Ўзаро ихтилоф қилиш инсонга ҳеч қачон манфаат келтирмайди. У инсон учун икки дунёлик заифликдир. Аллоҳ таоло инсонлар орасидаги ўзаро ихтилофдан, низодан қайтариб шундай деган: “ Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади” дейди. ( Анфол сураси, 46-оят).
Бўлар-бўлмасга талашиб-тортишиш яхши инсоннинг ҳолдан тойдирувчи, Шайтоннинг васвасадир. Ўзаро ихтилоф бефойда нарсанинг кетидан қувишдир. Инсоннинг виждони ўзаро ихтилофга йўл бермасада, унинг нафси шундай қилишга чорлайди. Яхши инсонлар ўз виждонларига қулоқ солиб, беҳуда баҳсга тортадиган сабабларга яқинлашмасликка ҳаракат қиладилар.
Фойда-ю, зарар йўлида ғафлатда қолиб баҳс боғлаш, унча аҳамиятли бўлмаган масала хусусида тортишиш ҳолати юзага келса, дарров диққатларини тўғрилаб, хатоларини тузатишга ҳаракат қиладилар.
Ақлли кишилар жоҳил кишилардан фарқли ўлароқ бир-бирлари билан баҳс қилган пайтларида маънавий манфаат топадилар. Илмларини зиёда қиладилар, билмаган нарсаларини ўрганадилар.
Ақлли кишилар бирор масалада баҳслашадиган бўлсалар, ўз устунликлариникўрсатиш учун эмас, балки босиқлик билан масаланинг чин моҳиятини топишга ҳаракат қиладилар.
Яхши инсонлар ўзларига қилинган ҳақсизлик учун тортишмайдилар, ғазабланмайдилар. Аксинча, вазминлик билан, мулойимлик билан бу ҳолдан чиқишга ҳаракат қиладилар. Инсоннинг ўз ўзини фойда-зарар йўлида ўзини сақлаши, унинг юксак фазилат соҳиби эканлигини кўрсатади.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими