Аллоҳ таъоло инсон умрининг ҳар-бир босқичини муҳим қилиб қўйди. Шулардан бири инсоннинг ёшлик давридир. Ёшлик инсон умридаги энг нозик даври ҳисобланади. Шу билан бирга, ёшлик даври инсоннинг ҳаёт йўлларининг чорраҳасида турган пайти ҳамдир. Агар шу чорраҳада инсон яхши йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, қариндошлари, халқи, ватани учун жуда катта яхшилик сари юз бурган бўлади. Бу уни дунё ва охират бахтига эриштиради. Агарда, Аллоҳ кўрсатмасин, шу чорраҳада ёмон йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, халқи, ватани учун ўта кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқаради. Ёшлар ҳар-бир миллатни келажаги эканлигини ҳисобга олсак уларга эътибор беришлик янада зиёдалашади. Бу борада ота-оналар фарзандлари учун масьул эканлиги янада яққоллашади. Бу ҳақда Аллоҳ каломида “Моллар ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”- деб марҳамат қилган. Демак, фарзанд ота-она ҳаётининг зийнати экан. Авваламбор, ота-она фарзандларига одоб-ахлоқ ўргатмоғи лозим экан. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида “Сизларни ҳар-бирингиз масьулсизлар қандайки чўпон ўз қўрасига масьул бўлгани каби” деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисдан биз учун оладиган фойда, демак бу дунёда ҳар-биримиз масьул эканлигимизни унутмаслигимиз керак экан. Устозлар – шогирдлари учун масьул экан. Демак, ёшларимизни комил инсон қилиб тарбияломоғимиз лозимдир. Шу боис ҳам Аллоҳ таъолони охирги ва мукаммал дини ёшларга катта эътибор беришни тақозо қилади. Ёшлик даври инсон учун берилган илоҳий неъматлардан бири бўлиб, инсон мазкур неъматга шукр қилиши, бунда асло ношукр бўлмаслиги зарурдир. Бунинг устига ёшлик қиёмат куни ҳисобга олинадиган неъматлардан эканини ҳам унутмаслик керак. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунча, Робби ҳузуридан узилмайди”. (Ибн Масъуддан ривоят қилинади)
Яна Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик даврини инсон боласи ғанимат билиши лозим эканлигини таъкидлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил, ёшлигингни қариликдан олдин, соғлигингни беморлигингдан олдин,бойлигингни камбағаллигингдан олдин ва ҳаётингни ўлимингдан олдин”. (Имом Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Исломнинг ёшликка берган бу каби олиймақом аҳамияти бизларни унинг қадрига етишга чорлайди. Ёшликни ғанимат билиш уни қадрига етиш ундан унумли фойдаланиш динимиз кўрсатмаларидандир. Шундай экан барчамиз ёшларимизни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асраб авайламоғимиз керак.
Юртимиз равнақи ёшларимиз қўлида эканлигини инобатга олиб, бу йўлда ота-оналар фарзандларига, устозлар – шогирдларига, катталаримиз – кичикларимизга ўрнак бўлиб, хизмат қилмоғимиз лозим ва даркордир. Аллоҳ таъоло ёшларимизни ўзи ҳидоятидан адаштирмасин!
А.Ганжиев
Ғузор тумани бош имом – хатиби