“Силаи-раҳм” нима?
“Силаи-раҳм” икки сўздан яъни “сила” ва “раҳим” сўзининг бирикишидан ҳосил бўлган сўз бирикмасидир. “Сила” арабча сўз бўлиб, алоқа қилиш, боғланиш деган маънони англатади. “Раҳм” эса меҳр, шафқат кўрсатиш маъноларини беради. “Силаи-раҳм” инсонлар билан меҳр риштасини боғлашликдир. Қавм-қариндош ва муҳтожлар кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр-оқибат кўрсатиб, улар билан алоқа қилиб туришлик силаи-раҳм дейилади.
Халқимиз силаи-раҳимга эътибор бериб, қавм-қариндошлик алоқаларини маҳкам боғлайдилар. Улар қавм-қариндошликни бир-бировни сўроқлаш, бир-бировникига бориш билан деб биладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан бир киши: “Қандай одам қариндош?” деб сўради. Шунда пайғамбар (с.а.в.): “Қариндош қариндош эмас, бир-бирини сўроқлаган, бориш-келиши бор одам қариндош”, -деб жавоб бердилар.
Қавм-қариндошлар билан боғланиб,уларга силаи-раҳм қилиш жаннатга киришга сабабчи бўладиган амалдир. Бир киши келиб:“ Эй, Расулуллоҳ, менга жаннатга кирадиган амал ҳақида хабар беринг!” деди. Пайғамбар (с.а.в.): Аллоҳ таолога бошқани шерик қилмай ибодат қиласан ва қариндош уруғларинг билан алоқа қиласан”дедилар. Қариндош уруғлар билан боғланиб, уларга силаи-раҳим қилиш ризқни кенгайтиради ва умрни узайишига сабабчи бўлади. Ривоят қилишларича бир киши пайғамбар ҳузурига келиб:“Менга умрни узун қиладиган, ризқимни кенг қиладиган амални ўргатинг деб сўрабди. Шунда пайғамбар (с.а.в.): “ Кимки ризқини кенг бўлишини ва умрини узун бўлишини истаса қариндош уруғлар билан алоқа қилиб, уларга яхши муомила қилсин” , деб жавоб берадилар.
Узоқлашиб кетган қариндошларни йўқлаб суриштириш, уларни излаб топиб, улар билан яна алоқани тиклаш юксак инсоний фазилатлардандир. Бу фазилатга кўра қариндош қариндош эмас, балки қариндошлик муносабатларини тикловчи киши қариндошдир. Бу ҳақда ҳам пайғамбаримиз (с.а.в.):“ Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки қариндошлик алоқаларини тикловчи киши қариндошдир”дейдилар.
Қариндошлар билан алоқа қилиб, уларга совға –саломлар улашиш силаи раҳмнинг турларидандир. Албатта, инсон силаи-раҳм қилишни ўз яқинларидан бошлайди. Шу туфайли халқимизда:“Олдин хеш, кейин дарвеш “, деган нақл бор. Бу ҳақда ҳадисда ҳам: “ Агар бирортангиз камбағал бўлсангиз садақа беришни ўзидан бошласин. Агар ортиқча бўлса оила аъзоларига берсин, яна ортиқча бўлса қариндош уруғига берсин”.
Муҳтож кишилар кишиларнинг аҳволидан хабар олиш, уларга меҳру-мурувватлар қилиш ҳам силаи-раҳмдир. Бирор киши муҳтож кишиларга силаи-раҳм қилса, Аллоҳ таоло у кишининг топганига барака беради ва ўрнини тўлдиради. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да шундай дейилади: “ Бирор нарсани ( муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз,бас ( Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”.( Сабаъ сураси, 39-оят).Ҳадис шарифда шундай дейилади: “ Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири6 “ Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “ эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талоқат етказ” деб дуо қилади.Эшикдан бир нарса сўраб келган муҳтож кишини ҳам қуруқ қайтармасдан, унга мурувват кўрсатиб,силаи-раҳим қилиш лозим. Бу ҳақда “Қуръон-Карим”да: “Бас, энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг! Соил ( бирор нарса сўровчи муҳтож ) кишини ҳайдаманг!”- дейилади. (Ваз-зуҳа сураси, 9-10-оятлар).
Силаи-раҳм амалида қуйидаги яхшилик бор:
- Силаи-раҳм қилган киши яратганнинг муҳаббатини қўлга киритади;
- Силаи раҳм қилган кишининг умри узоқ бўлади;
- Силаи –раҳм қилган кишининг ризқига барака киради;
- Силаи раҳм қилган кишига Аллоҳ таоло яхшилик ато қилади;
- Силат-раҳм қилган кишини халқ яхши кўради;
- Силаи –раҳм қилган кишига ҳар жойда дўст ва хайрихоҳ кўпаяди;
- Силаи- раҳм қилган кишининг ўлганидан кейин ҳам орқасидан савоб боради.
Силаи- раҳмнинг акси, унинг зидди “қотиъу раҳм”, яъни “меҳр риштасини узмоқлик “ дир.
Ислом динида қотиъу-раҳм қилишлик қаттиқ қораланади. Қотиъу-раҳм амалини қилган киши қуйидаги ёмонликка эга бўлади:- Қотиъул-раҳм амалини қилган киши яратганга ёқмайди;
- Қотиъул- раҳм амалини қилган кишининг умри ва ризқидан барака кетади;
- Қотиъул–раҳм амалини қилган киши одамларнинг кўзига ёмон кўринади;
- Қотиъул- раҳм амалини қилган кишидан одамлар узоқлашади;
- Қотиъул- раҳм амалини қилган кишининг дўсти ва хайрихоҳи камаяди;
- Қотиъул- раҳм амалини қилган киши раҳмат ва мағфиратдан узоқлашади.
Қариндошлардан узилиш, улардан алоқани узишлик, улардан кечиш гуноҳ ишлардан ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадисда:“Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир”, дейилади.
Ислом динида қариндошлар билан алоқани узиш оғир айб ҳисобланади. Ислом одобига кўра қариндош уруғларга нисбатан ҳамиша мурувватли бўлинади. Улар қилинаётган яхшиликларга ёмонлик билан жавоб берилса ҳам, уларга силаи-раҳим қилишда давом этилади. Қариндошлардан айб изланмайди, уларнинг ҳатти-ҳаракатларидан яхшилик қидирилади. Ривоят қилишларича, бир киши пайғамбар ҳузурига келиб: “ Мен қариндошларим билан алоқани яхшилашга ҳаракат қиламан, аммо улар менга нибатан ёмон муомила қилишади, мен уларга яхшилик қилсам, улар менга доимо ёмонлик билан жавоб беришади. Мен нима қилай улар билан алоқани узсам бўладими?”, деб сўрабди. Шунда пайғамбар (с.а.в.):“Йўқ, унда сени ёмон қариндошлардан фарқинг қолмайди. Ёмон қариндошлар жиноятини сен ҳам давом эттирган бўласан . Сен қариндошларингни қандай муносабатда бўлишларидан қатъий назар уларга худо учун яхшилик қилишда давом эт. Ана шунда сени яхши одам эканлигинг маълум бўлади ”, деган эканлар. Шу туфайли ҳар қандай ҳолатда ҳам қариндошларга яхшилик қилинади.
Халқимиз орасида силаи-раҳм ҳамиша бажарилиб келинган амаллардандир. Айниқса, ҳозирги пайтда давлатимиз томонидан камтаъминланган оилалар, етим-есирлар, қария отахон ва онахонларга кўплаб хайру-саховатлар қилиниши, халқимиз орасидаги тадбиркор ва ишбилармон кишиларнинг муҳтож кишиларга қилётган хайру-эҳсонлари ҳам силаи-раҳм ишларининг кенг кўламда қилинаётганлигига далил бўлади.
Дарҳақиқат, қавму-қариндош ва муҳтож кишиларга силаи-раҳим қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга, дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабабчи бўлади.
Силаи-раҳм туфайли жамиятдаги кишилар орасида бирдамлик, хотиржамлик, оқибатлилик каби инсоний хислатлар мустаҳкамланиб боради.
Р. Акбаров.