Шукрнинг таърифи
Биз Аллоҳ таолога неъматларни ҳис қилган вақтимизда ҳамд айтамиз. Сизни ҳурсанд қиладиган амал, Аллоҳнинг бандаларига яна улуғ неъмати иймонда ва амалда бардавом бўлишнингэнг гўзал кўриниши олимларимиз истилоҳида “шукр” дейилади.
Шукр сўзи араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга “шукр” сўзини ишлатиш машҳур бўлган. Уламоларимиз наздида шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматини уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Бу сўзларнинг маъносига чуқур қарайдиган бўлсак, ҳар бир сўзнинг ўз таърифи бор. Инсондан иймон келтирган вақтида Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, Аллоҳнинг яхши ёмон тақдирига ва ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмоқлик талаб қилинади. Биз бу сўзларни айтибгина қолмай, ҳар сонияси шукр бўлган амал ҳовлисига қадам қўямиз. Балки, Аллоҳ таолонинг тақдиротига рози бўлган ҳолимизда умр кечирамиз. Бу розилик шукрсиз бўлмайди чунки олимларимиз истилоҳида “Шукр ризо манзиласидан устундир” деган қавл кўп бора қайд этилади. Демак, ризо шукрнинг ичида бўлади. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 147 оятида “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) ва Алийм (ҳар бир нарсани билувчи)дир”, деб ва “Бақара” сураси 152 оятида “Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” деб марҳамат қилади. Бу оятларда Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда. Ақидада шукр қалб яъни “Дил” - бунда барча халққа яхшиликни қасд қилиш, “Тил”- бунда Аллоҳ таолога ҳамду сано сўзларини изҳор қилиш, ва аъзолар-билан шукр қилишдир.
Аллоҳ таолонинг неъматларини У Зотнинг тоати учун ишлатиш ва маъсиятга ишлатмаслик билан тақсимлангани каби унинг босқичма босқич даражаларини билиш ҳам айни мажбуриятдир. Бунинг аввали: Илм-неъматнинг ўзини, Берувчисини ҳамда ўша Зотдан неъмат содир бўлишини билишдан иборат. Ҳол-неъмат берувчининг инъомидан ҳосил бўлган хузуъҳамда тавозуъ аралаш қувончга “ҳол” дейилади ва бўлиши қувонч шукр бўлиши учун асосий шартдир. Амал-неъмат берувчига маҳбуб бўлган нарсани қилишдир. Уламоларимиз шокирларнинг даражалари ҳақида шундай дейдилар:
1).Авомларнинг даражаси. Улар фақат Аллоҳнинг неъматларига шукр қиладилар.
2).Хосларнинг даражаси. Улар неъматларга ва кулфатларга шукр қиладилар.
3). Хосларнинг хосларининг даражалари. Улар фақат Аллоҳнинг ўзига шукр қиладилар, неъматни ҳам кулфатни ҳам кўрмайдилар. Шукр дил, тил ва аъзолар билан эканини қайд этдик, аммо инсон онги қай бири афзал деган шубҳадан ҳоли эмаслигини ҳисобга олган ҳолда уламоларимизнинг Рaсулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига суяниб қайд этган фикрига яна назар соламиз. Аллоҳ таолонинг берадиган неъматлари саноқсиз экани ҳеч кимга сир эмас. Шукр бир дарахтки унинг асоси ерда инсонлар орасига экилгандек гуё, шукрнинг асоси ва афзал қисми қайд этганимиздек инсон қалбига экилган бўлиши ва ёнидагиларга изҳор қилиши керак экани ҳақида кўпгина ҳадислар ворид бўлган.
Улуғ мутафаккир Навоий ҳазратлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган; “Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди” ҳадисларини назмий ҳолда шундай изоҳлайдилар;
Улки Холиқға шукр дер, аввал
Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.
Кимки махлуқ шукрини демагай,
Демагай шукр доғи Холиқдин.
Умар розияллоҳ анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам” -Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига ҳавас қилурлар”, дедилар.” Эй Аллоҳнинг росули! Улар кимлар эканининг хабаринибизга айтасизми?” дейишди. Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилар бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила бир-бирларини яхши кўрган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмас, одамлар маҳзун бўлганларида, улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмасва улар маҳзун ҳам бўлмаслар”, дедилар”. Шукр қилишлик ва миннаддорликсабаб Роббимиз тақдиротига розиликни изҳорқиламиз.
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади; “Росулуллоҳ саллоллоҳу ъалайҳи ва саллам намоз ўқийвериб икки оёқлари шишиб кетди. Шунда Узотга; “Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!” - дейилди. Бас У зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайманми?” - дедилар”.
Термизий ривояти; Дунёда олдингию кейинги гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилинганини эълон қилинган ягона инсон эдилар. Шундай бўлсада шукр қилувчи банда бўлиш мақсадида оёқлари шишгунча ибодат қилдилар. У зотнинг аҳиллари ҳам, саҳобалар ҳам умматлар учун гўзал ўрнак эдилар. Мўминлар онаси Ҳафса бинти Умарни эсланг, бошқа оналаримиз каби фақирликда яшадилар. Биргина шолчаси бўлиб, ёз кунлари уни тагига тўшар, қишда эса бир томонини остига, иккинчи тарафини устига ёпардилар. Шундай бўлсада доимо шукрда бардавом бўлдилар. Қуръони каримни тафсири билан тўлиқ ёд олдилар. Бизчи Рaсулуллоҳ алайҳиссалом дуолари сабаб биз учун дин енгиллаштирилиб, шукр қилиш билан олий мақом олишимиз ваъда қилинган бу ҳаётда мақомга лойиқ амал қиляпмизми?
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда Набий ъалайҳиссалом: ”Жаннатга биринчи чақириладиганлар Аллоҳ азза ва жаллага енгиллик ва оғирликда ҳамд айтадиганлардир” - дейдилар. Хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматларига ўз амалларимиз билан шукр қилишда бардавом бўлайлик. Зеро, У зотнинг ўзи “Иброҳим” сурасида: “Агар Аллоҳнинг неъматини санасангиз, адоғига ета олмайсиз”,деган(34-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу ъалайҳи ва саллам у кишининг қўлларидан ушлаб: “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта мен сени яхши кўрурман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин, ”Аллоҳумма аъинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика” демоқлигингни тарк қилмасликни тавсия қиламан”,-дедилар. Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси: “Аллоҳим менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин”. Бизга берилган иймон ҳилқати беадад шукрга лойиқ неъматдир. Англаш лозимки ҳар бир инсонга Аллоҳ жон ато қилган, уларни бесабаб яратмаган. Аллоҳ таоло бизларга тенгсиз тинчлик неъматини берган бир даврда инсонларга қўлимиздан келганча яхшилик билан шукрини адо қилайлик. Барчамизни Аллоҳ таоло Шокирлар мақомига лойиқ қилсин.
Халқ аро яхшироқ, дединг кимдур?
Эшитиб, шубҳа айла рафъ андин,
Яхшироқ они бил, улус аро ким,
Кўпрак ўлғай улусқа нафъ андин.
Алишер Навоий
Меҳманали Ғуломов
Қамаши туман Санчиқул жомеъ масжиди
имом хатиби