Инсон ҳар қандай вазиятда тўғри сўз бўлиши фазилат ҳисобланади. Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига ростгўй бўлиш ҳақида:“Билгин, эй ўғлим, дунёда яшаш озгина фурсатдир, унга берилиш алданишдир, унга ошиқ бўлиш ширин хаёлларга тутқун бўлишдир. Шундай экан, саховатли, хушмуомила, тўғри сўз бўл” дейдилар. Ростгўй кишиларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги хушхабари бор:
“ Аллоҳ: “ Бу кун ростгўйларга тўғри сўзлари манфаат берадиган кун, уларга остидан оқиб турган жаннатлар бор, унда абдий-боқий бўлурлар. Аллоҳ таоло улардан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир”—деди”. ( Моида сураси 119-оят).
Ростгўй кишининг тўғри сўзлиги учун унга қуйидаги яхшиликлар берилади:
- Тўғри сўзлик туфайли инсон ҳақ ва халқнинг муҳаббатини топади;
- Тўғри сўзлик инсоннинг мартабаси юксалади;
- Тўғри сўзлик туфайли инсон одамлар орасида ишонарли кишига айланади;
- Тўғри сўзлайдиган кишининг юзи доим ёруғ бўлади;
- Тўғри сўзлик туфайли инсон ҳар қандай машаққатлардан муваффақиятли ўтади;
- Инсондаги тўғри сўзлик унинг ақлли-фаросатли эканлигига далолат қилади;
- Тўғри сўзлик туфайли инсон турли хил нодонликлардан, бало ва офатлардан узоқ бўлади;
- Тўғри сўзлик доимо инсоннинг дунё ва охиратига фойда келтириб туради;
- Тўғри сўзлик туфайли инсон азиз ва муҳтарам бўлиб, доимо хору-зорликдан узоқ бўлади.
Рост гапирмаётган инсон ичидан рост гапирмаётганлигини билиб туради. Шу сабабли инсон энг аввало тилига эрк бермаслиги, уни доимо назорат қилиб туриши лозим. Пайғамбаримиз с.а.в. “ Одам фарзанди тонг отдириш билан унинг барча тана аъзолари тилига ёлбориб: “Эй тил, тўғри бўл, рост сўзла, биз сен билан биргамиз, сен тўғри бўлсанг биз ҳам тўғри бўламиз, сен қийшайсанг бизлар хам қийшаямиз деб илтижо қилади” дедилар.
Инсонларнинг энг яхшиларидан бири рост гапирадиган тилга ва ҳасад қилмайдиган юракка эга бўлганидир. Одамлар пайғамбар (с.а.в.)дан: “Инсонларнинг яхшиси ким?” деб сўрашди. Пайғамбар (с.а.в):“Ҳасад қилмайдиган юракка ва рост гапирадиган тилга эга бўлган кишидир” деб жавоб бердилар.
Тўғри сўзликни акси ёлғончиликдир. Ёлғончилик инсонларни алдашдир.Ҳадисда:
“ Ёлғончиликдан ҳазар қилинглар. Чунки ёлғончилик ёмон ишга бошлайди, ёмон иш эса дўзахга бошлайди. Бир киши ёлғон гапираверса,шу ишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида “ Ёлғончи” деб ёзилади”, дейилади. ( Бухорий ривояти). Алишер Навоий: “Ёлғончи одам-унутувчи; у андиша ва эҳтиётдан четда турувчи. Ҳар кимсанингсўзи чин бўлмаса, ростгўйлар кўнглига у сўз қабул бўлмас.Ёлғончи ўзининг ёлғон сўзига бир-икки марта ишонтиради. Кейин нима қилади?Ёлғончилиги маълум бўлгач, у расво бўлади, унинг сўзига халқ ишончи йўқолади. Кўнгил хазинасининг қулфи-тил; у хазинанинг калити-сўз бил” дейдилар.Ёлғоннинг умри қисқа бўлиб, тўғри сўзлик бор жойда ҳалоллик, покизалик қарор топади.
Оилаларимизда фарзанд, набираларимизнинг ростгўй бўлиб ўсишларига эътиборимизни қаратишимиз керак. Фарзандларимизни тўғри сўзликка ўргатамиз деб, уларга ҳар хил буйруқ бериш, уларни уришиш яхши эмас. Фарзандларга ротгўйликда ўзимиз ўрнак бўлишимиз, ҳар доим улар билан тўғри сўзликнинг фойдалари, ёлғончиликнинг зарари ҳақида суҳбат қилиб туришимиз лозим. Фарзандларимизни ёлғон сўзлашдан тийилиб, рост сўзлашга одатлаништириш бола тарбиясидаги муҳим ишлардандир.
Тўғри сўзлик юксак инсоний фазилатдир. Бу фазилатга эга бўлган инсонлар ҳамиша халқимизда эъзозланиб келинади. Тўғри сўзлик жамиятнинг барқарорлиги ва жамият аъзолари ўртасидаги ишончни таъминлашга хизмат қилади.
Руҳиддин Акбаров.
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими