1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БИРДАМЛИК АСОСИ

9-03-2020, 17:54 828 Ўқиш режими + -


Бирдамлик асоси

 

  Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеъинлар даврига келиб  ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни  мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламоларни Аллоҳ тўхтовсиз чиқариб турди ва бу зотлар вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар.

Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди.

Зеро, ватандошларимиздан Сўфи Оллоёр: “Ақида билмаган шайтона элдир, агар минг йил амал деб қилса елдир”, деб таъкидлаганлар.

Бугунги кунда ҳам ислом ниқобига бурканиб олган баъзи оқимлар эса ўзларининг хатарли ғоялари билан мусулмонлар орасини бузмоқда ва уларнинг обрўсизланишига сабаб бўлмоқда. Энди биз ушбу ёт фирқа ва оқимларга қарши курашда билишимиз лозим бўладиган ишларни келтириб ўтамиз.

Ҳар бир мўъмин мусулмон аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бўлишга ва уни жуда яхши ўрганиб бошқаларга ҳам ўргатишга ҳаракат қилиши лозим.

“Аҳли сунна вал жамоа”-дегани пайғамбаримиз с.а.в. рошид халифалар ва саҳобаларнинг йўлларида юрадиган ҳамда қиёмат кунигача уларга эргашган мусулмонлар жамоаси деганидир.  “Аҳли сунна вал жамоа” эътиқод бобида суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари доимо мусулмонлар оммасига соф ислом ақидасини етказишга ҳаракат қилиб келдилар. Бу зотлар барча мўъмин-мусулмонлар эътиқод қилиши лозим бўлган масалалар муфассал баён қилинган кўплаб китоблар ёздилар. Дунёдаги мусулмонларнинг кўпчилиги аҳли сунна вал жамоадандир.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини маҳкам ушлаш зарурлиги ақоид китобларимизда қатъият ила таъкидланган. Хусусан имоми Таҳовийнинг ақоид китобига ёзилган шарҳда шу масала бўйича шундай дейилган. “Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Нодир ва хилоф масъалалалардан ва тафриқадан четда бўламиз”.

Демак, Росулуллоҳ с.а.в. саҳобалар ва тобеъинлар ақидаларига амалларига ва ахлоқларига хилоф қилганлар   аҳли сунна вал жамоатдан эмаслар.

Энди шу сўзларимизга бир қанча далиллар келтирамиз:

Росулулоҳ с.а.в. ҳадисларида шундай деганлар: “Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўрадилар. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам ушлаб, тиш билан тишлагандек тутинглар”.

Абу Зарр р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Ким жамоатни бир қарич тарк қилса, батаҳқиқ бўйнидан ислом бўйинбоғини ечган бўлади”, дедилар.

  Динимизни ўрганишда ўтган солиҳ мусулмон аждодлар изидан боришимиз зарур. Динни кўрингандан олавермай, балки, маълум сифатларга эга бўлган уламо зотлардан олишимиз зарур. Демак, биз динни ўрганадиган кишилар иймон эътиқодда собит бўлган, тақвоси билан танилган ишончли кишилар бўлиб, у одам ўзидан олдинги олимлардан устоз тутган ва ҳар бир илмда устозидан ижозат олган бўлиши шарт.

 Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш. Чунки, Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган.

Оятлардан бирида Аллоҳдан қўрқиб уни улуғлаш, фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланган. Иккинчи бошқа бир оятда биладиган билан билмайдиганлар яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз юритилган. Илмни доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланишини айтиш билан илмсизда бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинган.

Фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш. Уларни қаровсиз қолдириб, тарбиясини ҳаммага ҳам ишониб топширмаслик. Чунки бунинг оқибати қандай тугаши бизларга яхши маълум. Охирги йилларда ёшларимизнинг соддалиги, динга бўлган қизиқиши, саводини оширишга бўлган интилишларидан ўз ғараз мақсадларида фойдаланмоқчи бўлганлар кўп бўлади. Росулуллоҳ с.а.в.: “Мўъмин одам ўзини бир ковакдан икки марта (илон чиқиб) чақилмоғига йўл қўймас”, деганлар.

Халқимизда орасидаги “Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади”, деган сўзни эслашимиз ҳам лозим. Демак, биз кўзимизни очишимиз, огоҳ бўлишимиз, бизни яна алдашларига йўл қўймаслигимиз лозим.

 Турли тоифа, фирқа ва ҳизблардан эҳтиёт бўлиш керак. Аллоҳ: “Эй мўъминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирор хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса) олиб келган хабарларни аниқлаб, текшириб кўринглар”. (Ҳужурот сураси 6-оят)

 Пайғамбар с.а.в: “Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш кишининг каззоблиги (ёлғончилигига) етарли далилдир”, деганлар. Демак, кимнингдир ғояларини текшириб кўрмай, унга эргашиб кетавериш динимизга зид, бундай ишлар фирқаланиш ва фитнага олиб келади. 

   Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш.

 Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш. Исломнинг соф ақидасига зид, ўтмиш уламолар меросига мувофиқ бўлмаган, мусулмонлар орасида фитна ва бўлинишга олиб келадиган ҳар қандай “янгилик” ва бидъатларга чек қўйиш лозим. Зеро, Росулуллоҳ с.а.в: “(Диндаги) ҳар қандай янгилик бидъат, ҳар бир бидъат - залолат, ҳар бир залолат эса дўзахдадир”, деганларида ҳам диний ишларга киритиладиган ўзгартиришларни назарда тутганлар. 

Хулоса қилиб айтганда, биз барчамиз жипслашишимиз, яратганга шукр қилиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Юрт равнақи, халқ фаровонлиги учун ҳамма баробар ҳаракат қилиши керак.

 

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

 

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби