Қалби тоза инсон ким?
11142
8-01-2025, 09:41
461
Ўқиш режими
+
-
Дарҳақиқат, қалб инсонга берилган буюк неъматлардандир. Уни тоза бўлиши муҳим ишлардандир.
Маълумки, инсонларнинг қалблари пок ва нопоклик жиҳатидан икки хил бўлади. Биринчиси қалбул-мараз ( иллатли қалб), иккинчиси эса қалбус-салим (соғлом, тоза ) дейилади.
Ислом дини инсонларнинг қалбини тоза бўлишга ундайди. Қалби тоза инсон энг яхши инсон ҳисобланади. Бир куни саҳобалар Пайғамбар (с.а.в.) дан: “ Энг яхши инсон ким?” деб сўрашди. У зот: «Қалби тоза, ростгўй бўлганидир», деб жавоб бердилар. Шунда саҳобалар: “ Ростгўй деганингизни биламиз, аммо қалби тоза деганингиз ким?» деб сўрашди.
Пайғамбар (с.а.в.): «Тақводор, покиза, гуноҳи йўқ, зулм қилмайдиган, нафратланмайдиган ва ҳасад қилмайдиган одам», дедилар.
(Ибн Можа ривояти.)
Инсоннинг қалби тоза бўлса, унинг нияти ҳам пок бўлади. Нияти пок инсоннинг эса амаллари ҳам пок бўлади. Инсон қалби бу Аллоҳ таолонинг қиёматда назар соладиган жойидир. Бу жой иймон билан, яхши ниятлар билан покланиши ва шу тоза қалбдан келиб чиқилган амаллар қилиниши зарур. Зеро, бу ҳақда пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолло сизларнинг кўринишларингиз ва молларингга қараб муомила қилмайди, балки сизларнинг қалб ва амалларингизга қараб муомила қилади”. ( Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, инсон қалбининг тозалиги муҳим аҳамиятга эга. Қалб тозалиги инсонни комиллик сари етаклайди. Инсон қалб тозалиги туфайли дунё ва охират саодатига эришади.
Руҳиддин АКБАРОВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими