Дарҳақиқат, мазҳабни жоҳил кишилар инкор қилади. Бу эса динда хатарлидир. Мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган хатарлардан баъзиларини келтирамиз: Мусулмонни кофир дейиш. Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор-бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Мусулмонни кофирга чиқариш (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблашлари натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрати Али ўлдирилдилар.
Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламо ва фузалоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларида ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса”. (“Ақидатут Таҳовий” матни).
Муаллифнинг: “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот, 9), деб, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...” (Ҳужурот, 10) деган. Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофирга ҳукм қилиш учун ниҳоят даражада дақиқ тафтиш ва илм керак. Шунинг учун такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.
Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир ҳадисда “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” - дейилган. Бу даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдир.
Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимларга мойил “кадрлар” етишиб чиқади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир этади. Бугунги кунда мазҳабсизликнинг олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,Ўзбекистон мусулмонлари идорасинингҚашқадарё вилоятидаги вакил ўринбосари,Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.