб ажратиб оламиз? Бунга ўхшаш саволларга фақиҳларимиз муфассал жавоб берганлар.
Суннатнинг санад жиҳатидан тақсими
Суннат, ҳадислар санади бўйича, яъни ривоят қилган кишилар эътиборидан Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида учга бўлинади:
1. «Мутавотир» – бу истилоҳ луғавий жиҳатдан «кўплик» маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса, бундай ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамларининг ёлғон келишувга имкон бермайдиган даражада кўп бўлиши керак. Мисол учун, бир ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийда шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъинлар, улардан эса худди шунча табаъ тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис мутавотир ҳадис, дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, жумада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби амаллари кўп марта ва кўпчилик ҳузурида бўлгани учун ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилганлар. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин» деган ҳадис мазмунига ўхшаш кўпгина ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этса-ю, лекин унга амал қилмаган одам эса, гуноҳкори азим бўлади.
2. «Машҳур» – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражасига етмайдиган саҳобий ёки саҳобалар ривоят қилиб, улардан ҳам кўпчилик ривоят этиб шуҳрат топган ҳадисни «машҳур» дейилади. «Машҳур» ҳадиснинг «мутавотир»дан фарқи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилувчи саҳобаларнинг сони озлигида, холос. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», «Ислом беш нарсага бино қилингандир» каби ҳадислар «машҳур» ҳадислардир. Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. «Мутавотир» ҳадис ҳам, «машҳур» ҳадис ҳам Қуръони каримнинг умумий ҳукмини хос, мутлақ ҳукм этиб, қайд қилади.
3. «Оҳод». Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса, биринчи уч асрда ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади. Оҳод ҳадис билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир. Унга амал қилмаган одам тарки вожиб ила гуноҳкор бўлади.
Шу билан бирга уламолар оҳод ҳадисда келган ҳукмга амал қилиш учун баъзи шартлар ҳам қўйганлар. Жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари оҳод ҳадисга амал қилиш учун учта шарт қўйганлар.
1) Ўша оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Чунки ўзи ривоят этса-ю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Чунки ровий ўша ривоят мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин. Шунинг учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзлари уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар.
2) Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар намозда рукуга кетишдан олдин икки қўлини кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Бу иш аслида кўп такрорланадиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Чунки намоз кўп ўқилган, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Рукуга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис оҳод бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди.
3) Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг елини тўлиб турган қўйини соғиб турган одам сут ўрнига бир соъ миқдорда хурмо бериши зарурлиги ҳақидаги ҳадис мисол бўлади. Шариат қоидаси бўйича бир нарсанинг ўрнига ўзига ўхшаш нарса қайтарилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис насх қилинган бўлиши мумкин.
Ҳадис ила собит бўлган ҳукмларнинг тўртга бўлиниши
Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади:
1. Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар.
Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилишга ундовчи ҳамда Аллоҳга ширк келтириш, ёлғон гувоҳлик бериш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақдан ўлдириш каби ишлардан қайтарувчи ҳадислар киради. Мисол учун, мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина ҳалол, мазмунидаги ҳадис Қуръони каримдаги:
«Эй иймон келтирганлар, ўз орангизда молларингизни ботил йўл билан еманг» оятини таъкидлаш учун келган. Шунингдек, «Хотинларга яхши муомалада бўлинг» ҳадиси шариф эса, Қуръони каримнинг:
«Ва улар билан маъруф ила яшанг» оятини таъкидлаб келган.
2. Қуръонда умумий ёки мутлақ бўлган ҳукмларни хос ва қайдли қилувчи ҳукмлар
Умумий ҳукмни хос қилишига мисол: Аллоҳ таоло никоҳи ҳаром бўлган аёлларни санаб бўлганидан кейин:
«Ва сизга булардан бошқалар ҳалол қилинди», деган.
Бу умумий ҳукмдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бир аёлни ўз аммаси ва холаси, ака-укасининг қизи, опа-синглисининг қизи устига никоҳлаб олиб бўлмайди», деган ҳадислари мазкур умумий ҳукмни хоссатан ушбу тўрт тоифа аёлни ўз аёл қариндоши устига кундош қилиб олиб бўлмаслигини билдиради.
Энди Қуръони каримда келган мутлақ ҳукмни ҳадиси шариф ила қайд қилинишини, яъни чегарасини баён этилишини кўриб чиқайлик. Аллоҳ таоло Қуръонда:
«Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг икковларининг ҳам қўлларини кесинглар», деган.
Араб тилида қўл деганда панжанинг учидан елкагача бўлган жойга айтилади. Демак, Қуръон мутлақ шаклда баён қилди. Бу мутлақ ҳукмни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кафт билан билак қўшилиши жойидан кесиш билан қайдли қилдилар.
3. Қуръонда келган умумий ҳукмларни баён қилувчи ҳукмлар
Қуръони каримда намоз ўқинглар, рўза тутинглар, ҳаж қилинглар, закот беринглар каби умумий ҳукмлар келган. Суннатда эса намозни қандоқ ўқиш, рўзани қандоқ тутиш, ҳажни қай тариқа адо этиш, закотни қандоқ бериш ва бошқа шунга ўхшаш ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган.
4. Қуръонда зикр қилинмаган ҳукмларни суннат зикр қилиши
Мисол учун, оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш Қуръонда йўқ, лекин суннат билан собит бўлган. Шунингдек, бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги, садақаи фитр каби ҳукмлар суннат билан собит бўлган.
Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлган
амалларнинг турлари
Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига ўтайлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча амаллари ҳадисларда ўта аниқлик билан ривоят қилинганини яхши биламиз. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишидан ўрнак олиш бурчимиз эканини ҳам яхши биламиз. Хўш, энди айтинг-чи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амаллар фарзми ёки вожибми? У зотдан содир бўлган амаллар ҳадисларда ривоят қилингани учун суннатми ёки яна бошқача ҳукмлар ҳам борми? Мазкур амаллар бир хилми ёки турличами? Ҳадис китобларида бу саволларга жавоб йўқ. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амалларни васф қилувчи ривоятлар бор, холос. Мазкур саволларга жавобни уламоларимиз берганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари уч турга бўлинади:
Биринчи турга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонлик табиатидан келиб чиққан амаллар, мисол учун, ўтиришлари, туришлари, юришлари, еб-ичишлари, ухлашлари кабилар киради. Албатта, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ амалларни ваҳий асосида эмас, инсонлик табиати асосида, Аллоҳ таоло қандоқ яратган бўлса шундоқ ҳолатдан келиб чиқиб қилганлар. Бунга ўхшаш амалларни у кишининг умматлари ҳам инсонлик табиатидан келиб чиқиб қиладилар. Бундай амаллар ҳамма учун мубоҳдир.
Шунинг учун ҳам мазкур ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатишга уриниш вожиб бўлмайди. Аммо алоҳида таъкид билан ажратилган ишлар бўлса ва уларнинг ҳукми баён этилган бўлса, уларга амал қилиш зарур. Мисол учун, ҳадисларда ўнг қўл билан таом емоқ таъкидланган. Демак, мусулмон инсон ўнг қўли билан таом емоғи даркор.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илоҳий ваҳийга эмас, шахсий тажриба, фикр-мулоҳазага асосланиб айтган дунёвий ишлар ҳақидаги (савдо-сотиқ, бирор иш тадбири, беморга берилган маслаҳат каби) кўрсатмалари ҳам шаръий ҳукм саналмайди. Бунга мисоллар кўп.
Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бир жойга тушдилар. Шунда Ҳаббоб ибн ал-Мунзир розияллоҳу анҳу келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бу манзилга сизни Аллоҳ туширдими ёки фикр, уруш тадбирими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фикр ва уруш тадбири, дедилар. Шунда Ҳаббоб розияллоҳу анҳу ундоқ бўлса, бу муносиб жой эмас, деди ва сувга яқин жойга тушиш маслаҳатини берди. Ислом лашкарлари ўша ерга тушдилар ва жанг давомида бунинг фойдаси билинди.
Яна бошқа бир мисол. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварада кетаётиб, хурмони чанглатаётган кишиларни кўриб қолибдилар. Уларнинг нима қилаётганларини сўрабдилар. Хурмонинг гули чанглатилса, меваси яхши бўлишини айтишибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладиган бўлса, бусиз ҳам ҳосил бўлаверади, деган маънода гап айтибдилар. Одамлар хурмони чанг-латишдан тўхташибди. Ўша йили ҳосил яхши бўлмабди. Кишилар келиб бу ҳақда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишганида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар дунёвий ишларингизни яхшироқ билгувчисизлар», дедилар.
Иккинчи турдаги амаллар эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган амаллардир. Бундоқ амалларни қилиш учун мусулмонларга рухсат йўқ бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга истисно тариқасида хоссатан рухсат бўлгандир. Мисол учун, рўзани улаб тутиш, яъни саҳарлик қилмасдан тутиш, тўрттадан ортиқ аёлга уйланиш каби ҳукмлар. Бунга ўхшаш амалларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган эканлар, мен ҳам қиламан дейиш дуруст эмас.
Учинчи тури – юқоридаги икки тур амаллар- га кирмайдиган амаллар. Бундоқ амаллардан шариат ҳукмлари кўзланган бўлиб, мусулмонлар уларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари лозимдир. Мазкур амалларнинг фарзлик, вожиблик, суннат ёки мубоҳлик даражаси эса турли аломатлардан билинади.
Ҳадис ила собит бўлган ҳукмнинг даражаси
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам даража бўлади.
Агар мазкур амаллар Қуръон ҳукмини баён қилиб эмас, ўзи мустақил равишда келса, уларнинг фарз, вожиб, мандуб ёки мубоҳ эканини билиб олиш учун махсус қоидаларни ишга солиш керак бўлади. Бу қоидалар бошқа шаръий далиллар учун ҳам бирдир. Лекин бизнинг баҳсимиз ҳадис бўлгани учун «ҳадис» сўзини ишлатсак бўлаверади, деб ўйлаймиз.
Фарз – шариат томонидан қилиниши жазм ила, шубҳаси йўқ қатъий далил ила талаб этилган нарсадир.
Ҳадис билан собит бўлган фарз амалларнинг мисоли намозда Қуръон қироат қилишдир. Бундоқ тарзда собит бўлган ҳукмни адо қилиш лозиму лобуддир. Уни бажарган одам улкан савобга эришади. Қилмаган одам эса гуноҳкор бўлиб, икки дунё иқобига учрайди. Мазкур ҳукмни инкор қилган одам эса кофир бўлади.
Вожиб – шариат томонидан жазм ила қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган нарсадир.
Бунинг мисолига витр ва ҳайит намози, садақаи фитрга ўхшаш амаллар киради.
Чунки бу ҳукмлар оҳод ҳадислар ила собит бўлган. Вожибнинг ҳукми фарз билан баробар. Фақат вожиб нарсани инкор қилган одам кофир эмас, фосиқ бўлади, холос.
Суннат ёки мандуб – шариат томонидан жазм бўлмаган равишда талаб қилинган нарса.
Бундоқ ҳукмга амал қилган одам савоб олади, унга амал қилмаган одамга эса, иқоб қилинмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-лам томонидан унга маломат ва итоб бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни уч даражага бўладилар:
а) Суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат.
Мисол учун, жамоат билан намоз ўқиш. Бу даражадаги суннат вожибдан кейинги ўринда туради.
б) Суннати машруъа – душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш ва шунга ўхшаш амаллар.
в) Суннати зоида – емоқ-ичмоқ, юриб-турмоқ, ухлаш каби ишларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишлик.
Ҳаром – шариат томонидан жазм ҳамда шубҳасиз, қатъий далил ила қилмаслик талаб қилинган нарса. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино қилиш, ўғрилик каби ишлар шунга киради. Ҳаром ишни қилмаслик лозимдир. Ким уни қилса уқубатга учрайди. Шариатимиз ҳаром деган нарсанинг ҳаромлигини инкор қилган одам кофир бўлади.
Макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин мак- руҳ – шариат томонидан қилмаслик жазмий равишда талаб қилинган, лекин қатъий бўлмаган далил билан собит бўлган нарса. Мисол учун, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, яъни харидор савдони битирмай туриб, бошқа бир харидорнинг савдога аралашиши, бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги каби ҳукмлар. Мазкур ишларни қилмаслик жазм ила талаб этилган. Аммо оҳод ҳадислар билан собит бўлган. Шунинг учун ҳаром эмас, макруҳи таҳримий ҳукмини олган. Бу ҳам ҳаром ҳукмидаги гап. Фақат бундоқ ҳукмни инкор қилган одам кофир бўлмайди, холос.
Макруҳи танзиҳий – шариат томонидан қилмаслик жазмсиз ва уқубат таҳдидисиз талаб қилинган нарса. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувда таҳорат қилиш киради. Бундай ишларни қилмаганлар савоб олади, мақталади, қилганлар эса маломат ҳам, иқоб ҳам қилинмайдилар.
Мубоҳ – шариатимиз қилиш ёки қилмасликни кишилар ихтиёрига қўйган ишлар. Инсоннинг биологик ҳожатларига боғлиқ ишларнинг барчаси (масалан, емоқ, ичмоқ, ухламоқ каби) мубоҳ доирасига киради. Бунда шариат кўрсатган чегарадан чиқмай тасарруф қилмоқ мубоҳдир. Мубоҳ амални қилган-қилмаган баробар, гуноҳи ҳам, савоби ҳам йўқ.
Демак, ўқиган ҳадисларимизда келган нарсалар фарз, вожиб, суннати муаккада, суннати машруъа, суннати зоида, ҳаром, макруҳи таҳримий, макруҳи танзиҳий ва мубоҳ нарсаларга бўлинар экан. Лекин ҳадисни ўқиб-ўрганган одам буларни фарқлай олмайди. Бу ишларни умрларини илмга тиккан, унда катта даражаларга эришган уламоларимиз фарқлаганлар. Улар шаръий далилларни, жумладан, ҳадиси шарифларни диққат билан, атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққанлар. Ҳамма ҳам уларнинг даражасидаги илмга эга бўла олмаслигини эътиборга олиб, кўпчилик учун ўзларининг машаққатли меҳнатларининг самарали хулосасини айтиб кетганлар. Мисол учун, намозда Қуръон қироат қилиш фарздир, деганлар. Бу фақиҳларимизнинг ичидан чиқариб айтган гаплари эмас, балки шариатнинг қатъий ҳукмидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир ҳадис билан собит бўлган ҳукмдир. Эҳтимол фуқаҳолар бу ҳукмни аниқлаш учун йиллаб меҳнат қилгандирлар. Ҳамма оят ва ҳадисларни атрофлича қайта-қайта кўриб чиққандирлар?! Намозда Қуръон қироат қилиш тўғрисидаги ҳадисни мутавотир эканини аниқлаш учун озмунча ҳаракат қилмагандирлар?! Агар улар мазкур илмий уринишларини бирма-бир ёзиб, охирида намозда Қуръон қироат қилиш фарз эканлигини айтсалар, биз учун бу ҳукмни билиш мақсадида бир неча китобни ўқишимиз зарур бўлар эди. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Осонгина қилиб, намозда Қуръон қироат қилиш фарздир, деб қўйилган жумлани ўқишга дангасалик қилаётганларга ўша ҳукмни билиш учун бир неча китобни ўқиши йўл бўлсин! Қолган бошқа ҳукмлар ҳақида ҳам айни шу гапларни айтиш мумкин.
Ҳозирги кундаги кўпгина тушунмовчилик, келишмовчилик ва турли ихтилофу жанжалларимизнинг асосий сабабларидан бири ҳам мазкур ҳақиқатларни тўла тушуниб етмаслигимиздир. Гоҳида қилинса ҳам, қилинмаса ҳам барибир бўлган мубоҳ ҳукм ҳақида тортишиб жанжал қиламиз, бир-биримизни кофир, деб фатво чиқаришгача бориб етамиз. Ҳолбуки, фарз, фожиб, суннати муаккада амалларга парво ҳам қилмаймиз. Гоҳида мансух (амалдан қолган) ҳадисни ўқиб олиб, «нимага амал қилмаяпсизлар?» деб ҳамманинг бошини айлантирамиз.
Гоҳида эса, умуман, ҳадис бўлмаган гапларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, деб айтиб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Кўпинча эса заиф ҳадислар бўрттириб кўрсатилади. Бу борада, айниқса, кишиларга ваъз-насиҳат қиладиган, дарс айтадиган, мақола ва китоб ёзадиган одамлар ҳушёр бўлишлари керак.
Бугунги кунда суннати мутаҳҳара атрофида баъзи кишилар томонидан чиқарилаётган ихтилофларнинг сабаблари анчагина бор. Бу ҳақиқатни олдинги саҳифаларда ҳам қисман баён қилишга уринилди. Ўша айтилганларга қўшимча ўлароқ, мазкур ихтилофларнинг асосий сабаби бу ишга аралашганларнинг илмий даражалари паст эканлигини яна бир бор алоҳида таъкидлаш лозим.
Шунингдек, бу ҳолатнинг келиб чиқиши ва авж олишига сабаб бўлган омиллардан яна бири тартибли диний-илмий тарбиянинг йўқлигини айтмоқ керак.
Имкони топилган жойда ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшамоғи лозимлиги қайта-қайта таъкидлаб турилибди. Мусулмон инсон учун, мусулмон жамият учун Қуръон ва Суннатдан бошқа амал қиладиган нарса йўқлигига алоҳида урғу берилаётир. Икки дунё саодатига фақатгина шу икки нарсага тўлиқ амал қилибгина эришиш мумкинлигини таъкидлашдан чарчамаганимиз яхши.
Шунингдек, ҳар бир мусулмон инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ўрнак бўладиган шахс йўқлиги, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиш эса, суннати мутаҳҳараларига тўлиқ амал қилиш билангина бўлиши омманинг онгига иложи борича мустаҳкамроқ сингдиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу ҳам яхши. Бу жуда керакли ва савобли ишни янада ривожлантириш лозим. Аммо шу билан бирга, Суннат ўзи нима, унга амал қилиш қандоқ бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандоқ ўрнак олмоқ керак каби кўплаб зарур масалалар ҳам борки, уларни батафсил баён этиб беришга тўғри келади.
Афсуски, ҳозирда фақат Суннатга амал қилишга тарғиб қилиб, қолган маълумотларниетарлича баён қилиб беришга илмимиз ҳам, имконимиз ҳам етишмаяпти. Натижада ҳозир кўриб турганимиздек ноқулайликлар вужудга келмоқ-да.
Суннатга амал қилиш лозимлиги ҳақидаги қайта-қайта тарғиботларни эшитган инсон албатта, унга амал қилмоқчи бўлиб, ҳадисларни ўрганишга киришади. Ана шунда турли саволлар, тушунмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Бу саволларга жавоб топиш, тушунмовчиликларни ҳал этиш учун етарли илмли кишилар топиш ҳам осон эмас. Баъзилар бу тўсиқ олдида ҳайрон бўлиб туриб қолишади. Бошқалар эса, тўсиқни айланиб ўтиб, ўз билганича иш кўриб кетади. Оқибатда турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар, бир-бирини айблашлар ва бошқа турли ноқулай ҳолатлар юзага чиқади.
Бундай ноқулайликдан чиқишнинг энг ишончли йўли керакли даражадаги илмдир. Шунинг учун бу омилга алоҳида эҳтимом бериш ўта муҳим. Аллоҳ таоло бу саъй-ҳаракатимизни ана ўша эзгулик йўлидаги дастлабки қадам бўлишига муяссар этсин, деган умидимиз бор.
Суннат турли истилоҳларда турли
маъноларни ифода қилиши
Суннати мутаҳҳара теварагидаги тушунмовчиликларни бартараф қилишда суннат ҳақидаги истилоҳларни тўғри англаш ва ўша истилоҳлар орасидаги дақиқ фарқларни керагича ажрата билиш ўта муҳим ўрин эгаллайди. Ҳа, азизлар, биз суннат-суннат, деяверамиз-у, аммо суннат муҳаддислар истилоҳида алоҳида, усули фиқҳ уламолари истилоҳида алоҳида ва фиқҳий истилоҳда алоҳида маънолар касб этишини ўйлаб кўрганмизми, ўзи? Агар шу пайтгача бу илмий ҳақиқатни эшитмаган бўлсак, энди билиб олишимиз лозим бўлади. Суннат лафзи мазкур уч муҳим илм бўйича алоҳида-алоҳида уч айри маъно касб этади. Бу маъноларни дақиқ жойларигача тушуниб етган кишиларгина уларнинг ораларидаги фарқларни англаб етади ва бу масалада тўғри йўлни танлаб олиш имконига эга бўлади.
Келинг, азизлар, биз ҳам мазкур ҳақиқатни тушунишга уриниб кўрайлик. Шояд, бирор натижага эришсак.
Суннат муҳаддислар истилоҳида
Муҳаддислар истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, амал, тақрир, халқий сифат, хулқий сифат ва сийратларга, агар пайғамбарликларидан олдин содир бўлган бўлса ҳам Суннат, дейилади.
Дарҳақиқат, ҳадис китобларини ўқийдиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари, қилган амаллари ҳамда саҳобаи киромлардан содир бўлган тасарруфотларни тақрир қилганлари билан бир қаторда У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадди қоматлари, шакли шамоиллари, ҳар бир аъзолари қандоқ бўлганлиги ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқи ҳамидаларига оид: ҳусни хулқ, сабр-тоқат, ҳилм, тавозуъ, омонатлилик каби сифатлари ҳақидаги маълумотларни ҳам кўрамиз. Сиз билан биз уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга У зоти бобаракотнинг сийратлари – ҳаёт йўллари ёки бошқача қилиб айтганда, таржимаи ҳолларини ҳам муҳаддис уламоларимиз ўз китобларидаги собит ривоятлар ила етказганлар.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, муҳаддисларимиз истилоҳида келган суннатдаги ҳар бир нарсани мусулмонлар ўз ҳаётларига татбиқ қилишлари мумкин эмас. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таналари ва аъзоларини васф қилган ривоятлар маълумот учун, мусулмонлар ўз маҳбуб Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймоларини қалбларига жо қилишлари учун кўзланган маълумотлардир.
Албатта, ҳадис китобларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қоматлари фалон хил бўлган экан, ҳар бир мусулмон ҳам ўз қоматини худди ана шундоқ қилмоғи шарт, деб бўлмайди. Шунга ўхшаш, ҳадис китобларимизда ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий келишидан олдин Ҳиро ғорида ўтириб таҳаннус ибодати қилган эканлар, биз ҳам У зотга иқтидо қилиб, суннатларига эргашиб, Ҳиро ғорида таҳаннус ибодати қилишимиз лозим, деган одам бўлмаган.
Демак, муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ҳар бир маълумотни суннат деб билганлар ва ўша маълумотларни ровийлари билан аниқлаб, текшириб, йиғишга ҳаракат қилганлар. Шубҳасиз, муҳаддисларимиз ўзларининг бу ишлари ила улкан хизматни адо этганлар. Бу ҳақда аввал ҳам батафсил гапирган эдик. Лекин яна бир бор таъкидлашимиз лозимки, муҳаддисларимиз ривоятларни ўрганиб тўплаганлару шу билан ўз хизмат бурчларини адо этган ҳисобланганлар. Ҳадиси шарифлардан қандоқ шаръий ҳукм чиқиши, уларнинг қайсиларидан фарз ҳукм, қайсиларидан вожиб ҳукм ва ҳоказолар келиб чиқишини эса фақиҳ уламоларимиз баён қилишган. Кези келганда яна бир илмий ҳақиқатни эслаб ўтишимиз фойдадан холи бўлмаса керак. Кўпчиликка муҳаддислар ҳадисларни жамлаб тартибга солиб берганлару фақиҳларимиз ўша ҳадислардан ҳукм чиқарганга ўхшаб туюлади.
Аслида эса, аввал фақиҳларимиз ҳадисларни чуқур ўрганишиб, улардан фиқҳий ҳукмларни истинбот қилганлар. Кейинчалик эса, муҳаддисларимиз ўз услублари ила ҳадиси шарифларни тартибга солишга, турли мавзу ва услубларга биноан китоблар таълиф қилишга ўтганлар.
Буни фақиҳларнинг энг машҳури Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг 150-ҳижрий санада вафот этганлари ва муҳаддисларнинг энг машҳурлари Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг 194-ҳижрий санада таваллуд топганларидан ҳам билиб олса бўлади.
Суннат – фуқаҳолар истилоҳида
Фуқаҳолар истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган фарз ёки вожиб бўлмаган нарсаларга Суннат, дейилади.
Фуқаҳолар истилоҳидаги Суннат, бидъатнинг муқобилидаги нарсадир. Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган нарса ила фарз, вожиб ва бошқа ҳукмлар чиқишини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Демак, фуқаҳолар истилоҳи ила назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир этилган ва шаръий ҳукм бўлишга салоҳияти бор ҳар бир нарса ҳам суннат бўлавермайди. Балки ўша нарсалардан фарз ва вожибнинг савиясидан ке-йин келадиганларигина Суннат бўлади. Ушбу фуқаҳолар истилоҳидаги Суннатнинг ҳукми нима дейилганда, у – шариат томонидан жазм этмаган ҳолда талаб қилинган нарса бўлиб, уни қилган одам савоб олади, қилмаган одам иқобга қолмайди, деб жавоб берилишини фуқаҳоларимиздан ўрганганмиз.
Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, бу истилоҳдаги Суннат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган нарсалардан ўта чегараланган бир қисмини ўз ичига олади, холос. Бинобарин, Суннатга амал қилган савоб олар экан, амал қилмаса, ҳеч нарса бўлмас экан, шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсалардан хоҳлаганимизга амал қиламиз, хоҳламаганимизга амал қилмаймиз, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун Суннат ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумотга эга бўлишимиз ва турли шахсларнинг бўлган-бўлмаган гапларига учмаслигимиз лозим.
Суннат – усули фиқҳ уламолари истилоҳида
Усули фиқҳ уламолари истилоҳида Пайғам-бар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган, шаръий ҳукмга далил бўлишга салоҳи-яти бор ҳар бир гап, амал ёки тақрирга Суннат, дейилади.
Исломдан озгина бўлса ҳам хабардор бўлган ҳар бир кишига маълум ва машҳур бўлган ҳақиқатлардан бири шариати исломиянинг асосий тўрт масдарларининг биринчиси Қуръони карим бўлса, иккинчиси Суннати мутаҳҳара эканлигидир. Худди ушбу Суннат, айни усули фиқҳ уламолари истилоҳидаги Суннатдир. Шаръий ҳукмларга алоқаси бор, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир гап, амал ва тақрирни ўрганиб чиққан усули фиқҳ уламоларимиз фиқҳий қонун-қоидалар асосини ишлаб чиққандирлар.
Фуқаҳоларимиз эса, ўша қоидаларни ишга солиб ҳар бир шаръий амалнинг Суннатда келган далилига қараб мартабасини ва адо этиш йўлини баён қиладилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган, аммо шаръий ҳукм бўлиш салоҳияти йўқ гап, амал ва тақрирлар, шунингдек, халқий ва хулқий сифатлар ҳамда сийратга тегишли маълумотларни ўз ихтисослари доирасидан ташқари деб биладилар. Биз аввал айтиб ўтган, ҳаммани Суннатга амал қилишга тарғиб қилишдаги гап-сўз ва тарғиб-ташвиқлар, асосан, шу истилоҳдаги Суннатга тегишлидир.
Суннат – саҳобалар истилоҳида
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлисини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи киромлар ва тобеъинларнинг одатлари бўлган.
Яъни, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг барча мусулмонлар ҳам амал қилишлари лозим бўлган қисминигина Суннат деб атаганлар.
Мана шу тақсимга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амаллар ва гап-сўзлар суннат ва суннат бўлмаган қисмга бўлинган. Суннатига мусулмонлар эргашишлари лозим бўлган. Суннат бўлмаганига эса, мусулмонлар оммасининг эргашиши лозим ҳисобланмаган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Муснад» китобларида келтирган ривоятда Абу Туфайл розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:
«Мен Ибн Аббосга:
«Сенинг қавминг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байт(уллоҳ)ни рамл(паҳлавон юриш) ила тавоф қилганлар ва бу суннатдир дейишмоқда?» дедим.
