1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САРВАРИ КОИНОТ ТАВАЛЛУД ОЙЛАРИ

18-09-2023, 15:02 581 Ўқиш режими + -
 Маълумки, Рабиул аввал ойининг 12-куни жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг таваллуд топган кунларидир. Муҳаммад (сав) милодий сананинг 571 йил 20 апрель кунида Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. У зотнинг насаблари Иброҳим (а.с.)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида марҳамат қилиб: яъни: “Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди” – деганлар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад (сав)ни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғароиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. 
Жумладан, у зот дунёга келганларида, самода бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалима ас-Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.
Пайғамбаримиз (сав) туғилишларидан олдин оталари Абдуллоҳ вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам ажраладилар ва боболари Абдул Мутталибнинг қарамоғида қоладилар. Расулуллоҳ (сав)нинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бордир. Чунки, ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилиниб, жумладан шундай дейилган: яъни: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.
Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади. У вафот этишидан олдин набирасини ўз фарзандалари орасидан унга энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширади. Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммад (сав)ни ўзининг фарзандаларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди. Аллоҳнинг инояти билан у зот (сав) қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар, у кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалима ас-Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих ва сийрат китобларида баён қилинган.
Расулуллоҳ (сав) ёшлик вақтлариданоқ гўзал ахлоқ одобга эга бўлиб вояга етадилар. У зот пайғамбар бўлганларидан сўнг Аллоҳ таоло томонидан энг гўзал ахлоқ ва хулқ у кишига берилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”.
Ҳадисда эса, яъни: “Мени Раббим тарбия қилди ва тарбиямни гўзал қилди” – деганлар. 
Ҳалоллик, мазлум ва муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, шунингдек, ҳалимлик ва барча яхши сифатлар у зотда мавжуд эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:  яъни: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб марҳамат қилган.
Пайғамбар (сав) Макка аҳлининг қўйларини боқиб, ўз меҳнатлари билан кун кечирар эдилар. Омонатдорлик, ҳалоллик сифатларига эга бўлганлари учун ҳам Қурайшнинг энг зодагон аёлларидан бўлмиш Хадича бинт Хувайлид Муҳаммад (сав)ни тижоратда бирга шерикчилик қилишга таклиф этади ва ўзгача инсоний фазилатларга эга эканликларини англагач, у кишига турмушга чиқиш ихтиёри борлигини изҳор қилади. Расулуллоҳ (сав) бу масалада амакилари Абу Толиб билан маслаҳатлашиб кўргач, Хадича онамизга уйланадилар.
Муҳаммад (сав) қирқ ёшга етганларида Аллоҳ таоло У зотни бутун оламга раҳмат қилиб, пайғамбарлик мақомини ато этди. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз (сав)ни ўтган барча пайғамбарлардан афзал қилиш билан бирга, пайғамбарлар силсиласига у киши билан хотима ясади. Расулуллоҳ (сав) аввалги пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, барчага омматан пайғамбар қилиб юборилдилар. Бу ҳақда У зотнинг ўзлари: “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман” – деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ (сав)нинг ҳаёт тарзлари ва қолдирган суннатлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот – Пайғамбармиз Муҳаммад алайҳис-саломдирлар.
Расулуллоҳ (сав)га эргашган киши Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ҳам сазовор бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда: яъни: Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” – дейилган.
  Бугунги кунда Пайғамбаримиз (сав)ни таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийрати санияларини ўқиб ўрганиб ва эшитиш билан бирга, бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ (сав) нинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир. Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осойишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг гўзал одоб-ахлоқлари бизларга ҳамиша илҳом бериши лозим. Шу билан бирга яна шу нарсани таъкидлаб қўйишимиз лозимки, мавлид маросимлари бир йилда фақат бир ой, яъни ҳижрий сананинг учинчи ойи – Рабиул-аввал ойи ичида ўтказилиши керак. Йил ўн икки ой мавлид маросимини ўтказавериш шаръан ва мантиқан номақбул ишдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (сав)га муносиб чин уммат бўлмоғлигимизни насиб этиб, Ўзи севган бандаларидан қилсин, рушду ҳидоятда барқарор айласин! Омин.
Muslim.uz материаллари асосида
 
                  Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби