1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қайнона ва келин

27-07-2024, 12:11 378 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсон зотини яратгач, уларнингнаслни давом эттириш учун  оила бўлиб яшашга ҳам чақирган. Оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари ҳисобланади. Кўп ҳолларда эрнинг ота-онаси ҳам ёш келин-куёв билан бирга бир ҳовлида яшашларига тўғри келади.
Оналар табаррук, улуғ зот. Ота-онага оқ бўлиш Аллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар оғир гуноҳ эканини яхши биламиз. Шундай экан, унда нега “она” сўзи олдига “қайн” қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитиб ранглари ўчиши, ғазабга минишлари керак? “Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас” деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши нега керак? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлган суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш қайноналарнинг оналик фитратига ҳам асло тўғри келмайди.
  “Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин”, дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир “Катталар – ёшлар учун бир кўприк”, деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.
  Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга ҳам боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё “ҳуқуқ” талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтлари бахтсизликка айланиб, ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра тақдирга тан беришга мажбур бўлишади.
  Унда нима қилиш керак? Унда ўзаро муносабатларимизни яхшилашимиз, қайнон ва келин иноқ бўлишлари лозим. 

 
 
Мардонова Муслимахон 
Қамаши тумани отинойиси