1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СОҒЛОМ ЭЪТИҚОД АСОСЛАРИ

27-12-2024, 15:08 374 Ўқиш режими + -

VII асрда Ислом дини келганидан сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссалом дин таълимотларини босқичма-босқич баён қилиб, уни мусулмонларга мукаммал тарзда етказдилар. Саҳобалар ушбу таълимотни маҳкам ушлаб, уни бошқа юрт ва халқлар орасида ёйдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврига келиб, мусулмонларни гуноҳ сабабли кофирликда айблайдиган хорижийлик тоифаси юзага келди. Кейинги даврларда эса юнон фалсафасидан таъсирланиш натижасида дин ҳукмларини англашда ақлни шаръий матн ва қоидалардан устун қўювчи мўътазилийлар, фарз ибодатлар ва охиратни инкор этувчи қарматийлар каби тоифалар пайдо бўлди. Шу билан бирга, аҳён-аҳёнда худосизлик даъволарини илгари суриб, мусулмонлар орасида шубҳа тарқатувчилар ҳам учраб турар эди.

Дастлаб Абу Ҳанифа каби олимлар ислом таълимотини бу каби нотўғри эътиқодлардан ҳимоя қилиб, унинг Қуръон ва ҳадислар асосидаги моҳиятини баён этиб асарлар ёздилар. 

IX–Х асрларга келиб ислом таълимотини ана шу каби бузуқ эътиқодлардан ҳимоя қилиш зарурати янада кучайди. Бу заруратни амалга оширишда бир замонда, аммо турли ҳудудларда фаолият олиб борган самарқандлик имом Мотуридий ва ироқлик имом Ашъарийдек икки забардаст олим жонбозлик кўрсатдилар. Улар ислом ақидасини турли шубҳа ва бидъатлардан ҳимоя қилиш йўлида асарлар ёзиб, баҳс-мунозаралар олиб бордилар. Бу йўлда салафи солиҳ уламолар йўлига асосланган усул ва қоидаларини ишлаб чиқдилар. Уларнинг йўлини шогирдлари давом эттириб, бошқа ўлкаларга ёйишда хизмат қилдилар. Шу тариқа мусулмонларнинг иймон-эътиқодини турли шубҳалардан ҳимоя қилувчи икки йирик мактаб юзага келди. Бу мактабларнинг бири Мовароуннаҳрда юзага келган мотуридийлик таълимоти бўлса, иккинчиси халифалик маркази Бағдодда юзага келган ашъарийлик таълимотидир. Бутун мусулмон дунёси ҳар икки таълимотни Пайғамбаримиз суннати ва мусулмон уммати бирлигини ўзида ифода этган тўғри йўлдаги таълимот сифатида бугунга қадар эътироф этиб келмоқдалар.

Имом Мотуридий имом Абу Ҳанифанинг анъанавий, яъни ақидавий мавзуларни тушуниш ва талқин қилишда фақат Қуръон ва ҳадисга асосланган мазҳабига ўша давр муҳити тақозосига кўра мантиқий далиллаш услубини киритиб, адашган оқимларнинг қарашларига шаръий матнлардан ташқари улар томонидан келтирилган ҳужжатлар шаклига муносиб ва улар томонидан тан олиниши мумкин бўлган йўсинда раддиялар берган ҳамда шу зайлда бу мазҳабни услуб жиҳатдан бойитган. 

Машҳур қомусий олим Тошкўпризода “Мифтаҳ ас-саода” асарида Мотуридийнинг илмий меросига шундай баҳо берган: “Аҳли сунна ва жамоанинг калом илмидаги раҳнамолари икки кишидир. Бири ҳанафий бўлса, иккинчиси шофеийдир. Ҳанафий раҳнамо Абу Мансур Муҳаммад Мотуридий Самарқандийдир”.

Мотуридийлик таълимотининг энг ёрқин вакили Абул Муин Насафий имом Мотуридийнинг илмий мавқеини юксак баҳолаб, қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Мовароуннаҳрда Мотуридийдан ташқари барча ҳанафий олимлар мавжуд бўлмаганда ҳам, Абу Мансур Мотуридий уларнинг ўрнига кифоя қилар эди. Чунки у шундай зотки, илм уммонининг энг қаърига шўнғиб, ундан дуру гавҳарларни олиб чиқди ва диний ҳужжатларни ўзининг фасоҳати, мислсиз заковати билан зийнатлади. Шунинг учун у вафот этганида, Шайх Абул Қосим Ҳаким Самарқандий унинг қабри устига “Ушбу қабр илмларни ўз нафасларигача қамраб олган, уни тарқатишда кўп заҳматлар чеккан, қолдирган мероси кўп мадҳ қилинган ва ўзининг умр дарахтидан кўплаб мевалар тера олган зотнинг қабридир”, - деб ёзишларига буюрган эди”. Ушбу битик ҳозирда ҳам Самарқанддаги имом Мотуридий мақбарасида сақланади.

Машҳур олим Муҳаммад ибн Абдураззоқ Ҳосирий Зубайдий “Итҳоф сода ал-муттақин фи шарҳ иҳё улум ад-дин” номли асарида Мотуридийни шундай тилга олган: “Имом Мотуридий дин учун курашувчи, аҳли сунна вал жамоа ақоидини мустаҳкамловчи олим эди. У мўътазилийлар ва бошқа турли оқимларнинг эътиқодларига кескин зарба берарди. Мотуридий улар билан бўлган баҳс-мунозараларда шундай йўл олиб борардики, оқибатда уларнинг оғзини ёпиб қўярди. Шу сабабли ўша давр уламолари уни “имом ал-ҳуда” – “ҳидоят имоми” деб аташарди”.

Абдуллоҳ Мароғий “ал-Фатҳ ал-мубин фи табақот ал-усулиййин” номли асарида Мотуридий ҳақида шундай деган: “Абу Мансур ниҳоятда ҳужжати кучли, тортишувда эса олов каби шиддатли мутакаллим ҳамда мусулмонлар ақидасини астойдил ҳимоя қилувчи шахс эди. У бетакрор илми билан адашганларнинг шубҳаларига раддия берар ва соф ислом ақидасини ўзига аралаштириб юборган бидъат ғоялардан тозалар эди”.

Бугунги кунда мотуридийлик таълимоти Ўрта Осиё, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Татаристон ҳудудларида, қолаверса, Миср, Сурия, Ироқ каби араб давлатларида қисман тарқалган бўлиб, дунё мусулмонларининг 40% дан ортиқроқ қисми ушбу таълимот асосида эътиқод қиладилар.

Маълумки, ҳар бир диннинг асосида эътиқод муҳим ўрин эгаллайди. Эътиқод – кишининг муайян мақсад, ғоя, таълимот, шунингдек бирор ҳодиса, борлиқ мавжудлиги ва унинг хусусиятлари ҳаққоний эканлигига ишончидир. Демак, ишонч эътиқоднинг асосини ташкил этади. Бироқ, ҳар қандай ишонч ҳам эътиқодга айланмаслиги мумкин.

Эътиқод билим (илм)сиз ҳам вужудга келиши мумкин (мисол учун кўр-кўрона, тақлидий эътиқод турлари). Лекин у соғлом ва мустаҳкам  бўлиши учун асосли билим зарур бўлади. Бунда билим ақлга, мантиққа таяниши ҳам, нақлий далиллар яъни, илоҳий манбаларга асосланиши ҳам мумкин. Одатда, эътиқод деганда диний эътиқод тушунилади. Аслида, эътиқод диний ҳам, дунёвий ҳам бўлиши мумкин. Диний эътиқод ғайритабиий кучлар ва ҳодисаларга ишониш, сиғиниш орқали шаклланса, эътиқоднинг дунёвий кўриниши эса инсонни ўраб турувчи объектив оламдаги нарса ва ҳодисаларни ҳиссий тажриба ва илмий билиш асосида шаклланади. 

Юқоридаги таърифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, турли динларда эътиқод объекти турлича бўлади. Жумладан, анимизм, тотемизм, фетишизм билан боғлиқ тасаввурларда ғайбий кучлар, табиат ҳодисалари, жонзотлар ва буюмларни мисол қилиш мумкин. Ислом динида эътиқодга оид масалалар илоҳий манба ҳисобланадиган Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари билан белгилаб берилган. 

Мотуридийлик ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти билан боғлиқ аксарият фикрларини "Китоб тавҳид" асарида баён этган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтади: "Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир".

Мутакаллим ислом илоҳиётидаги қазо ва қадар (яъни инсон тақдири) ҳақида ҳам мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги бор деган иборани қўллаган. Яъни инсон қандай ишни лозим топса, ўшани бажариши керак. Аллома инсон қандай йўлни танлаши ўз ихтиёрида эканига алоҳида урғу беради. Бу эса ҳозирги демократиянинг асосини ташкил этади.

Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди.



      Ўткир Ғузаров,“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси мудири