Бунинг сабаби, ушбу сурада "истажабна лаҳу" (унга жавоб қилдик) деган сўз кўп такрорланган. Бошқа сураларда бундай эмас.
Биз қийин аҳволга тушганимизда, мушкул ҳолатдан чиқишга бирорта эшик қолмаганида, ушбу сурани ўқисак, ундаги "истажабна лаҳу" ояти шарофати ила қаршимизда нажот эшиги очилади. Зеро, ушбу сурада бир қанча пайғамбарларнинг бошларига тушган мушкул аҳволдан "истажабна лаҳу" ила нажот топганлари ҳикоя қилинган.
Мана, Нуҳ алайҳиссалом мушкул аҳволда қолганларида, у зотнинг дуолари ижобат бўлиб, ўзлари ва оилаларига нажот берилди.
وَنُوۡحًا اِذۡ نَادٰى مِنۡ قَبۡلُ فَاسۡتَجَبۡنَا لَهٗ فَنَجَّيۡنٰهُ وَاَهۡلَهٗ مِنَ الۡكَرۡبِ الۡعَظِيۡمِۚ
"Ва Нуҳни (эсла). Бундан олдин у нидо этганида, Биз унинг нидосига жавоб қилдик ва унга ҳамда унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик" (Анбиё сураси, 74-оят).
Айюб алайҳиссаломга оғир касаллик етиб, молу давлат, авлоду зурриётдан маҳрум бўлганларида Аллоҳдан нажот истадилар.
وَاَيُّوۡبَ اِذۡ نَادٰى رَبَّهٗۤ اَنِّىۡ مَسَّنِىَ الضُّرُّ وَاَنۡتَ اَرۡحَمُ الرّٰحِمِيۡنَ فَاسۡتَجَبۡنَا لَهٗ فَكَشَفۡنَا مَا بِهٖ مِنۡ ضُرٍّ وَّاٰتَيۡنٰهُ اَهۡلَهٗ و مِثۡلَهُمۡ مَّعَهُمۡ رَحۡمَةً مِّنۡ عِنۡدِنَا وَذِكۡرٰى لِلۡعٰبِدِيۡنَ
"Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла. Бас, Биз унинг (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва, обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик" (83-84-оятлар).
Навбатдаги пайғамбар Юнус алайҳиссалом бўлиб, у зотни ғам-ташвишдан қутқаргани баён этилади.
وَ ذَا النُّوۡنِ اِذْ ذَّهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ اَنۡ لَّنۡ نَّـقۡدِرَ عَلَيۡهِ فَنَادٰى فِى الظُّلُمٰتِ اَنۡ لَّاۤ اِلٰهَ اِلَّاۤ اَنۡتَ سُبۡحٰنَكَ ۖ اِنِّىۡ كُنۡتُ مِنَ الظّٰلِمِيۡنَ فَاسۡتَجَبۡنَا لَهٗۙ وَنَجَّيۡنٰهُ مِنَ الۡـغَمِّؕ وَكَذٰلِكَ نُـنْجِى الۡمُؤۡمِنِيۡنَ
"Зуннунни (Юнусни) эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз" (87-88-оятлар).
Тўртинчи пайғамбар, бу Закариё алайҳиссаломдир. У киши бефарзандликдан азият чекар эдилар.
وَزَكَرِيَّاۤ اِذۡ نَادٰى رَبَّهٗ رَبِّ لَا تَذَرۡنِىۡ فَرۡدًا وَّاَنۡتَ خَيۡرُ الۡوٰرِثِيۡنَ فَاسۡتَجَبۡنَا لَهٗ وَوَهَبۡنَا لَهٗ يَحۡيٰى وَاَصۡلَحۡنَا لَهٗ زَوۡجَهٗ
"Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди. Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳъёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик..." (89-90-оятлар).
Савол туғилиши мумкин, нажот эшиги фақат пайғамбарларга очиладими?
Жавоб шу суранинг ўзида келган.
رَحۡمَةً مِّنۡ عِنۡدِنَا وَذِكۡرٰى لِلۡعٰبِدِيۡنَ
"Бу Бизнинг ҳузуримиздан раҳмат ва обидларга эслатмадир" (84-оят).
وَكَذٰلِكَ نُـنْجِى الۡمُؤۡمِنِيۡنَ
"Мўминларга шундай нажот берурмиз" (88-оятлар).
Демак, ҳар бир ихлосли, ибодатли мўмин кишига Аллоҳнинг ижобат эшиклари мунтазирдир.
Ҳомиджон домла Ишматбеков - Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.