Жониворлар инсонларнинг меҳр-шафқат ва эътиборларига муҳтождирлар.
Жониворларнинг ҳам меҳр-шафқат кўришга ҳақлари бор. Ҳадисда: “ Бир одам йўлда кетар эди, бир вақт у жуда қаттиқ чанқади. Шунда у бир қудуқ топиб, унга тушди, сувидан ичди ва қудуқдан чиқди. Бир вақт қараса, бир ит чанқашдан ҳарсиллаб, ҳўл тупроқни чайнарди. У одам ўзига ўзи: “Мен қандай чанқаган бўлсам, у ҳам шундай чанқабди” деди-да. Қудуққа яна тушди. Махсисини суви билан тўлдириб, оғзидан маҳкам ушлади. Сўнг юқорига кўтариб итни суғорди. Ит Аллоҳ таолога шукр айтди ва у одамнинг гуноҳлари кечирилди. Шунда одамлар пайғамбар (с.а.в.)дан: “Бизга ҳайвонлар тўғрисида ҳам ажр-савоб бериладими?”деб сўрашди. У зот: “Ҳар бир сувли (тирик) жигар эгаси тўғрисида ажр-савоб бордир”, деб жавоб бердилар” дейилади.(Бухорий ривояти).
Айрим халқлар байрамларида ҳайвонларни ўлдириш, уриштириш билан кўнгилхушлик қиладилар. Ҳайвонларни ўлдириш, уларни уриштириш ҳайвонларга нисбатан зулмдир. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилиш ҳеч бир ерда яхшилик ҳисобланмайди. Бу ҳақда: “Бир аёл мушук тўғрисида дўзахга кирди. У мушукни боғлаб қўйиб, овқат бермади ва ер ҳашоратларини ейишга ҳам йўл қўймади”, дейилади. (Бухорий ривояти).
Айрим кишилар ҳайвонларнинг юзи, қулоғига ҳар хил тамға қўядилар. Айрим кишилар тушуниб ёки тушунмасдан итларни қулоғини, думини кесадилар. Бу ишлар ҳайвонга озор етказади. Шу сабабли бу ишларни қилишдан тийилиш лозим. Пайғамбар(с.а.в.):“Бу ҳайвонга белги қўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дедилар.
Ҳайвонларга меҳр-шафқат қилиш, уларга нисбатан эътиборли бўлиш барча-барчага ҳамиша яхшилик келтирган. Шу сабабли ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли, эътиборли бўлайлик.
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими