Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида имом Абдулазиз «Шамсул аимма Ҳалвоий» ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди.

Мажмуанинг очилиш маросимида самарқандлик таниқли олимлар, дин намояндалари, зиёлилар ва нуронийлар иштирок этди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят бўлими раҳбари ўринбосари Хайрулло Сатторов, манбашунос олим Комилхон Каттаев сўзга чиқиб, имом Шамсул аимма ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбирда ушбу муборак масканни обод қилишда ўз ҳиссасини қўшган барча фидойилар, уста-қурувчилар, маърифатли тадбиркорларга маҳалла аҳли номидан миннатдорлик билдирилди.
«Шамсул аимма» унвони билан шуҳрат топган Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоий етук фақиҳларимиздан биридир. Абу Саъд Самъоний қаламига мансуб «Насабнома» китобининг бухоролик олимлар қисмида ёзилишича, Ҳалвоийнинг отаси ҳалво пишириб, сотиб тирикчилик қилиб юргани учун у кишига ота касби билан нисбат берилган.
Ҳалвоийнинг туғилиши билан боғлиқ маълумот бирор-бир манбада келмагани боис туғилиш санаси ҳозирча маълум эмас. Ота томонидан аждодлар силсиласи Пайғамбаримизнинг жиянлари ва куёвлари Али ибн Абу Толибга боғланади.Абдулҳай Лакнавийнинг
«Фавоид ал-баҳийя фит-тарожима ал-ҳанафийя» китобида қайд этилишича, ироқлик кўпгина фақиҳлар унвон танлашда касб-ҳунар, қабила ёки бирор жой номига нисбат бериш билан
«Жассос» (сувоқчи),
«Қудурий» (қозончи) каби соддагина тахаллуслар олишган.
Қорахонийлар пойтахтини Ўзгандан Самарқандга кўчиргач, Ҳалвоий Кешга сургун қилинади. У киши қолган умрини шу ерда ўтказади. Абдулазиз Ҳалвоий тахминан 1058 йили Кешда вафот этади. У кишининг жасади Бухорога олиб келиниб дафн қилинади.
«Мен у зотнинг қабрларини зиёрат қилдим», дейди
«Насабнома» асари муаллифи Абу Саъд Самъоний.
Чор Русияси даврида Калобод мозори бузилиб, ўрни уй-жой учун ер майдони сифатида ажратиб берилган. Ҳалвоийнинг қабри ҳам янги бунёд этилган уйлар ичида қолгани сабабли 2004 йили турбати Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги
«Шоҳ Ахси» ёдгорлигига кўчирилди. Шу жойда у зотнинг шогирдларидан бири Бакр Заранжарийнинг қабри ҳам бор.
Ҳалвоийнинг
«Шамсул аимма» деб улуғланадиган уламо даражасига етишида устозларининг хизматлари катта бўлган. Абдулҳай Лакнавий Абдулазиз Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлари силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши ҳақида маълумот беради. Ҳалвоийдан Сарахсий (1010–1093), Абул Уср Паздавий (1010–1089), Абул Юср Паздавий (1030–1099), Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий (1035–1118) кабилар сабоқ олиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишишган.
Ҳозиргача олимнинг бирор бир китоби қўлёзма ёки тошбосма шаклида топилмаган бўлса-да, у киши қаламига мансуб асарларнинг номи бизга маълум. Абу Саъд Самъонийнинг
«Насабнома», Ҳожи Халифа Чалабининг
«Кашфуз Зунун», Ҳофиз Абдул Қодир Қурайшийнинг
«ал-Жавоҳир ал-Музийя фит-табақот ал-ҳанафийя», Шамсуддин Заҳабийнинг
«Сияру аълом ан-нубало» китобларида Ҳалвоийнинг асарлари ҳақида маълумотлар берилган. У киши
«ал-Мабсут», «ан-Наводир», «Фавоид», «Шарҳ ал-адаб ал-Қодили Аби Юсуф», «Шарҳ ал-адаб ал-Қоди лил-Хассоф» каби китоблар ёзган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мазҳаб фақиҳларини салоҳияти, илмий лаёқатига қараб етти табақага ажратадилар. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари
«Мухтасар ал-виқоя»га шарҳ сифатида ёзган
«Кифоя» номли китобида Хассоф, Таҳовийлар билан бир қаторда Ҳалвоий, Сарахсий, Паздавий ва Қозихонларни учинчи табақа вакиллари сирасида зикр қилади. Ушбу табақа вакиллари мазҳаб соҳибидан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид фақиҳлар бўлишган.
Алломанинг фатволари кўплаб мўътабар китобларда, хусусан,
«Фатавои Оламгирия», «Фатавои Қозихон», «Муҳити Сарахсий», «Кофий», «Захира» ва «Жомиъ ал-мабоний лил-масаили шарҳи фиқҳи Кайдоний» каби асарларда келтирилган.
МАЪЛУМОТНИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА УЛАШИНГ
БОШҚА МАҚОЛАЛАР
Мақолалар
10 мингта масаладан биттасига далил бор
26.12.2024 85 6 min.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...
Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги
«У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло:
«Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.
Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.
У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга:
«Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.
Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин
«Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки,
«Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.
Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб,
«Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.
Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз:
«Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ.
«Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.
Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан