ҚУРЬОН ТУШИШИНИНГ БОШЛАНИШИ
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга етганларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги «Ҳиро» номли ғорга кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» деб аталган ибодат қилардилар. Яьни ёлғиз ҳолда, дунё ишлари ҳақида, ундаги разолатларни қандоқ йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа фазилатлар тўғрисида фикр юритадилар. Баьзида уйга озиқ-овқат учун тушардилар ёки уйдан озиқ-овқатни келтиришарди. Бу ҳам Аллоҳ таоло тарафидан у зотни Пайғамбарликка тайёрлаш эди. Кунлардан бирида ғор оғзига чиқишлари билан «Ўқи!»-деган гулдурос овозни эшитдилар ва «Ўқишни билмайман»,- деб жавоб бердилар. Бир нарса елкаларидан сиқди-да, қўйиб юбориб, яна «Ўқи!»- деди, у киши яна «Ўқишни билмайман»,- дедилар. Шу тариқа уч марта такрорлангандан сўнг гулдурос овоз «Алақ» сурасининг биринчи беш оятини ўқиди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг сўзлари тошга битилгандек ёд бўлиб қолди. У киши нима бўлаётганини тушуна олмай, қўрқиб кетдилар ва шошиб уйларига ранглари оқарган ҳолатда кириб бориб: «Мени ўраб қўйинглар»,- деб ётиб олдилар. Бўлган воқеани хотинлари Хадича онамизга сўзлаб бердилар. У киши: «Худо хоҳласа, яхшилик бўлса керак, чунки сиз доимо барчага яхшилик қиласиз, сиздай одамга ёмонлик етмайди»,–деган маьнодаги сўзларни айтиб, амакилари Варақа ибн Навфалнинг олдига йўл олдилар. Варақа кўпни кўрган, илоҳий китоблардан бохабар, улуғ ёшдаги киши эди. Ҳадича онамиздан бўлган воқеани эшитгач, «Суюнчи бер, жиян, Муҳаммадга Мусо Пайғамбарга келган фаришта келибди, у охирги умматнинг Пайғамбари бўлибди»,–деди. У, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан ҳам гаплашиб, иш нимада эканини тушунтирди.
Бу инсоният тарихидаги энг бахтли кун эди. Чунки инсоният маьлум бир босқичга етган пайтида Аллоҳ Ўзининг баркамол дини бўлмиш Исломнинг дастури–Ўзининг охирги китобини Ўзининг сўнгги Расулига туширишни бошлаган эди. Шу кундан эьтиборан адашиб юрган инсониятга Аллоҳнинг Ўзи йўл кўрсатишни бошлаган эди. Одамларнинг ишларига Аллоҳнинг Ўзи аралаша бошлаган эди. Арш билан ер орасида боғланиш бошланган эди. Шу кундан инсоният тарихида бахтли соатлар саноғи бошланди. Аста-секин оятлар тушаверди. Бу жараён 13 йил Маккада ва 10 йил Мадинада–жами 23 йил давом этди.
Қурьон суралардан иборатдир, сура Қурьоннинг бир бўлаги бўлиб, уч ёки ундан кўп оятни ўзи ичига олади.
Қурьонда 114та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Баьзи сураларнинг исми суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баьзилариники эса ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.
Қурьон суралари икки қисмга бўлинади:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан аввал тушган суралар–«Маккий суралар» (Маккада тушган) дейилади.
2. Ҳижратдан кейингилари эса–«Маданий суралар» (Мадинада тушган) дейилади.
Маккий оятлар Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қурьон ва Пайғамбар ҳақлиги, мушриклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси, мусулмонларнинг ахлоқи қандоқ бўлиши, қиёмат куни, Одам Ато ва Шайтон қиссаси, эьтиқод масаласи каби мавзуларни баён қилади. Маккий оятлар одатда қисқа бўлади, ичида «Калла» лафзи, «Яаа айюҳаннасу» жумласи бўлади.
Маданий оятларда эса шарьий ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида, жиҳод, урушлар каби мавзулар ҳақида сўз юритилади. Улар узун-узун бўлади.
Маьлумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам Қурьон оятларини фариштадан эшитиб ёдлаб олар эдилар. Чунки ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида ёзишни биладиган одамлар, шу жумладан Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каьб каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмонинг пўстлоғими, япалоқ тошларми, катта суякларми, терими, қоғозми ва шунга ўхшаш нарсаларга Қурьонни ёзиб борганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар.
Шундай қилиб йигирма уч йил давомида Қурьон фаришта орқали тушиб ҳам бўлган. Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлишган ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.
“Тафсири Ҳилол” китоби
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.