1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ваколатнинг таърифи ва шартлари

14-11-2023, 15:30 418 Ўқиш режими + -
Ваколат луғатда сақлаш маъносини англатади. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бўлмиш “Ал-Вакил” ҳам шу жумладандир, яъни “Сақловчи” маъносидадир. 
Аллоҳ Ўзининг муборак китобида шундай марҳамат қилади: 
( حَسْبُنَا اللهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ) (Оли Имрон 173)
“Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил” 
Вакил: “Молимга сени вакил қилдим”, деса, вакил қилинган киши фақатгина молни сақлашга эгалик қила олади. 
Яна топширмоқ ва суянмоқ деган маъноларни ҳам англатади. Таваккул қилиш ҳам шу маънодандир. Яъни ишларни Аллоҳга топширишдир. Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 67-оятида марҳамат қилиб айтади: 
(إلَيْهِ تَوَكَّلْتُ ۖ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ)
“Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар” 
Шаръий истелоҳда эса: 
Олди-сотдида ва шунга ўхшаш нарсаларда тасарруфни ўзидан бошқага топширишдир. 
            Шартлари: 
            Вакил қилувчи вояга етган ҳур бўлиши билан бирга тасарруфга эга бўлмоқлиги; 
            Вакил қилинган киши тасарруфга ақли етадиган бўлиши; 
            Вакил ўзига буюрилган ишни бажаришга қасд қилмоғИ; 
            Ваколатнинг шариатга киритилиши 
            Ваколат Қуръон, Суннат ва ижмў бўйича жоиздир. Қуйида Қуръон ва Суннатдан бир нечта мисолларни келтирамиз. 
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 19-оятида шундай марҳамат қилади. 
[فَابْعَثُوا أَحَدَكُم بِوَرِقِكُمْ هَٰذِهِ إِلَى الْمَدِينَةِ فَلْيَنظُرْ أَيُّهَا أَزْكَىٰ طَعَامًا فَلْيَأْتِكُم بِرِزْقٍ مِّنْهُ]
 “Шаҳарга бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин.” 
Ушбу оятда сотиб олиш учун вакил қилишга далил бор. 
Нисо сурасининг 35- ояти эса: 
(فَابْعَثُوا حَكَمًا مِّنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِّنْ أَهْلِهَا)
“У (эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу (хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг” 
Эр ва хотин номидан вакил сайлашга далил бўла олади. 
 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قال: وَكَّلَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِحِفْظِ زَكَاةِ رَمَضَانَ، 
 (رَوَاهُ الْبُخَارِى) 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
“Расулуллоҳ ﷺ мени Рамазон закотини муҳофаза қилишга вакил қилдилар”. (Бухорий ривоят қилган) 
Бу эса Суннатдан бўлган далилдир. 

Фойдаланилган китоблар:
 1. Ҳидоя; 
 2. Шарҳул виқоя; 
 3  Мухтасар; 
 4. Мухтасари Қудурий; 
 5. Фиқҳул муяссар; 
 6. Мишкатул Масобиҳ 
 7. Фатҳул боби иноя 
 8. Фиқҳул ҳанафий 
 
 Махсумов Мақсуд Маҳмут ўғли 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 
Фиқҳ ва Тафсир фани ўқитувчиси