1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БИР ҲАДИС ШАРҲИ НИЯТ ВА АМАЛ (3-ҚИСМ)

3-06-2020, 09:16 661 Ўқиш режими + -



БИР ҲАДИС ШАРҲИ НИЯТ ВА АМАЛ  

(3-ҚИСМ)


Ниятнинг луғавий маъноси йўналиш, юзланиш демакдир. Араблар бу феълни қўллаётганда: “Аллоҳ сени хайрга бошласин”, дейишади. Шариатда эса феъли билан бирор нарсага йўналишдир. Бир нарсага йўналса-ю, аммо амал бўлмаса, бу “азм” (арабча) дейилади. Амаллардаги ният ибодат билан одатни ёки хақиқий ибодат билан ибодат бўлмаган амални фарқлаш учун шарт қилинган. Биринчи ҳолатнинг мисоли масжидда ўтирган кишининг ҳолидир. Масжидда одатий дам олиш учун, баъзан эса эътикоф ниятида ибодат қилиш учун ўтирилади. Бу ерда ибодат билан одатни фарқлайдиган нарса ниятдир. Ғуслда ҳам одатда тозалик ният қилинади. Баъзан эса ибодат ният қилинади. Иккисини фарқлайдиган биргина восита бу ниятдир.

Иккинчи ҳолатнинг, яъни ибодатнинг тўғрисини фарқлашда ниятнинг восита бўлиши қуйидагича бўлади:  масалан, бир киши тўрт ракат намоз ўқиди. Бу намоз пешин намозининг фарзи ёки суннати эканини фақат ниятига қараб биламиз. Худди шунингдек киши қул озод қиларкан, каффорат учун озод қилдими,  назр учунми ёки бошқа сабаблар билан озод қилдими, буни фақат ниятига қараб фарқлаймиз. 

“Ким нимани ният қилса, ўшанга эришади”. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ибодатларда бир киши бошқасининг ўрнидан ибодат қилиши ёки ният қилиши учун вакил қолдириши жоиз эмаслиги далилдир. Фақат бундан закот молининг ажратилиши ва қурбон сўйилиши истисно қилинган. Бу икки амалда киши кучи етган миқдорда қурбонлик сўйиш ёки закот молини ажратишда ният билан бошқасига ваколат бериши жоиздир. Ҳаж ва қарзни адо қилишда кучи етган ҳолатда вакил тайинлаши жоиз эмасдир.

“Кимки Аллоҳ ва унинг Расули учун ҳижрат қилса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расулига бўлади. Кимки мол-дунёга эришиш ёки бир аёлга уйланиш ниятида ҳижрат қилса, у кишининг нияти қилган нарсаси учун бўлади”.

Ҳижрат турли сабаблар билан амалга оишрилган:

Биринчиси- мушриклар Расулуллоҳга соллалоҳу алайҳи ва саллам азият етказганларида саҳобаларнинг Маккадан Ҳабашистонга қилган ҳижрати. Мусулмонлар Макка мушрикларининг зулмидан қочиб, Нажоший юртига боришган. Бу воқеа Байҳакийнинг айтишича, рисолатдан беш йил ўтиб содир бўлган.

Иккинчиси- Маккадан Мадинага қилинган хижрат. Бу ҳодиса рисолатнинг ўнинчи йилида юз берган. Ўша пайтда Маккадаги ҳар бир мусулмон Мадинага – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига хижрат қилиши лозим эди. Баъзи олимлар фақат Маккадан Мадинага хижрат қилиши вожиб бўлганини айтишган. Чунки Мадинанинг Маккага нисбатан ҳеч бир афзаллиги йўқ. Вожиб бўлган нарса - – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган жойга хижрат қилишдир.

 

 Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий
 
Қирқ ҳадис китобидан