1445 йил 25 Шаввол | 2024 йил 03 май, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:10
Sunrise
05:37
Dhuhr
12:34
Asr
17:28
Maghrib
19:31
Isha
20:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фарзанд камоли - ота-оналарга боғлиқ

2-02-2023, 15:12 81 Ўқиш режими + -
Ёшларнинг фаол ижтимоий кучга айланиб бораётгани бугунги кунда уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош объектига айланишига олиб келди. Бунда уларнинг жамиятнинг ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган, ташқи таъсирларга тез берилувчан ва айни пайтда, энг ҳаракатчан қатлами экани инобатга олинмоқда.
Ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларнинг билимлари, шу жумладан, диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиши ҳамда ишонувчанлиги, бирданига ва ҳамма эга бўлишга ҳаракат қилиши, илмий тилда айтганда максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. Айниқса, ғоялар кураши авж олган бугунги кунимизда ёшлар маънавиятига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида, динни ниқоб қилиб, диний қадриятларимизни оёқости қилишга уринаётган экстремистик ва миссионерлик ҳаракатларининг фаолияти жиддий ташвиш уйғотмоқда. Шунинг билан бирга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уриниш баъзан мудҳиш ҳолатларнинг юз беришига олиб келмоқда.
Ҳозирги кунга келиб минтақада, хусусан, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳанинг ривожланиши диний мутаассиблик хавфининг олдини олишда муҳим омил бўлиб қолмоқда. Аммо ғаразли кучлар ҳам ўз мақсадларига эришиш йўлида янги-янги услубларни, ҳийла-найрангларни ўйлаб топишлари ҳам табиий. Бу каби салбий ҳолатларнинг пайдо бўлиши ва ривож топишига йўл қўймаслик эса доимий хушёрликни талаб этади.
Юқоридаги мулоҳазалар, экстремизм ва мутаассибликнинг асл қиёфасини очиб бериб, мазкур ҳаракатларнинг нафақат дунёвий қонун-қоидалар, балки ислом дини асосларига ҳам зид эканини кўрсатади. Шундай экан, бундай оқимларга қарши муросасиз кураш, террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган мутаассиб кучларнинг ислом динига мутлақо ёт, бегона эканини ҳар томонлама асослаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Буюк аллома, ватандошимиз Абу Райҳон Беруний айтганидек, “Инсон табиатнинг энг олий зоти, камолотидир, инсон зоти барча ҳайвонлардан юқори туради. Инсонга катта шараф кўрсатилган – унга ақл-заковат ва куч берилган. Шу сабабдан, инсоннинг маънавий олами унинг олдига қўйилган вазифаларга мос бўлиши учун у юксак ахлоқли, билимли, маърифатли бўлмоғи даркор”. Демак, фарзанд тарбияси аввало, унинг маънавий пойдевори қанчалик мустаҳкамлиги билан белгиланади. Дарҳақиқат, гўзал хулқ ила тарбияланган бола ҳаётда ақл-идрок билан иш тутади, имон-эътиқодида собит туради, эркин ва мустақил фикрлайди, ҳар хил алдовларга учмайди ҳамда ғаразли ташвиқотларга берилмайди.
Айни пайтда, бир ҳақиқатни алоҳида қайд этиш лозим. Ота-боболаримиз дини бўлмиш ислом ҳар доим одамларни ўз-ўзини идора этишга, яхши хислатларни кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишига чорлаган, оғир синовларга бардош беришга, ёруғ кунларга интилиб яшашга даъват қилган, бир сўз билан айтганда, халқимиз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам маърифат бўлиб келган. Ҳозирда ҳам бу маърифат одамларга маънавий-руҳий куч-қувват бағишлаб, ўзаро меҳр-оқибатлилик туйғуларининг камол топишига хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, Ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидоийлик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга ҳам боғлиқ. Бу борада, албатта, ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик – маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика нозири, Хотин-қизлар қўмитаси каби ташкилотларнинг жойлардаги масъуллари биргаликда фаол ишлашлари керак.
Республикамизда қарор топган толерантлик муҳитини оммага объектив кўрсатиб бериш, эътиқод эркинлиги соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатни кенг тарғиб қилиш, экстремистик оқимлар томонидан тарғиб қилинаётган вайронкор ғояларга қарши ислом манбаларига асосланган илмий раддиялар бериш, диний мутаассиблик тамойилларининг жамиятга таҳдиди, унинг замиридаги ғаразли геосиёсий мақсадлар, уларни амалга ошираётган бузғунчи кучларнинг кирдикорларини фош этишга қаратилган ишланмалар яратиш ёки уларни аҳоли орасида тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Демак, ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ён-атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида сергак ва огоҳ бўлиб яшаши, ёшларимизнинг онгу қалбини жаҳолатдан, ёт ва зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз, тинчлик учун доимо ўзимизнинг бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этиб яшашимиз лозим.

Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари