Бугун 14 феврал буюк шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунидир. Маълумки, Ўзбекистон Президентининг «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Халқимизнинг севимли шоири А. Орипов ўз даврида З.М.Бобурга бағишланган “Бобуршоҳ” деган қуйидаги шеърини ёзган эди:
Темурбек наслидан чиққан
Ажиб сиймодир, Бобуршоҳ.
Навоийдек шеъриятда
Ўзи дунёдир, Бобуршоҳ.
Ғалат ҳолким, қалам бирла
Танилди соҳиби шамшир,
Бунингдек зўр саодатда
Ҳануз танҳодир, Бобуршоҳ.
Не юртлар нусратига тан бериб,
Шайдо ҳам бўлмиш, лек
Туғилган юртига зору
Абад шайдодир, Бобуршоҳ.
Бу зотнинг тоза қони
Қайда томса, бир чечак унди.
Хумоюн, Гулбадан, Акбар
Боқинг, пайдодир, Бобуршоҳ.
Жаҳон аҳлини лол этмиш
Мислсиз "Воқеъот" бирлан,
Асрлар қаъридан кечган
Улуғ дарёдир, Бобуршоҳ.
Буюк Ҳинд юртида қолмиш
Маломат ичра сабр айлаб,
Мусофир кўп бу дунёда,
Валек яктодир, Бобуршоҳ.
Қилиб кўп яхшиликлар
Яхшиликни кўрмаса ҳамки,
Дер Абдулло, Ватан ичра
Бобур Мирзодир, Бобуршоҳ.
З.М.Бобурнинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Бобур ва бобурий шахзоданинг ҳаёт йўли, беқиёс бунёдкорликлари, давлат бошқарувидаги ислоҳотлари, колаверса, уларнинг инсоний қиёфалари ватандошлари қалбида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она-Ватани Ўзбекистонда тарғиб ва тавсиф этиш биз учун ғоят аҳамиятлидир.
Зеро, З.М. Бобурнинг қон томирлари туркий қавмга, яъни ўзбекларга келиб туташади ва шу боис уларнинг маънавий мероси бизда миллий ғурур ва ифтихор хиссини уйғотади.
М. Қораев,
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” масжиди имом хатиби