1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЁШЛИКНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК!

26-08-2024, 12:06 144 Ўқиш режими + -
Маълумки, исломнинг оламшумул илоҳий таълимоти кишилик жамиятини бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечириши, охиратда саодат аҳлидан бўлишга даъват этади. Оила, фарзанд жамиятнинг узвий асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан илму-фан, касбу-ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Ёш авлодни, хусусан, фарзандларимизни қизиқишлари, ақлу-заковатлари, иқтидорларига мувофиқ илм, касб ва ҳунар танлашларида имкони борича ёрдам беришимиз зарур. Ёшлар олтиндан ҳам қиммат вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу ҳақда Сарвари коинот (сав) марҳамат қилиб: яъни: “Ёшлигингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг”, деб унинг қадрига етишни таъкидлаганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларни солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (сав) ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да, тутуни димоғингни ачитади” – деганлар.
Халқимизда “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади”, деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган: яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!”.
Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий (рҳ.) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?”, деб савол бердилар. “Ҳосили йиғиб олинади”, дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (рҳ.): “Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин, унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.
Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада уларни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Пайғамбаримиз (сав): “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидур” – деганлар.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (рз.): “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган”, деган.
Дарҳақиқат, Қуръони каримда Юсуф (а.с.) ҳақида: яъни: “Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шу тарзда мукофотлаймиз”, дейилган.
Касб-ҳунар ўрганиш ва шу орқали ҳалол меҳнат қилиб, чиройли ҳаёт кечириш шариат талабларидан биридир. Зеро, Пайғамбар (а.с.) ҳадисларидан бирида айтдилар: яъни: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”.
Бошқа бир ҳадисда эса: яъни: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”.
Буюк имом Абу Ҳанифа (рҳ.)нинг иқтидорли шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний касб-ҳунар ва унинг жамиятдаги муҳим ўрни ҳақида биринчи бўлиб “Яхши ризқни касб қилиб топиш” номли китоб ёзди ва касб-ҳунар, тижорат, зироат, саноъат кабилар билан машғул бўлиш зарурияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Буюк ватандошимиз Шайхур-раис Ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: “Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва саноъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта бу ўринда боланинг майли аҳамиятга эга (Исломий тарбия ва унинг фалсафаси. Муҳаммад Атия, 197-бет)”.
Ёш авлод тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: “Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари лозим (“Иҳё...” китоби, 3-жуз, 70-бет).
Аллоҳга беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинки, Ватанимиз ҳудудидаги барча ўқув юртлари ва мактабларда бу йилги ўқув-таълим учун жуда кўплаб замановий қўлланмалар билан таъминланди. Ўқувчиларнинг ёзги дам олиш таътилларини ҳам яхши якунладилар. Албатта, ота-она ва мураббийлар ёзги дам олиш фурсатидан унумли фойдаланиб ва барча ўқувчиларни фойдали меҳнат билан машғул бўлишлари, ўзлари севган касб-ҳунарларни ўрганишларига шарт-шароитлар яратиб беришди.  Ёшларимиз  бу фурсатдан ижобий суратда фойдаландилар, вақтларини беҳуда нарсаларга сарф қилмади ва илмга бағишладилар . Чунки ўспиринлик даври энг хатарли давр ҳисобланади. Шунинг учун ота-оналар, мураббийлар ва кенг жамоатчилик ёшларнинг бўш вақтларини унумли, самарали, фойдали ишларга йўналтира билишлари талаб этилади. Бу айни ислом динимиз ва жамиятимизнинг истак ва орзу умидлари билан ҳамоҳангдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: яъни: “Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”.
Бошқа бир оятда эса: яъни: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар”.
Маълумки ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва уларни турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ва шу жумладан, уларни гиёҳвандлик офатидан эҳтиёт қилиш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласи эканлиги ҳаммамизга яхши маълум. Зеро ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз ҳам қарз амалдир. Шундагина у Аллоҳ ва Унинг Расули ҳамда раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.
Айни шу маъно ва мазмун Аллоҳ табарока ва таолонинг қуйидаги ояти каримасида мужассамдир: яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларнинг гуноҳларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилиб ўтган чиройли амаллари баробарида мукофотлагаймиз”.
Аллоҳ таоло ёшларимизни Ўзининг маҳбуб бандаларидан қилиб, Ватанини севадиган, унинг тинчлиги ва фаравонлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшадиганлардан бўлишлигини Аллоҳдан сўраб дуолар қиламиз.
 
Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов, Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби