Дорул-ислом” тушунчасини нотўғри талқин қилмайлик
8504
17-02-2023, 09:43
274
Ўқиш режими
+
-
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар Муҳаммад алайҳис-саломга салом ва саловатлар бўлсин!Маълумки, инсон фикр ва тушунчалари асоси эътиқодини шакллантиради. Тўғри эътиқод инсоннинг амалларини тўғри бўлишига олиб келади. Шу жиҳатдан эътиқод кўп нарсаларни ҳал қилади. Ҳозирги пайтда дорул-ислом ва дорул-куфур деган тушунчалар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Айрим кишилар ўз ғаразли мақсадларига мана шу тушунчаларни нотўғри талқин қилиш билан эришмоқчи бўлмоқдалар.
Хўш, дорул-ислом нима маъноларни англатади?
Дорул-ислом ибораси араб тилидан таржима қилинганда “ислом ҳудуди, ислом диёри”, – деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса, ислом арконлари амалда намоён бўлган ҳудудга “ислом диёри” нисбати берилган. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ислом диёри – ислом ҳукмлари зоҳир бўлган ердир”, – дейдилар. Бошқа фуқаҳолар эса: “У – Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки Қуръони каримни илоҳий эканлигини эътироф этиб, уларга ижобий муносабатда бўлган ёки худосизликдан иборат очиқ куфр хусусият намоён бўлмаган ҳудуд”, – дейдилар.
Дурул-куфр.ибораси куфр диёри (уруш диёри) деган маънони англатиб, ислом фақиҳлари томонидан мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган диёрларга нисбатан қўлланилган. Истилоҳда куфр (ҳарб) диёри ислом дини умуман кирмаган, яъни куфрга асосланган жамиятга нисбатан қўлланилган. Ислом уламолари куфр ва ҳарб диёрлари тушунчалари ўртасини ажратмайдилар. Мазҳаб соҳиблари ўртасида куфр диёри ислом арконлари пайдо бўлиши билан ислом диёрига айланишни ўзаро иттифоқ қилганлар.
Диёр” сўзи ҳозирда “давлат” атамасига тўғри келади. Бугунги кунда Ер юзида исломни етказиш мумкин бўлмаган ёки куфр диёри деб номлашга лойиқ макон қолмади. Куфр диёри тушунчасини хусусан ғаразли мақсадларга йўналтирилган ҳамда ўз гуруҳ ва тузилмалари номига “исломий” деган сўзларни киритган доиралардагина амалда ишлатилмоқда. У ҳам бўлса, мазкур кучлар томонидан жиҳодий ҳаракатларни оқлаш мақсадида нафақат баъзи номусулмон мамлакатларни, балки аҳолисининг аксари мусулмон бўлган давлатларга нисбатан ҳам куфр диёри ибораси қўлланилиб, қотиллик каби амаллар оқлаб чиқилмоқда. Мазкур кучларнинг ҳозирда ҳеч бир давлат, хоҳ араб давлатлари бўлсин, хоҳ мусулмон мамлакатлари бўлсин уларни ислом диёрлари эмас, балки куфр диёрилари дея қилаётган ғаразли даъволари асоссиздир.
Бугунги замондаги (жиҳодий, сохта салафийликка мансуб) айрим мутаассиб гуруҳлар ислом ва куфр диёрлари масаласига ғулув кетишиб шариат мақсадларидан четга чиқиб қолганлар. Бу адашув ва ғулувлари оқибатида ер юзидаги жамийки мусулмон ўлкаларни ҳатто, ҳадисларда қиёмат кунига қадар ислом диёри бўлиб қолишлиги башорат қилинган Макка ва Мадинани ҳам куфр диёри деган бузуқ “фатво”ларни ҳам бериб, одамларда нотўғри тушунчалар ҳосил қилмоқчи бўладилар. Бу билан ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширмоқчи, ер юзида фитна оловини ёқмоқчи бўладилар. Исломда, тинчликда яшаётган ўлкалардаги тинчликка барҳам бермоқчи бўладилар. Ислом дини ва унга эътиқод қилувчи мусулмонларнинг номини ёмон отлиққа чиқармоқчи бўладилар. Ислом дини тинчлик динидир. У ҳеч бир миллатни, халқни, қабилани камситмайди.
Ер юзидаги инсонларнинг турли миллат ва элатларга мансублиги, уларни хилма-хил урф-одат ва анъаналарга, хусусан, диний анъаналарга амал қилиши Аллоҳнинг иродаси бўлиб, бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда айтилган.
Ҳуд сураси 118-оятларида шундай дейилади: “Агар Раббингиз хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир хил динга тобе) қилган бўлур эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб бораверадилар. Раббингиз раҳм қилган кишилар эса, бундан мустаснодирлар”.
Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларда бошқа дин вакиллари билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга, одамларни турли фирқа- бўлинишларга ажратмасликка тарғиб қилинади: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот, 13).
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, биз мўмин мусулмонлар бундай ғаразли хато тушунчалардан огоҳ бўлишимиз ва ғаразли тушунчаларга алданмаслигимиз лозим бўлади.
Раҳматилло Усмонов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакили