1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ота, она ва фарзанд – оила устуни

17-02-2023, 10:18 1 030 Ўқиш режими + -
Оила ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти-саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса, ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.
Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Оила баркамол авлод учун пойдевор ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш ва шуурида ватанига, динига муҳаббат уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.
Фарзандни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда ота-она ва тарбиячилар зиммасида жуда катта масъулият бор. Унга бирор касбни ўргатсак, аммо илм бермасак, у комил инсон бўлолмайди.
Аксинча, илм олаверса-ю, бирор касбнинг бошини тутмаса, у ҳолда ҳунарсиз бўлиб қолади. Ҳунармандчилик салафи солиҳларимизнинг суннатидир. Боболаримиз ўтмишда ўз фарзандларига бир неча касбларни, жумладан, отда чопиш, камон отиш, сузишни, икки-уч хорижий тилни ўргатганларки, ўша пайтдаги аксари ёшлар адабиёт, санъат, ухровий ва дунёвий илмлардан анча бохабар бўлганлар.
Зинҳор ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган, энг даҳшатлиси қандай қилиб бўлмасин, ҳатто ҳаром-хариш йўллар билан бўлса ҳам пул топадиган кишиларни етиштириб қўймаслигимиз керак.
Ҳужжатул Ислом – Имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд” китобида бешикдан қабргача бўладиган исломий тарбия баён қилинади. Аллома солиҳ инсонларга хос вазифаларни баён этиб, бундай дейди: “Бола бир асалари муми кабидир. Мураббий уни истаган шаклга солиши мумкин. Бола ота-онасининг ёнида бир пок саҳифа кабидир. Унинг қалбига ҳеч бир нақш ё сурат солинмаган. Аммо бундай қалб ҳар қандай нақшни олишга ҳозир, яъни ҳамма нарсага мойилдир. 
Шунингдек, ота-она доимо боласининг ҳаққига дуойи хайр қилиб туриши лозим. Ҳадиси шарифда: «Ота-онанинг боласига қилган дуоси Пайғамбарларнинг умматларига қилган дуосига ўхшашдир», дейилган.
Болангиздан беодоблик, ахлоққа хилоф ишлар ўтса ҳам хафа бўлманг. Чунки ўсиб бораётган инсонда шундай ҳолат бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим. Ҳеч қачон болани қарғамаслик керак. Қарғишга қолиб, жафо чекса, яна ота-онанинг ўзига заҳмат келади. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган. Бошқа бир ҳадисида эса Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар. 
Шу билан бирга вақтга ҳам жуда эътиборли бўлиш лозим.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Ёшлик вақтингизни кексаликдан олдин, бўш вақтингизни бирор иш билан машғул бўлиб қолшишдан олдин ғанимат билинг!”. (Термизий ривояти)
Демак, ота-оналар фарзандларига ҳар бир кунни ғанимат билиб, ҳаётдан фойдаланиш зарурлигини ўргатишлари керак. Уларни ёшлик давридан бошлаб меҳнатга ўргатиб, ҳалол меҳнат, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин, азиз фарзандларимиз ўзларининг макоримул ахлоқ каби улуғ сифатлар билан зийнатлаган ҳолда илм олишда, касб-ҳунар малакаларини ҳосил қилишда, жамият ва Ватанга хизмат қилишда зўр куч ва ғайрат сарфласинлар.
 
 
Азамат УСМОНОВ, 
Касби тумани “Фазли” жоме 
масжиди имом-хатиби