1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ширкатнинг таърифи, рукни ва шартлари

15-11-2023, 15:25 604 Ўқиш режими + -
“Шарикат” ёки “ширкат” луғатда “аралашиб кетиш” деган маънони англатади. 
Ислом шариатида эса ширкат сармоя ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақддан иборатдир. 
Ширкат муомаласи борасида Қуръони Каримнинг бир неча ерида далиллар келган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади: 
[فَهُمْ شُرَكَاءُ فِي الثُّلُثِ]
“Бас улар учдан бирига шерикдирлар”. (Нисо сураси, 12-оят). Яъни меросга қолган молнинг учдан бирига шерик бўлиб эгалик қиладилар, деганидир. 
Шунингдек, Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтадики: 
[وَإِنَّ كَثِيرًا مِّنَ الْخُلَطَاءِ لَيَبْغِي بَعْضُهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ]
“Албатта, кўп шериклар бир- бирларига зулм қилурлар. Иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина мустасно” (Сод сураси, 24-оят). 
Шунингдек ширкат борасида ҳадислар ҳам келгандир: 
 1عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: "قَالَ اللهُ تَعَالَى: أَنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَينِ مَا لَمْ يَخُنْ أَحَدُهُمَا صَاحِبَهُ، فَإِذَا خَانَهُ، خَرَجْتُ مِنْ بَيْنِهِمَا ". 
 رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий ﷺ: “Аллоҳ таоло: Мен икки шерикнинг, модомики уларнинг бири ўз соҳибига хиёнат қилмаса, учинчисидирман. Бас, қачон унга хиёнат қилса, ораларидан чиқаман”, дейди”, дедилар”. Имом Абу Давуд ўзининг “Сунан” китобларида саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар. 
Ширкат шариатда икки навдир: Мулк ширкати ва ақд ширкати. 
Мулк ширкати – икки ёки ундан кўпроқ шерикларнинг бир нарсага эгалик қилишларидир. Ушбу эгалик мерос, савдо, совға, садақа, васият молини қўшиб юбориш каби ишлар билан бўлади. Бунда шерикларнинг моли ўзларининг ихтиёрлари билан ёки ихтиёрларисиз бир – бирига аралашиб кетади. Сўнгра молларни ажратиш имкони бўлмайди (масалан, буғдой билан буғдойнинг аралашиб кетиши каби) ёки бўлса ҳам ўта машаққат билан (масалан, буғдой билан арпани аралашиб кетиши каби) бўлади. Шерикларнинг ҳар бири ўз шеригининг молига нисбатан бегона каби бўлади. Яъни бири иккинчисининг рухсатисиз шеригининг молини тасарруф қила олмайди. Аммо ўз улушини тасарруф қила олади. Мол аралаштириб юборилганда эса шеригининг изнисиз умуман тасарруф қила олмайди. 
Ақд ширкати – унинг рукни: ийжоб ва қабулдир. Яъни икки шерикдан бири: “Мен сенга фалон ишда шерик бўлдим”,- дейиши ва иккинчисининг: “Қабул қилдим”,- дейиши ила тузилади. Ақд ширкатининг шарти эса иккисидан бирига фойдадан муайян сумма белгиланмаслигидир. Чунки муайян сумма белгиланса ширкат баъзида бузилиб кетади. Сабаби белгиланга суммани олганидан кейин шеригига ҳеч нарса қолмаслиги мумкин. 
Ақд ширкати тўрт хил бўлади: 
 1. Муфоваза(тенглик) ширкати. 
 2. Инон ширкати 
 3. Ишчилар ширкати. 
 4. Вужуҳ ширкати. 
            
Фойдаланилган китоблар: 
 1. Ҳидоя; 
 2. Шарҳул виқоя; 
 3. Мухтасар; 
 4. Мухтасари Қудурий; 
 5. Фиқҳул муяссар; 
 6. Мишкатул Масобиҳ 
 7. Фатҳул боби иноя 
 8. Фиқҳул ҳанафий 
 
 Махсумов Мақсуд Маҳмут ўғли 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 
Фиқҳ ва Тафсир фани ўқитувчиси