«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди», деди у.
«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди, деганинг нимаси?» дедим.
«Рост айтганлари – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтни рамл қилганлари. Ўлғон айтганлари – у(иш)нинг Суннат эканлиги. Қурайшликлар Ҳудайбия замонида Муҳаммад ва унинг саҳобаларини тек қўйинглар, ҳайвонларга тушадиган қуртларга ўхшаб ўлиб кетсинлар, дейишди. У зот улар билан саҳобалари ила келгуси йили келишлари ва Маккада уч кун туришлари ҳақида сулҳ туздилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида мушриклар Қуъайқиъон тарафда туришар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига Байтни уч марта рамл қилинглар, бу Суннат эмас, дедилар», деди у.
«Сенинг қавминг У зот Сафо билан Марва орасида туяга миниб саъй қилганлар ва бу Суннатдир, дейишмоқда?» дедим.
«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди», деди.
«Ҳам рост, ҳам ёлғон айтишибди, деганинг нимаси?» дедим мен.
«Рост айтишгани – У зот ҳақиқатда ҳам Сафо билан Марва орасида туя миниб саъй қилганлар. Ўлғон айтишгани – у(иш)нинг Суннат эканлиги. Ўшанда одамлар Расулуллоҳдан четланмас ҳам, бурилиб кетмас ҳам эдилар. Бас, улар У зотнинг каломларини эшитсин ва қўлларини У зотга теккизишмасин учун туя миниб саъй қилганлар», деди.
«Сенинг қавминг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо ва Марва орасида саъй қилганлар ва бу Суннатдир, дейишмоқда?» дедим.
«Рост айтишибди», деди у.
Мана шу ривоятдан маълум бўладики, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ишларига эргашишни Суннат деб билмаганлар. Балки, шаръий ҳукмга боғлиқларинигина Суннат деб билганлар ва уларга сўзсиз амал қилганлар.
Шунингдек, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бошқа баъзи амалларнинг ҳам Суннат ёки Суннат эмаслиги ҳақида, яъни мусулмонлар оммаси уларга амал қилишлари лозимми ёки лозим эмасми эканлиги ҳақида баҳс юритганлар. Биргина мисол келтирамиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилганларида, Минодан қайтиш пайтида, биз эртага, иншааллоҳ, Бани Канонанинг селхонадаги тепалигига – куфр учун қасам ичишган жойларига тушамиз, дедилар. Ўша жойнинг номи Абтоҳ бўлган. У ерни михсоб ҳам дейилади. Аммо У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Рофеъ розияллоҳу анҳуни жой тайёрлаш учун юбориб, ҳеч бир кўрсатма бермаганлар. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу ўзлари айтишларича, ўз ихтиёрлари билан Абтоҳ номли жойни танлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушишлари учун чодир қурганлар. Шу ва бошқа шунга ўхшаш маънолардан келиб чиқиб, ҳажда Минодан қайтаётганда Абтоҳга тушиш Суннат ёки Суннат эмаслиги ҳақида саҳобаи киромлар ўзаро баҳс қилганлар. Уларнинг бу баҳслари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Минодан қайтиб келаё-тиб Абтоҳга тушганларми ёки йўқми деган маънода эмас, балки У зотнинг Абтоҳга тушганлари Суннат – шаръий ҳукмми ёки шаръий ҳукм эмасми, деган маънода бўлган.
Имом Муслим қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур амални Суннат деб билишлари ва ўзлари ҳаж қилсалар доимо Абтоҳга тушишлари айтилган.
Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Рофеъ, Оиша онамиз ва бошқа саҳобийлар ҳажда Минодан қайтиб келаётиб Абтоҳга тушишни Суннат эмас, деб билганлар.
Имом Муслим келтирган ривоятда ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Абтоҳга тушиш Суннат эмас, деганлар.
Имом Аҳмад келтирган ривоятда эса, Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшанда Абтоҳга тушганларига изоҳ бериб, Аллоҳга қасамки, у ерга фақат менинг сабабимдангина тушганлар, деганлар.
Лекин вақт ўтиши билан истилоҳлар ўзгариб борди. Ўша ўзгаришлар жараёнида Суннат истилоҳи шариат ҳукми бўлишидан қатъи назар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган барча нарсаларга ишлатиладиган бўлиб қолди. Шунинг учун уламоларимиз Суннатнинг шаръий ҳукм учун содир бўлган ва шаръий ҳукм учун содир бўлмаган қисмлари борлигини қайта-қайта эслатиб турадиган бўлдилар. Баъзи мисоллар келтирсак, яна ҳам аниқроқ тушунишимизга ёрдам бўлар, деган умид ила мисоллар келтирайлик.
Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба ўзларининг «Таъвийлу мухталафил ҳадис» номли китобларида қуйидагиларни ёзган эканлар:
«Бизнингча, Суннат уч хилдир:
«Биринчи Суннат» – Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан келтирган Суннатдир. Бунга У зотнинг «Аёл киши ўз аммаси ва холаси устига никоҳланмас», «Насаб бўйича ҳаром бўлганлар, разоъ (эмизиш) бўйича ҳам ҳаром бўлур», «Бир сўриш ва икки сўриш ҳаром қилмас», «Хун пули оқил (ота томон эркак қариндош)лар зиммасидадир» кабилардир.
«Иккинчи Суннат» – Аллоҳ У зотга мубоҳ қилиб, унда ўз раъйларини ишлатишга амр қилган Суннатдир. Бунда У зотга хоҳлаган кишиларига баъзи иллат ёки узрга биноан, рухсат беришлари жоиздир. Мисол учун, У зот эркакларга ипакни (ипакли кийимни) ҳаром қилганлар. Шу билан бирга, Абдурраҳмон ибн Авфга ундаги мавжуд иллат туфайли ипакка (ипакли кийишга) изн берганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка ҳақида, унинг майсаси юлинмайди ва дарахти кесилмайди, деганларида Аббос ибн Абдулмуттолиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, изхир мустасно, у уйларимиз учун керак», деди.
«Изхир мустасно», дедилар У зот.
Агар Аллоҳ таоло унинг ҳамма дарахтларини ҳаром қилганида У зот Аббос ирода қилган нарсага мувофиқлик билдирмас эдилар. Лекин Аллоҳ У зотга ўзлари салоҳиятли деб билган нарсани истисно қилиш ҳаққини берганидан, одамлар манфаати учун изхирни истисно қилдилар...
«Учинчи Суннат» – У зотнинг бизга одоб тариқасида суннат қилган нарсаларидир. Агар биз унга амал қилсак, фазилат бўлур. Агар биз уни тарк қилсак, иншааллоҳ, бизга гуноҳ бўлмас. У зотнинг салланинг пешини томоқнинг остидан ўтказишга амр қилганлари, жаллола (нопок нарсани ейдиган ҳайвон)нинг гўштидан, шунингдек, қон олиш касбидан наҳий қилганлари кабилар шу жумладандир».
Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба 276 ҳижрий санада вафот топган бўлиб, мутақаддим уламоларимиз вакилидирлар.
Энди мутааххир уламоларимиз вакили бўлмиш, 1176 ҳижрий санада вафот топган Имом Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийнинг бу масалада ёзиб қолдирганлари билан қисман танишайлик. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ҳужжатуллоҳил Болиға» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Билки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиниб, ҳадис китобларига ёзилган нарсалар икки қисмга бўлинади:
Биринчиси, Пайғамбарликни етказиш йўлида келганлари.
Булар ҳақида Аллоҳ таоло:
«Расул сизга нимани берса, олинг ва сизни У зот нимадан қайтарса, қайтинг!» дегандир.
Ана шулар жумласига: охират илмлари ва малакут ажойиботлари киради. Буларнинг ҳаммаси ваҳийга суянган нарсалардир.
Яна ўшалар жумласига: шариат аҳкомлари, ибодатларни забт қилиш ва мазкур забт турларига асос бўладиганлари ҳам киради. Буларнинг баъзилари ваҳийга ва баъзилари ижтиҳодга суянгандир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийнинг ўрнидадир. Чунки Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйлари хато бўлишидан Ўзи асрагандир. Шунингдек, У зотнинг ижтиҳодлари баъзилар гумон қилганидек, насс (шаръий далил)лардан истинбот қилиниши ҳам вожиб эмас. Балки Аллоҳ таоло У зотга шариат мақсадларини, шариатчилик, енгиллаштириш ва аҳкомлар қоидаларини таълим берган ҳамда ўша қоидалар мақсадини ваҳий орқали баён қилиб бергандир.
Ўша нарсалар жумласига яна: вақти белгиланмаган ва чегараси баён қилинмаган ахлоқи фозилалар ҳамда уларга зид ва ўхшаш, сарбаст ҳикматлар, мутлақ манфаатларга оид нарсалар киради. Ғолибо, бундоқ нарсаларнинг асоси ижтиҳод бўлади. Яъни, Аллоҳ У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур нарсаларни истинбот қилишнинг асос қонунларини таълим берган бўлади.
Яна фазилатли амаллар ва амал қилувчиларнинг маноқиб (мақтов)ларига оидлар ҳам киради. Менимча, буларнинг баъзилари ваҳийга, баъзилари ижтиҳодга суянган бўлади.
Иккинчиси, пайғамбарликни етказиш йўлида келмаганлари. Булар ҳақида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен ҳам башарман. Қачонки, сизларни динингиздан бўлган нарсага амр қилсам, бас, уни олинг. Қачонки, сизларни Ўз раъйимдан бўлган нарсага амр қилсам, бас, албатта, мен ҳам башарман», деганлар.
Яна У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони чанглатиш қиссасида: «Бас, албатта, мен бир гумон қилдим, холос. Сизлар гумон учун мени тутманглар. Лекин сизларга Аллоҳдан бир нарса гапирсам, уни маҳкам тутинглар. Чунки мен Аллоҳга ёлғон гапирмаганман», деганлар.
Яна шундайлар (яъни, Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаганлари) жумласига тиб ҳам киради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизлар қашқа қорабайирни лозим тутинг», деган гапларига ўхшаш боблар ҳам шулар жумласига киради. Булар тажрибага суяниб айтилгандир.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмлари айтадиган гапларга ўхшаш гаплар, Умму Заръ ва Ҳузофанинг ҳадисига ўхшаш нарсалар ҳам шулар жумласига киради. Бунга қуйидаги мисолни келтириш мумкин: Зайд ибн Собитнинг ҳузурига бир неча кишилар кириб:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапириб бер», дедилар. Шунда у:
«Мен У зотнинг қўшниси эдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига қачон ваҳий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен У зотга уни ёзиб берар эдим. Агар биз дунёни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз охиратни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз таомни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Мана шуларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сизларга ривоят қилиб берайми?!» деди.
Яна ўшалар жумласига: У зотнинг ўша куннинг жузъий манфаатини қасд қилиб, содир этган нарсалари, умматнинг барчасига лозим бўлмаган ишлар ҳам киради. Халифа лашкар тайёрлаш учун амр бериши, шиор (мужоҳидларни ажратиб турадиган белги) тайин қилишига ўхшашлар ва бошқалар ҳам шу тоифадандир.
Бунга Ҳазрати Умарнинг қуйидаги гапи мисол бўла олади: «Бизга ва рамл (тавофда паҳлавон юриш қилиш)га нима бўлибди? Биз у билан Аллоҳ ҳалок қилган бир қавмга ўзимизни кўрсатган эдик», деди. Сўнгра унинг бошқа сабаби бўлишидан қўрқди ва бу ишга ўзгартиш киритмади. Воқеъликда кўпгина ҳукмлар мана шу бобга ҳамл қилинган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир душманни қатл этса, унинг нарсалари ўзига», деган қавллари каби.
Яна шу тоифага хос ҳукм ва қозиликлар ҳам киради. У зот бундоқ ҳолларда гап-сўз ва қасамларга биноан иш тутганлар. Бунга У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Али розияллоҳу анҳуга: «Шоҳид ғоиб кўрмаган нарсаларни кўради», деган қавллари мисолдир».
Аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийнинг «Ҳужжатуллоҳил Болиға» номли китобларидан нақл қилинган парчани бир оз шарҳ қилинса масала кўпчилигимизга яна ҳам ойдинлашса ажаб эмас.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг иккига бўлиниши
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал пайғамбари бўлиш билан бирга оддий инсон ҳам эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига юборган ер юзидаги энг охирги элчиси сифатида ўз пайғамбарлик бурчларини адо этаётган пайтларида оддий бандалар қатори умргузаронлик қилар ҳам эдилар.
Шунинг учун У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсалар мазкур икки сифатларига оид бўлиши муқаррар. Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, муҳаддисларимиз У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир нарсани ривоят қилганлар. Пайғамбарликка оид нарсаларни алоҳида ривоят қилиб, бошқаларини ажратиб қолдирмаганлар. Ўки пайғамбарликка оидларини алоҳида, пайғамбарликка оид эмасларини алоҳида ривоят ҳам қилмаганлар. Шунинг учун ҳам муҳаққиқ уламоларимиз юқорида танишиб ўтганимиз каби қоида ва қонунлар ила кўпчиликка бу масалани баён қилиб беришга ҳаракат этганлар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таолонинг Пайғамбари сифатида содир бўлган гап, сўз, иш, амалларга барча Ислом уммати, ҳар бир мусулмон эргашмоғи лозиму лобуддир.
У зот ўзларининг пайғамбарлик сифатлари ила содир этган ўша сўз, иш, амаллари билан Аллоҳ таолонинг дини бўлмиш Ислом аҳкомларини халойиққа етказганлар. Бу аҳкомларга амал қилиш Аллоҳнинг амридир. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий башарлик сифатлари ила содир бўлган фазилат ва амалларга эргашган одам савоб олади. Лекин бу эргашиш мажбурий эмас. Ундоқ ишларни қилмаган мусулмон гуноҳкор ҳам ҳисобланмайди. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган баъзи бир гап, амал ёки тақрирларни мутлақо камситиш йўқ. Балки, аксинча, улуғлаш, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир нарса биз учун азиз. Лекин У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг қай бири Аллоҳ динининг талабию, қай бири ун-доқ эмаслигини билиб, ўшандан келиб чиқиб, иш юритиш ҳам матлубдир. Шунинг учун ҳам уламоларимиз бу масалага алоҳида эътибор берганлар. Саҳобаи киромлардан ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умардан бошқаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий инсонлик сифатларидан келиб чиқиб содир этилган ҳар бир нарсага қаттиқ амал қилишга тиришмаганлар. Фақат Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳугина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир нарсани худди У зотнинг ўзларидек адо этишга ҳаракат қилганлар. Бошқа саҳобалар эса, одамлар бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дини ҳукмлари экан деган тушунчага бориб қолмасинлар, деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий инсонлик сифатлари ила содир бўлган нарсаларни ушлашга жонбозлик кўрсатмаганлар.
Мисол учун, ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийган кийимларга ўхшаш айни кийимларни киймаганлар. Агар шундоқ бўлганда Ислом уммати бир хил кийимда юрган бўлар эди. Шунингдек, ҳамма фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб қадам ташлашга, таом танлашга ёки ҳажга борганда У зотнинг қадамлари теккан жойдангина юришга ҳаракат этмаганлар. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бунга амр этмаганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан
пайғамбарлик сифатлари ила содир
бўлган суннатлар
Демак, сиз билан биз мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таолонинг Пайғамбари сифатида содир бўлган Суннатга (усули фиқҳ уламолари истилоҳи билан айтганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап-сўз, амал ва тақрирларнинг шариат аҳкомларига тегишлисига) эргашмоғимиз матлубдир. Бу ишни қилмаган киши гуноҳкордир.
Юқорида ўрганиб чиққан маълумотларимиз, хусусан, Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба ва аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳимларнинг тавсифларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликни етказиш жараёнида содир этган Суннатлари ҳам иккига бўлинар экан:
1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари
Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим оятларидан бошқа ваҳийларни ҳам келтириб турганлари маълум ва машҳур. Ана ўша қисм ваҳийлар Суннат сифатида ворид бўлган. Бу хилдаги Суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга етказганлар. У зотнинг етказишдан бошқа ҳеч қандоқ дахллари бўлмаган. Бунга Имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба «Аёл киши ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмас», деган ҳадисларини келтирадилар. Бу ҳадис ваҳий бўлиб, унинг маъносини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганлар. У зот ўз навбатларида мусулмон умматига етказганлар ва ҳаётга татбиқ қилганлар. Мазкур ҳадис ворид бўлганидан бошлаб, ҳамма мусулмонлар учун амма ёки хола устига уларнинг қиз жиянини кундош қилиб олиш ҳаром бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмдан фалончи истисно, деб айта олмаганлар.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинган эмас, балки У зот ўзлари ижтиҳод этганлари
Бундоқ нарсаларнинг асосий, қоидаларини ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилиб берганидан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодлари ила баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ижтиҳодлари ҳам ваҳий ўрнида бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу қисмдаги Суннатда баъзи тасарруфотлар қилишга ҳақлари бўлган.
Мисол учун, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак мусулмонлар учун ипак кийим кийиш ҳаром эканлигини баён этганларидан кейин Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу хасталиклари ипак кийишни тақозо этишини айтиб, изн сўраганларида, у кишига ипак кийишга рухсат берганлар. Агар бу ҳукм Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳий бўлганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларича рухсат бермаган, балки бошқа ҳолатларга ўхшаб, Аллоҳ таолодан бирор хабар келишини кутган бўлар эдилар.
Ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларнинг аксарияти ушбу – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш юзасидан содир бўлган Суннатга тааллуқлидир. Ислом шариатининг аҳкомларига тегишли барча нарсалар, ибодат, эътиқод, охират, одоб-ахлоқ, солиҳ амалга тарғиб қилиш, ёмонликлардан қайтариш каби ишлар шулар жумласига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Сизга Расул нимани берса, олинг ва сизни У зот нимадан қайтарса, қайтинг» деганда айни шу турдаги Суннатни қасд қилгандир. Бу ояти карима ва айни шу маънодаги бошқа оят ҳамда ҳадислар ҳукмига биноан, ҳар бир мусулмон мазкур Суннатга амал қилишга мукаллафдир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан
пайғамбарлик сифатларидан ташқари
содир бўлган суннатлар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, У зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ таолодан келаётган ваҳийни, у ваҳий хоҳ Қуръон бўлсин, хоҳ Суннат бўлсин омонат ила етказа бошладилар. Лекин шу билан бирга оддий инсонлик, бошқа одам болалари каби башарлик сифатлари ҳам давом этаверди. Зотан, у зот башарлар ичидан уларга Аллоҳ таолонинг таълимотларини етказиб туриш учун Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук инсон эдилар. Ўша инсон инсонларга Аллоҳ таолонинг исломий таълимотларини ўз шахсларида татбиқ қилиб кўрсатиб беришлари керак эди. Бўлмаса, баъзи бир ўзини билмаганлар Муҳаммад пайғамбар бўлганидан кейин оддий инсонлик даражасидан юқори даражага чиқиб олди. Бинобарин, Унинг учун шариат таклифларига амал қилиш ҳеч қийинчилик туғдирмайди. Биз эса, оддий одам ўлароқ у таклифларга амал қилишимиз мушкул, дейишлари турган гап эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий инсонлик сифатлари сақланиб қолиши муҳим эди. Шундоқ бўлди ҳам. Ҳатто мушриклар: «бу қандоқ Расулки, таом ер ва бозорларда юрур?!» деб иғволар ҳам тарқатдилар.
Ҳа, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий инсон сифатида таом ер, ухлар, чарчар, бозорларда юрар, касб қилар, ўйланар, қўрқар, ғазабланар, фикрлар, қўйингки, ҳар бир оддий одам боласи нима қилса, шуни қилар, нимага муҳтож бўлса, шунга муҳтож бўлар эдилар. Бу ҳолатни аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий келтирган мисоллардан бирида қисман кўришимиз мумкин: «Зайд ибн Собитнинг ҳузурига бир неча кишилар кириб:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапириб бер», дедилар. Шунда у:
«Мен У зотнинг қўшниси эдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига қачон ваҳий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен У зотга уни ёзиб берар эдим. Агар биз дунёни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз охиратни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз таомни зикр қилсак, У зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Мана шуларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сизларга ривоят қилиб берайми?!» деди.
Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига Аллоҳ таолодан ваҳий келса, алоҳида эҳтимом билан умматга етказганлар. Бошқа вақтларда эса, ўзлари яшаб турган жамиятда оддий инсон сифатида ҳаёт кечирганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари билан бирга яшаётган қавмларга ўхшаб, оддий ҳаётий гапларни ҳам айтиб юрганлар. Бу ҳақиқатни яхшироқ англашимиз учун аллома Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи мисол келтирган Умму Зарънинг ҳадиси ҳақида бир-икки оғиз тўхталиб ўтайлик.
Муҳаддис уламоларимиз орасида «Умму Зарънинг ҳадиси» номи ила машҳур бу ҳадисни Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар. Унда қадим замонда ўн бир аёл бирга ўтириб қолиб, эрларимиз ҳақидаги гапни яширмасдан айтамиз, деб аҳд қиладилар-да, гап бошлашади. Ўн бир аёл галма-гал эри ҳақида гапиради. Уларнинг ичида Умму Заръ номли аёлнинг гапи жуда ҳам ажойиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадис ўша аёлнинг номи билан аталиб қолган. Оиша онамиз ўша узун суҳбатни батафсил айтиб тугатадилар-да, охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мен сенга худди Абу Заръ Умму Заръга қандоқ бўлса, шундоқман, дедилар, деб якун ясайдилар. Бу Исломдан олдинги қавмнинг ҳикояси бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эшитганлар ва ўз муносабатларини билдирганлар. Шунинг учун ривоят қилиниб ҳадис китобларига битилиб қолган. Ана шунга ўхшаш суҳбатларда иштирок этиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башарлик си-фатларидан келиб чиқар эди.
Умуман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башар эканликларига доимо алоҳида урғу бериб турилган. Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Каҳф ва Фуссилат сураларида хитоб қилиб:
«Сен албатта, Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман, деб айтгин», деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам буни керагича такрорлаб турганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида:
«Албатта, мен ҳам башарман. Қачонки, сизларни динингиздан бўлган нарсага амр қилсам, бас, уни олинг. Қачонки, сизларни ўз раъйимдан бўлган нарсага амр қилсам, бас, албатта, мен ҳам башарман», деганлар.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап-сўз, иш, амаллар ичида чиндан ҳам динимиздан бўлган нарсалар бор. У нарсаларни биз сўзсиз қабул қилиб олиб, амал қилмоғимиз лозим. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап-сўз, иш, амаллар ичида У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз раъйлари билан айтган гаплари, қилган амаллари ҳам бор. Бундай нарсаларда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оддий башар эътиборидадирлар. Яъни, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик сифатлари ила содир бўлганларини дин сифатида қабул этиб, амал қилишга мусулмонлар мукаллаф эмаслар.
Аввал зикр қилинганидек, Аллоҳ таолонинг динидан бўлган амаллар – Қуръони карим оятлари, Жаброил алайҳиссалом орқали юборилган оятлардан ўзга ваҳийлар ва Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга асосий қонун-қоидалари ҳамда мақсадларини ўргатиб қўйгандан сўнг У зотнинг ваҳий ўрнида ўтадиган равишдаги қилган ижтиҳодларидан иборат эди. Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз раъйлари билан иш тутган бўлсалар-у, ўша ишга диний ҳукм аралашишига Аллоҳ таолонинг иродаси кетган бўлса, дарҳол тузатиш киритилар эди.
Бадр урушида асирга тушган мушрикларга нисбатан қандоқ муомала қилиш ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга маслаҳат солдилар. Ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар уларни қатл этиш керак, дедилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бошлиқ бошқа бир гуруҳ саҳобалар эса, уларни товон пули олиб, қўйиб юбориш керак, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи гуруҳнинг раъйига қўшилдилар. Асирлардан товон пули олиб, қўйиб юборилди. Ана шунда Аллоҳ таоло бу иш учун ўз Пайғамбарини итоб қилиб, оят нозил қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тўп қурайш аъёнлари билан уларни Исломга киришларидан умидвор бўлиб, қизғин суҳбатлашиб турганларида кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келиб, билмасдан орага гап солиб халақит берганида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқ уюб, юз ўгирдилар. Ана шунда ҳам Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини итоб қилиб Абаса сурасининг аввалги оятларини нозил қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нажас теккан кавшлари билан намоз ўқиётганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, кавшни ечиб қўйиш кераклиги ҳақида хабар бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туриб, кавшларини ечдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган саҳобалар ҳам кавшни ечиб қўйиб, намоз ўқиш зарурлиги ҳақида ваҳий келди шекилли, деб намозда давом этиб турган ҳолларида кавшларини ечдилар. Намоз тамом бўлганидан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом бор ҳақиқатни саҳобаи киромларга етказиб, пок кавш ила намоз ўқилаверса жоизлигини баён қилдилар.
Баъзи вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарса ҳақида саҳобаи киромларда мулоҳаза пайдо бўлиб қолсаю, ўша нарса Аллоҳ таолонинг амрими ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйлари эканини ажрата олмай қолсалар, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўрар эдилар. Агар мазкур нарса Аллоҳ таолонинг амри бўлса, шубҳасиз, амал қилишга ўтишар эдилар. Агар мазкур нарса Пайғамбар алайҳиссаломнинг раъйларидан бўлса, саҳобаи киромлар ўз мулоҳазаларини айтар эдилар.
Бадр уруши куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни душманга яқин бир жойга тушиб, жойлашишга амр қилдилар. Шунда бу жойларнинг пасти-баландини яхши биладиган саҳобалардан Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳуда бу жойга нисбатан мулоҳаза пайдо бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу манзил, сизни Аллоҳ туширган манзилу, ундан олдинга ёки орқага силжишга ҳаққимиз йўқми ёки фикр, уруш ва ҳийла учунми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу саволига:
«Йўқ. Фикр, уруш ва ҳийла учун», деб жавоб бердилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ундоқ бўлса, бу жой бўлмайди. Одамларни қўзғотинг. Нариги қавмга энг яқин сувга бориб жойлашайлик. Сўнгра унинг ортидаги қудуқларни бузамиз. Ҳовуз қилиб сув тўлдириб оламиз. Кейин анави қавм ила жанг қиламиз. Биз сув ичамиз. Улар эса, ича олмайдилар», деди Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўйлаб туриб, бу фикрни маъқул кўрдилар ва мусулмонларга Ҳаббоб розияллоҳу анҳу айтган жойга кўчишни амр қилдилар. Бу тадбир, дарҳақиқат, урушда катта фойда берди.
Ҳандақ урушида мусулмонлар қамалда, ўта қийин аҳволда қолганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душман сафини заифлаштириш учун чора кўрдилар.
У зот Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авфни олдириб келиб, агар одамларингни олиб бизнинг душманларимиз сафидан чиқсангиз, сизларга Мадина хурмосининг учдан бирини бераман, дедилар. Улар хурмонинг ярмини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учдан биридан зиёда қилмасликларини айтдилар. Улар рози бўлиб, гувоҳликка ўз қавмларидан ўн кишини олиб келдилар. Қоғоз-қалам, котиб ҳам ҳозир қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан баъзиларини гувоҳликка чақирдилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар Аллоҳнинг амри бўлса, қилаверинг. Аммо бошқача бўлса, уларга қиличдан бошқа берадиган нарсамиз йўқ», деб туриб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадиналик мусулмонларнинг катталари – Саъд ибн Убода ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳумларни чақириб, маслаҳат қилган эдилар, улар ҳам Усайд розияллоҳу анҳунинг гапларини айтиб, туриб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нима учун бу ишни қи-лаётганларини тушунтирдилар. Аммо Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу қўлларига аҳднома матнини олиб, биз аввалдан буларга бир нарса берган эмасмиз, энди Сиз келганингиздан кейин берармидик, буларга қиличдан бошқа нарса йўқ, деб туриб олдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мактубни йирт», дедилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу мактубга бир туфуриб туриб, йиртиб ташладилар-да:
«Орамизда қилич!» дедилар.
Албатта, бунга ўхшаш ҳодисалар жуда ҳам нодир. Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий башарлик тақозоси ила содир бўлган нарсалар ҳам, шубҳасиз, инсониятнинг энг етук шахсидан, инсониятга Аллоҳ таоло томонидан юборилган энг афзал Пайғамбарнинг башарлик сифати ила содир бўлган ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақлларига етадиган ақл, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фикрларига етадиган фикр, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйларига етадиган раъй ва бошқа инсонга хос тасарруфлар бўлган эмас. Лекин юқорида зикр этилган воқеаларга ўхшаш ҳолатлар илоҳий ҳикмат ила бўлган. Аллоҳ таоло ўзининг охирги дини бўлмиш Ислом динини бандаларга қиёмат кунигача икки дунё саодатини таъминловчи таълимотлар ила мукаммал қилган.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Исломни ақл, тафаккур, тадаббур, саъй-ҳаракат дини ҳам қилди. Яъни, Аллоҳ таоло ҳаётдаги инсон ақлининг дахли йўқ масалаларни ўзи ваҳий ила аниқлаб бериб, қолган нарсаларда мусулмонларни ақл-идрок, тафаккур ва тадаббур ишлатишга ҳамда саъй-ҳаракат қилишга амр этди. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига етказишлари ва татбиқ қилиб кўрсатиб беришлари керак эди.
Юқорида зикр қилинган икки ҳодиса айни ўша татбиқ мисоли эди. Агар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари шахсан кўрсатиб бермасалар, кейин қийин бўлар эди. Ана шундоқ ўта ҳикматли тарбиявий тадбирлар мусулмонларни очиқ фикрли бўлишга, ақлни керак жойда ишлатишга доим тайёр туришга, топқирлик ва бошқа керакли қобилият ҳамда хусусиятларни ўзларида мужассам қилишга чорлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий мусулмонларнинг таклиф ва мулоҳазаларини очиқ юз ҳамда мамнуният ила қабул қилиб, улардаги ташаббускорлик руҳини қўллаб-қувватлашлари эса, жамиятда барчанинг куюнчак бўлишига, янги-янги таклиф ва мулоҳозалар билан чиқишларига омил бўлар эди. Бекорга Исломда ижтиҳод қилиб тўғри натижага эришганга икки савоб, ижтиҳоди натижаси нотўғри чиққанга бир савоб ваъда қилинган эмас.
Ҳа, Исломда асосий қоидаларни Аллоҳ таолонинг ўзи кўрсатиб қўйиб, қолган қисмини мусулмонлар ўз ақл-идрокларини, заковот ва тадбирларини ишга солиб топишлари йўлга қўйилган. Аллоҳ таолонинг Ўзига хос, У зот субҳанаҳудан бошқа зот аралаша олмайдиган масалаларни ваҳий орқали Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳарада баён этиб берилган. Инсон ўз ақли-идроки ила топиши лозим бўлганларига эса, Қуръон ва Суннат таълимотлари асосида ижтиҳод қилиш эшиги кенг очиб қўйилган.
Мусулмонларнинг дастлабки авлодлари бу улкан ҳақиқатни тўла тушуниб етганлари учун зудлик билан мақсадга эришганлар ва бутун дунёда пешқадам бўлган эдилар. Улар хоҳ Қуръони ка-рим бўлсин, хоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик юзасидан етказган таълимотлари бўлсин, ўта ихлос ва аниқлик билан ўз ҳаётларига татбиқ қилар эдилар. Шариатимиз инсон ижтиҳодига йўл очиб қўйган нарсаларда эса, ажойиб заковат, шижоат ва матонат билан ижтиҳод қилар эдилар. Қадимги мусулмонларнинг оламшумул ютуқларининг асосий омили шу эди.
Аммо ҳозирга келиб, мусулмонлар мазкур оддий ҳақиқатни тушуниб олишга уринмаяптилар. Мусулмонлик номини олиб юрганларнинг талай қисми Қуръон нима, Суннат нима билмаймиз. У нарсалардан бир оз хабардор бўлганларимиз эса, фарз, вожиб амалларни қўйиб, мустаҳаб амал устида жанжал қиламиз. Ана шундоқ тушунмовчиликларнинг Суннат атрофида чиқиб туриши яна ҳам ачинарли.
Келинг, ўша ачинарли ҳолатдан чиқиш учун олиб бораётган камтарона изланишимизни давом этдирайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий башарликлари тақозоси ила содир бўлганлари билан, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликлари тақозоси ила содир бўлганларини ажратиб олишни ўрганайлик.
Қандоқ нарсалар Муҳаммад алайҳиссаломдан башарлик тақозоси ила содир бўлган?
Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гап-сўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда мазкур нарсалар билан У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш борасида содир бўлганларини ажрата билиш нечоғли муҳимлиги ҳақида сўз кетганда деярли ҳамма уламоларимиз «Хурмони чанглатиш ҳадиси»ни ҳужжат-далил сифатида келтирадилар.
Аввал ўрганиб ўтган бобда аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий ҳам худди шундоқ қилдилар. Ҳақиқатда бу ҳадис шу масала бўйича белгиловчи ўрин тутади. Шунинг учун уни батафсил ўрганиб олсак, иншааллоҳ, иш осон кўчса ажаб эмас.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (хурмо) чанглатаётган бир қавмнинг олдидан ўтаётиб, агар буни қилмасангиз ҳам бўлаверади, дедилар. У (мева) ёмон чиқди. У зот яна ўшаларнинг олдиларидан ўтаётиб, хурмоингизга нима бўлди, дедилар. Улар: «Шундоқ, шундоқ, деган эдингиз...» дейишди. У зот: «Сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз» дедилар.
Бу ҳадисдан қандай хулоса чиқарсак тўғрироқ бўлади? Одамлар дунёвий ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра билувчироқ эканликлариними? Ўки дин аҳкомлари дунёвий ишларга аралашмаслигиними? Ўзи дин ва дунё деганда нима тушунилади? Дин дегани – калимаи шаҳодат, намоз, рўза, ҳаж, закот, никоҳ ўқитиш, жаноза ва худойи қилишдан иборатми? Ҳаётнинг бошқа соҳалари дунё ҳисобланадими? Ундоқ бўлса, юқорида санаб чиқилган «ибодат-лар»дан бошқа нарсаларга Исломнинг дахли йўқми?
Баъзи бир ўзини билмаган ёхуд ғайриисломий тарбия топганлар бу саволларга осонгина ҳа, деб жавоб беришлари турган гап. Воқеъликда шундоқ бўлган ҳам. Улар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтяптилар-ку сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз, деб. Биз иймон келтириб, намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилсак бўлди. Фарзанд кўрганимизда мусулмонча исм қўйиб, ўғилларимизни суннат қилдириб, оила қураётганда никоҳ ўқитиб ва ўлганда жаноза ўқилса, сўнг уларни йўқлаб худойи қилсак бас-да, мусулмони комил бўламиз-да, деб ўйлашлари мумкин. Бу Оврупода черков билан унга қарши чиққанлар ўртасидаги аёвсиз урушда ғолиб бўлган черков душманларининг гапига ўхшайди. Улар динни черков биносига қамаб қўйиб, бошқа ёқда ўз билганларини қилиш учун шундоқ ҳукм чиқаришган эди. Ана ўша овруполик черков душманларига шогирд тушганлар уларнинг гапини Исломга ҳам жорий қилмоқчи бўладилар.
Аслида эса, Исломда дин ва дунё деган айри-айри тушунча йўқ. Ҳар иккисини қўшиб жамловчи Ислом деган тушунча бор. Ислом инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларига ўз кўрсатмасини беради. Мусулмонлар ҳамма нарсани Ислом таълимотларига мослаб адо этишлари матлуб.
Унда биз ўрганаётган ҳадиси шарифдаги «дунё»ни қандоқ тушунишимиз керак? Бу саволга жавобни, юқорида ўрганиб ўтган таълимотларимизга асосланиб, ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларидан излаб кўрамиз.
Имом Муслим Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хурмолар устида турган қавмнинг олдидан ўтдим. Бас, У зот:
«Анавилар нима қилишмоқда?» дедилар.
«У(хурмо)ни чанглатишмоқда, эркагини урғочисига қўшса, чангланади», дедим.
«Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан», дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳалиги одамларга бунинг хабари берилди. Бас, улар у(чанглатиш)ни тарк қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда:
«Агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсинлар. Албатта, мен бир гумон қилдим, холос. Гумон ила мени тутманглар. Лекин қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар. Чунки мен зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон демасман», дедилар».
Имом Муслим Рофеъ ибн Худайж розияллоҳу анҳудан яна қуйидагиларни ривоят қилади:
«Пайғамбар Мадинага келганларида, улар хурмони чанглатишар эдилар. Бас, У зот:
«Нима қилмоқдасизлар?» дедилар.
«Буни қилиб юрар эдик», дейишди.
«Шояд, қилмасангиз ҳам яхши бўлса», дедилар. Улар тарк қилдилар. Сўнг (мева) нуқсонли бўлди. Буни У зотга зикр қилдилар. Шунда У зот:
«Албатта, мен бир башарман. Қачонки, сизларга динингиздан бўлган нарсани амр қилсам, уни олинг. Қачонки, сизга ўз раъйимдан бўлган нарсани амр қилсам... Албатта, мен бир башарман, холос», дедилар».
Бу ҳадиси шарифнинг Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятидаги:
«У зот: «Сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз», дедилар» иборалари ўрнига Талҳа розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда,
«Албатта, Мен бир гумон қилдим, холос. Гумон ила Мени тутманглар» иборалари, Рофеъ ибн Худайж розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса:
«Қачонки, сизга Ўз раъйимдан бўлган нарсани амр қилсам... Албатта, мен бир башарман, холос», дедилар» иборалари келмоқда.
Демак, дунё деганда Ислом таълимотларида башар ўз раъйи, фикри ва тажрибасини ишлатиши учун ажратилган имкон-ихтиёр англаниши керак экан.
Диққат билан разм солсак, юқоридаги ҳадисларда «Лекин қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар» жумласи ва «Қачонки, сизларга динингиздан бўлган нарсани амр қилсам, уни олинг» жумласи бир-бирларининг ўрнига ишлатилмоқда. Шундоқ бўлганидан кейин Аллоҳ таолодан бўлган нарса диндир ёхуд дин Аллоҳ таолодан бўлган нарсадир, дейишимиз лозим бўлади.
Ана энди ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиққан дунё ва дин тушунчаси ҳамда бу икки нарса орасидаги нозик фарқ ҳақида сўз юритсак бўлади. Хурмочиликка диннинг алоқаси борми? Хурмочиликда дунё нима ўзи? Аввал Аллоҳ таолодан бўлган нарса диндир, дедик. Хўш, хурмочилик бўйича Аллоҳ таоло нимани таълим берган? Хурмочилик боғдорчиликнинг, қишлоқ хўжалиги ишларининг бир тури эканини ҳамма яхши билади. Шунингдек, зироатчилик, боғдорчилик ва деҳқончилик ҳақида Ислом дини таълимотлари қанчалик кўп эканини ҳам яхши биламиз. Бир дона кўчат экканга қанча савоб бўлиши, пишган мевадан одамлар, ҳатто қушлар ёки ҳашаротлар ҳам еса савоби экканга тегиши динимиз таълимоти эканини ҳам яхши биламиз. Мазкур ишни амалга оширишда ҳалол-пок бўлиш кераклиги, ҳаром-харишдан ҳазар қилиш лозимлиги ва ҳоказолар дин бўлмай нима?! Агар мусулмонлар дангасалик қилиб, ўз жамиятларини етарли озиқ-овқат ва мева-чева билан таъминлай олмасалар, ҳамма- лари тенг гуноҳкор бўлишлари Ислом ҳукми бўлмай нима?! Демак, бу соҳа бўйича дин аҳ- комлари худди бошқа соҳалардаги каби мукаммал равишда.
Энди хурмочиликдаги, бошқача қилиб айтсак, боғдорчиликдаги «дунё»га келадиган бўлсак, хурмони чанглатиш ёки чанглатмаслик, чанглатса, қачон ва қандоқ қилиб чанглатиш, шунингдек, янги кўчатни қачон, қандоқ ерга, қай тарзда экиш ва шунга ўхшаш инсон тажрибасига, тадбирига оид нарсалар киради. Динимиз ҳаётнинг ҳар бир соҳасидаги ҳалол-ҳаром, жоиз-ножоиз, савоб-гуноҳ ва марғуб-номарғуб тарафларни белгилаб берган. Мусулмонлар ана ўша таълимотларга амал қилишлари матлуб. Ҳар бир соҳанинг инсон тажрибасига оид томони эса, мусулмонлар ихтиёрига қўйилган, унда ким ижтиҳод қилиб янги натижага эришса, икки савоб, эриша олмаса, бир савоб олади.
Мана шу маъноларни яхшироқ тушуниш ва гапни чўзиб юбормаслик мақсадида аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг мисолларига қайтайлик. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг иккинчи тури ҳақида сўз юрита бориб:
«Ўша нарсалар (яъни, Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаган нарсалар) жумласига тиб ҳам киради», деган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тибга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ҳатто баъзи уламоларимиз турли ҳадис китобларидаги тиб боблари билан кифояланиб қолмай, «Ат-Тиббу ан-Набавийю» («Набавий тиб») номли китоблар ҳам таълиф қилганлар. Шу билан бирга, уламоларимиз аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийга ўхшаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг тиббий тажрибага боғлиқлари диндан эмаслиги, яъни мусулмонлар учун ўша ҳадисларга амал қилишлари динимиз талаби эмаслигини таъкидлайдилар. Чунки У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадиси шарифларни ўзлари яшаб турган замон ва макон ҳамда жамият тажрибасига суяниб айтганлар. Мисол учун, Ибн Можа, Ҳоким ва Абу Нуъайм каби муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиз уйқудан олдин исмид (сурма)ни лозим тутинг, у кўзни равшан қилур ва тукни ўстирур», деганлар.
Бу ҳар бир мусулмон кўзида шикояти бўлса, ухлашдан олдин исмид номли сурмани суртиб ётиши лозим. Агар шуни қилмаса, гуноҳкор бўлади, дегани эмас, балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ўз шароит ва тажрибаларига суяниб, атрофларидаги кишиларга берилган маслаҳатдир. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари, жумладан, тиб борасида айтганлари ҳам биз учун қимматли. Ҳозирги замон тиб илми У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиб борасида айтганлари мўъжиза эканини таъкидламоқда. Лекин шундоқ бўлса ҳам, илмий ҳақиқатнинг ўз қоидалари бор. Ҳамма нарсани ўз номи ила аташ керак. Айниқса, диндан бўлмаган нарсани дин дейишга ҳеч ҳаққимиз йўқ. Агар ана шундоқ қиладиган бўлсак, ҳар бир мусулмонга сурма қўйишни мажбурий қилган бўлар эдик. Ҳолбуки, баъзи макон ва ҳолатларда сурма қўйиш фойда бермаслиги ҳам мумкин.
Аммо бу дегани, тиб дунё иши, унга Ислом аралашмаслиги керак, дегани эмас. Исломнинг тибга оид ўзига хос таълимотлари бор. Мусулмонлар ўша таълимотларга амал қилишлари матлуб.
Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Ҳоким ва Имом Ибн Ҳиббонлар Усома ибн Шарик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Даволанинглар, Аллоҳ қайси бир дардни берган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам бергандир», деганлар.
Имом Бухорий ва Имом Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда эса:
«Аллоҳ қай бир дардни нозил қилган бўлса, унинг давосини ҳам нозил қилгандир», дейилган.
Бу таълимотлар ҳар бир мусулмонга ўз соғлиги учун ҳаракат қилиш вазифасини юклайди.
Имом Бухорий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизнинг шифоингизни, Ўзи сизга ҳаром қилган нарсада қилган эмас», деганлар.
Бу ҳадисга биноан, мусулмон инсонга шариа-тимизда ҳаром саналган нарсани даво сифатида истеъмол қилиш мумкин эмас. Мана шунга ўхшаш нарсалар диндир. Аммо тиб илми мутахассислари тажрибаларига боғлиқ: дори тайёрлаш, беморликни аниқлаш, даволашни қайси услуб ила олиб бориш, дорини қанча миқдорда ва нима воситасида юбориш каби ишлар дунёга тегишлидир. Мисол учун, биров Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида игна ила дори юбориш бўлмаган, ким игна ила дори қабул қилса гуноҳкор бўлади, деса нотўғри гапирган бўлади.
«Мазкур нарсалар жумласига У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизлар қашқа қорабайирни лозим тутинг» деган гапларига ўхшаш боблар ҳам киради. Булар тажрибага суяниб айтилгандир», дейдилар аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий ўз сўзларининг давомида.
Бу ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам от танлашда маслаҳат тариқасида айтганлар. Муҳаддис имомларимиз ушбу ҳадиси шарифни ўз китобларининг жиҳод бобида келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни ўз замонлари, яшаб турган шароитлари, шахсий тажрибалари ва қолаверса, ўша пайтдаги от турларига қараб айтганлар. Ҳақиқатда, бу жуда ҳам ўринли маслаҳат бўлиб, кўп фойдаларга сабаб бўлган. Лекин бу маъно дин тусини олиб, ҳамма замон ва макондаги мусулмонлар учун амал қилиш лозиму лобуд ҳукмга айланган эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ўхшаш тажрибага асосланган, маслаҳат тариқасидаги гапларни айтган бўлсалар, бош устига, лекин бу қабилдаги гаплари ила У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик сифатида айтган гаплари орасида фарқ бўлади. Яна аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг мисолларидан навбатдагисига мурожаат қилайлик:
«Ўша нарсалар жумласига: У зотнинг ўша куннинг жузъий манфаатини қасд қилиб содир этган нарсалари, умматнинг барчасига лозим бўлмаган ишлар ҳам киради. Халифа лашкар тайёрлаш учун амр бериши, шиор (мужоҳидларни ажратиб турадиган белги) тайин қилишига ўхшашлар»
Ҳа, жиҳод – уруш ишларининг дунёвий қисмига – душманга қарши лашкар тайёрлаш, лашкарга зарур нарсаларни, бошқа турли тадбир чораларни тайёрлаб, йўлга қўйишлар киради. Ҳеч ким, ҳадис китобларида келишича, Пайғамбаримиз вақтларида урушга туя миниб борилган экан, биз ҳам туя миниб боришимиз керак, дейиши мумкин эмас. Ўки урушда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, камон, найза ва қиличгина ишлатилади, бошқа қурол ишлатиш Суннатга хилоф бўлади, дея олмайди.
Бу масаланинг диний томонига келсак, уни Ислом очиқ баён этиб қўйган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни доимо душмандан ҳазир бўлиб, тайёр туришга чорлаб:
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғолинг ёки тўп ҳолингизда қўзғолинг!» деган.
Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг мусулмонларга жиҳод бобидаги амрларидан бири ҳисобланади. Динимизнинг бу ҳукмига биноан, мўминлар доимо ўта ҳушёр ҳолатда, бепарво бўлмасдан туришлари лозим бўлади.
Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада мўмин бандаларига хитоб қилиб, душманга қарши ҳарбий куч-қувватни тайёрлаб қўйишни буюради:
«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз».
Шунингдек, динимиз урушда риоя қилиниши лозим бўлган қонун-қоида ва одоб-ахлоқларни ҳам белгилаб берган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмайди» деган.
Худди шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ҳадиси шариф ворид бўлган:
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўлжага хиёнат қилманглар. Номардлик қилманглар. Ўлганларнинг аъзоларини кесманглар. Ўш болаларни қатл этманглар» деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу мавзуда, яъни, жиҳод мавзуида У зотнинг пайғамбарлик вазифасини адо этишлари юзасидан ворид бўлган бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор:
Жумладан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Огоҳ бўлингиз! Албатта, қувват отишдадир», дейдилар.
Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом Ҳокимлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким отишни ўрганса-ю, сўнгра унутса, неъматга ношукрлик қилган бўлади», деганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг калимаси устун бўлиши учун қитол қилса, бас, у Аллоҳнинг йўлидадир», деганлар.
Бу ҳадиси шарифларга амал қилиш мусулмонларга матлубдир.
Мана шунга ўхшаб, инсон ҳаётининг турли соҳаларида динимиз таълимотлари борки, уларга амал қилиб яшаш мусулмонларнинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчидир. Уларга ким амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. Шу билан бир вақтда, ўрганиб ўтганимиздек, инсоннинг оддий ҳаётий тақозо ва тажрибаларидан келиб чиқадиган нарсаларда ҳам ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Мазкур Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башарлик сифатларидан келиб чиққан ва яна шунга ўхшаш У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига алоқаси йўқ омиллардан келиб чиқиб содир бўлган гап-сўзлар эса, шаръий ҳукм даражасида қабул қилинмаган. Бу масалани уламоларимиз батафсил баён қилганлар. Биз ҳам ўша баёнлардан баъзиларини қўлимиздан келганича ўрганиб ўтдик. Аллоҳ хоҳласа, бу «Ҳадис ва ҳаёт» китобимизда ҳар мавзуни ўрни келганда яна кенгроқ тушунишга ҳаракат қиламиз, деган ниятимиз бор.
Пайғамбар алайҳиссаломдан иршод
тариқасида содир бўлган нарсалар
Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган иш, амалларнинг мусулмонлар диний ҳукм тариқасида эргашиши лозим бўлганлари ва диний ҳукм тариқасида эргашишлари лозим бўлмаганлари мавжудлигини ўрганар эканмиз, яна бир масалани зикр қилиб ўтмоғимиз лозим бўлади. Бу Суннати мутаҳҳарада амр ва наҳий лафзлари ила келган, аммо иршод-маслаҳат тариқасида айтилганларига тегишлидир. Усул илми уламолари бунга ўхшаш амрларни амри иршодий, наҳийларни наҳйи иршодий, деб атайдилар. Бу ҳолатда гап амр – буйруқ майлида ёки наҳйи – қайтариш фармони майлида келса ҳам, динимизда қилиниши ёки тарк этилиши Аллоҳдан савоб ёки У зотдан розилик тилаб адо этиладиган амаллар қаторига кирмайди.
Уламоларимиз худди шу маънода Қуръони каримдан оятлар келтирадилар. Аллоҳ таоло Бақара сурасида мусулмонларга:
«Қачонки, олди-сотди қилсангиз, гувоҳ келтиринг» деб амр этган.
Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтириш мўмин-мусулмонлар учун фарз эканлиги ҳаммага маълум. Бу ояти карима ҳам Аллоҳ таолонинг амри. Унда нима учун савдо-сотиғимизни гувоҳсиз ҳам қилаверамиз? Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар, қолаверса, ҳамма асрларнинг мусулмонлари шундоқ қилишган. Улар ушбу ояти карима- даги амр амри иршодий эканини яхши билганлар.
Аллоҳ таоло Моида сурасида мўмин бандаларига хитоб қилиб:
«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар улар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлур», деган.
Бу наҳйи илоҳий бўлатуриб, мусулмонлар ўзларига керакли саволларни сўрайверишларининг сабаби бу наҳйининг наҳйи иршодий эканидадир.
Шу жойда яна бир нозик нарсани эслаб қўйсак мақсадга мувофиқ бўларди. Баъзи бир амр ва наҳйиларни адо этмоқ мандуб ҳисобланиши ҳаммамизга маълум. Унда мандуб билан амри иршодий ва наҳйи иршодийнинг нима фарқи бор, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз, мандуб охират фойдаси учун бўлган, иршод бу дунё фойдаси учун бўлган нарсадир, дейдилар.
Шунинг учун ҳам Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яҳудий ва насоролар (соч-соқолларини) ҳинноламайдилар Бас, сизлар уларга хилоф қилинглар» деб ўз атбоъларини соч-соқолни ҳиннолаб юришга буюрган бўлсалар ҳам, Али ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Салама ибн ал-Акваъ, Анас ибн Молик ва бошқа бир қанча саҳобийлар розияллоҳу анҳум соч-соқолларини ҳинноламаган эканлар. Чунки бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амр иршод учун бўлганлигини ҳаммалари яхши билганлар.
Демак, амри ёки наҳйи иршодийга амал қилиш ихтиёрийдир. Гоҳида шу ихтиёрий нарсага амал қилган афзалми, қилмаган афзалми, деган савол пайдо бўлиб қолиши мумкин. Албатта, амал қилган афзал, чунки иршод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иршодлари. Лекин амал қилган амал қилмаганларни, амал қилмаганлар амал қилганни айбламаслиги лозим. Бунга ўхшаган нарсаларга амал қилишни хоҳламаганлар амал қилмасинлар, ҳеч қандай гуноҳ ёки айб йўқ. Лекин улар мазкур нарсаларга амал қилганлар ҳақида ҳар хил гап-сўз тарқатиб, турли келишмовчиликлар келтириб чиқармасинлар. Шунинг каби, иршодий ишларга амал қилгиси келганлар амал қилаверсинлар. Аммо улар ҳам ўзгаларга тош отиб, қилган иршодий амалларини пеш қилиб, орада ҳар хил низолар чиқармасинлар. Илло, уламоларимиз шу жойга келганда битта истисно қиладилар. У ҳам бўлса, ўша қилса ҳам, қилмаса ҳам бўлаверадиган амал эл-юрт аҳолисининг урф-одатига хилоф бўлмаслиги лозим. Гап қуруқ бўлиб қолмаслиги учун мўътабар уламоларимиздан биргина иқтибос келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар.
Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзларининг Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига ёзган «Фатҳул Борий» номли машҳур шарҳларида соч-соқолни ҳиннолаш масаласида уламоларнинг қавлларини келтиргандан кейин: «Лекин ҳиннолаш афзалдир. Чунки унда амрга бўйсиниб, аҳли китобга хилоф қилиш бор. Яна унда соч-соқолни чанг ва шунга ўхшаш нарсалардан асраш бор. Илло, агар юрт аҳолисининг одати ҳинноламаслик бўлса, ҳиннолаган киши уларнинг ичида ажраб қоладиган бўлса, ҳиннолашни тарк қилиш афзалдир», деганлар.
Бунга ўхшаш нозик масалаларни аниқлашда эътимодли уламоларга мурожаат қилиш афзал.
Суннатдаги аҳкомларнинг умумий
ва хусусийга тақсимланиши
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга тегишли Суннат амал қилувчилар эътиборидан умумий ва хусусийга тақсимланишини ҳам алоҳида таъкидлайдилар. Яъни, мазкур аҳкомлар мусулмонлар оммаси амал қилишлари учун ва баъзи махсус шахслар амал қилиши учун кўзлангандир. Бу масалани тушунишимиз осон бўлиши учун, одатдагидек бир иқтибос келтирайлик.
Имом Шиҳобуддин ал-Қурофий ўзларининг «Ал-фуруқ» номли китобларида қуйидагиларни ёзган эканлар:
«Билки, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имоми аъзамдирлар, қозию аҳкомдирлар ва муфтию аъламдирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам имомларнинг имомидирлар, қозиларнинг қозисидирлар ва олимларнинг олимидирлар. Аллоҳ таоло У зотга пайғамбарлик ила барча диний мансабларни тафвиз қилгандир. У зот қиёмат кунигача ўша мансаблардан бирортасини эгаллаганларнинг барчасидан улуғдирлар. Қандоқ диний мансаб бўлса, У зот унинг энг олий мартабасидадирлар. Аммо У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасарруфотлари ғолибо (Аллоҳ амрини) етказишдир.
Зотан, У зотнинг ғолиб сифатлари пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасарруфотлари ичида: (Аллоҳ амрини) етказиш ва фатво, одамлар иттифоқ қилиб, қозилик юзасидан, деганлари ҳам, яна одамлар иттифоқ қилиб, имом (давлат раҳбари)лик юзасидан, деганлари ҳам, шунингдек, икки мартаба орасида мутараддуд бўлиб қолгани учун уламолар ихтилоф қилганлари, баъзилар бир мартабани ғолиб десалар, бошқалари бўлагини ғолиб деганлари ҳам бор.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васфлар ила содир этган тасарруфотларининг таъсири шариатда турлича бўлади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик сифатлари ила айтган ҳар бир гаплари, қилган ҳар бир ишлари қиёмат кунигача сақалайн (инсу жин)га умумий ҳукмдир. Агар амр бўлса, улардан ҳар бири уни бажо келтиради. Шунингдек, мубоҳни ҳам. Агар наҳйи бўлса, улардан ҳар бири ундан четланади.
У зот имом (давлат бошлиғи)лик васфлари ила содир этган нарсаларга келсак, имомнинг изнисиз уларни ҳеч ким қилиши жоиз эмас. Шунда У зот алайҳиссаломга иқтидо қилинган бўлади. Чунки У зот мазкур нарсаларни имомлик васфлари ила қилганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қозилик васфлари ила содир этган тасарруфотларга келсак, ҳокимнинг ҳукмисиз уларни ҳеч ким қилиши жоиз эмас. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилинган бўлади. Чунки У зот мазкур нарсаларни қозилик васфлари ила қилганлар».
Имом ал-Қурофий раҳматуллоҳи алайҳининг бу баёнларига изоҳнинг ҳожати йўқ бўлса керак.
Суннат ва ақоид масалалари
Суннати мутаҳҳара Ислом шариатининг иккинчи масдари ўлароқ ақида масаласида ҳам Қуръони каримдан кейинги иккинчи масдар ҳисобланади. Аммо ақоид илми уламолари Суннати мутаҳҳарага нисбатан ўзига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатадилар. Бу эса, худди Ҳадис, Усули фиқҳ ва Фиқҳ илмлари уламолари ўзларига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатганларига ўхшайди. Ақоид илми уламолари ўзлари шуғулланаётган соҳа ўта нозиклигидан, ўта ҳассослигидан келиб чиқиб, ҳадисларни қабул қилиш ва улардан ақида масалаларида ҳужжат сифатида фойдаланиш борасида ҳам жуда нозик ва ҳассос қоидаларни ишлатганлар.
Кези келганда ҳар бир иш нозиклашган сари унинг ҳақида ҳукм чиқариш учун зарур шарт-шароитлар ҳам нозиклашиб боравериши уму-мий қоида эканини эслаб қўймоғимиз ўринли- дир.
Исломда шаръий далиллардан фойдаланишда худди ўша қоидага амал қилиш ажойиб услуб ила йўлга қўйилгандир. Мисол учун, уламоларимиз тарғиб-ташвиқ бобида унча қувватли бўлмаган ҳадислар ҳам мақбул, деганлар. Аммо баъзи шахсларга жазо тайин қилишга ишлатиладиган ҳадислар етарли қувватга эга бўлиши шарт қилинган. Ўлим жазосига ҳукм этиш учун далил бўладиган ҳадислар учун эса, жуда ҳам қаттиқ шартларни қўйганлар. Чунки тарғиб-ташвиқ масаласи фақат фойда келтиради, холос. Бировни жазолаш эса, аҳамиятли иш. Унда инсоннинг ҳаққи поймол бўлиши ёки ноҳақдан ҳақоратлаш юзага чиқиши мумкин. Бир одамни ўлимга ҳукм қилиш эса, ўта нозик иш. Бундоқ ишда қаттиқ туриб хато қилиш билан бировнинг ўлимига сабаб бўлишдан кўра, бўш туриб, хато қилиб, жиноятчи жазосиз қолгани яхши ҳисобланади.
Исломда энг нозик масала, эътиқод масаласи эканлиги ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақиданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда рукнларини Қуръони карим орқали собит қилгандир. Чунки бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам ақоид илми уламоларимиз Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил ҳадиси шарифларни ақида бобида далил қилароқ қандоқ шартлар ила қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.
Ўртага биринчи қўйилган масала, зонн (гумон) ила ақида собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиб бўлиши мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Ундоқ бўлса, уламолар ақидага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин. Лекин ақида илми уламолари истилоҳида зонн – гумон зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий илми яқинни англатишини билганимиздан сўнг ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига, зонн – гумон ила ақида собит бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берган.
Кейин оҳод ҳадис (албатта, саҳиҳ бўлиш шарти ила) зонни ифода этадими ёки илмни, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод, илми ақоид уламолари истилоҳида, заррача шубҳаси йўқ илми яқинни ифода этишини ҳам айтиб қўйишимиз лозим. Маълумки, оҳод ҳадис дейилганида, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сондаги кишилар ривоят қилмаган ҳадис тушунилади.
Бу саволга келганда икки хил жавоб бўлган:
1. Жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) фақат гумонни ифода этади, илми яқинни ифода этмайди, деганлар.
2. Баъзи ҳанбалий уламолар, оҳод ҳадислар, агар саҳиҳ бўлсалар, илми яқинни ифода этади, деганлар. Аввал ҳамма, зонн билан, илми яқинсиз, ақида собит бўлмайди, деган эди. Энди жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) зонни ифода қилади, холос, демоқдалар. Ундоқ бўлса, ақида собит бўлиши учун фақат мутавотир, яъни, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар экан-да?
Лекин ақида бўйича келтирилган далилларга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламиз. Жумҳури уламоларга, сиз муҳтарамлар, оҳод ҳадис ила ақида собит бўлмайди, дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар Накирнинг саволи, Сирот, ҳавз, мезон, шафоат каби кўплаб ақида масалалари айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган экан-ку, деб сўраймиз.
Улар бизга, гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истилоҳимизга тушунмабсизлар. Биз, зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақида собит бўлмайди, деганимизда ақида рукнларини инкор қилган инсон Ислом доирасидан бутунлай чиқиб кетадиган, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, Пайғамбарларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақиданинг фаръий масалаларида оҳод ҳадисларни, агар улар саҳиҳ бўлса қабул қилишга қарор қилганмиз, дейдилар.
Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди. Ислом ақидасининг асоси ҳисобланган, иймоннинг рукни бўлган Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони каримга, Қиёмат кунига, фаришталарга, қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш «Диндан деб билишлик зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқиний лозим экан. Бу эса Қуръони карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат, мазкур нарсалар Қуръони карим ила собит бўлган. Бунда ҳеч ким хилоф қилмайди.
Лекин, афсуски, оҳод ҳадис илми яқинийни ифода қиладими, деган тортишув натижаси кейинчалик баъзи бир ноқулайликлар келтириб чиқарди. Ўша масалада жумҳури уламолар, аҳли суннат вал жамоат, моликийси бўлсин, шофеъийси бўлсин, ҳанафийси бўлсин, ҳанбалийси бўлсин ва яна бошқалари бўлсин оҳод ҳадис, ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, у билан инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақида собит бўлмайди, деганлар. Муҳаддислар ва баъзи қавлларга қараганда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи оҳод ҳадис ила илми яқиний, бинобарин, инкор қилган киши кофир бўладиган ақида собит бўлади, деганлар.
Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Баъзи бир ҳадиси шарифларда, маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёхуд ширк нисбати берилган. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислар.
Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса, одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки кичик куфр ва кичик ширк ҳисобланади. Яъни, куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади.
Кўриниб турибдики, Суннати мутаҳҳара илми катта бир уммон, унда сузишни билмаганлар ўзларига ҳам, уларга ишонганларга ҳам қийин қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бу улуғ илмни қўлидан келганича ўрганмоқ керак. Озгина нарсани билиб олиб, шовқин кўтаришга шошилмаслик лозим.
Ушбу – «Ҳадис ва Ҳаёт» китобимиз Суннати мутаҳҳарани халқимизга етказишда ожизона бир қадам бўлиб қолса, ажаб эмас, деган умид бор. Аллоҳ таоло Ўзи муваффақ қилсин.
Эслатма
Кишиларни Исломга, иймонга, шариатга амал қилишга, одобли, ахлоқли, юксак фазилатли бўлишга чақиришда ва гуноҳкорликдан, ёмонликдан, қабоҳатдан қайтаришда Қуръони карим оятлари билан бир қаторда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари жуда муҳим манбадир. Ҳадисларда ажойиб насиҳатлар, амру маъруфлар, ваъзу иршодлар, қайтариқлар, қўрқитишлар, танбеҳ ва огоҳлантириш ҳамда бошқа тарғиб учун зарур нарсалар мавжуд. Бу иш билан шуғулланадиганлар ўзлари учун керакли ҳадисларни қайси китоблардан олиш кераклигини яхши билиб олишлари лозим.
Бунда энг асосий манбалар «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китоблари ҳисобланади. Кейинги ўринда Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можаларнинг «Сунан»лари, Имом Моликнинг «Муватто»лари, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»лари, Имом Доримийнинг «Сунан»лари туради. Ушбу китобларда келган ҳадислар сара ва ишончли ҳисобланади.
Қолаверса, мазкур мўътабар китоблардан олиб жамланган ёки уларни шарҳ қилган китоблар ҳам фойдалидир. Мисол учун, Имом Ҳокимнинг «Мустадрак», Ибн Асийрнинг «Жомеъ ул-усул», Имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳийн» китоби ва бошқалар шулар жумласига киради. Шарҳ китобларнинг мўътабар ва машҳурлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, аввало, «Саҳиҳ Бухорий»нинг шарҳлари келади. Имом Бадриддин Айнийнинг «Умдат ул-қорий», Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Фатҳ ул-Борий», Имом ал-Қасталонийнинг «Иршод ус-сорий» номли шарҳлари шулар жумласидандир.
Шулар қаторида «Саҳиҳ Муслим»нинг ҳам бир неча шарҳлари борки, булар ичида Имом Нававийнинг шарҳлари анча машҳур. Имом Моликнинг «Муватто»лари шарҳлари ичида Абул Валид ал-Божийнинг шарҳи мўътабар.
Имом Абу Довуднинг «Сунан»ларига қилинган шарҳлар ичида Имом ал-Ҳаттобийнинг «Маъолимус Сунан»лари шуҳрат қозонган. Имом Термизийнинг китобларига қилинган эски шарҳлар ичида Имом Абу Бакр ибн Арабийнинг «Оризат ул-Аҳвазий» номли шарҳлари ва янги шарҳлар ичида шайх ал-Муборакфурийнинг «Туҳфат ул-Аҳвазий» номли шарҳлари эътиборли.
Шарҳ китоблар ичида аллома Мулла Али Қорийнинг «Мишкот ул-масобийҳ» китобига қилган «Мирқот ул-мафотийҳ» номли шарҳлари жуда ҳам фойдали. «Мишкот ул-масобийҳ» китобига Шайх Убайдуллоҳ ал-Муборакфурий ҳам «Миръот ул-масобийҳ» номли яхши шарҳ ёзганлар.
Имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳийн» китобларига Шайх Ибн Аллоннинг «Далийлул Фолиҳийн» номли шарҳи бор. Бу соҳада Имом Бухорийнинг «Ал-Адаб ул-муфрад» китоблари ва унинг шарҳи ҳам ўта муҳим. Шунингдек, Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг «Ҳужжатуллоҳил болиға» китоблари жуда ҳам фойдали.
Минг афсуслар бўлсинким, турли омилларга кўра кўплаб заиф ва сохта гаплар ҳадис сифатида китобларимизга кириб қолган. Бунга асосан ҳадисларни суриштирмасдан келтириш, аниқланмасдан ёзиш каби ишлар сабаб бўлган.
Шунинг учун ваъз-насиҳат, амру маъруф, наҳйи-мункар, тарғибот ва шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланадиган кишилар, қолаверса, ҳар бир мусулмон ҳамма нарсани ҳадис, деб қабул қилавермаслиги керак. Балки бирор нарсани ҳадис, деб айтишдан олдин уни яхшилаб текшириб кўриш лозим. Уламоларимиз халқ ичида ҳадис дея эътиқод қилиниб, айтилиб юрган кўпгина гаплар аслида ҳадис эмаслигини исбот қилганлар. Масалан, кўпчилик орасида «Ватанни севмоқ иймондандир» деган гап ҳадис деб тушунилади, айтилади ва ёзилади. Лекин бирор киши уни ким ривоят қилганини, қайси китобда келганини зикр қилмайди. Аслида эса у гап ҳадис эмас, исломий ҳикматлардандир. Кишиларни тарғиб қиламан деб ҳадис бўлмаган нарсани ҳадис, деб айтиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш катта гуноҳ эмасми?!
Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳадисни ровийи ва ким чиқарганини зикр қилмасдан келтиришни ман этганлар. Мисол учун, аллома Ибн Ҳожар ал-Ҳайсамий ўз замонларидаги ҳокимлардан ҳадисларни ровий ва тўплаб чиқарувчиларини айтмай ваъз қиладиганларни ишдан ҳайдашни талаб қилганлар.
Саҳиҳ ҳадисларни ҳам танлай билиш керак
Кишиларга даъват, ваъз-насиҳат, тушунтириш ишларини олиб борувчиларнинг ҳадис саҳиҳ экан, деб тўғри келган жойда, ҳар бир учраган одамга айтавериши ҳам дуруст эмас. Чунки кишиларнинг савияси, дунёқараши, шароитлари, тушунчалари ҳар хил. Баъзилари нотўғри тушуниб, нотўғри амал қилишлари мумкин.
Бунга далил қилиб, уламоларимиз Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни келтирадилар. Мазкур ҳадиси шарифда ҳазрати Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида эшакка мингашиб кетаётган эдим. У киши:
«Эй Муоз! Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. Мен:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқ», дедим. У зот:
«Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи – Унга ибодат қилмоқлари ва ширк келтирмасликлари. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган кимсани азобламасликдир», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули одамларга бунинг башоратини берайми?» дедим. У киши:
«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».
Демак, ушбу ҳадиси шарифдаги гап кўринганга айтилаверадиган гап эмас экан. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ўхшаш тушунган, билган одамга айтса бўлар экан. Аммо кўпчиликка айтилса, баъзилар нотўғри тушуниб, амал қилишни тарк этишлари, ушбу гапга суяниб қолиб, хато қилишлари мумкин экан. Ўки аксинча, умуман, айтиш мумкин бўлмаганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ҳам айтмас эдилар. Бу маълум савиядаги одамлар билиб, маълум савиядагиларнинг билиши шарт бўлмаган гаплардан эди. Шунинг учун ҳам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу гуноҳдан қўрқиб бу ҳадисни ўлимларидан олдин ҳузурларидаги кишиларга айтганлар. Бунга ўхшаш ҳодисалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бошқа саҳобаларнинг ораларида, жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан ҳам бўлиб ўтган. Бу эса даъватчи, олим, ваъзхон, имом ва хатибларга ўрганиш лозим бўлган муҳим сабоқдир.
Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамларга билган нарсаларингни гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончи қилинишини суясизларми?» деганлар. Яъни, одамларга улар билмаган, ақли етмайдиган нарсаларни гапириб, бошларини айлантирманглар. Агар шундоқ қилсангиз, сиз айтган оят ва ҳадисларни билмай нотўғри таъвил қилиб, Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиб юборишлари мумкин, деганларидир.
Имом Муслим қилган ривоятда эса ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Агар сен бир қавмга ақллари етмайдиган гапни гапирувчи бўлсанг, албатта, улардан баъзилари фитнага учрайди», деганлар.
Ваъзхон тингловчиларнинг савиясини эътиборга олмай, уларнинг ақллари етмайдиган нарсаларни айтса, эшитувчилар нотўғри тушунишлари, тескари хулоса чиқаришлари мумкин. Оқибатда йўлдан адашиб, фитнага учрайдилар. Фалончи олим бундоқ деган, деб ҳамманинг бошини айлантириб юрадилар.
Буюк имомлардан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи сиртида мусулмон амирга қарши бош кўтариш маъноси бор ҳадисларни айтишни макруҳ кўрганлар.
Имом Молик эса, Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги ҳадислардан баҳс қилишни макруҳ кўрганлар. Бир киши Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига келиб, Аллоҳнинг аршга тенглашиши қандоқ бўлади деб сўраганида:
«Тенглашиш маълум, қандоқ бўлиши номаълум, у ҳақида сўраш эса бидъат! Ҳайданглар, буни менинг ҳузуримдан!!!» деганлар.
Бугунги кундаги баъзи келишмовчиликлар ҳам юқорида зикр қилинган қоидага амал қилмасликдан келиб чиқаётган бўлса ажаб эмас. Ким нима гапни топса, кўпчиликнинг ичига чиқиб гапираверади. Унинг гапини эшитган одамлар ҳамма томонга тарқалади. Бошқа бир саводхон эшитса, бу хато, бу ундоқ, бу бундоқ, деб кўпчиликнинг ичида гапиради. Натижада икки томон адоватлашади, жанжал-тўполонлар чиқади. Олим одам бировнинг хатосини топса, одоб билан ўзига айтиши керак. Эҳтимол, уники эмас, биринчи одамники тўғридир? Балки биринчи одам бирор нарсанинг мулоҳазасини қилгандир? Яна бошқа сабаблари бўлиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, мазкур ишда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Ҳадисларни яхши тушуниш учун
зарур омиллар
1. Араб тилини яхши билиш.
Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун ҳадиси шарифларни тўғри англаб етиш учун энг аввало араб тилини яхши билиш керак. Араб тили дунёдаги энг нозик ва энг мукаммал тил бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло ўзининг охирги каломи бўлмиш Қуръони каримга айнан шу тилни ихтиёр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам арабларнинг энг тили фасиҳ қабиласи Қурайшдан бўлганлар, ўзлари чиройли, фасоҳатли сўзлар устаси бўлганлар. Бунинг устига мўъжизакор Қуръон балоғати ва фасоҳати У зотга ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун ҳам У зотнинг каломлари Аллоҳнинг каломидан кейинги иккинчи ўринга кўтарилган. Ана шундоқ олий мақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, улардаги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор одам бўлиш керак. Бу маънода маълум даражага эришмай туриб, муҳаддисликни даъво қилмаса ҳам бўлади.
2. Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш.
Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки Қуръони карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони каримда баён қилингандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати мутаҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар доимо Қуръони карим маъноларига мос келади. Қуръон таълимотларига мос келмайдиган «ҳадис»лар аслида ҳадис эмас, балки Ислом душманлари томонидан тўқилиб, «ҳадис» дея тиқиштирилган гап бўлади. Уламоларимиз Қуръони каримга солиштириш йўли билан кўплаб сақланиб юрилган «ҳадис»ларнинг сохталигини фош этганлар.
Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) бўлса-ю, маъноси Қуръони карим таълимотларига зид кўринаверса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундоқ ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб бера оладилар.
3. Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш.
Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки ўша ғайриоддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзудаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Бу борада уламоларимиз қуйидаги ҳадисни мисол келтирадилар: «Имом Бухорий Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У киши омочга қараб туриб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мана шу қайси бир қавмнинг уйига кирса, албатта, Аллоҳ таоло ўша уйга хорликни киритади», деганларини эшитдим», дебдилар.
Сиртдан қарайдиган бўлсак, бу ҳадисдан омоч ва у билан амалга ошириладиган деҳқончилик ишлари хорлик сабаби сифатида кўринади. Мусулмон одам омочни уйига киргизмаслиги, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланмаслиги зарурдек туюлади. Мана шу ҳадисни ушлаб олиб, Ислом деҳқончиликка қарши деб айюҳаннос солса бўладигандек гўё.
Ҳақиқатда-чи? Бу саволга жавоб топиш учун Исломнинг бу борадаги умумий таълимотларига, бошқа саҳиҳ ҳадисларга назар солишимиз керак.
Пайғамбаримиз бирор кишини деҳқончиликдан, омоч ишлатишдан қайтарганлари маълум эмас. Мадинаи Мунаввара аҳли деҳқончилик билан бемалол шуғулланган. Ҳадис ва фиқҳ китобларимизда деҳқончилик, зироатчилик ҳақида алоҳида боблар бор, зироатчиликка тарғиб қилувчи саҳиҳ ҳадислар тўлиб ётибди.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа имомларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бир дарахт ёки экин эксаю, ундан қушмиди, инсонмиди ёки ҳайвонми еса, албатта, шу туфайли ўша кишига садақа бўлади», деганлар.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Маъбаднинг боғига кирдилар ва:
«Эй Умму Маъбад, бу хурмоларни ким экди? Мусулмонми, кофирми?» дедилар. У:
«Мусулмон экди», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон бир дарахт экса-ю ундан инсонмиди, ҳайвонмиди, қушмиди еб турса, албатта, унинг учун қиёмат кунигача садақа бўлиб туради», дедилар.
Имом Бухорий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қиёмат қоим бўлаётганда сизлардан бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, экиб қўйсин», деганлар.
Имом Ибн Жарир қилган ривоятда Аммора ибн Ҳузайма ибн Собит қуйидагиларни айтадилар: «Умар ибн Ҳаттобнинг отамга:
«Ерингни экишга нима монеълик қилади?» деяётганини эшитдим. Отам:
«Мен ўлай деб турган қари чолман», деди. У:
«Сенга қасам билан айтаманки, албатта, экасан», деди. Умар ибн Ҳаттобнинг отам билан бирга ўз қўли билан экин экаётганини кўрдим».
Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «У киши (Абу Дардо) Димашқда кўчат экиб турсалар олдиларидан ўтиб кетаётган бир одам:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлиб туриб, шу ишни қиласанми?» деди. У эса:
«Сен шошилма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бир дарахт эксаю, ундан одамми ёки Аллоҳнинг махлуқларидан бирортасими еса, албатта, шу туфайли ўша одамга садақа бўлади», деганларини эшитганман», дебдилар.
Деҳқончилик ва зиротчиликка бундан ортиқ тарғибот ва ташвиқот бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам аввалги уламоларимиз «энг афзал касб деҳқончилик, жаннатга деҳқонлар биринчи киради», деганлар.
Шундай бўлгач, омоч кирган уйга хорлик киради, маъносидаги ҳадисни қандоқ тушуниш керак? Уламоларимиз бу саволга жуда ҳам қониқарли жавоблар берганлар.
Имом Бухорий бу ҳадисни «зироат асбоблари билан овора бўлиб қолиш ёки унга ҳаддан ташқари берилиш оқибатларидан огоҳлантириш» бобида келтирганлар. Шунинг ўзидан кўриниб турибдики, бу ҳадис орқали омочга ёпишиб олиб, бошқа нарсалар, хусусан, ватан ҳимояси, жиҳодга оид нарсалардан бепарво қолиш оқибатида душмандан енгилиб, хор бўлишдан огоҳлантирилмоқда.
Омочнинг хорлик келтириши ҳақидаги ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз: «Бу (яъни, омоч хорлик келтириши ҳақидаги гап) душманга яқин жойдагилар учундир. Агар улар экин-текин билан машғул бўлиб қолиб, жанговар тайёргарликни унутсалар, душман ҳамла қилиб, мағлуб этиши мумкин. Шунинг учун уларнинг бурчлари жанговар тайёргарлик кўришдан иборатдир. Бошқалар эса уларга керакли нарсаларни етказиб турадилар», деганлар.
Мана шу маънони Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоят яна ҳам очиб беради: «Агар савдога рибони аралаштириб, молнинг думидан тутиб, зироатдан рози бўлиб, жиҳодни тарк қилиб юраверсангиз, Аллоҳ бошингизга хорликни келтиради ва то динингизга қайтмагунингизча уни қайтариб олмайди».
Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Бир вақтлар мусулмонлар бу ҳадисдаги огоҳлантиришдан ибрат олмадилар. Молнинг думидан тутиб, зироат билан машғул бўлиб юравердилар, оқибатда жиҳодни унутдилар. Ҳарбий тайёргарлик кўрмадилар, саноат, техника соҳасига эътибор бермадилар. Оқибатда саноат, техника орқали ҳарбий жиҳатдан қувватли бўлиб олган ғайридинлар барча мусулмон ўлкаларни босиб олдилар ва мусулмонларни мустамлакачилик йўли билан хору зор қилдилар. Юқоридаги мисолдан бир мавзуда келган ҳадисларни тўплаб ўрганиш қанчалик фойда беришини билиб олдик.
4. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш.
Қуръони карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарур экани маълум ва машҳур ҳақиқат! Худди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам тааллуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шу билан бирга, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Мана шу зикр қилинган ва яна бошқа зикр қилинмаган сабабларга кўра, ҳадиси шарифларни тўғри тушуниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таълимотларидан тўла хабардорлик зарур. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.
Бир мисол келтирайлик. Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен учун мушрикларнинг ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир», деганлар.
Агар ҳадиси шарифнинг сиртқи маъносига қаралса, мусулмон бўлмаган жамиятда битта ҳам мусулмон турмаслиги керак. Агар ким ғайридин жамиятда яшаса мусулмонлиги қолмайди. Чунки ундай одамни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам «менга бегонадир», демоқдалар. Лекин қадимдан бундай бўлмаган. Бугунги кунда ҳам кўплаб мусулмонлар бошқа юртларда яшамоқдалар. Уларга ҳеч ким, ҳатто насиҳат юзасидан ҳам танбеҳ бераётгани йўқ. Баъзи уламоларнинг ўзлари ҳам ғайридин ўлкаларда яшамоқдалар. Бунинг сабаби мазкур ҳадиснинг ҳақиқий маъноси юзаки маъносидан тамомила фарқ қилишидадир. Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқсалар, унинг айтилишига ўша даврдаги аянчли бир воқеа сабаб бўлган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хасъам қабиласи томон бир гуруҳ жангчи саҳобаларни юборибдилар. Улар ўша жойда намозда сажда қилиб турганларида душман кўпларини ўлдириб юборибди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида улар хунининг ярмини беришга буюрибдилар ва: «Мен учун мушриклар ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир», дебдилар. Бу – ўша мусулмон у ерда ўлдирилса, мен учун унинг хунини тўлаш бегонадир, деганлари экан. Чунки мазкур ҳодисага учраган кишилар хавф-хатарни кўра-била туриб, бепарволик қилганлар. Душманга ўзларини ўлдиришга шароит яратиб берганлар. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан юқоридаги муомалани қилган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имомлар Қурайшдан бўлур», деганлар. Бу ҳадиси шарифга биноан, Имомлар (Ислом давлатининг бошлиқлари) Қурайш қабиласи аъзоларидан бўлиши шарт ва баъзи кишиларнинг Ислом давлатига бошлиқ бўлиши мумкин эмасдек. Уламоларимиз бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифни ўз замонларини эътиборга олиб айтганлар, деган хулосага келганлар. Чунки ўша пайтда Қурайш қабиласи бошқалардан кўра давлат бошлиғи тайёрлаш талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган қабила эди.
Саҳобаи киромлар ҳадисларнинг сабаблари ва мақсадларига қараб амал қилишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Чунки улар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар, ҳадиси шарифларни нима учун, қандоқ, қай тарзда, нима мақсадда айтилганини биладиганлар кўп бўлган.
Бу гапнинг тасдиғи учун бир мисол келтирайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар номли жойнинг ерларини ўша жойни фатҳ этишда иштирок қилган мужоҳидларга тақсимлаб берганлари маълум. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Шунга биноан, кейинги даврларда ҳам қайси жой фатҳ этилса, унинг ерларини фатҳда иштирок этган мужоҳидларга тақсимлаб бериш лозим бўлар эди.
Лекин Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Ироқ ерларини фатҳчиларга тақсимлаб бермай, ўз эгаларида қолдириб, уларга хирож тайин қилганлар. Хирождан эса келажак авлод мусулмонлари фойда оладиган бўлди.
Салафи солиҳ уламолардан Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳи бу ишнинг ҳикматини тушунтириб, қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбар ерларини тақсим қилишлари Исломнинг аввалида, ҳожат кўп пайтида бўлган. Ўша вақтда шундоқ қилишлик фойдали эди. Кейин эса ерни вақф қилишдан фойда чиқадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ана шу ишни қилиш вожиб бўлди».
Ҳазрати Умар Ироқ ерларини фатҳ қилувчиларга бўлиб бермай, ўз эгаларида қолдирганларига ва уларга хирож солганларига саҳобаи киромларнинг қарши чиқмаганлари эса, бу ҳукмни кўпчилик яхши тушунганидан дарак беради.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида фитр садақаси ҳайит куни бомдод намозидан кейин, ҳайит намозидан олдин чиқарилар, кўпроқ хурмо ва буғдойдан иборат бўлар эди. Чунки ўша пайтда Мадинаи Мунавварадаги асосий овқат шулардан иборат эди. Ислом жамияти ҳам кучаймаган, ҳамма гуруҳ бўлиб, бир жойда яшар, бир-бирларини яхши танир эдилар. Бомдоддан кейин фақир-мискинларни топиб, уларга фитр садақасини беришга улгуриш мумкин эди.
Саҳобаи киромларнинг даврларида Ислом давлати кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайди. Шаҳар-қишлоқлар катталашди. Бомдод намози билан ҳайит намози орасида фитр садақасини тарқатиш мумкин бўлмай қолди. Шунда саҳобаи киромлар бу ҳолатни тўғри тушуниб, фитр садақасини ҳайитдан бир ёки икки кун олдин берадиган бўлишди.
Кейинроқ эса Ислом бутун дунёга тарқалди. Турли юрт ва эллар мусулмон бўлдилар. Мазҳаббоши имомларимиз барча омилларни ҳисобга олиб, баъзилари фитр садақасини рамазон ойининг ярмидан, баъзилари эса аввалидан берса бўлади, деган фатво чиқардилар. Шунингдек, ҳар юртдаги кўп саналган таомдан ёки ўша таомнинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги ҳақида фатволар чиқарилди. Демак, ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини бом- дод билан ҳайит намози орасида, буғдой ва хурмодан беришни тайин қилганлари ҳақидаги ривоятга келсак, ҳозирги вақтда ҳайитдан аввал ёки буғдой ва хурмодан бошқа нарсадан фитр садақа бераётганларни айблаб юришимиз дуруст эмас.
Баъзи бир кишилар ўзларича билағонлик қилиб: «Одамлар ҳаммаси иссиқ сувда таҳорат қилади, ҳолбуки Пайғамбаримиз совуқ сувда таҳорат олганлар», деб қишда ҳам совуқ сувда таҳорат қиладилар-да, касал орттириб оладилар. Бу ҳам ҳадиснинг сиртини ушлаб, жавҳарини, аслини тушунмасликнинг бир турига киради.
5. Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш.
Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади.
Мисол учун, баъзи ҳадисларда, ким Аллоҳнинг йўлида бир камон ўқини отса, унга савоб бўлади, маъноси зикр этилган. Хўш, Аллоҳнинг йўлида милтиқ, тўппонча, автомат, тўп, ракета отса бўладими, йўқми? Булардан ўқ отган мусулмон савоб оладими-йўқми? Мазкур ҳадиси шарифнинг мақсади мусулмонларни Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чорлаш эди. Демак, модомики камондан бошқа қуроллардан ўқ отиш билан ҳам Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш мумкин экан, мақсад ҳосил бўлганидан кейин, улардан ўқ отган кишиларга савоб тегаверади.
Имом Бухорий, Имом Насаий, Имом Шофеъийлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни тозаловчи ва Роббни рози қилувчидир», деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, ҳадисдан асосий мақсад оғизни тоза тутишга қизиқтириш. Мисвок, деганда бута шохидан, кўпроқ Арок деб аталувчи дарахтдан олинган ёғоч тушунилади. Агар ҳадиснинг лафзини ушлаймиз, десак дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўларди. Баъзи кишилар шундоқ тушунишади ҳам. Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида оғизни тозалаши мумкин бўлган ҳамма нарса билан, латта ёки панжа билан мисвок қилса бўлаверади, дейилган. Демак, замон ўзгариши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддао бўлаверади.
Тиб борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифнинг кўпида ҳам мазкур маъно бор. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш нарсаларда ўз замонлари ва шароитларидан келиб чиқиб гапирганлар.
6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш зарурлиги.
Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг юқори чўққисида бўлгани учун мазкур нарсалар ҳам керагича У зотнинг сўзларига кирган. Буни араб тилида мажоз, дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутаҳҳараларига:
«Менинг ортимдан энг тез етадиганингиз – қўли узунингиз», деганлар. Яъни, бу қўли узунингиз мендан кейин биринчи вафот этиб, у дунёда менга энг тез қўшиладиганингиз, деганлари. Ушбу ҳадисдаги мажозни ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари – оналаримизнинг ўзлари ҳам тўғри тушунишмаган. Улар бу шарафга қай биримиз ноил бўлар эканмиз, деб қўлларини узунлигини ўлчаб кўрганлар. Сирни эса воқеълик кашф этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи бўлиб Зайнаб бинти Жаҳш онамиз вафот этганлар. У зот розияллоҳу анҳо ҳунарманд аёл бўлиб, қўл меҳнати билан топганларидан тез-тез садақа қилар эдилар. Демак, ҳадисдаги қўлнинг узунлигидан мурод – садақани кўп қилиш экан.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Насаийлар Жаҳима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ёрдамга муҳтож онасини қўйиб, жиҳодга рухсат сўраб келган йигитга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен у(она)ни лозим тут, жаннат унинг қадами остидадир», деганлар.
Албатта, жаннат ўша йигитнинг онаси қадами остида эмас. Балки гап онасининг қадамини ўпиб бўлса ҳам хизматини қилиб, розилигини олган киши жаннатга сазовор бўлиши ҳақида кет- моқда.
Ҳадисларда мажоз ишлатилишига яна бир мисол: Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билингларки, албатта жаннат қиличлар сояси остидадир», деганлар. Бу тақводор бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан у дунёда тайёрлаб қўйилган жаннат қиличнинг соясига жой, дегани эмас, албатта. Балки қилич кўтариб Аллоҳ йўлида жиҳод қилган одам жаннатга киради, деганидир. Чунки ўша вақтларда қилич жиҳоднинг рамзи бўлган.
Асримиз уламоларидан бирлари ҳадисдаги мажозни тушунмаслик оқибатини англатиш учун қуйидаги ҳодисани келтирадилар: «Араб оламида кўзга кўринган замонавий қонуншунос «Саҳиҳ Бухорий» китобини сотиб олибди. Сўнг варақлаб «Нилу Фурот, Сайҳун ва Жайҳун ҳаммаси жаннат дарёларидандир», деган ҳадисни ўқибди. Ҳайрон бўлибди. Мазкур дарёларнинг оқиб чиқадиган жойи маълум. Ҳаммаси ҳам жаннат эмас, оддий ердан оқиб чиқади. Бухорийнинг китобида ҳам бўлмаган нарсаларни ёзаверар экан, деб ундан юз ўгирибди.
Бу ҳодисага тааллуқли қилиб муҳтарам олимимиз қуйидагиларни айтадилар: «Агар ўша қонуншунос бир оз тавозуъ қилганида, чуқурроқ фикрлаганида эди, Бухорийнинг шарҳларидан бирортасини ўқиб кўрар ёки бирор ҳақиқий олим кишидан сўрар эди. Ана шунда унга ҳадисдаги ҳақиқат ойдек равшан бўлар эди. Мен ушбу ҳадис маъноси ҳақида Ислом маданияти имомларидан бирининг шарҳини келтириш билангина кифояланмоқчиман. У киши Имом Ибн Ҳазмдирлар. Ибн Ҳазмни танлашимнинг сабаби у киши машҳур зоҳирий фақиҳ, ҳадисларнинг сабаб ва муносабатларига қарамасдан зоҳирини ҳарфма-ҳарф ушлайдиган олимдир. Шу билан бирга, у киши араб тилида мажоз ва ҳақиқат борлигини билувчи кишидир.
Ибн Ҳазм мазкур ҳадис тўғрисида қуйидагиларни ёзади: «Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нилу Фурот ва Сайҳуну Жайҳун ҳаммаси жаннат дарёларидандир» ҳамда «Менинг уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ (равза) бор», деганлар. Бу икки ҳадис баъзи жоҳиллар гумон қилганидек, равза жаннатдан кесиб олинганини ёки мазкур дарёлар жаннатдан оқиб чиққанини билдирмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи шарифлари жаннатдан бўлишлиги, ўша ернинг фазлига далолат қилади. Мазкур дарёлар эса, баракали бўлганлиги учун жаннат дарёлари, деб номланганлар».
7. Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш.
Кўпгина ҳадиси шарифларга ғайб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, Лавҳул Маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғайб нарсаларга киради. Ғайб ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғлиқдир. Қиёмат қоим бўлиши, қайта тирилиш, Маҳшарга йиғилиш, қиёмат куни даҳшатлари, улкан шафоат, тарозу, ҳисоб-китоб, Сирот кўприги, жаннат ва унинг неъматлари, дўзах ва унинг азоблари, одамларнинг улардаги даражалари ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғайбдандир.
Бу мавзуда собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда келган маъноларга ишониб, уларни тасдиқлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу ҳадисдаги гапни «ақл бовар қилмайди, унга ишона олмайман», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳадиси шарифларда келган маънолар бир вақтлар одамларнинг ақлига сиғмаган бўлса, замон ўтиб воқеъда бўлиб сиғди ҳам. Яна замон ўтиши билан бошқалари ҳам сиғиб келмоқда. Охиратда эса, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, хоҳлаганини қила оладиган Зотдир. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда келган маънони инкор қилгандан кўра, бу маънони мен тушуна олмаяпман, деб ўкинган яхши. Шариатдаги, Қуръон ва Ҳадисдаги баъзи ғайбий нарсаларни ўзларининг чегараланган ақл тарозуси билан ўлчашга ҳаракат қилганлар қадимдан залолатга юз тутиб келганлар. Мусулмон инсоннинг вазифаси динимизда келган ҳар бир буйруқни «эшитдик ва итоат қилдик», деб, ҳар бир ғайбий нарсани «иймон келтирдик ва тасдиқ қилдик», деб кутиб олишдир. Ана ўшанда ҳамма нарса дин талабига мувофиқ бўлади.
Ўйлаймизки, юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак. Биргина қоидани яхши ўзлаштириб олиши юзлаб ҳадисларни осон ва тез тушунишга сабаб бўлади. Агар бу мулоҳаза ва қоидаларни бир-икки ўқиганда ўзлаштириб олиш имкони бўлмаса, қайта-қайта ўқиш керак.
Мовароуннаҳрда ҳадис ва муҳаддислар
Энди ушбу сатрлар ёзилаётган тилда сўзлашувчи халқлар юрти – Мовароуннаҳрдаги ҳадис илми тарихи, муҳаддислар ҳақида қисқача сўз юритиб ўтайлик. Бу борада аввал ҳам мақолалар ёзилган, маълумотлар тўпланиб, кичик бир китобчага тартиб ҳам берилганди. Аллоҳнинг иродаси билан ҳижрат чоғида йўқолганича топилмади. Аллоҳ таоло юртимизни Ислом нури билан мунаввар қилганда, баъзи саҳобаи киромларга ҳозирги Туркманистон ҳудудлари, хусусан, Нисо ва Марв шаҳарларида истиқомат қилишларини насиб этди. Албатта, саҳобалар бор жойда ҳадис дарслари уюштирилади. Одамлар теварак-атрофдан ҳам кела бошладилар. Натижада яхшигина ҳадис мактаби ташкил топди. Кейинчалик, бу мактаб Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий каби етук алломалар, буюк муҳаддисларни тарбиялаб етиштирди. Нисодан эса энг мўътабар олти ҳадис китоби («Сиҳоҳи ситта»)нинг бирини тузган Имом Насаий етишиб чиқдилар.
Ислом юртимизнинг бошқа бурчакларига ҳам тарқалиб, ерли аҳоли Исломни яхши ўзлаштириб олди. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган меҳнатига яраша қадр топар эди. Шунинг учун ҳам аслида қобилиятли бўлган Мовароуннаҳр диёри аҳолиси Исломда ўз ҳаловатини топди. Ислом туфайли ҳаётнинг барча соҳаларида улкан муваффақиятга эришди. Унинг сояси остида бу диёр гуллаб-яшнади. Халқ эса ўша вақтдаги дунёнинг пешқадамларидан бирига айланди. Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк шахслар айни Ислом давлатида, исломий ҳаёт соясида вояга етганлар. Бутун оламга фан, маданият, ҳазорат (сивилизатсия) марказлари сифатида танилган шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган.
Дунё тарихидаги оддий ҳақиқатларнинг бири шуки, илму фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тараққиётга эриша олмайди. Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин, тузум, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Ҳар бир эркак ва аёл учун талаби илмни бешикдан лаҳадгача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенглаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди. Энг муҳими, Исломда булар қуруқ гап бўлиб қолмади. Ташвиқот учунгина кўтарилган шиор бўлмади. Одамларни алдаш учун эълон қилинган дастур ҳам бўлмади, аксинча, ҳақиқий амалий иш бўлди. Бу соҳада ҳам исломий бағрикенглик кўрсатилди. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар ким меҳнатига яраша қадрланди. Шунинг учун ҳам аслида ўтроқ, қобилиятли бўлган юртимиз аҳолиси ичидан буюк алломалар чиқди. Илмнинг турли соҳаларида дунёга донғи кетган алломаларимиз айни Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтда яшаб, ижод қилганлар.
Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга бўлмай бир бутун нарса деб қараганидек, илмга ҳам бир бутун ҳақиқат деб қараган. Диний илмлар ёки дунёвий илмлар деган айирмачилик бўлмаган. Илм даргоҳларида турли дарслар ўқитилган. Уламолар ҳар бир илмдан имкони борича хабардор бўлишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг маълум бир соҳада машҳур ва пешқадам бўлишларига турли илмларнинг бирида қилган кашфиёти ёки ёзган китобининг нодирлиги сабаб бўлган, холос. Агар машҳур алломаларнинг таржимаи ҳоллари билан яхшироқ танишиб чиқилса, бу ҳақиқат аниқ намоён бўлади. Биргина мисолни олайлик: Абу Али ибн Сино асли файласуф бўлган. Илми калом билан машғул бўлган. Қуръоннинг баъзи жузларига тафсир ёзган. У киши қолдирган асарлар рўйхатига бир назар солган одам буни дарҳол сезади. Лекин фалсафий баҳслардан дам олиш вақтларида тиб билан ҳам шуғулланган. Шундан кўриниб турибдики, назарий илмлар амалий-тажрибавий илмларга қараганда етакчилик қилган. Исломда назарий илмлар бошида Аллоҳнинг каломига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига тегишли илмлар туради. Қуръони карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш бошқа илмларнинг ривож топишига ҳам туртки бўлади. Бу ҳақиқатни юртимиз тарихида ҳам кўриш мумкин. Ўша тараққиёт даврида Қуръон ва Суннат илмлари кучли ривожланган, уларга амал қилишга эътибор катта бўлган. Шунинг учун кескин тараққиётга эришилган. Айни ўша пайтда исломий илмлар бўйича буюк имомлар етишиб чиққанлар ва ўзларининг беқиёс асарларини битганлар. Биз баҳс юритаётган ҳадис илми ҳам шу жумлага киради.
Марв ва Нисодан кейин ҳадис илми бошқа ўлкаларга ҳам тарқалади. Турли жойлардан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар. Уларни номма-ном санаб чиқиш мушкул, фақат энг машҳурларидан баъзиларини зикр қилиш билан кифояланамиз. Юқорида Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий ва Имом Насаийларни айтиб ўтдик. Улар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий Самарқандийларни ҳам бутун Ислом олами ҳадис илмининг пешволари деб тан олган. Умуман, ҳадис илми бўйича ҳеч бир мусулмон юрти бизнинг юртимиз олдига туша олмайди. Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийларнинг китоблари. Шулардан учтаси – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаийлар юртимиз фарзандларидир. Олтинчи ўринга учта китоб даъвогарлик қилади. Улардан бирининг эгаси бўлмиш Имом Доримий Самарқандий ҳам юртимиздан чиққан. Яна Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»лари Қуръондан кейинги энг ишончли китоб деб тан олинган.
Албатта, бундоқ натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлавермайди. Ўша вақтдаги илмий муҳит, турли ҳадис мактаблари орасидаги ўзаро мусобақа, устоз ва толиби илмларнинг кўплиги тараққиётга ўз ҳиссасини қўшган. Шунчалик буюк имомларнинг етишиб чиқиши, ўз-ўзидан, яъни пойдеворсиз, асоссиз, керакли омилларсиз бўлмайди. Шунчалик мўътабар китобларнинг пайдо бўлиши тасодифан эмас.
Кейин таназзул замони келди. Исломдан, Ислом руҳидан узоқлашиш, бу руҳдаги илмий ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида элу юрт инқирозга учради. Бутун Ислом олами қатори, бизнинг юртимизнинг ишлари ҳам орқага кета бошлади. Исломий илмларни ўрганиш издан чиқди. Қуръону ҳадис ўрнига Мантиқ, Илми Каломга ўхшаш нарсалар кириб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиб, уларга амал қилишнинг ўрнига подшоҳнинг аркида бир киши «радди бало» деб «Саҳиҳ Бухорий»ни очиб ўтирадиган бўлди. Бу ишларнинг Ислом динидек илоҳий низомга, охирги илоҳий китоб Қуръонга, охирги Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мансуб кишилардан чиқиши улкан жиноят эди. Бундай жиноят эса жазосиз қолмайди. Жазо ҳам кўп куттирмади. Мазкур жиноят оқибатида аввал юрт хароб бўлди, ундан қут-барака кўтарилди. Орада хилоф, низо ҳукм сурадиган бўлди. Охир-оқибат элу юрт аввал ғайридинларнинг, кейин худосизларнинг асорати остида қолди. Худосизлар Исломга оид ҳамма нарсани маҳв этдилар. Имом Бухорий юрти ҳадис у ёқда турсин, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларини ҳам танимайдиган юртга айланди. Юртимизга дунёнинг турли бурчакларидан одамлар келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эдилар. Худосизлар даврида эса дунёнинг турли бурчакларидан келганлар худосизликка, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ҳар бир нарсани сўкишга ўргатилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари у ёқда турсин, ҳадис битилган ҳарфларни биладиганлар ҳам мусулмонликда айбланиб, қириб ташланди, таъқиб этилди.
Кейинчалик иккинчи жаҳон уруши бўлиб худосизлар бошига мусибат тушгандан сўнг алдов мақсадида давлат назорати остида маълум шахсларга дин билан шуғулланишга, саноқли одамларга таълим олишга ижозат берилди. Ана шунда «Мишкот ул-Масобийҳ» китобининг бир нави ўқитилди. Лекин халқ оммаси саводсиз, она тилида ҳеч қандай китоб йўқ эди. Фақат Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратларининг ҳижратда юриб «Риёз ус-Солиҳийн»дан таржима қилган ва чоп эттирган нусхалари бор эди, холос, у ҳам кўпчиликка етиб бормаганди. Татаристонда худосизлар давлат тўнтаришидан олдин турли йўллар билан махфий чоп қилинган араб тилидаги «Мишкот»ларни ўқиган баъзи кишилар ҳам бор эди. Шунингдек, татар тилида босилган «Минг бир ҳадис» ва «Жавомиъ ул-калим» ҳам саноқли кишиларга насиб этганди. Сиёсат ўзгаргач, баъзи ҳадислар таржимаси матбуотда эълон қилинди. Яхши ният билан «Саҳиҳ Бухорий» таржимасига қўл урилди. Аммо тўс-тўполонлар бу иш таржимонларнинг шахсий ишига айланиб қолишга олиб келди. Илмдан хабари бор кишилар ҳам қўлларидан келганича ҳадисларнинг маъносини айтиб беришга ҳаракат қилдилар. Аммо бу ишларнинг ҳаммаси режасиз, илмий равишда эмас эди. Шунинг учун ҳам кишилар, хусусан, бироз диний саводи борлар орасида турли саволлар пайдо бўла бошлади, тушунмовчиликлар келиб чиқди. Пайдо бўлган саволларга илмий жавоб берадиган кишиларни топиш қийин, тушунмовчиликларни бартараф қилиш ундан ҳам мушкул эди. Бунинг устига баъзи кишилар ҳадисларни ўзларича талқин қила бошладилар. Мисол учун, умрларида нима гуноҳ бўлса қилиб юрганлардан ҳажга бориб келиб, мана ҳажга бориб гуноҳларимиз ювилди, яна бир борсак кейингилари ҳам ювилади, деб тап тортмай аввалгидан ҳам кўпроқ гуноҳ ишларни қилаверадиганлари ҳам чиқди. Жума намози икки жума орасидаги гуноҳларни ювади, деган ҳадисни нотўғри талқин қилган баъзи кишилар ҳафтада бир марта жумага келиб қўйиб, бошқа вақт тап тортмай гуноҳ ишларини давом қилишаверди. Яна баъзилар «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган жаннатга киради», деган эканлар, намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан, деб хулоса чиқардилар. Ҳатто баъзилар ўз мақолаларида таржима қилинган ҳадислардан нотўғри далиллар келтира бошладилар.
Булар ҳаммаси халқимизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳадислари ҳақида керакли маълумотларни илмий ва тартибли равишда тақдим қилиш зарурлигини тақозо қилар эди. Қуръони карим тафсири билан машғул чоғимда биров шу ишни қилармикан, деб кутдим. Лекин ҳеч ким бу ишга қўл урмади.
Бу орада «Тафсири Ҳилол»ни тугаллаб, Қуръондан кейин иккинчи масдар ҳисобланган ҳадисга доир бир китоб ёзиш истаги туғилди. Бу тўғрида кўп мулоҳазаларга бордик, асримизнинг етук уламолари, ёру дўстларнинг турли фикр-истакларини ўрганиб чиқдим. Баъзилар «Мишкот»га шарҳ ёзишни маслаҳат беришди, мисрлик уламолар кенг кўламли, иложи бўлса мавсуъий (энсиклопедик) иш қилишни таклиф этишди. Турли масалалар бўйича энг мўътабар ҳадислардан «Қирқ ҳадис» китоби тасниф қилиш фикри ҳам туғилди. Ўйлай-ўйлай ҳозирги куннинг долзарб муаммоларини баён этувчи ҳадисларни тўплаб, уларни шарҳ қилиш маъқул кўрилди. Қоҳирадаги бир воқеа туртки бўлди-ю, бу ишни қай йўсинда бошлаш узил-кесил ойдинлашди.
1417 ҳижрий сана бошларида (милодий 1996 йил майида) Мисрда бўлиб, Ислом давлатлари уюшмаси Бош котиби қарорига биноан ташкил этилган Бутун дунёда муштарак исломий амал стратегиясини татбиқ этиш воситаларини ишлаб чиқиш илмий гуруҳимиз Ислом оламида олиб борилаётган назарий ва амалий ишларни мувофиқлаштириш зарурлигини, бу соҳада ҳар бир давлат ўз ҳолича фаолият юргизиб, куч ва имкониятлар парчаланиб кетаётганини таҳлил этиб, истиқбол режаларини белгилади.
Йиғилишимиз тугагач, Мисрдаги китоб дўконларидан бирида Қоҳирадаги «Азҳари шариф»нинг етук шайхларидан Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи тузган китобларини кўриб қолдим. Бу ўша мен орзу қилиб юрган китоб эди, унда юқорида тилга олинган беш саҳиҳ ҳадис китобларидаги энг сара ҳадислар такрорсиз, бобларга ажратилиб, танлаб олинганди.
Китоб билан батафсилроқ танишган сарим унга ихлосим орта борди. Муаллиф мазкур китобига умрининг етти йилини сарфлабди, унга юқоридаги беш китобдан ташқари бошқа асарлардан ҳам ҳадисларни қўшибди, ўша вақтнинг машҳур уламолари ёзган таҳсинга тўла тақризлар ҳам китоб аввалида келтирилибди.
Каминада ҳам Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур «Ат-тож ул-жомеъ лил-усул фий аҳадийсир-Расул» китобларини асос қилиб олган ҳолда «Ҳадис ва Ҳаёт» номи билан тўлароқ бир ҳадис китоби тузиш истаги туғилди.
Қўлингиздаги китобда Шайх ҳазратларининг китобларида келтирилган ҳадислар қўшимча маълумотлар билан изоҳланади. Масалан, у киши ҳадисларни қайси имомнинг китобидан олганларини қисқача айтиб ўтиб кетганлар. Биз эса ўша имомларнинг тўлиқ таржимаи ҳоллари, илмий фаолиятлари, китоблари ҳақида муфассалроқ маълумот беришга ҳаракат қилдик. Ҳар бир боб, мавзунинг Исломдаги ўрни, аҳамияти, ҳикмати ҳақида имконият даражасида сўз юритилди. Шунингдек, ҳадиси шарифни ривоят қилган саҳобийнинг таржимаи ҳоллари ҳам келтириб ўтилди. Сўнгра ҳадиси шариф матни таржима қилиниб, ундаги шарҳга муҳтож ибора ва тушунчалар шарҳланди, ҳадисдан келиб чиқадиган шаръий ҳукмлар, олинадиган фойдалар ҳам келтирилди. Борди-келди ва турли алоқалар ривожланиши натижасида бошқа фиқҳий мазҳаб вакиллари билан танишув ва мулоқотлар чоғида туғилажак саволлар жавобсиз қолмаслиги учун ўрни келганида турли мазҳабларда ҳадислардан қандай фойдаланилгани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтамиз. Кейин ҳадиси шарифни бугунги кунимизга боғлаш, ундан қандай самара, фойда олиш мумкинлиги ва бошқа мулоҳазалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритамиз. Шайх Носифнинг китоблари матни араб ҳарфлари ила берилиб, кейин эса, сўзма-сўз таржимаси қора ҳарфлар ила терилди.
Бу ўта масъулиятли ишда аввалу охир, азалийу абадий суянчиғимиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам ва тавфиқ, ихлос ва саодат тилаймиз. Аллоҳ таолодан фикримизни чуқур, зеҳнимизни ўткир, хотирамизни кучли, хотиримизни жам, ўзимизни тинч-омон, соғ-саломат қилмоғини илтижо ила сўраймиз. Қўлларимизни тазарруъ ила кўтариб, кўзларимизда ёш билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча ишларимизда, хусусан, ушбу камтарона ёзувларимизда Ўзи мададкор бўлишини ёлбориб сўраймиз. Ушбу китоб тезроқ халқимизга етиб бориб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннати мутаҳҳараларини кенг ва чуқур ўрганилиши, унга оғишмай амал қилинишида зарур қўлланма бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин! Омин!
Китобхонга эслатма
Шу ўринда муаллиф ўзига, ёр-биродарларига, диндош ва миллатдошларига эслатма қилишни лозим деб топди. Биз буюк муҳаддислар юртининг фарзандларимиз. Боболаримиз ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тадқиқ ва тарғиб этишда мислсиз хизматлар қилганлар. Бу борада Ислом умматига юклатилган бурчнинг катта қисмини шараф билан елкага кўтардилар ҳамда бунинг учун охиратда ажр-мукофотларга сазовор бўлишади.
Биз-чи? Биз нима қила олдик ва қилмоқдамиз? Ислом дини ҳар бир миллат ва халққа ўз жамияти учун керакли турли соҳа мутахассисларини тайёрлаб олишни фарз қилган. Биз энг улуғ ишлардан, энг улуғ илмлардан бўлган ҳадис илмидан Мовароуннаҳр – Туркистон деб аталувчи юрт учун керакли мутахассислар тайёрлаш учун нима қилдик? Мусулмончиликни даъво қилаётган ўн милёнлаб юртимиз аҳолиси ичида қанча ҳадис мутахассиси бор? Неча киши ҳадис илмидан ижозатга – илмий ҳужжатга эга? Кўплаб ҳадис илмларидан бирортасини пухта эгаллаган, машҳур ҳадис китобларини расмий равишда мутахассис уламолардан ўтказган бирор киши борми? Бирорта мўътамад ҳадис китоби пухта ўзлаштирилганми? Диёримиз мусулмонлари бу борадаги ўз зиммалардаги фарзни адо этяптиларми? Ақалли Аллоҳнинг ўша фарзини қалбан ҳис қилмоқдаларми? Ислом ҳар бир мусулмонга ўз ҳаёти учун зарур бўлган диний маълумотларни, жумладан, ҳадиси шарифларни билишни фарз қилган. Бу нарса ҳар бир одамга алоҳида фарз. Хўш, Мовароуннаҳрдаги давлатларда яшаётган ўн милёнлаб мусулмонлардан қанчаси ана шу фарзни адо этган? Таассуфлар бўлсинки, бугунги кунда ана шу каби саволлар жавобсиз қолмоқда.
Демак, ҳаммамиз қўлимиздан келганча ҳадис илмидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бу илмни юртимизда, халқимиз орасида тарқалиши учун ҳаракат қилиб, зиммадаги фарзни адо қилишга ҳисса қўшмоғимиз керак. Ана шундагина гуноҳдан фориғ бўлишимиз мумкин. Яъни, ҳадис борасидаги қолоқлигимиз, нуқсонимиз туфайли устимизда тўпланиб турган гуноҳдан қутуламиз. Бунинг учун эса ҳар бир киши имкониятига қараб ҳаракат қилиши керак. Бунга биров илми-заковати билан, кимдир имкони билан, мол-мулк билан, холис хизмати билан ҳисса қўшмоғи лозим. Ҳеч бўлмаганда ҳадисни ўрганишга қаттиқ уриниш билан ҳар бир мусулмон ўз бурчини адо этмоғи лозим. Бу соҳада ўтган азизларимиздан, салафи солиҳийнлардан ўрнак олайлик. Улар ҳадис ўрганиш йўлида амалга оширишлари лозим бўлган ҳар бир ишни ўзлари учун фарз эканини яхши англаб етар эдилар. Шунинг учун бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларга бардош беришга тайёр эдилар. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ўзлари билган бир ҳадисни таъкидлаб олиш учун Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг олдиларига, Мадинаи Мунавварадан Мисргача йўл юриб борганлар. У киши ўзлари билган ҳадисни таъкидлаб олиш учун шундоқ қилганлар. Буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир дона ҳадисни ўрганиш учун туя сотиб олиб, бир ой йўл юриб Шомга борганлар. Тобеъинларнинг улуғи Саъид ибн Мусаййиб: «Бир дона ҳадисни ўрганиш учун бир неча кеча ва кундуз йўл юриб борар эдим», дейдилар. Абу Кулоба Абдуллоҳ ибн Зайд ал-Басрий: «Бир мен билмайдиган ҳадисни билувчи одам келишини эшитиб қолиб, Мадинада бошқа ишим бўлмаса ҳам, уни уч кун кутдим», дейдилар. Шўъба ибн Ҳажжож бир ҳадиснинг санадини билиш учун аввал Маккага, кейин Мадинага, сўнгра Басрага борганлар. Охири қарасалар, ишончсиз, беҳуда санад экан. Ҳадис ўрганиш учун бутун мусулмон оламини айланиб чиққан, умрини, молу мулкини сарф қилган кишилар қанчадан-қанча? Улуғларимиз Расулуллоҳ суннатларини ўрганишга шунчалик эътибор, куч-ғайрат сарфлагани ҳолда бизлар бу соҳада нима қилдик, ҳозир нима қиляпмиз, нима қилмоқчимиз? Демакким, бугундан бошлаб бу ишга киришайлик, ҳадиси шарифларни ўқиб-ўрганайлик, бошқаларга ўргатайлик, бу ишга жиддий киришиб, ақл, тафаккур, ихлос билан иш тутайлик.
Энг зарур ишларимиздан бири ҳадис ўрганишга киришиш экан, бунинг ўзига яраша одоблари, қоидалари бор.
Ҳадис ўрганувчилар одоблари
1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларни, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги керак.
2. Ўз юртидаги иқтидорли аҳли илмлардан устоз топиши керак.
3. Ўз устозини ҳурмат қилиши зарур, чунки бу ҳадисни ҳурмат қилиш доирасига киради.
4. Ҳар бир калимани қунт билан ўрганиш лозим. Чунки Аллоҳ Расулининг ҳадислари ўрганилади.
5. Ҳадисга тегишли китоб ва маълумотларни тўплаб, ўқиб-ўрганиб юришга аҳамият бериши керак.
6. Шошилмасдан, аста-секин илм даражаларидан кўтарилиш керак.
7. Ҳадис ўрганиш, ўргатиш ва музокара қилиш учун ғусл қилиб, пок кийим кийиб ҳамда хушбўй нарсаларни сепиб олиш мустаҳабдир. Имом Молик шундоқ қилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, яхшилаб таҳорат қилмагунимча ҳадис айтмайман», дер эдилар.
Азиз ўқувчи! Аввало ўзимга, сўнгра сизларга эслатмоқчиманки, биз бу китоб таснифи ва мутолаасига киришар эканмиз, улуғ бир ишга киришаётганимизни унутмайлик.
Аллоҳнинг каломидан кейинги энг мўътабар каломни, Роббил оламийннинг Расулининг каломини ўрганишга киришмоқдамиз. Бу бошқа китобларни ёзиш ёки ўқишга ўхшаган шунчаки машғулот эмас. Ҳадис ўқиш ибодатдир, ҳадис ўрганиш савобдир. Қолаверса, ҳадиси шарифларда икки дунё саодатининг калити мавжуддир. Уларда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида нималар қилишимиз лозимлиги кўрсатилган. Бу эса бизнинг катта бахтимиз! Дунёга бир назар солайлик: Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу бахтдан ҳам маҳрумдирлар. Улар ҳали ҳаётда нима қилишни, қайси йўлдан юришни билмай ҳайронлар. Ўки ўзларига ўхшаган ҳайронлардан бирининг амалига, ҳаракатига тақлид қилишга мажбурлар. Дунё муаммолари қаршисида йўл тополмай сарсонлар. Чунки уларнинг тайинли йўл кўрсатувчи юлдузлари йўқ. Улар ҳар бир нарсада қандай йўл тутиш кераклиги тўғрисида бош қотиришга маҳкумлар. Минг машаққат билан топган йўлларининг эса кўзланган мақсадга элтиши гумон. Бордию шундай бўлган чоғда ҳам беш кунлик дунёнинг бирор вақтинчалик матоҳига элтиши мумкин, холос.
Ҳа, атрофга эътибор билан бир назар солинг, энг оддий ва арзимас бўлиб кўринган нарсадан тортиб, энг мураккаб ва аҳамиятли нарсаларгача қаранг, ҳодисаларнинг ҳамма-ҳаммасида сиз билан биз мусулмонлар учун очиқ-ойдин, икки дунё бахтига эриштирувчи кўрсатмалар бор. Биздан бошқалар юзини қандоқ қилиб ювишни, ўзини қандай поклашни ҳам билмайдилар. Шунинг учун ҳаммалари ҳар хил йўл тутадилар. Биз эса ҳаммамиз бир хил мустаҳаб, таҳорат, ғусл қиламиз. Бу ишни шариатимиз кўрсатмаси бўйича амалга оширамиз. Шунинг учун бизнинг юз ювишимиз ҳам, покланишимиз ҳам ибодатга айланади. Шунга ўхшаш ҳар бир ишни ҳам динимиз кўрсатмаси бўйича қилишимиз керак. Бу бизнинг бурчимиз, бахтимиз, бу биз учун тайёр ечимдан фойдаланиш имкони. Бу ҳайронликдан, «нима қилсам бўлар экан» дейишдан қутулиш йўли! Натижаси эса аниқ: бу дунёда – яхшилик, охиратда – жаннатга эришиш! Шунинг учун ушбу китобда ўрганадиган ҳадисларимизнинг ҳар бирига амал қилишга киришайлик! Ана ўшанда кундалик ҳаётимизда қиладиган ҳар бир ишимиз ҳам ибодатга айланади. Аллоҳнинг кўрсатмаси билан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш билан яшаётган бўламиз.
Азиз ўқувчи! Ушбу ҳаётнинг ҳамма соҳаси бўйича келган ҳадиси шарифлар тўпламини ўқишдан олдин ниятни соф қилинг. Аллоҳдан мадад сўранг. Ўқиганингизни тушунишни, унга амал қилиш насиб этишини сўранг.
Азиз ўқувчи! Ушбу китобда ўқиладиган ҳадисларнинг энг ишончли ровийлардан иборат силсиланинг сўнг томонида ўзингиз турар экансиз, шу силсиланинг бош томонида ҳабиб Пайғамбаримиз, шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турганларини зинҳор унутманг. Ул зот бобаракотнинг суҳбатларини топиб, ҳадисларини ўқир экансиз, ундаги кўрсатмаларга хилоф иш қилишга журъат эта кўрманг.
Эй бор Худоё! Ўзинг осон қилгин, дилимиз қулфини очгин! Ишимизга ривож бергин! Ўзингнинг сўнгги Пайғамбаринг Суннатларини ўрганиб, унга амал қилишни ният қилмоқдамиз шу ниятимизга етказгин! Омин!
بسم الله الرحمن الرحيم
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Муаллиф Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобларини «Бисмиллоҳ» билан бошладилар. Ҳар бир ишни «Бисмиллоҳ» билан бошлаш мусулмон киши учун зарур. Уламолар «китоб ёзувчи учун аввало уч нарса вожибдир», дейдилар. Булар – «Бисмиллоҳ», ҳамду сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дуруддур. Чунки Ҳофиз Абдул Қодир ривоят қилган ҳадисда: «Аллоҳнинг зикри ва «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланмаган аҳамиятли ҳар бир ишнинг орқаси кесикдир», дейилган. Яъни, баракаси йўқдир. Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда эса: «Ҳамду сано билан бошланмаган ҳар бир ишнинг орқаси кесикдир», дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш эса, Аллоҳ таоло ҳамма нарсада У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини ўз исмига қўшгани ва У зотга саловат айтишга буюргани учун бўлади. Шунинг учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ ҳам «Бисмиллоҳ»дан сўнг ҳамду сано ва саловотга ўтганлар.
نَحْمَدُكَ اللَّهُمَّ عَلَي نِعْمَةِ التَّوْفِيقِ وَنَسْأَلُكَ اللَّهُمَّ الْهِدَايَةَ إِلَي أَقْوَمِ طَرِيقٍ، وَنُصَلِّى وَنُسَلِّمُ عَلَى نَبِيِّكَ وَرَسُولِكَ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِى بَعَثْتَهُ رَحْمَةً وَأَنْطَقْتَهُ بِالْهُدَى وَالْحِكْمَةِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ الَّذِينَ حَفِظُوا هُدَاهُ وَبَلَّغُوهُ وَرَأَوْا نُورَهُ فَاتَّبَعُوهُ.
– Эй бор Худоё, сенга тавфиқ неъмати учун ҳамд айтамиз! Эй бор Худоё, сендан энг тўғри йўлга ҳидоят сўраймиз! Пайғамбаринг ва Расулинг, саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту саломлар айтамиз. Ўзинг у зотни раҳмат қилиб юборгандирсан, у кишига ҳидоят ва ҳикматни нутқ қилдиргансан. Шунингдек, У зотнинг ҳидоятларини муҳофаза қилган, бошқаларга етказган ва нурларини кўриб, эргашган Оли байтларига ва саҳобаларига ҳам саловоту дурудлар бўлсин!
Шарҳ: Аслида саловот ва салом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилади. Саҳобийлар, жумладан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оли байтларига розияллоҳу анҳу, дейилади. Аммо уларни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшиб зикр қилинганда саловот ва салом ҳам бўлаверади.
أَمَّا بَعْدُ. فَإِنَّ عِلْمَ الْحَدِيثِ مِنْ أَجَلِّ الْعُلُومِ قَدْرًا وَأَعْظَمِهَا نَفْعًا، ِلأَنَّ مَوْضُوعَهُ سُنَنُ الرَّسُولِ وَآثَارُهُ الْقَوْلِيَّةُ وَالْفِعْلِيَّةُ، وَفِي هَذِهِ خَيْرُ النَّاسِ وَهِدَايَتُهُمْ وَفَوْزُهُمْ وَسَعَادَتُهُمْ. فَالْمُشْتَغِلُ بِهِ دَاعٍ يَدْعُو إِلَي الْحَقِّ وَسِرَاجٌ يَهْدِي إِلَى الرُّشْدِ حَتَّي قَالَ رَسُولُ اللهِ r »نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا حَدِيثًا فَحَفِظَهُ حَتَّى يُبَلِّغُهُ«. وَقَالَ أَيْضًا »مَنْ حَفِظَ عَلَى أُمَّتِي أَرْبَعِينَ حَدِيثًا مِنْ أَمْرِ دِينِهَا بَعَثَهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَقِيهًا عَالِمًا« وَفِي رِوَايَةٍ – »كُتِبَ فِي زُمْرَةِ الْعُلَمَاءِ وَحُشِرَ فِي زُمْرَةِ الشُّهَدَاءِ« (وَالأُمُورُ بِمَقَاصِدِهَا).
فَلِهَذَا وَلِمَا فَطَرَنِي اللهُ عَلَيْهِ مِنْ حُبِّ الْحَدِيثِ وَالشَّغَفِ بِهِ فَكَّرْتُ فِي جَمْعِ كِتَابٍ فِي الْحَدِيثِ، وَاسْتَشَرْتُ أَهْلَ الْعِلْمِ بِهِ، وَاسْتَخَرْتُ اللهَ تَعَالَى فَلاَحَتَ لِي لَوَائِحُ التَّيْسِيرِ، وَاسْتَضَاءَتْ لِي مَصَابِيحُ التَّبْشِيرِ، فَاعْتَمَدْتُ عَلَى رَبِّي وَأَجْمَعْتُ أَمْرِي وَشَرَعْتُ فِي تَأْلِيفِهِ عَلَى بَرَكَةِ اللهِ تَعَالَى، فَاسْتَحْضَرْتُ أَصَحَّ كُتُبِ الْحَدِيثِ وَأَعْلاَهَا سَنَدًا وَهِيَ صَحِيحُ الْبُخَارِيِّ وَصَحِيحُ مُسْلِمٍ وَسُنَنُ أَبِي دَاوُدَ وَجَامِعُ التِّرْمِذِيِّ وَالْمُجْتَبِى لِلنَّسَائِيِّ y. وَهَذِهِ هِيَ اْلأُصُولُ الْخَمْسَةُ الَّتِي اشْتَهَرَتْ فِي اْلأُمَّةِ وَارْتَضَتْهَا لِمَا لَهَا مِنَ الْمَكَانَةِ الْعُلْيَا فِي الًحَدِيثِ وَِلأَنَّهَا جَمَعَتْ مِنَ الشَّرِيعَةِ مَا عَزَّ وَغَلاَ ثَمَنُهُ بَلْ هِيَ الشَّرِيعَةُ كَلُّهَا كَمَا قَالَ اْلإِمَامُ النَّوَوِيِّ t: مَا شَذَّ عَنِ اْلأُصُولِ الْخَمْسَةِ مِنْ صَحِيحِ حَدِيثِ الرَّسُولِ r إِلاَّ النَّزْرُ اليَسِيرُ وَلاَ شَكَّ فَفِيهَا حَاجَةُ الإِنْسَانِ لِسَعَادَةِ الدُّنْيَا وَاْلآخِرَةِ.
– Бундан сўнг: Албатта, ҳадис илми энг қадрли, улуғ, нафи буюк илмлардандир. Чунки унинг мавзуи Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари, оғзаки ва амалий асарларидир. Кишилар учун яхшилик ва ҳидоят, ютуқлару саодат шундадир. Ҳадис билан шуғулланувчи – ҳаққа чақирувчи даъватчидир, тўғриликка ҳидоят қилувчи чироқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан бир ҳадисни эшитиб, уни бошқаларга етказиш учун ёд олган кишини Аллоҳ ёрлақасин», деганлар. Шунинг-дек, яна: «Ким менинг умматим учун унинг диний ишидан қирқта ҳадисни муҳофаза қилса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ ва олим ҳолида тирилтирур», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Уламолар зумрасида ёзилур ва шаҳидлар зумрасида маҳшарга келтирилур», деганлар. (Ишлар қасдга қараб бўлур).
Шунинг учун ва Аллоҳ мени ҳадисга муҳаббатли, унга ўта берилган қилиб яратгани учун ҳам ҳадис бўйича бир китоб жамлашни ўйлаб юрар эдим. Бу ҳақда аҳли илмлар билан маслаҳатлашдим, Аллоҳ таолога истиҳора қилдим. Бас, менга осонлик аломатлари кўринди, башорат чироқлари нур сочди. Аллоҳга суяндим. Бу ишимга азму қарор қилдим. Аллоҳдан барака тилаб, китобни таълиф қилишга киришдим. Энг саҳиҳ ва санади олий ҳадис китобларини ҳозир қилдим. Улар: «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Сунани Абу Довуд», «Жомеъ ут-Термизий» ва «Мужтабо Насаий»лардир. Булар уммат ичида шуҳрат топган беш асл китоблардир. Уммат улардан ҳадисдаги олий макон учун рози бўлгандир. Чунки булар шариатдаги энг керакли ва энг қимматли нарсаларни ўзида жамлагандир. Балки Имом Нававий розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Шариатнинг барчаси шулардир». Ушбу бешта аслдан Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда оз ҳадисларигина четда қолган. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, булар инсон икки дунё саодатига эришиши учун муҳтож бўладиган нарсаларни ўз ичига олгандир.
Шарҳ: Имом Нававийнинг гапидан мазкур бешта китоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма ҳадисларини ўз ичига олган экан, деб тушунмаслик керак. Дунё ва охиратга тегишли ҳамма мавзуларда ҳадислар бор, деб тушуниш лозим.
ثُمَّ نَظَرْتُ فِيهَا نَظْرَةً عَامَّةً وَطَفِقْتُ أُدْمِجُهَا كُلَّهَا بِتَمَامِهَا فِي مُؤَلَّفٍ وَاحِدٍ أُهَذِّبُ كُتُبَهُ تَهْذِيبًا وَأُحَرِّرُ أَبْوَابَهُ تَحْرِيرًا لِكَيْ أَشْفِيَ بِهِ غَلِيلِي وَأُتْحِفَ بِهِ عُشَّاقَ عِلْمِ الْحَدِيثِ.
Сўнгра уларга умумий назар солиб чиқдим ва уларнинг ҳаммасини бир китобга жойлашни бошладим. Ўз чанқоғимни босиш ва ҳадис ошиқларига туҳфа қилиш учун бобларини, фаслларини тартибга солиб, таҳрир қилиб чиқдим.
Шарҳ: Энди, мазкур беш асл китобнинг эгалари ва уларнинг илмий мерослари билан танишиб чиқайлик.
ИМОМ БУХОРИЙ
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13-си, жума кунида Бухорода таваллуд топдилар. У киши етим бўлиб ўсдилар. 9 ёшга етганда Қуръони каримни тўлалигича ёд олдилар. Ҳадис эшитишликни хуш кўрардилар, вояга етгунга қадар ўн мингдан зиёд ҳадисни ёд билардилар.
Ҳомид ибн Исмоил айтадилар: «Бухорий билан дарс олардим. Биз ҳар бир ҳадисни ёзиб борардик. Бухорий эса ёзмас эдилар. Биз ундан нега ёзмайсиз, деб сўрасак, у киши: «Қани, ёзган нарсаларингни кўрсатинглар-чи», дедилар. Биз кўрсатганимизда, биз ёзган ҳадисларни ва унга яна 15000 ҳадис зиёда қилиб ёддан айтиб бердилар».
Имом Бухорийнинг кўзлари ёшлик пайтларида ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Оналари Иброҳим пайғамбарни туш кўрадилар. У киши: «Эй аёл, Аллоҳ таоло кўп дуоинг сабабли ўғлингга кўзини қайтариб беради», дейдилар. Бир неча кундан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди.
Имом 18 ёшга тўлганларида оналари ва акалари билан ҳаж қилиш учун Маккаи Мукаррамага келадилар. Ҳаж амалларини бажариб бўлгач, оналари ва акаларини Бухорога жўнатиб, ўзлари ҳадис жамлаш учун шу ерда қоладилар.
Имом Бухорийдан: «Нега бу ишга қўл урдингиз?» деб, сўрашганида, шундоқ жавоб берган эканлар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрдим, қўлимда елпиғич, у кишини елпир эдим. Бу тушимни баъзи таъбир айтувчиларга айтсам: «Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни елпиб турасан», дейишди.
Имом Маккадаги Абдуллоҳ ибн Язид ал-Муқрий исмли кишидан дарс олади. Сўнг Хуросон, Бағдод, Ҳижоз, Басра, Куфа, Шом, Миср каби жойлардаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Имом Бухорий 600000 ҳадис тўплаб, шундан 100000 саҳиҳ, 200000 заиф ҳадисни ёдлайдилар. Бу ҳадисларни тўплашда 90000дан зиёд кишининг ҳузурида бўлиб чиқадилар.
Маражжа ибн Ражаъ айтадилар: «Имом Бухорий Аллоҳнинг ерда юрувчи мўъжизаси эди».
Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрибман. У киши: «Қаерга кетяпсан?» деб сўрадилар. Мен Муҳаммад ибн Исмоилнинг ҳузурига, деб жавоб берсам: «Ундай бўлса, мендан салом айтиб қўй», дедилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: «Ҳадис ёдлаш тўрт кишида тамом бўлди: Абу Заръата ар-Розий, Исмоил ал-Бухорий, Имом Доримий, Ҳасан ибн Шужжа ал-Балҳий».
Имом Бухорийнинг устозларидан бири Абдуллоҳ ибн Холид Омирий: «Бухорийнинг кўкрагидаги туки бўлишга рози эдим», деганлар.
Ал-Фирабий айтадилар: «Бир куни Бухорийни туш кўрдим. У киши Расулуллоҳнинг орқаларидан юрар эдилар. Бухорий Расулуллоҳнинг оёқ изларига оёғини қўяр эдилар».
Ҳадис олимларидан бўлмиш Муслим ҳар қачон Бухорийнинг ҳузурларига кирсалар: «Эй ҳадислар табиби! Эй ҳадис уламоларининг саййиди! Ижозат берсангиз оёғингизни ўпсам», дер эканлар.
Бухорий ўзларининг «Жомеъ Саҳиҳ» китобла-рини 16 йилда ёзиб тугатадилар. «Қачонки мана шу китобимга бирор ҳадис киритсам, ғусл қилиб икки ракат намоз ўқирдим», деб айтадилар. Уламолар бу китобни Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб деб билишар эди.
Муҳаммад ибн Юсуф айтадилар: «Расулуллоҳни туш кўрибман, менга: «Қачонгача фиқҳ ўқийсан? Менинг китобимни ўқисанг бўлмайдими?» дедилар. Мен: «Сизнинг китобингиз қайси?», деб сўраганимда: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг китоблари мени китобимдир», дедилар.
Ўша пайтдаги уламолардан бўлмиш Ҳоким исмли киши айтадилар: «Бу дунёни остин-устин қилиб юборилса ҳам, Бухорий каби ҳадис билувчи ва уни ёдловчи одам топилмайди».
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобларига 82 та шарҳ ёзилган. Шулардан энг машҳурлари Асқалонийнинг «Фатҳ ул-Борий», ал-Карамийнинг «Кавкаб ад-Дарорий», Қасталонийнинг «Иршод ас-Сорий», Имом Суютийнинг «Ат-Тавшиҳ», Бадруддин ал-Айнийнинг «Умдату ал-Қорий», Муҳаммад Анвар Кашмирийнинг «Файзул-Борий» китобларидир.
Имом Бухорий «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»дан ташқари яна бир қанча китобларнинг муаллифи ҳамдирлар.
«Адаб ул-муфрад», «Бирр ул-волидайни», «Тарих ул-кабир», «Муснад ул-кабир», «Китобу асмои саҳоба», «Тафсир ул-кабир», «Холқу афъоли ибод», «Сулосиятул Бухорий», «Ҳадис ун-Набавий», «Тарих ус-сағир», «Зуафо ус-сағир» ва бошқа китоблар шулар жумласидандир.
Имом Бухорийнинг устозлари кўп бўлган, у киши Али ибн ал-Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Мусаннадий, Муҳаммад ибн Салом ва бошқалардан дарс олганлар. Бундан ташқари Имом Бухорий Ҳамад ибн Шокир, Иброҳим ибн Муаккал, Тоҳир ибн Муҳаммад, Абу Талҳа Мансур, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Бакр ибн Исҳоқ, Абу Фазл Аҳмад ибн Салма, Абу Бакр ибн Абуд Дунё, Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Қабоний, Саҳл ибн Шадивайҳ ал-Бухорий ва бошқа шогирдларга устозлик қилганлар.
Имом Бухорий кўп шаҳарларда умр кечирадилар. Кейинчалик ўз она юртларини соғиниб, Бухорога қайтиб келадилар. Имом Бухорийни Бухоро аҳли жуда яхши кутиб олади, бу ерга келган кунлари бошларидан олтин сочишади.
Агар Имом Бухорий масжидда ҳадис айтиб дарс берадиган бўлсалар, масжид тўлиб-тошар, одамлар сони 10 минг, баъзан 20 мингдан ошиб кетар эди. Ҳар замонда бўлгани каби маломатчилар, ҳасадгўйлар, ғийбатчилар ўша вақтдаги Бухоро амири Холид ибн Аҳмад ҳузурига келиб: «Бухорий халқни ўзига оғдириб олди, тезроқ бир чора кўрмасангиз халқ сиздан юз ўгиради», деб айтишади. Холид бу ишда ўз яқинларига маслаҳат солади. Улар: «Бухорий жуда машҳур одам, унга ёмонлик қилинса, халқ қўзғолон кўтаради, яхшиси уни халқдан ажратиб олиш керак», деб маслаҳат берадилар. Холид Бухорийга одам юбориб, саройга келиб амир ва амалдорларнинг фарзандларига дарс беришни таклиф этади. Бухорий бундан бош тортадилар. Холид яна элчи юбориб, китоблари билан тезда Амир ҳузурига келишини буюради. Бухорий эса: «Илмга келинади, илм ҳеч қачон бормайди», деб жавоб берадилар. Бу гапларга чидай олмаган амир Бухорийга бу ердан тезлик билан чиқиб кетишини буюради. Бухорий амирнинг зиёнига дуо қилиб, Самарқандга қараб йўл олади. Самарқанддан икки чақирим узоқликдаги Хартанг қишлоғидаги қариндошлариникига келиб тушадилар. Бу ерда уч кун турадилар. Ана шу куни тунги намозни ўқиб бўлгач: «Эй Роббим! Ер кенг бўлишига қарамай, менга тор бўлиб кетди. Мени ўз ҳузурингга чақиргин», деб дуо қиладилар.
Ғолиб ибн Жаброил айтадилар: «Самарқанд аҳли Бухорийнинг ҳузурларига келиб, ана шу ерда яшашларини илтимос қилишди. Бухорий бунга рози бўлиб, сафарга отландилар. Энди отлари томон 4-5 қадам босганларида бирдан ҳолдан тойиб, йиқиладиган даражага келиб қолдилар. Имомни уйга олиб киришди ва у киши кўп ўтмай вафот этдилар. Эртасига жанозалари ўқилиб, қабрга қўйилди. Қабрларидан бир қанча кун хушбўй мушк ҳиди таралиб турди. Имом Бухорий ўлимларининг хабари ўша пайтдаги халифа Ибн Тоҳирга етиб борганди. Халифа амир Холид ибн Аҳмаднинг юзига қора суриб, эшакка тескари ўтказиб, шаҳар айлантиришга, сўнг чўлга қўйиб юборишга амр қилди. Чўлда уни йиртқич ҳайвонлар еб кетди. Аллоҳ жоҳил амирни шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаб қўяқолди».
Абдулвоҳид ибн Адҳам ат-Тувовисий айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳни тушимда кўрдим. У киши билан бир жамоа асҳоблари ҳам бор эди. Расулуллоҳ гўё кимнидир кутаётгандек бир тарафга қараб турардилар. У кишига салом бердим: «Кимни кутиб турибсиз, эй Расулуллоҳ?» десам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни», деб жавоб бердилар. Мен икки-уч кундан кейин Бухорий вафот этганларини эшитиб қолдим. Сўраб-суриштирсам, Расулуллоҳни туш кўрган куним вафот этган эканлар».
Яҳё ибн Жаъфар айтадилар: «Агар Бухорийнинг умрларини узайтиришга қодир бўлганимда, жонимни бериб бўлса ҳам асраб қолган бўлар эдим».
Имом Бухорий ҳижратнинг 256 йили, Шаввол ойининг бошларида Фитр ҳайити кечасида вафот этдилар. Бу зот 13 кун кам 62 йил умр кечирдилар.
ИМОМ МУСЛИМ
Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Нисобурий Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир.
У зот ҳадис илмида китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та имомларнинг биридирлар. Китоблари «Саҳиҳ Муслим» эса, Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган китоблардан биридир. Имомнинг ҳадис илмидаги тутган ўринлари ва олий мартабаларга етишларига сабаб саҳиҳ китобларида бирорта зиёдалик ҳам, ноқислик ҳам бўлмаганлиги, бундан олдин ҳам, бундан кейин ҳам бунинг сингари тартибдаги китобни топилмаслигидир. Ҳақиқатда бу Имом ҳадис жамлашда моҳир эканликларига далолат қилади. Имом Муслим ҳадис жамлаш даврида унинг нозик жойларига жуда ҳам эътибор билан қарадилар. Ҳатто бир ҳарф бўлса ҳам ўзгартиришдан сақландилар. Бу зот ҳадисларни аввалидан охиригача узилиш ва иллатдан саломат, иснодлари ишончли бўлсагина саҳиҳ китобларига киритдилар. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари Имом Бухорийнинг китобларига қараганда баъзи томонлари афзаллигини уламолар қайд қилганлар.
Имом Нававий айтадилар: «Ернинг устида, осмоннинг остида Муслимнинг китобларидан кўра саҳиҳроқ китоб топилмайди».
Мағриблик шайхларнинг баъзилари Муслимнинг китоблари Бухорийнинг китобларидан кўра яхши эканлигига иттифоқ қилишган.
Имом Муслим айтадилар: «Агар ҳадис аҳллари 200 йил ҳадис ёзсалар ҳам кучлари мана шу «саҳиҳ»ни ёзишликка етади, холос». Ва яна марҳамат қиладилар: «Ҳар бир ёзган китобимни Абу Заръата ар-Розийга кўрсатдим, агар у зот, мана бу ҳадис иллатли, десалар тарк қилдим, агар, саҳиҳ, десалар китобимга киритдим».
Имом Муслим кўплаб китобларнинг муаллифидирлар. Шулардан энг машҳурлари «Саҳиҳ Муслим» бўлиб, мана шу китоб сабабли улуғ мартабага ва чиройли мақтовларга сазовор бўлдилар. Бундан ташқари, у зотнинг «Жомиъ ал-Кабир алал абвоб», «Китобу муснади ал-Кабир ала асмои рижол», «Китобу Асмои ва куна», «Китобу илал», «Китобу тамйиз», «Китобу ҳадис Амр ибн Шуъайб», «Китобу машойихи Молик», «Китобу авҳомул муҳаддисийн», «Китобу ман лайса лаҳу илла ровин воҳид», «Китобу табақати ат-Тобеъийн», «Китобу муҳозрамийн», «Китобу машойихи ас-Саврий» китоблари маълум ва машҳур.
Бундан ташқари «Саҳиҳи Муслим»га бир неча шарҳ ва мухтасарлар ёзилган.
Имом Муслимнинг «Асмо ур рижол» номли китобларига Абу Бакр Аҳмад ибн Али Исфаҳоний шарҳ ёздилар. У зот 279 ҳижрий санада вафот этдилар.
Имом Муслимдан ана шу даврнинг катта имомлари, жамоатлар ҳадис ривоят қилишди. Улар Абу Ҳотим ар-Розий, Мусо ибн Ҳорун, Аҳмад ибн Салома, Абу Исо ат-Термизий, Абу Бакр Ҳузаймий, Яҳё ибн Саъид, Абу Авона ва бошқалардир.
Имом Муслим (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) 261 ҳижрий сана, якшанба куни, 55 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар. Душанба куни Нисобурда дафн этилдилар.
ИМОМ АБУ ДОВУД
Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ал-Аздий Сижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи «Китоби Саҳиҳ» деб тан олинган олти муҳаддиснинг биридурлар. Нисбатлари Басра қишлоқларининг бири бўлган Сижистонгадир.
Бу зот ҳижратнинг 202 йили Басрада таваллуд топдилар. Ҳадисларни тўплашда Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Арабистон жазираси каби юртлардаги уламолар ҳузурида бўлиб чиқдилар. 221 ҳижрий санада Куфага сафар қилдилар ва ана шу ердаги кишилардан ҳам ҳадисларни эшитиб ривоят қилдилар.
Уламолар бу зотда бўлган сифатларни кўп зикр қилишади. Амр ибн Али Боҳилий: «Имом Абу Довуд дуоси ижобат бўлувчи кишилардан эдилар», деб айтадилар. Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий: «Бу зот обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок кишилардан эдилар», деб айтадилар. Абу Ҳотим ар-Розий: «Бу зотдек тазарруъли ва бу кишидек ҳужжати ишончли кишини кўрмаганман», деганлар.
Сўфийларнинг имоми бўлмиш Саҳл ибн Абдуллоҳ бир куни Имом Абу Довуднинг зиёратларига келиб: «Эй Абу Довуд, менинг сизда бир ҳожатим бор», дедилар. Шунда Абу Довуд: «Не ҳожатинг бор?» деб сўраганларида, Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Агар рухсат берсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилган тилингизни бир ўпсам», дедилар. Абу Довуд рози бўлиб тилларини чиқардилар, бу зот ўпиб олдилар.
Абу Довуднинг «Сунан» китоблари тўғрисида ҳам уламолар ғоятда мақтов фикрлар билдиришган. Закариё Соний айтадилар: «Китобуллоҳ Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Улуғ зотлардан Хаттобий: «Бу китоб иккита саҳиҳ китобдан кўра фақиҳроқ ва ҳадис илмида бунинг сингари китоб тасниф этилмаган», деб айтадилар.
Имом Абу Довуд ҳаммаси бўлиб 50000 ҳадис ривоят қилиб, булардан 4800 та саҳиҳ ҳадисни «Сунан» китобларига киритдилар. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилди.
Бу зот ҳадисларни Муслим ибн Иброҳим, Сулаймон ибн Ҳарб, Абу Умар Ҳавзий, Абу Валид Таёлисий, Абу Муаммар ал-Муаққад, Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Усмон ибн Шайба, Амр ибн Авн, Ҳишом ибн Аммор Димашқий, Рабийъ ибн Нофиъ Ҳалабий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий ва бошқа бир неча кишилардан эшитдилар.
Имом Абу Довуддан Термизий, Насаий, ўғиллари Абдуллоҳ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун, Али ибн Ҳусайн ибн Абд, Муҳаммад ибн Муҳаммад Даврий, Исмоил ибн Муҳамад Саффор, Аҳмад ибн Салмон Нажжор ва бошқа бир неча кишилар ривоят қилишди.
Имом Абу Довуд ҳижратнинг 275 йили, шаввол ойининг 16-кунида Басрада вафот этдилар.
ИМОМ ТЕРМИЗИЙ
Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида 209 ҳижрий санада таваллуд топдилар. Куниялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, оталарининг исмлари Исо, боболарининг исмлари Савра, нисбатлари Жайҳун дарёси билан ўралган қадимги Мовароуннаҳрнинг Термиз шаҳри номи биландир.
У зотнинг устозлари кўп бўлиб, улардан энг машҳури Имом Бухорийдир. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилганлар. Яна устозларидан Имом Муслим ва Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари бўлиб, уларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланганлар. Имом Термизий китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти нафар имом ичида тўртинчи ўринда турадилар.
У зотнинг китоблари бўлмиш «Сунани Термизий» эса «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринларда туради. У зот ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар. У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида зарбулмасаллар битилганини айтадилар.
Шогирдларидан яна бирлари: «Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо ат-Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деб айтади.
Имом Термизий кўп йиғлаганларидан, ҳаётларининг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган.
Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушунарлироқ», деб айтадилар. «Нима учун?» деб сўралганида, Атийя: «Чунки иккита Имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади, холос», деб айтган эканлар.
Шайхлардан бири Имом Термизийга 40 та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганида, бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб, сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман, деб айтдилар.
Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, «Сунан» китоблари чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилгандир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапи-раётгандек бўладилар», деб айтадилар. У зотдан бизга қуйидаги китоблар мерос бўлиб қолди:
«Китобу азим» («Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ»), бу китоб «Саҳиҳ ат-Термизий» номи билан машҳурдир, «Шамоилу Набавия», «Илалу муфрад», «Илалу фий охири жомиъ», «Китобу зуҳд», «Китобу тарих», «Асмоу саҳоба», «Асмо ва куна», «Китобу фий асари мавқуфа».
Имом Термизийнинг «Саҳиҳ» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилган.
Устозлари бўлмиш Имом Бухорий Терми- зийга қарата: «Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим», деб айтдилар.
Имом Термизий қуйида исмлари келадиган шайхлардан ҳадислар эшитиб, улардан ривоят қилдилар: Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий (243 ҳижрий санада вафот этганлар), Али ибн Ҳожар Марвазий (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Марвазий (240 ҳижрий санада вафот этганлар), Қутайба ибн Саъид Сақафий Абу Рожо (150 ҳижрий санада туғилиб, 240 санада вафот этдилар), Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрий ал-Маданий (150 ҳижрий санада туғилиб, 242 санада вафот этдилар), Муҳаммад ибн Абдулмалик Абу Шавориб (244 ҳижрий санада вафот этдилар), Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳотам ал-Ҳиравий (178 ҳижрий санада туғилиб, 244 ҳижрий санада вафот этдилар), Исмоил ибн Мусо Фазорий ас-Саддий (245 ҳижрий санада вафот этдилар).
ИМОМ НАСАИЙ
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири бўлган Нисода дунёга келдилар.
Бу зот китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти Имомнинг бири эдилар. Асҳоби ҳадислар ичида асллар аҳлининг имоми ва пешқадами эдилар. Ўшлари ўн бешга етганда Қутайба ибн Саъид ал-Балхийнинг ҳузурларига бориб, бир йилу икки ой давомида ҳадис эшитадилар.
Имом Насаий илм талаб қилиб Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқдилар. Сўнгра Мисрда «ал-Қанадийл» номли машҳур китоб бозори бўлган тор кўчада яшадилар. Бу зотнинг ҳузурларига ҳадис эшитиш учун ҳуффозлар ташриф буюришар эди. Ана шу вақтда бу кишига тенг келадиган киши топилмас эди. У зотнинг сифатларини зикр қилиб Дора Қутний айтадилар: «Абу Абдураҳмон ҳадис илмида эсга олинганларнинг муқаддами эдилар». Ибн ал-Асийр «Жомиъ ул-Усул» китобида: «Насаий Шофеъий мазҳабида эдилар ва Шофеъий мазҳабида «Ҳаж» китоблари бор. У киши тақволи, талабчан бўлиб Довуд пайғамбарнинг рўзасида давомли эдилар», деб айтадилар. Бу зот ровийларни ўз вақтида жароҳатлаб, ўз вақтида таъдил этардилар. Шунинг учун журҳ ва таъдиллари уламолар орасида эътиборлидир.
Имом Насаий таълиф этган китоблари қуйидагилар: «Сунани кубро ва суғро», «Хасоису фий фазли Али ибн Абу Толиб ва оли байт», «Китобу зуафо вал матрукийн», «Маносику Насаий», «Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад Али ибн Абу Толиб».
Имом Насаийнинг «Ас-Сунан ал-Кубро» китоблари аввалига кўпгина заиф ҳадисларни ҳам ўз ичига олган эди. Кейин эса, заиф ҳадисларни олиб ташлаб, саҳиҳларини қолдирганлар ва бу китобларини «Ал-Мужтабаъ» деб номлаганлар. Мазкур китоб бизнинг вақтимизгача етиб келган.
Имом Насаийнинг «Ал-Мужтабаъ»ни ёзишларига сабаб, у киши «Ас-Сунан ал-Кубро» китобини ёзгач, Рамла деган жойнинг амирига тақдим қилганларида, амир: «Бунинг ҳаммаси саҳиҳми?» деб сўраган. Имом: «Бунда саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам бор», дедилар. Шунда амир саҳиҳларини ажратишни сўради. Шу муносабат билан Имом Насаий «Ас-Сунан ал-Кубро» китобларидан саҳиҳ ҳадисларни танлаб «Ал-Мужтабаъ» ёки «Ас-Сунан ас-суғро» деб номланган китобни ёздилар.
Бу китоб олтита «Саҳиҳ» деб номланган китобнинг биридир. У биринчи марта 1256 ҳижрий санада Ҳиндистонда чоп этилган ва энг ишончли ҳадис китобларидан ҳамда ҳадис уламолари тарафидан заиф ҳадислари энг кам ва мажруҳ кишилари йўқ китоблардан деб тан олинган. Бу ўринда Абу Довуд ва Термизий ҳадисларига солиштирилади. Шунингдек, бу китоб ҳадисларни бир ўриндагина келтиришга, зарурат туғилгандагина бошқа жойда ривоят қилишга эҳтимом қилади. Шу вақтнинг ўзида ҳадислардан фиқҳ ҳукмларини, иллатлари баёни билан чиқаришга эътибор беради.
Имом Насаий китобларига кўплаб шарҳлар ёзилган. Бу зотнинг устозлари эса қуйидагилардир: Аҳмад ибн Абдата аз-Забйи, Аҳмад ибн Манийъ, Башир ибн Муоз ал-Ақдий, Ҳасан ибн Сабоҳ, Муҳаммад ибн Исмоил ибн Айла Димашқий, Муҳаммад ибн Аббон ал-Балхий, Али ибн Ҳожар, Амр ибн Зирората ал-Калбий, Исо ибн Муҳаммад ар-Рамлий, Муҳаммад ибн Ҳошим ал-Баълабаккий, Исҳоқ ибн Шоҳийн, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Мансур, Исҳоқ ибн Мусо ал-Ансорий, Иброҳим ибн Саид ал-Жавҳарий, Иброҳим ал-Жавжоний, Исо ибн Ҳаммод, Ҳишом ибн Аммор ва бошқалардир.
Имом Насаийдан Аҳмад ибн Умайр ибн Жавсо, Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Маллас, Абулқосим ибн Абул Ақб, Абул Маймун ибн Рашид, Абу Али ат-Табароний, Абу Жаъфар ат-Таҳовий ва бошқалар ривоят қилишган.
Муҳаммад ибн Мусо ал-Маъмуний айтадилар: «Имом Насаий Абу Бакр ва Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу фазилатларини ташлаб, Али розияллоҳу анҳуни фазилатлари ҳақидаги «Ал-Хасоис» китобини ёзди деб, уни қабул қилмай инкор қилаётган қавмни кўрдим. Бу ҳақда Имом Насаийга айтганимда шундай дедилар: Димашққа кириб Али розияллоҳу анҳудан узоқлашганлар кўпайганини кўриб, «Ал-Хасосис» китобини тасниф қилдим ва Аллоҳдан уларни ҳидоятга бошлашини умид қилдим».
Бу зот таваллуд топган Нисо шаҳри ҳақида маълумот: Шаҳарнинг Нисо деб аталишига сабаб: фотиҳлар Хуросонни фатҳ этишганда шаҳар эркаклари қочиб кетишган экан. Мусулмонлар шаҳарда эркак зотини топа олмай, уни ташлаб ўтиб кетишган экан. Шу сабабли у Нисо («Аёллар») шаҳри, деб аталган экан. У ҳозирги Туркманистон ерларида жойлашган шаҳардир. Бу ердан Имом Насаийдан ташқари Абу Аҳмад Ҳомид Зинжавий ал-Аздий каби катта олимлар ҳам чиққан.
Имом Насаий ҳижратнинг 303 йили Маккада шаҳид бўлдилар ва Сафо-Марва орасига дафн этилдилар.
Шайх Носиф мазкур беш имомдан бошқа бир неча энг машҳур муҳаддисларнинг китобларидан ҳам ҳадислар келтирган. Биз уларнинг ҳам таржимаи ҳолларини қисқача эслатиб ўтамиз.
ИМОМ ИБН МОЖА
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий ал-Қазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири – Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари Робиа қабиласининг бошлиғи бўлиб, Можа исми билан танилган эдилар.
Имом Ибн Можа «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та китобдан бирининг соҳиби бўлмиш имомлардан эдилар.
У зот вояга етганда ҳадис тўплаш учун Ироқ, Басра, Куфа, Шом, Миср, Рай каби ўлкаларга сафар қилдилар. Дамашқдаги Ҳишом ибн Аммор, Аббос ибн Валид, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир, Маҳмуд ибн Холид, Мисрдаги Ҳарламата ибн Яҳё, Абу Тоҳир ибн ас-Сирота, Муҳаммад ибн Рамҳ, Муҳаммад ибн Ҳорис, Юнус ибн Абдулаъло, Хумсдаги Муҳаммад ибн Мусаффо, Ҳашшом ибн Абдулмалик, Бағдоддаги Абу Бакр ибн Абу Шайба, Аҳмад ибн Абда, Исмоил ибн Мусо, Абу Ҳайсама Зоҳир ибн Харб каби уламолардан дарс олиб, ҳадислар тўпладилар.
Имом Ибн Можа ҳаммаси бўлиб 32 та китоб ёзганлар. Шулардан машҳурлари: «Сунани Ибн Можа» (ҳадис китоблари), «Тафсири Ибн Можа» (тафсир китоблари), «Тарихи Ибн Можа» (тарих китоблари).
У зотдан Муҳаммад Исо ал-Абҳарий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Маданий, Али ибн Иброҳим ал-Қаттон, Сулаймон ибн Язид ал-Фолий, Абу Тоййиб Аҳмад ибн Руҳ ал-Бағдодийлар дарс олишган ва ҳадис ривоят қилишган.
Ибн Можанинг ўзлари ва китоблари тўғрисида уламолар кўп мақтовли сўзларни айтишган. Абу Яъло ал-Ҳалимий айтадилар: «Ибн Можага одамлар ишониб, ҳадис илмида у кишига суянадилар». Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний ўзларининг «Рисолати ал-мустатрофа» китобларида шундай келтирадилар: «Уламолар Ибн Можанинг «Сунан» китобларини ишончли, кучли ва фиқҳ илмида катта фойда беришини кўриб, олтинчи саҳиҳ китоб, деб тан олишди».
Ибн Тоҳир айтадилар: «Кимки Ибн Можанинг ҳадис китобларига қараса, боблари кўплиги, бир ҳадис қайта такрорланмаслиги ва ҳадисларнинг чиройли тартибда ёзилганлигини кўриб, ҳақиқатда у зотни ҳадис жамлашда ва китоб ёзишда қандай яхши йўл тутганларини билади. Бу китоб жуда машҳур бўлмаса ҳам, ўзига яраша обрў-эътибори бордир».
Абу Ҳасан Али Иброҳим ибн Салама айтадилар: «Имомнинг «Сунан» китоби 32 жуз бўлиб, унда 1500 та боб бордир. Ва бу китоб 4341дан зиёда ҳадисни ўз ичига олгандир».
Бу зот ҳижратнинг 273 йили вафот этдилар.
МОЛИК ИБН АНАС
Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн ал-Ҳорис Абу Абдуллоҳ ал-Асбаҳий ал-Маданий – Дорул-ҳижратнинг имоми ва фақиҳи ҳисобланади. Молик ибн Анас 93 ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада дунёга келдилар. Ал-Асбаҳий насаблари Яманнинг ал-Асбаҳ қабиласидандир. Имом Молик табаъ тобеъинлардан бўлиб, ўз даврларининг буюк илм соҳибларидан бири, муҳаддис ва Моликий мазҳабининг имоми эдилар.
Имом Шофеъий у киши ҳақида шундай дейдилар: «Молик тобеъинлардан кейин Аллоҳ таолонинг халқига ҳужжатидир». Имом Насаий Имом Моликнинг ҳадис илмидаги ўринлари ва фазллари ҳақида шундай дейдилар: «Мен учун ҳадис илмида Моликдан кўра билимдон, ҳурматли, ишончли, амин ва заифлардан кам ривоят қилган бошқа киши йўқдир».
Имом Шофеъий: «Агар Молик ва Ибн Уяйна бўлмаганда эди, Ҳижознинг илми йўқолиб кетган бўларди», дейдилар. Шунингдек: «Агар уламолар эсга олиб ўтилса, Молик юлдуздирлар», дейдилар. Ибн Маҳдий: «Молик ал-Ҳакам ва Ҳаммоддан фақиҳроқдир», дедилар.
Имом Молик халифа Абу Жаъфар ал-Мансурнинг таклифи билан Ислом таълимотларини мусулмонларга тушунтирувчи китоб ёзадилар ва уни «Муватто» («Осонлаштирилган») деб атадилар. Халифа Мансур ҳамма мусулмонларни шу китоб бўйича иш тутишга буюрмоқчи бўлганларида Имом Молик розилик бермайдилар. Бу китоб қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадисларни ўз ичига олиб, уни мингга яқин киши ривоят қилган. Бу ривоятлар ўттизта бўлиб, шундан йигирматаси машҳур.
Яҳё ибн Яҳё ал-Лайсий ал-Андалусий «Муватто»ни васфлаб: «У ҳадис ва фиқҳ китобидир, унга тенг келадиган бошқасини билмайман», дейдилар. Имом Шофеъий: «Ер юзида илмда «Муватто»дан тўғрироқ китоб йўқ», дейдилар.
Имом Молик Наъийм ал-Мужмир, Зайд ибн Аслам, Абул Зинод, Саъид ал-Мақбурий, Ҳамийд ат-Товийл, Ҳузайфа ас-Сиҳамий ал-Ансорийлардан ривоят қилганлар. Аммо Имом Моликдан ривоят қилганлар кўп бўлиб, у кишининг устозлари аз-Зуҳрий ва Яҳё ибн Саъид, асрдош уламо шерикларидан ал-Авзоъий, ас-Саврий, Суфён ибн Уяйна, ал-Лайс ибн Саъд, Ибн Журайж, Шуъба ибн Ҳажжож, аш-Шофеъий, Ибн ал-Қаттон ва Абу Исҳоқ ал-Фазарийлар шулар шумласидандир.
Имом Молик буюк тақво соҳиби эдилар. Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, таҳорат олиб, ўринларига виқор билан жойлашиб олиб, кейин ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишига шу ҳақда айтишганида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, шунинг учун таҳоратдан хотирим жам бўлгандагина ҳадис айтаман», деб жавоб қилган эканлар. Шунинг каби йўлда кетаётиб, тик туриб ёки шошилиб турган ҳолларида ҳадис айтишни ёмон кўрар эдилар. Ўшлари улуғ бўлиб, заифлашиб қолганларида ҳам Мадинаи Мунаварада от ёки туя минмаган, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуссалари дафн этилган шаҳарда от ёки туя минмайман», деган эканлар.
Имом Молик муҳаддисгина бўлиб қолмай, буюк фақиҳ, Моликий мазҳабининг имоми эдилар. У кишининг мазҳаблари Ислом оламида кенг ёйилган бўлиб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларининг асоси ҳисобланади. Моликий мазҳаби ҳозирда, асосан, шимоли-ғарбий Африка давлатларида кенг тарқалган.
Имом Молик Ислом давлатининг энг катта илм марказларининг бири бўлган «Дору ус-Сунна» - Мадинаи Мунавварада яшаганликлари сабабли ҳадис талаб қилиб бошқа юртларга сафар қилмаганлар, балки ҳадис талабида Мадинага келган уламолар билан учрашиб, ҳадис алмашар эдилар.
Имом Молик бутун умрлари давомида ҳеч қандай қўзғолон-фитналарга аралашмаганларига қарамай, халифа Абу Жаъфар ал-Мансур даврида, яъни 146 йилда у кишининг бошларига мусибат тушади: дарра билан калтакланадилар ва қўлларини тортиб кураклари чиқариб юборилади. Бунинг сабаби Имом Молик ривоят қилган «Мустакраҳ (мажбурланган)га талоқ йўқ» ҳадисининг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ан-Нафс аз-Закия Мадинаи Мунавварада қўзғолон қилиб чиққан пайтида баъзи бир кучлар томонидан фитна учун қўлланилган ва бу ҳадиси шариф билан Абу Жаъфар ал-Мансурга қилинган байъат нотўғри эканлигини билдирилганлигидадир. Чунки халифа ал-Мансур талоқ шарти билан мусулмонлардан байъат оларди.
Имом Молик ибн Анас 179 ҳижрий санада вафот этадилар.
ИМОМ АҲМАД ИБН ҲАНБАЛ
Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳайён ибн Абдуллоҳ ал-Бағдодий ҳадис ва фиқҳ олими ва Ҳанбалий мазҳабининг асосчисидирлар.
Насаблари Иброҳим алайҳиссаломгача бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насабларига Аднонда қўшилади. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ота-оналари асли Туркманистоннинг Марв шаҳридан бўлиб, сўнг Бағдодга кўчиб келишади ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳижратнинг 164 йили Бағдодда дунёга келадилар.
Бу зотнинг ёшлик пайтларида оталари вафот этадилар. Улғайгач, аввалига қозихонада Абу Юсуфдан қозиликни ўргандилар. Кейинчалик ҳадис эшитишликни хуш кўриб, ҳадис жамлашга киришдилар. Биринчи ҳадисни ҳижратнинг 179 йили эшитиб, ёзишга киришадилар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ҳижратнинг 189 йили 25 ёшларида Ямандаги устозлари Абдурраззоқ ҳузурига сафар қиладилар. Дўстлари Яҳё ибн Муъийн, Исҳоқ ибн Раҳовайҳлар билан бирга, бу устозларидан дарс оладилар. Кейинчалик Макка, Мадина, Шом, Яман, Куфа, Басра каби жойларга ҳадис тўплаш учун сафар қилдилар.
Иброҳим ал-Ҳарбий айтадилар: «Аллоҳ таоло аввалгию охиргиларнинг илмини Аҳмад ибн Ҳанбалда жамлаган деб ўйлайман». Али ибн ал-Мадиний айтадилар: «Аллоҳ бу динни икки киши билан қувватлади. Уларнинг учинчиси йўқдир. Биринчи бор одамлар диндан қайтаётган куни Абу Бакр Сиддиқ билан динни қувватлади. Иккинчи бор фитна кунида Аҳмад ибн Ҳанбал билан қувватлади». Яна у киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом иши билан Аҳмад ибн Ҳанбалдан ташқари ҳеч ким шуғулланмади». У зотдан: «Абу Бакр Сиддиқ ҳам-а?» деб сўралганда: «Абу Бакр Сиддиқ ҳам», деб айтдилар. «Чунки Абу Бакр билан у кишини қувватлаб турган аёнлари ва аскарлари бўлган, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг аёнлари ҳам, аскарлари ҳам бўлмаганди», дедилар.
Аҳмад ибн Ҳанбал инсонларга энг тўғри йўл— Ислом дини эканлигини тушунтириб, кўп даъват қилдилар. Мана шундан кейин қанчадан-қанча одамлар шу киши сабабли Ислом динини қабул қилишди. Зархоний айтадилар: «Аҳмад ибн Ҳанбал 220000дан зиёда яҳудий, насроний, мажусий динига мансуб кишиларнинг Ислом динига киришига сабабчи бўлдилар. Аҳмад ибн Ҳанбални нафақат Ислом аҳллари, балки бошқа динга мансуб кишилар ҳам билишарди. Мажусий динига мансуб икки киши тортишиб қолади. Шунда булар Хуросон қозиси ҳузурига боришади. Қози Ислом дини бўйича ҳукм чиқариб, булардан бирининг ҳақлигини исбот қилади, шунда «зиёнига ҳукм қилинган» одам: «Агар Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабига асосланиб ҳукм чиқарган бўлсанг розиман», деб айтади.
Ҳар бир илм олими Аҳмад ибн Ҳанбални ўзларининг устозлари деб билиб, ҳурмат қилар эди. Қуръон олимлари Аҳмад ибн Ҳанбални Қуръон аҳкомларини яхши билишлари, қироатлари ёқимли, овозлари ширинлигини тан олишар эди. Ҳадис олимлари Аҳмад ибн Ҳанбални ҳадис олими, уни ёдлаб саҳиҳ ва заиф ҳадисларга ажратувчи деб билишар ва у кишидан ҳадис эшитишликка шошилишар эди. Бундоқ дейилишига, ўша пайтдаги муҳаддислардан Бухорий, Муслим, Абу Довуд каби улуғ зотлар у кишига шогирд бўлишгани катта далилдир. Фиқҳ олимлари эса, бирор бир ҳукм чиқаришга шошилмасдан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фатволарига қараб ҳукм чиқаришар эди. Бу зотнинг бир нечта устозлари бўлиб, Ҳошим ибн Башир, Шофеъий, Башир ибн ал-Муфаззал, Исмоил ибн Али, Суфён ибн Уяйна ва бошқалар шулар жумласидандир. Абу Бакр ал-Марузий, Шоҳин ибн ас-Самидоъ, Абу Довуд, Бухорий, Муслим, Абу Али Ҳусайн, Абу Бакр Аҳмад ва бошқалар у зотнинг шогирдлари ҳисобланади.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг тасниф этган китоблари: «Муснад». Бу китоб 40000дан зиёда ҳадисни ўз ичига олади. «Китоби аз-зуҳд», «Ал-Маърифа ва ат-таълим», «Ал-журҳ ва ат-таъдил» ва бошқалар.
Ўша пайтда баъзи бир фуқаҳолар, айниқса, подшоҳ ҳузуридаги олимлар Қуръони каримни «махлуқ» деб, яъни, Қуръон бошқа нарсалар каби Аллоҳнинг яратган бир махлуқи, деб айтишади. Аҳмад ибн Ҳанбал бу нотўғри тушунчанинг Исломга зид эканини исботлаб берсалар ҳам улар сўзларидан қайтмайдилар. Балки кимки уларга зид чиқса, уни азоблайверадилар. Ана шу азобланганлар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам бор эдилар. Аввал Аҳмад ибн Ҳанбални уриб, кейин қамоққа олишади. Шунча азоблашса ҳам сўзларидан қайтмайдилар. У кишининг шарофатлари туфайли Ислом уммати бу нотўғри тушунчадан сақланиб қолди (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳижратнинг 241 йили Бағдод шаҳрида вафот этдилар.
ИМОМ ДОРИМИЙ
Ҳофиз ул-кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий ад-Доримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга келдилар. У зотнинг боболари асли араб бўлиб, фатҳ сабабли Хуросонга кўчиб келган ва шу ерни ватан қилиб қолганлар.
Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий айтадилар: «Имом Доримий ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эдилар. У зотнинг ёдлаш зеҳнлари, ҳалимликлари, босиқликлари, тиришқоқликлари, дунёда зоҳидликлари, ибодатлари зарбулмасал қилингандир».
Зоҳирул Хатиб Самарқандий айтадилар: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳузурларида бўлганимда у кишига Имом Доримийни зикр қилишди. Шунда у зот: «Доримий саййидлардан эдилар. Куфр келтир, дейилганда ҳам, дунё ва бойликлар рўпара қилинганда ҳам қабул қилмаганлар», деб айтдилар.
Шурайҳ ибн Юнус Бағдодийдан: «Эй аҳли Хуросон, агар ораларингизда Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Доримий бўлсалар сизларга қандай ҳам яхши, деганларини эшитдим».
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Мубаррад Маҳрамий айтадилар: «Эй аҳли Хуросон, модомики ораларингизда Абдуллоҳ Доримий бор эканлар, бошқа киши билан машғул бўлманглар».
Бандор айтадилар: «Дунё ҳуффозлари тўрттадир: Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож Нисобурий, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Доримий ва Абу Заръата ар-Розий».
Имом Доримий биринчи илмий ишларини Самарқандда бошладилар. Хуросондаги уламолар ҳузурида ҳам бўлдилар, бундан кейин Ироқ, Шом, Миср, Макка, Мадина юртларида бўлиб, у ерлик уламолардан ҳам фойдаландилар. Ҳадис илмидаги қилган асосий ҳаракатлари Самарқандда зоҳир бўлди.
Имом Доримийнинг энг машҳур китоблари «Сунани Доримий» бўлиб, бу китоб мўътабар олти китобнинг биридир ҳам дейилган. Уламолар «Саҳиҳ китоб» эгалари, деб бешта имомга иттифоқ қилдилар. Булар Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаийлардир, лекин олтинчисига ихтилофлар бор. Баъзилари «Сунани Ибн Можа» ва яна баъзилар «Муваттоъи Молик» дейишса, бошқалари «Сунани Доримий» дейишади.
«Сунани Доримий»нинг олтинчи китобликка ҳақли эканига далил шуки, у иснодда заиф кишиларнинг озлиги, жумҳур уламолардан ажрамаганлиги, инкор этилган гапларнинг топилмаслиги жиҳатидан ажралиб туради.
Имом Доримий ҳадис илми билан чегараланиб қолганлари йўқ, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эдилар. Бу зот «Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира» деб номланган фиқҳ китоби муаллифидирлар. Ва яна Қуръони каримнинг баъзи жузларига тафсир ёзганлар, лекин тафсирлари бизгача етиб келмаган.
Имом Доримий «Сунан» китобларидаги ҳадисларнинг кўп қисми фиқҳга оид эканлиги маълум бўлди. Бу китоб бошқалардан ажрамаганлиги, ноаниқ сўзлар топилмаслиги билан машҳурдир. Бу китобнинг исми тўғрисида уламолар орасида бироз ихтилофлар бўлди. Имом Заҳабий, Ибн Салоҳ, Мулла Али Қори каби улуғ зотлар «Муснад» деб, Алоуддин Мағлатойдек зотлар эса «Саҳиҳ» ҳам деб ном беришди. Лекин Имом Ибн Ҳажар, Суютий таъкидлаганидек, бу китоб кишилар орасида «Сунан» деб номланган. Имом Доримийнинг ушбу «Сунан» китоблари 3465та ҳадисни ўз ичига олгандир.
Имом Доримийнинг устозлари кўп, шулардан Абу Мусаҳҳар Димашқий, Марвон ибн Муҳаммад, Абулваҳҳоб ибн Саид, Назр ибн Шумаййил, Язид ибн Ҳорун, Саид ибн Омир Забъий, Жаъфар ибн Авн, Зайд ибн Яҳё ибн Абийд Димашқий, Ваҳб ибн Ҳарир, Холид ибн Муҳаммад, Ҳаббон ибн Ҳилол, Ашҳол ибн Ҳотам Жумаҳий, Заҳҳок ибн Муҳаммадлардир.
У зотнинг шогирдлари ва у зотдан ривоят қилган имомлар: Имом Бухорий («Саҳиҳ»ларидан ташқари китобларида ривоят қилдилар), Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насаий, Абу Довуд, Ҳасан ибн Саббоҳ, Абу Заръата Димашқий, Умар ибн Муҳаммад Бужайрий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалардир.
Имом Доримий Марв шаҳрида 255 ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни вафот этдилар. Арафа – жума кунида дафн қилиндилар.
ИМОМ ҲОКИМ
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм аз-Зобий ан-Нисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиул-аввал ойининг учинчи куни таваллуд топдилар. Ўшлик пайтларида илм олишни бошлаб, аввал оталаридан, сўнг амакиларидан дарс оладилар. Ўшлари улғайгач, ҳижратнинг 356 йили Ироқ ва Ҳижозга сафар қилиб, ҳаж ибодатини адо этдилар. Кейин Хуросон, Мовароуннаҳрни айланиб, 2000га яқин устоз кўрадилар. Ҳижратнинг 360 йили яна Ҳижоз ва Ироққа сафар қилиб, у ердаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Кейин ўзлари туғилиб ўсган Нисобурга қайтиб келадилар ва қозилик амалига ўтирадилар. Сўнгра Журжонга қози бўлиб тайинланадилар. Шунинг учун ҳам у кишини Ҳоким деб аташган.
Ибн Халликон айтадилар: «Бу зот ўз вақтининг имоми, кўп китоблар муаллифи ва фиқҳ олимларидан эдилар. Фиқҳ илмини Абу Саҳл Муҳаммад ибн Сулаймон ас-Саълукийдан оладилар».
Абу Ҳозим айтадилар: «Нисобурда Муслим ибн Ҳажжождан кейин ҳадис илмида машҳур бўлган одам Имом Ҳоким эдилар». Яна у киши: «Ҳоким ўз асрларида ҳадис илмининг улуғ олимлари Дора Қутний, Ибн Адий, Ибн Музаффарларга тенг келадилар. Ҳозиргача на Ҳижозда, на Шомда, на Ироқда, на Тобаристонда, на Хуросонда бу шахсга тенг келадиган киши топилади».
Қози Абу Самҳ Абдуллоҳ ал-Асмий агар ҳукм ишида бирор бир ишкаллик бўлиб қолса, Имом Ҳокимга мактуб ёзиб, шу ишнинг ҳукмини сўрардилар. Кейин жавобга қараб ҳукм қилардилар.
Имом Ҳокимнинг таълиф этган китоблари: «Илал», «Амолий», «Фавоидул шуйух», «Маърифатул ҳадис», «Тариху уламои Нисобур», «Мадхалу ила илми ас-саҳиҳ», «Мустадрак ала саҳиҳайни», «Музаккий ал-ахбор», «Фазоилу Имоми аш-Шофеъий», «Фазоилу Фотима», «Тарожимуш-шуйух» ва бошқалар.
Ибн Субкий айтадилар: «Тариху уламои Нисобур» китоби менинг ҳузуримда китоблар саййидидир».
Абу Саҳл ас-Саълукий, Абу Бакр Аҳмад ибн Сулаймон, Абулаббос, Даълажа ибн Аҳмад, Ибн Аҳзом, Абу Али Нисобурий, Дора Қутний ва бошқалар Имом Ҳокимнинг устозлари бўлишган, Имом Байҳақий, Абулфаттоҳ ибн Абулфаворис, Абу Зарр ал-Ҳиравий, Абу Солиҳ ал-Ҳиравий ва бошқалар эса Имом Ҳокимга шогирд бўлишган.
Имом Ҳоким ҳижратнинг 405 йили вафот этдилар.
ИМОМ ШОФЕЪИЙ
Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф (куниялари Абу Абдуллоҳ ал-Қурайший) ҳижратнинг 150 йили Ғазза шаҳрида таваллуд топдилар. Бу зот Шофеъий мазҳабининг асосчиси, фақиҳ, муҳаддис имомлардан биридирлар.
Имомнинг ёшлик даврлари Маккада кечиб, етим ўсганлар. Оналари ўқиш-ёзишни ўргатмоқчи бўладилар, лекин мактабга тўлайдиган пул бўлмаганлиги учун кўп қийналадилар. Охири бир муаллим Шофеъийдаги туғма қобилиятни билгани туфайли бепул ўқитишга рози бўлади. Бу зот ўқиш-ёзишни тез орада ўрганиб, етти ёшларида Қуръони каримни тўла ёд оладилар. Шундан сўнг масжидга кириб, уламолардан билим ўрганадилар. Имом Шофеъийнинг ёдлаш қобилиятлари ғоят кучли бўлганлиги учун ўн ёшларида Имом Моликнинг «Муватто» китобини ёд оладилар. Кейинчалик Муслим ибн Холид аз-Занжий ва Молик ибн Анаслардан фиқҳ ва ҳадис илмини ўргана бошлайдилар. Ўн бешга тўлганларида устозлари Муслим ибн Холиднинг фатво беришга фотиҳасини олдилар.
Абдулғани ад-Даҳарний ўзларининг «Аълому Муслимийн» номли китобларида Шофеъийнинг ўзлари ҳақларидаги қуйидаги сўзларини келтириб ўтадилар: «Бир кишига учрашиб унга: «Қуръонни ёд олдим, араб шеърлари ва балоғатини ўргандим, энди нима қилай», десам, у киши Молик ибн Анаснинг ҳузурларига бор, деб айтди. Кўнглимга шу нарса маъқул тушди. Маккадаги бир кишидан Молик ибн Анаснинг «Муватто» китобларини олиб, тўққиз кечада ёд олдим. Сўнгра Мадинага йўл олдим. Мен у зотнинг ҳузурларига кирдим ва ўзим ҳақимда сўйлаб бердим. У киши сўзимни тинглагач, бир қанча вақт менга тикилиб қолдилар. «Исминг нима?» деб сўрадилар. Исмим Муҳаммад, деб айтдим. «Эй Муҳаммад, Аллоҳга тақво қил, гуноҳ ишлардан четлангин, албатта, сен тез кунларда улуғ мартабаларга етасан», деб айтдилар. У кишига Қуръон тиловат қилдим. Энди қироатдан тўхтай десам, у кишига қироатим ёқиб қолиб, ўқи-ўқи, дер эдилар. Кейин Мадинада Моликнинг вафотларига қадар дарс олиб турдим».
Абдуллоҳ ибн Зубайр Имом Шофеъий ҳақида: «Шофеъий Моликнинг ҳузурида илмдан озгина қолдирди. Мадина уламолари ҳузуридаги барча илмларни жамлаб олди», деб айтадилар. Имом Шофеъий яна Маккага қайтиб, бу ерда бир неча кун тургач, яна сафарга отланадилар. Бу сафар Мадинадан ҳам узоқроқ бўлган Яманга сафар қиладилар. Кўп ўтмай бу зот Маккада ва Мадинадаги каби Яманда ҳам шуҳрат қозондилар. Ҳижратнинг 184 йили Бағдодга сафар қилиб, у ерда Муҳаммад ибн Ҳасаннинг уйида турадилар. Имом шу ерда камбағалликдан чиқа бошлайдилар. У зотнинг хизматлари эвазига халифа Ҳорун ар-Рашид 500000 динор билан мукофотлайди. Ироқда ҳам илм олгач, яна Маккага қайтиб келадилар. Масжид ал-Ҳаромда ҳалқа қилиб, шу ерда дарс бера бошлайдилар. У ҳалқада нафақат толиблар, балки Суфён ибн Уяйна, Аҳмад ибн Ҳанбал каби уламоларни ҳам топиш мумкин эди.
Ҳижратнинг 195 йили яна Бағдодга қайтиб борадилар. У ердаги «Жомиъ ал-ғарбий» масжидида одамларга дарс бера бошлайдилар. Иброҳим ал-Ҳарбий: «Ана шу масжидда йигирмага яқин ҳалқа бўлар эди», деб айтадилар. Имом Шофеъий бундан ташқари Мисрга бориб, у ердан кўп илмлар ўрганиб, шогирдлар орттириб қайтадилар.
Имом Шофеъийга ўз замоналарида ҳадис, фиқҳ, тафсир, шеъриятда етадиган киши топилмас эди. Буни уламоларнинг у киши ҳақларида айтган қуйидаги сўзларидан билиш мумкин.
Фазл ибн Диккийн: «Шофеъийдан кўра ақли етук, фаҳми комил, илми кўп одамни эшитмадик ҳам, кўрмадик ҳам», деб айтдилар.
Имом Абу Заръата ар-Розий: «Ислом умматига Шофеъийни миннат қилса арзийди», дер эдилар.
Башир ал-Марисий: «Шофеъийга дунё аҳлининг ярим ақли берилган эди», деб айтадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Кимки қўлига сиёҳ билан қалам олса, уни зиммасида Шофеъийнинг миннати бордир. Агар Шофеъий бўлмаганларида ҳадис ва фиқҳни билмаган бўлур эдик. Фиқҳ эшикларига қулф солинган эди. Аллоҳ Шофеъий сабабли, у эшикларни очиб берди», деб айтадилар.
Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган марҳаматидан яна бири Имом Абу Ҳанифа вафот этганларида у зотга ўринбосар қилиб ҳижратнинг 150 йили Имом Шофеъийни юборгандир.
Имом Шофеъийнинг таълиф этган китоблари 113 та бўлиб, шулардан машҳурлари: «Китобу ҳужжа», «Рисола», «Ум», «Ал-мабсут», «Ихтилоф ул-ҳадис», «Сифат ул-амр ван нахий», «Ибтол ул-истиҳсон», «Ас-салавот», «Ал-буйуъ», «Ал-музораъа», «Ад-даъво вал-баёнот», «Сайр ул-Авзоъий», «Фазоилу Қурайш», «Ас-сабку варраъю».
Шофеъийнинг ўзлари айтадилар: «Тушимда бир киши келиб, китобларимни олди ва ҳавога сочиб юборди, китобларим ҳар томонга тарқалиб кетди. Туш таъбирини баъзи бир кишилардан сўрасам, тушинг тўғри чиқади, сенинг илминг ёки китобинг кирмаган, бирор-бир шаҳар қолмайди, деб айтишди». Имом Шофеъий ҳижратнинг 204 йили 54 ёшларида вафот этдилар.
اصطلاح الكتاب
رَغْبَةً فِي الاخْتِصَارِ الْمَأْلُوفِ اكْتَفَيْتُ مِنَ الرِّوَايَاتِ الْمُكَرَّرَةِ بِأَجْمَعِهَا لِلأَحْكَامِ كَمَا اكْتِفِيْتُ مِنَ السَّنَدِ بِرَاوِي الْحَدِيثِ فِي أَوَّلِهِ وَ مُخَرِّجِهِ فِي آخِرِهِ.
Китобнинг истилоҳи
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар ўрнига бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг энг аввалги ровийи ва уни чиқарган шахсни олиш билан кифояландим.
Шарҳ: Ҳадис китобларида ўзидаги маъно ва бир неча ҳукмни ичига олганлиги эътиборидан бир ҳадис бир неча бор такрорланиб келтираверилган. Мисол учун «Китоби таҳорат»да зикр қилинган ҳадис «Китоби салот», «Китоби ҳаж»да ҳам такрор келган. Муаллиф китобида шундай такрорлар йўқлигини айтмоқчи. Шунингдек, асл ҳадис китобларида ҳадиснинг матнидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, то китоб эгаси бўлган муҳаддисгача бўлган ровийлар бирма-бир зикр қилинган. Уларнинг асосий ишлари ҳам ўша ровийларни аниқлаш, уларнинг ишончли кишилар эканлигини топишдан иборат бўлган. Ровийлар тўлиқ ва аниқ зикр қилинмаган ҳадисни ҳеч ким қабул қилмаган. Аммо энди, ҳамма нарса аниқ бўлгани учун ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳобийни ва уни чиқарган олим муҳаддисни зикр қилса ҳамма нарса тушунарли бўлиб қолган. Шайх Мансур Али Носиф ҳам шундоқ қилганлар.
وَقَصْدًا لِلإِفَادَةِ بِأَحْسَنِ أُسْلُوبٍ الْتَزَمْتُ فِي الْنَقْلِ مَا يَقَعُ اخْتِيَارِي عَلَيْهِ مِنْ لَفْظِ الْبُخَارِي أَوْ مُسْلِمٍ فِيمَا اشْتَرَكَا فِيهِ وَلَوْ مَعَ غَيْرِهِمَا، فَإِنِ اشْتَرَكَ الْبُخَارِي مَعَ غَيْرِ مُسْلِمٍ نَقَلْتُ لَفْظَ الْبُخَارِيِّ، وَ إِنِ اشْتَرَكَ مُسْلِمٌ مَعَ غَيْرِ الْبُخَارِيِّ نَقَلْتُ لَفْظَ مُسْلِمٍ.
Энг яхши услубдан фойдаланиш мақсадида, ихтиёр қилган ҳадисни нақл қилишда Бухорий ёки Муслим ҳадисни ривоят қилишда бошқалар билан иштирок этган бўлишса, икковларининг лафзини ихтиёр қилдим. Агар Бухорийнинг ўзи Муслимдан бошқалар билан иштирок қилган бўлса, Бухорийнинг лафзини олдим. Агар Муслим Бухорийдан бошқалар билан иштирок қилган бўлса, Муслимнинг лафзини олдим.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар ҳам шундоқ қиладилар. Чунки мазкур беш китобнинг ичида энг мўътабари Бухорий, кейингиси эса Муслимнинг китобларидир. Шунинг учун бир ҳадисни бир неча муҳаддис ўз китобида келтирган бўлса, энг яхши лафзини зикр қилиш иштиёқида Бухорий қандоқ лафз билан ривоят қилган бўлса шундоқ келтирилади-да, орқасидан «бу ҳадисни фалончилар ҳам ривоят қилган», деб қўйилади.
وَإِنْ كَانَ الْحَدِيثُ مَرْوِيًّا ِلأَصْحَابِ السُّنَنِ نَقَلْتُ لَفْظَ أَبِي دَاوُدَ.
«Агар ҳадис сунан соҳиблари томонидан ривоят қилинган бўлса, Абу Довуднинг лафзини келтирдим».
Шарҳ: Чунки Абу Довуд учинчи мартабададир. Абу Довуд, Термизий, Насаийларнинг китоблари «Сунан» деб номланади.
وَإِنْ نَقَلْتُ غَيْرَهُ بَيَّنْتُهُ وَرُبَّمَا قُلْتُ رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ، وَإِنْ قُلْتُ رَوَاهُ الشَّيْخَانِ عَنَيْتُ الْبُخَارِيَّ وَمُسْلِمًا، وَإِنْ قُلْتُ رَوَاهُ الثَّلاَثَةُ أَرَدْتُ الشَّيْخَيْنِ وَأَبَا دَاوُدَ، وَإِنْ قًلْتُ رَوَاهُ اْلأَرْبَعَةُ قَصَدْتُ الثَّلاَثَةَ وَالتِّرْمِذِيَّ، وَإِنْ قُلْتُ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ عَنَيْتُ اْلأَرْبَعَةَ وَالنَّسَائِيَّ، وَإِنْ قُلْتُ رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ قَصَدْتُ أَبَا دَاوُدَ وَالتِّرْمْذِيَّ وَالنَّسَائِيَّ، وَلَوِ اخْتَلَفَ النِّظَامُ عَنْ هَذَا بَيَّنْتُهُ بِالنَّصِّ عَلَيْهِ.
وَكُلٌّ مَوْضُوعٍ يَدُلُّ عَلَى عَمَلٍ مُرَتَّبٍ كَالصَّلاَةِ وَالْحَجِّ وَضَعْتُ أَحَادِيثَهُ عَلَى وَفْقِ التَّرْتِيبِ الَّذِي أَمَرَ بِهِ الشَّارِعُ، وَأَمَّا فِي غَيْرِ ذَلِكَ فَقَدْ كُنْتُ فِي الْغَالِبِ أُقَدِّمُ مَا يَرْوِيهِ الْكَثِيرُ عَلَى غَيْرِهِ حَتَّى أَخْتِمَ الْبَابَ بِاْلأَحَادِيثِ الْفَرْدِيَّةِ إِنْ كَانَتْ، مُرَاعِيًا تَقْدِيمَ الصَّحِيحِ عَلَى غَيْرِهِ إِلاَّ مَا يَقْتَضِي خِلاَفَ ذَلِكَ كَتَقْدِيمِ مَنْسُوخِ عَلَى نَاسِخِهِ وَمُجْمَلٍ عَلَى مُفَسِّرِهِ.
Агар Абу Довуддан бошқасидан нақл қилган бўлсам, уни баён қилдим. Кўпинча: «Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган», дедим. Агар: «Икки шайх ривоят қилган», десам, Бухорий ва Муслимни кўзлаган бўламан. Агар: «Учовлари ривоят қилган, десам, икки Шайх ва Абу Довудни, «тўртовлари», десам, аввалги уч киши ва Термизийни қасд қилган бўламан. Агар: «Бешовлари ривоят қилган», десам, мазкур тўртликка Насаий ҳам қўшилган бўлади. Агар, сунанлар соҳиблари, деган бўлсам, Абу Довуд, Термизий ва Насаийни қасд қилган бўламан. Агар бу низомдан бошқачароқ бўлса алоҳида баён қиламан.
Намоз, ҳажга ўхшаш тартиб қилинган амалга далолат қиладиган ҳар бир мавзунинг ҳадисларини шариатдаги тартиби бўйича қўйдим. Бошқа ҳолларда эса, кўпчилик ривоят қилган ҳадисни муқаддам келтирдим. Бобнинг охирида ёлғиз кишилар ривоят қилган ҳадисларни келтирдим. Шунингдек, саҳиҳни ғайри саҳиҳдан олдин келтиришни риоясини қилдим. Магар мансухни носухдан, мужмални муфассиридан олдин келтирмадим.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар ҳам худди шу йўлни тутадилар. Чунки ҳадис китобларининг ва ҳадисларнинг мартабалари тартиби ҳамма учун маълум ва машҳур. Шунинг учун ҳам кучли муҳаддислар ва кучли ҳадислар муқаддамга сурилади. Кучсизлари охирда қолади. Баъзи бир ҳадислар мансух бўлиб амалдан қолган бўлса, албатта, унинг носухи – амалдан қолдирган ҳадис – ундан кейин келган бўлади. Худди шу каби, баъзи бир ҳадисда бир масала мужмал – умумийроқ зикр қилиниб, бошқа бирида муфассал баён қилинган бўлади. Табиийки, бундай пайт-да олдин мужмал, кейин муфассал баёни бор ҳадис келтирилади.
تقسيم الكتاب
أَقْسَامُ الْكِتَابِ أَرْبَعَةٌ: الْقِسْمُ اْلأَوَّلُ فِي اْلإِيمَانِ وَالْعِلْمِ وَالْعِبَادَاتِ، الْقِسْمُ الثَّانِي فِي الْمُعَامَلاَتِ وَاْلأَحْكَامِ وَالْعَادَاتِ، الْقِسْمُ الثَّالِثُ فِي الْفَضَائِلِ وَالتَّفْسِيرِ وَالْجِهَادِ، الْقِسْمُ الرَّابِعُ فِي اْلأَخْلاَقِ وَالسَّمْعِيَّاتِ.
وَقَدْ رَتَّبْتُ قِسْمَيِ الْعِبَادَاتِ وَالْمُعَامَلاَتِ عَلَى اْلأَبْوَابِ الْفِقْهِيَّةِ ِلأَنَّهُ الْكَثِيرُ الْمَأْلُوفُ وَِلأَنَّهُ أَوْفَى وَأَسْرَعُ فِي شِفَاءِ الْغَلِيلِ مِنْ كُلِّ مَوْضُوعٍ يُرِيدُهُ الطَّالِبُ.
وَلاَ أَقُولُ فِي عَمَلِي هَذَا إِنِّي وَفَّيْتُ بِالْمُرَادِ، وَلَكِنِّي أَجْهَدْتُ نَفْسِي عَلَى قَدْرِ طَاقَتِي لَعَلِّى أُوَافِقُ الصَّوَابَ، فَإِنْ أَصَبْتُهُ فَذَلِكَ مَا أَرَدْتُ وَرَجَوْتُ، وَإِلاَّ فَمَا أَنَا إِلاَّ إِنْسَانٌ شَأْنُهُ الْخَطَأُ وَالنِّسْيَانُ. وَإِنَّي أَضْرَعُ إِلَى اللهِ تَعَالَى أَنْ يَكْسُوَهُ ثَوْبَ اْلإِخْلاَصِ وَأَنْ يُجَمِّلَهُ بِحُلَّةِ الْقَبُولِ فَهُوَ سُبْحَانَهُ خَيْرُ مَسْئَولٍ وَأَكْرَمُ مَأْمَولٍ.
وَقَدْ أَسْمَيْتُهُ «التَّاجَ الْجَامِعَ لِلأُصُولِ فِي أَحَادِيثِ الرَّسُولِ r».
أَسْأَلُ اللهَ تَعَالَى أَنْ يَجْعَلَهُ فَأْلاً حَسَنًا عَلَى الْبِلاَدِ، وَأَنْ يَنْفَعَ بِهِ الْعِبَادَ إِنَّهُ سَمِيعٌ مَجِيبٌ.
منصور علي ناصف الحسيني
КИТОБНИНГ ТАҚСИМИ
– Китоб тўрт қисмдан иборатдир:
Биринчи қисм: Иймон, илм ва ибодатлар ҳақида.
Иккинчи қисм: Муомалалар, ҳукмлар ва одатлар ҳақида.
Учинчи қисм: Фазилатлар, тафсир ва жиҳод ҳақида.
Тўртинчи қисм: Ахлоқ ва самъиётлар ҳақида.
Ибодат ва муомалот қисмларини фиқҳий боблар асосида тартибга солдим. Чунки шунга одатланилган. Шундай бўлганида ҳар бир мавзу бўйича толибнинг чанқоғи тўлароқ ва тезроқ қонади.
Бу ишим билан муроддаги нарсани тўлиқ ҳосил қилдим, дея олмайман. Лекин қурбим етганча ҳаракат қилдим. Агар мақсад ҳосил бўлса, орзу қилган нарсамга эришган бўламан. Бўлмаса, мен ҳам бир хатокор ва унутувчи инсонман! Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб, шу ишимга ихлос тўнини кийгизишини ва қабул безаги билан безатишини сўрайман. Албатта, У зотнинг ўзи энг яхши сўралувчи ва энг яхши умидвор қилувчи Зотдир.
Бу китобни «Ат-тож ал-жомеъ лил-усул фии аҳадийсур Расул», («Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан аслларни жам қилувчи тож») деб атадим. Аллоҳ таолодан уни юртлар учун яхши башорат ва бандалар учун гўзал манфаат қилишини сўрайман. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.
Мансур Али Носиф ал-Ҳусайний
Аллоҳнинг ёрдами ила биринчи жуз тамом бўлди. Иншааллоҳ, иккинчи жуз «Ислом ва Иймон китоби» бўлажак.