Инсон аввало оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Оиладаги таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий қадриятлар кейинчалик одамлар орасида — маҳалла-кўйда, таълим муассасаларида сайқал топади. Шундай экан, ватанимиз ва халқимизнинг эртанги кунини, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў - эътиборини белгиловчи баркамол авлодни вояга етказишдек улуғ вазифани оила – маҳалла ҳамкорлигисиз ҳал этиб бўлмайди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фарзанд тарбиясида энг муҳим омиллардан бири аввало эр ва хотиннинг ҳамкорлигидир. Аёл ўз табиатидан келиб чиқиб ўзига юклатилган масъулиятни адо этиш билан бирга фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Шунингдек, эр ҳам ўзига юклатилган хос масъулият яъни оиласини ҳар жиҳатдан таъминлаш, машаққат ва мусибатларни бартараф қилиш билан бирга фарзандлар тарбиясига алоҳида аҳамият бериши лозим.
Абдулло Авлоний айтганларидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Агар фарзандга яхшилик ўргатилса яхши вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади. Донишмандлар, фарзанд тарбияси ҳақида руҳий, аҳлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий ва жинсий тарбия бериш лозимлигини таъкидлайдилар.
Ислом илм дини экани барчамизга маълум. Энг долзарб вазифалардан бири ҳамиша, фарзандни илмли, маърифатли, зиёли қилиб вояга етказишдан иборат. Фарзандларга таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги ҳамда фарзандлари олдидаги ва жамият олдидаги бурчи эканини ҳар бир оқил инсон яхшилаб билиб олмоғи керак.
Ёшларнинг таълим-тарбияси ҳақида гап кетганда, маҳалланинг роли ва таъсири тўғрисида тўхталмай иложимиз йўқ. Бежиз “Маҳалла — ҳам ота, ҳам она” дейилмаган. Ўзаро меҳр - оқибат, аҳиллик ва тотувлик каби халқимизга хос урф - одат ва анъаналар айнан маҳалла муҳитида ривожланган. Булар эса ёш авлоднинг онгу тафаккурини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Демак, фарзандларимиз таълим - тарбиясида маҳалланинг ўрнини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.
Кейинги пайтларда “оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга кенг тарқалаётган маънавий ва ахлоқий бузуқлик ёшларимизнинг дунёқарашига ҳам жиддий хавф солмоқда. Ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм каби ёт ва бузғунчи ғояларни интернет орқали ёшлар онгига сингдиришга уриниш кучайиб бормоқда. Йигит-қизларимизни уларнинг таъсиридан асрашимиз керак. Шу боис маҳаллаларда бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни атрофлича таҳлил қила оладиган мутахассисларни жалб этган ҳолда ёшлар учун ўқув соатлари ташкил этиш лозим. Токи, бундай тадбирлар миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган ғоя ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб берсин. Бу эса ёшларимизнинг қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Фарзандлар жамиятда ўзларига мос ўринларни эгаллашлари, комил инсон бўлиб етишишлари йўлида ижтимоий тарбия масъулиятига катта аҳамият бериш лозим. Болага ўргатиш лозим бўлган одоблардан кўришганда салом бериш, бемор бўлса хабар олиш, чақирганда жавоб бериш, вақти -вақти билан совғалар бериш ва ҳоказолар. Энг муҳими болаларга жамият билан боғлиқ алоқаларга оид оммавий, ижтимоий одобларни ҳам ўргатиб бориш лозим.
Бугун гўзал юртимизда фарзандлар бахтиёр ҳаёт кечиришмоқда. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларни ҳар томонлама етук, билимли, доно ва жамиятга манфаати тегадиган қилиб тарбиялаш керак.
Бугун ҳар бир ёш болага вақтида тарбия, одоб - ахлоқ ўргатиш юртга, халқга бўлган муҳаббатини уйғотиш, энг муҳими илмли қилиб тарбиялаш, токи ўзи мустақил фикрга эга бўлиб, мафкуравий иммунитети шакиллангунга қадар ота - онаси, устозлари ва маҳалладаги нуронийлар томонидан доимо назорат қилиб турилиши керак. Зеро, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг барчангиз бир кемага чиққан йўловчиларга ўхшайсизлар. Агар ораларингиздан бир телба қўлига болта олиб, кемани чопа бошласа ва сизлар лоқайдлик қилиб уни тўхтатмасангизлар барчангиз сувга ғарқ бўласизлар. Агарда уни бу ишдан қайтарсангизлар барчангиз омон қоласизлар” деганлар.
Музаффар Қосимов, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари