Ан-Нос сураси ҳам Маккада нозил бўлган суралардан ҳисобланиб, 6 оятдан иборатдир.
Қуръони Каримнинг охирги сураси бўлмиш бу сураи каримага унинг биринчи оятдаги “Нас” сўзи ном бўлиб қолган.
Бу сурада ёмонликдан узоқда бўлишлик ва ундан ғолиб келишликда Аллоҳдан ёрдам сўрашга кераклиги ҳақда кўрсатмалар бор.
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ (1) مَلِكِ النَّاسِ (2) إِلَهِ النَّاسِ (3) مِنْ شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ (4) الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ (5) مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ (6)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Одамлар Роббисидан,
2. Одамлар подшоҳидан,
3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.
4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,
5. Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг,
6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт ("Тафсири ҳилол" китобидан).
“Нас” сураси ояти карималари маъноси таржималарини тушинарли бўлиши учун бирданига келтирдик ва энди кенгроқ тафсирига киришамиз.
"Одамлар Роббисидан" оятида айнан одамлар сўзи ишлатилиши, инсонларнинг шаънини юқорилигига далолат қилади. Энди кейинги оятларда яна қайта-қайта такрор келтирилиши юқоридаги маънони янада такрорлаш учун, янада кучайтириш учун келтирилмоқда.
Гар Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Роббиси бўлса ҳам, бу ерда одамларни хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар.
“Одамлар подшоҳидан”,
Яъни, одамларнинг подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳ таоло ҳоким бўлсин, маҳкум бўлсин, ҳамма халойиқнинг Малик–подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.
“Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман”.
Яъни, одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман.
Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ - Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.
Ушбу уч оят ҳақида Аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: “Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Роблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, Егаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди”.
Энди эса, келаси уч оятда мазкур сифатлар ила мавсуф Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.
“Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг”,
Ушбу оятда зикр қилинган “беркиниб, кўриб турувчи”дан мурод шайтондир. Чунки, у инсон Роббисини зикр қилиб турганда қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббисини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.
Ал-Ҳофиз ал-Мусилий ривоят қилган ҳадисда: “Албатта шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббисини зикр қилса шайтон беркинади. Қачон у Роббисини унуца, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди”, дейилган.
“Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг”,
Шайтоннннг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади.
“Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт”.
Ушбу оят шайтон ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин, мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим.
Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни, ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли. Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъуузу бироббиннаси” суралари ўқиб, дам солиб баданларига суртиб ётардилар”.
Икки олам сарвари бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳар доим ёмонликлардан паноҳ сўрар эканлар, барчамиз бу ишни қилишимиз керак. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу сура барокоти ва фазлидан баҳраманд этсин.
Махсумов Мақсуд Маҳмут ўғли
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси