Мовароуннаҳрда тафсир илми ва муфассирлар ҳақида сўз юритишдан аввал бу улкан илмнинг келиб чиқиши ва ривожланиши тарихига бир назар солайлик.
«Тафсир» сўзи луғатда баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш маьноларини англатади. Аммо уламолар истилоҳида қуйидагича таьрифланади:
«Тафсир–инсон қудрати етгунча Қурьони Каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир».
Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. Чунки у зоти бобаракот одамларга Қурьони Каримнинг маьноларини ўз суннатлари ила баён қилар, саҳобаларнинг Қурьон оятлари маьноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар. Саҳобаи киромларга тафсир илми Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос қолди. Лекин уларнинг бу илмдаги даражалари турлича эди. Шунинг учун ҳам улардан кимки баьзи оятларнинг маьносини англашда ўзида ҳожат сезса, ўзидан олимроқ бошқа саҳобалардан сўраб олар эди.
Саҳобалардан ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масьуд, Убай ибн Каьб ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Уларнинг барчасидан Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлсин. Тобеинлар эса тафсирни саҳобалардан ўргандилар. Ва улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. Масалан: Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саид ибн Жубайр, Ато ибн Аби Робоҳ ва бошқалар.
Бу икки асрда, яьни саҳобалар ва тобеинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, таьлиф қилиб ёзилмаган эди. Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ашур ўзларининг «Тафсир ва рижолуҳу» номли китобларида таькидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс 149 ҳижрий йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждурлар. Мазкур китоб таьлиф этилгандан бошлаб тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу давр китоблар таьлиф қилиш давридир. Бу даврнинг аввалида Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар. Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлиниб кетган. Биз бу қисмлардан баьзиларини зикр қилиб ўтамиз:
Биринчи қисм–«Тафсир бил маьсур».
Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қурьон оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади.
Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: Имом Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг «Жомиьул баён фи тафсирил Қурьон», Имом Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масьуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг «Маьолимут танзил», Имом Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул Қурьонул азим», Имом Жалолиддин Суютийнинг «Аддурул мансур фи тафсир бил маьсур» китоблари.
Иккинчи қисм–«Аттафсир бир-рай».
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва у иккига, жоиз ва ғайри жоизга бўлинади. Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади. Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат, бидьат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар.
Жоиз бўлган рай билан қилинган тафсирлардан машҳурларини эслаб ўтайлик: Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг «Мафотиҳул ғайб», Имом Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али Байзавийнинг «Анварут-танзил ва асрорут таьвил», Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг «Мадорукут танзил ва ҳақоиқут таьвил» китоблари.
Учинчи қисм–«Тафсири ишорий».
Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маьносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир.
Бу қисмга доир тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар: Имом Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг «Ғароибул Қурьон ва рағоибул Фурқон», Имом Шерозийнинг «Ароисул баён фи ҳақоиқул Қурьон» китоблари.
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, тафсир китоблари жуда ҳам кўп. Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бутун дунёнинг, айниқса мусулмон оламининг Қурьони Каримга бўлган чексиз қизиқиши уламоларни доимо уни ўрганишга, унинг тафсирини ёзишга чорлаб келган. Қадимдаёқ тафсирлар ва муфассирлар ҳақида алоҳида катта-катта китоблар битилгани фикримизнинг далилидир. Ушбу муқаддимада тафсир илми тарихи ҳақида ўта қисқа равишда маьлумот бериб қўйишни маьқул топдик, холос.
Ижозатингиз билан, энди Мовароуннаҳрда тафсир илми ва муфассирлар ҳақида икки оғиз сўз юритайлик. Қадимги Ислом манбаларида ҳозирги Ўрта Осиё, «Мовароуннаҳр» ва «Хуросон» номлари ила зикр қилинган. Тарихий Ислом китобларида Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Косон, Шош, Фарғона, Марв, Насаф, Гургенч, Ўзган ва бошқа шаҳарларнинг номлари ҳам зикр қилинган. Мазкур шаҳарларнинг барчаси диёримиздадур, улардан кўплари ҳозирги вақтгача ўз қадимий номлари билан аталади.
Бутун Ислом оламига маьлум ва машҳурким, бу ўлка барча илмларда, жумладан Ислом илмларида ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломаларни етиштирган. Мазкур илмлар ичида ҳадис, тавҳид, навҳу, фиқҳ ва бошқа кўпгина илмлар бор. Биз эса ҳозир фақат Мовароуннаҳрдаги тафсир ва муфассирлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Мусулмонлар келиб фатҳ қилганларидан сўнг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу диёрларни ҳам Ислом нури билан мунаввар қилди. Ерлик аҳоли Исломни қабул қилганларидан сўнг, аввалги мусулмонлар янги мусулмонларга Ислом илмларини ўргата бошладилар. Бу илмлар ичида тафсир илми ҳам бор эди. Маьлумки, бу диёрларнинг туб аҳолиси Исломдан аввал ҳам баьзи бир илм ва маданият турларидан хабардор эдилар. Ушбу сабабга кўра аллома Ибн Халдун таькидлаганидек, уларда Ислом илмларини қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака бор эди. Бир оз вақт ўтиши билан муҳаддислар мадрасаси пайдо бўлди ва улар Қурьон тафсири тўғрисидаги асарларни жамлаган биринчи кишилар, деб эьтироф қилиндилар. Уларнинг сардори Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эдилар. «Кашфи Зуннун» номли китобда зикр қилинишига кўра, у зот «Тафсири кабир» номли алоҳида бир тафсир китоби таьлиф қилган эканлар, лекин афсуски, мазкур китоб бизгача етиб келмаган. Шунга қарамасдан, Имом Бухорий тафсир илмида улкан асар қолдириб кетганлар, у зотнинг «Жомеьус саҳиҳ» китобларида Қурьони Карим тафсирига оид мингдан зиёд ҳадис мавжуд.
Иккинчи ҳижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баьзиларини зикр қилиб ўтамиз:
1. Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топганлар ва 333 ҳижрий йилда вафот этганлар. У зотнинг аксарият муаллифотлари тавҳид илмида, яьни илми каломда бўлган. Имом Мотуридий ўзларининг «Таьвилоту аҳли сунна» номли тафсирларида илми калом уламолари йўлидан борганлар ва Қурьони Карим оятларини ақидада Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.
2. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий. У зот Имом Ҳодий номли билан машҳур бўлганлар, 373 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таьлиф қилганлар. Тафсир китобларини эса «Баҳрул улум» деб номлаганлар ва бу тафсир «Тафсир бил маьсур» тоифасидандир.
3. Имом Жоруллоҳ Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замаҳшарий. Бу улуғ имом Хоразмнинг Замаҳшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топганлар ва 538 ҳижрий санада вафот этганлар. У зот туғилган юртларида дафн қилинганлар. (Замаҳшар қишлоғи ҳозирги Туркманистон жумҳурияти Тошҳовуз шаҳридан 30 чақирим узоқликда жойлашган). Имом Замаҳшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилганлари ва энг машҳур муаллифотларидан бири «Кашшоф ан ҳақоиқи ва уйунил ақовили фи вужуҳит таьвил» номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка «Кашшоф» номи билан машҳурдир.
4. Имом Фаҳриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайин Розий 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топганлар ва умрларининг кўп қисмини Хоразмда ўтказганлар. У кишининг «Мафотиҳул ғайб» номли тафсир китоблари илм аҳли ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошқа бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий 606 ҳижрий санада вафот этганлар.
5. Имом Абул Барокот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади). Имом Насафий 701 ҳижрий санада вафот этганлар. Имом Насафий ўзларининг «Мадорикут танзил» номли тафсир китобларини таьлиф қилишда Имом Замаҳшарийнинг «Кашшоф» тафсирларидан истиьфода қилганлар. Имом Насафийнинг «Мадорикут танзил» номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламо ва толиб илмлар орасида зўр эьтибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
Бундан ташқари Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нўьмоний», «Тафсир Тибён», «Тафсир Мавлоно Чархий» каби маҳаллий луғатларда таьлиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа луғатларда ёзилган. Эслатиб ўтмоқ лозимки, мазкур машҳур муфассирларнинг китоблари ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг кутубхона ва музейларида мавжуддир ва жумладан, Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идораси қошидаги кутубхонада ҳам бор. Бу китоблардан уламолар ва илм толиблари Ислом ва мусулмонлар хизмати учун бўлаётган илмий баҳсларида истиьфода қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини Ўзи хуш кўрган ва рози бўлган хайрли ишларга муваффақ қилсин! Омин!
“Тафсири Ҳилол” китоби
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.