Фиқҳнинг таърифи

Kirilcha / Фиқҳ 12-дек-2019, 17:08 0 64

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Фиқҳнинг таърифи

“Фиқҳ” сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади. 

Шариат истилоҳида эса шаръий далиллардан фаръий далиллларни чиқаришга “фиқҳ” деб айтилади.

Ушбу таърифдаги “шаръий далил” истилоҳидан асосан Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тушунамиз.

“Фаръий ҳукмлар” эса луғатда аслийнинг тескариси, яъни шоҳобча, кичик аҳамиятли деган маънони англатади.

Шариатда эса ибодат ва муомалотларни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир”

“Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фиқҳни алоҳида мадҳ қилганлар. Мисол учун, қуйидаги ҳадисни олишимиз мумкин.

عن مُعَاوِيَةَ بن أبي سفيان رضي الله عنهما قال: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : (مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّين) رواه الاربعة.ِ

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”.

Тўртовлари ривоят қилишган.

“Фиқҳ сўзи, аввал айтиб ўтганимиздек, луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатганидан, шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушунишни таъминлайдиган илм ҳам “фиқҳ” дейилади. Ана шундай илмий малакага эка бўлган одамни “фақиҳ” дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, демоқдалар.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Чунки, диний илмни ҳам бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради”.

“Кифоя” 

Шайх Муҳаммад Содиқ 

Муҳаммад Юсуф