1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сийрат дарслари (214-дарс) Исломнинг хулқи ҳаёдир

28-01-2023, 09:03 332 Ўқиш режими + -
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

834. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё борасида танбеҳ бераётган ансорлардан бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Уни ўз ҳолига қўй! Албатта, ҳаё иймондандир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
* * *
835. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё иймондандир, иймон (соҳиби) жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир, жафо (эгаси) дўзахдадир», дедилар».

Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
* * *
836. Абу Саввор Адавийдан ривоят қилинади:

«У Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадисни айтаётганини эшитган экан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», дедилар». Бушайр ибн Каъб: «Ҳикматда: «Виқорли бўлиш ҳаёдандир. Сокинлик ҳаёдандир» деб ёзилган», деди. Шунда Имрон унга: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис сўзласам, сен менга саҳифангдан сўзлайсанми?!» деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
* * *
837. Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар нубувватнинг каломидан англаб келган нарсаларидан бири: «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.
* * *
838. Анас ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир диннинг ўз хулқи бор, Исломнинг хулқи ҳаёдир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан