1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қалбингизни салавот билан зийнатланг!

22-05-2024, 10:33 261 Ўқиш режими + -
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг Азбо номли туялари ўтлаётган бўлса, ўт-­ўланлар унга талпинар, йиртқич ҳай­вонлар эса: “Сен Муҳаммадникисан” дея ундан йи­роқлашарди. Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин шу туя­лари емай, ичмай қўяди... 
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жаброил алай­ҳиссалом менга рисолатни олиб келганида, қайси тош ёки дарахт ёнидан ўтмайин: “Ассалому алайка, йа Расулаллоҳ!” дер эди», деганлар (Имом Баззор ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Масжид хурмонинг ғўлаларидан бино қилинганди. Набий алайҳиссалом хутба қилсалар, ана шу ғўлалардан бирининг устига чиқар эдилар. У зот алайҳиссаломга минбар ясаб берилгач, ўша ғўланинг ўн ойлик бўталоқдек инграганини эшитдик”.
“Ал-фиқҳул акбар” асаридаги Ибн Аб­боснинг “Муҳаммад алайҳиссаломнинг асҳобини сўкманглар. Улардан ҳар бирининг мақоми соат сайин юксалган, яъни Пайғамбар алайҳиссалом билан бир соат бирга бўлиш сизларнинг қирқ йиллик амалингиздан яхшироқдир”, деганларини ­эсласак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Улардан қай бирига эргашсангиз, ҳидоят топасиз” (Имом Дорақутний ривояти) ҳадисидаги моҳиятни янада те­ранроқ англаймиз.
Саъдий Шерозийнинг ҳикоятини ўқисак, буни янада яққолроқ ҳис қиламиз:
“Хушбўй совуннинг ҳидига маҳлиё бўлган шоир фаразан ундан сўрабди:
– Бунча хушбўйликни қаердан олдинг?
– Аслида, мен мушк ҳам, анбар ҳам бўлмаган оддий тупроқман. Бир муддат гулга ҳамроҳу ҳамсуҳбат бўлдим. Атиргул бутаси остида бўлганим туфайли унинг куртакларидан оқиб тушган шудринг томчилари билан нам­ландим. Шундан сўнг унинг ҳиди менга ўр­нашди. Қалбингизни яйратган бу ифор аслида атиргулдан!..”. 
Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мунтазам равишда салавотлар айтиб, саломлар йўлласак, атиргулнинг ифори каби маънавий оламимиз зийнатланиб бораверади.