1441 йил 03 Шаъбон | 2020 йил 28 март, Шанба.
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:12
Sunrise
06:28
Dhuhr
12:42
Asr
17:08
Maghrib
18:57
Isha
20:12


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Бахилнинг иши юришмайди

20-03-2020, 12:10 20 Ўқиш режими + -

Бахилнинг иши юришмайди

  

                Ислом динида бахиллик ёмон хулқ сифатида қораланади. Бахиллик  сўзи луғатда: “Бахил-арабча – хасис, зиқна, қурумсоқ, бировга ҳеч нарсани раво кўрмайдиган; сарф-харажатни ёқтирмайдиган; хасис, қизғанчиқ. 

                 Аслида, бахил дўзахдаги дарахтнинг номидир.  Дўзахдаги дарахтнинг бир шохи инсонга хос сифат бўлиб, бу дунёга тушиб туради. Кимки бу сифатни ўзида намоён қилса, у ўша дарахтнинг шохини ушлаган бўлади. Бахил  дарахт шохини маҳкам ушлаб яшаётган киши охир-оқибатда ёмон жойга боради.  Бу ҳақда пайғам баримиз (с.а.в.) :  “Бахиллик  ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади”, дейдилар.

                   “ Қуръони карим”да: “ Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга буюрилгансизлар. Бас, сизларни орангизда  бахиллик қиладиган кишилар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур”.   ( Муҳаммад сураси, 38-оят). Инсон бахилликдан қайтиб, саховатли бўлишликни Аллоҳ таъолонинг буйруғи сифатида ўзида мужассам қилади. 

          Инсон ўзидаги бахилликни ҳар доим сахийлик қилиш билан енгиб бориши лозим. Бу ҳақда ўз даврида Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилади: “ Эй, фарзандим, бахилликдан сақлан, бахиллик дунё ва охиратингни  бузади. Инсонлар олдида мурувватинг камаяди, обрўйинг кетади. Одамлар олдида иззат ва улуғлигинг кетади.  Ғазабингни мулойимлик билан, енгилликни вазминлик билан, нафснинг ҳавосини тақво билан, шак-шубҳани ҳақиқат билан, ботилни ҳақ билан, бахилликни ўз молинг билан енггин”. Инсон ўзидаги бахиллик туфайли дунё ва охират яхшиликларидан   маҳрум бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “Алдоқчи, миннатчи ва бахил жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирилади. (Термизий ривояти).

         Сахий одам топганини бошқалар билан бўлиб ейди, бахил одам эса иложи борича ҳеч кимга бирон нарса бермай ейишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда халқимизнинг “Сахий топса-барча ер, бахил топса- босиб ер”деган мақоли диққатга сазавордир. Бахиллик ҳам, хасислик ҳам инсон учун яхши одатлардан саналмайди.  Бир куни устоз ўз  шогирдидан:    “ Бахил билан хасиснинг нима фарқи бор?” деб сўрабди. Шогирд: “ Бахил одам  бировга бирор нарса бермайдиган одам, хасис эса қизғанчиқ одам” деб жавоб берибди. Устоз шогирдига: “ Сени айтганинг ҳам тўғри, аммо бахил бировга бирор нарса беришдан тийиладиган одам бўлса, хасис эса  бирор иш, айниқса, яхшилик учун зарардан қочадиган одам”, деб жавоб берган экан. Қадим замонда бир хасис бой бор экан. У бир куни йиғилишда ўтириб, уйидаги чироқ ёқилган қолганлиги эслайди. Бой аста йиғилишдан чиқиб, уйига қайтади. Уйига келиб, эшигини тақиллатади. Унинг уй хизматкори уйидан овоз бериб, эшикни очмоқ бўлганида, бой: “ Эшикни очма, хонамдаги чироқни ўчириб қўй”, дебди. Хизматкор: “ Чироқни ўчириб қўйганман, нима учун эшикни очмаслигимни тушунмадим” дебди. Бой:  “ Мен яна йиғинга қайтиб кетаман,  ҳар келганимда эшикни очаверсанг, эшикнинг ошиғи ейилиб кетади”, дебди. Хизматкор эса: “ Энди, тушундим, аммо ҳар гал қайтиб келишингизда оёқ кийимингиз ерга ишқаланиб ейилиб кетишини ўйламаяпсизми?” дейди.  Шунда хасис бой: “ Сен мени нима деб ўйлаяпсан, мен сен айтмасанг ҳам туфлимни қўлтиғимга олиб келдим, ҳозир эшикни орқасида оёқ яланг турибман”, деган экан. 

                   Инсоннинг бахиллик қилиши уни дунёни жуда қаттиқ яхши кўришига, уни дунё тўплашга ўчлигига далолат қилади. Ва бахиллик дунё жам қилувчи кишининг беш ёмон хислатидан бири ҳисобланади.  Бу ҳақда донишмандлар шундай дейишади: “ Бу дунёда дунё тўпловчи учун бешта ёмон хислат бор. Бу беш ёмон хислатлар қуйидагилар: 

1.  Кўзи очлик. 2. Қаттиқ бахиллик. 3. Узун орзу. 4. Қалби қаттиқлик. 5. Ўлимни унутиш.      

              Бахил одам мол-дунёга ўч бўлиб, у  молини кўпайишини орзу қиладиган одамдир. Шу туфайли у дунё жамъ қилиш илинжида яшайди. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари ўз вақтида шундай ёзган эдилар:

Жамъ этмак азалда топти тақсим бахил,                                                                                              

Ким, этмади сийм элга таслим бахил,    

Чун харж қилур чоғда кўрар бийм бахил,                                                                                                  

Тош ҳукмидадурки жамъ этар сийм бахил. 

       Дарҳақиқат, инсон ўз нафсидаги бахилликни бошқа бировга бирор нарса бериш ёки яхши сўз, яхши иш қилиш билан ювиб туриши лозим”.  “Қуръони карим”да: “ Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас,  ана ўшалар нажот топувчилардир” дейилади.       ( Ҳашр сураси 9-оят).  Қадимги донишмандлар бахил одамнинг хасислик қилиб йиққан молига қуйидаги офатлар келади, деб баён қилишган :

  1.                 Бахил одамнинг моли охир-оқибат сув тошқини, олов ёнғини, бўрон, зилзила каби табиий офатларга учрайди. Ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади: “  Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “ Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “ эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ деб дуо қилади”;
  2.                Бахил одамнинг баъзи бир ноўрин гапи ёки ноқобил ҳатти-ҳаракати туфайли моли мусодара бўлади;
  3.                Бахил одам молини жамлаб, уни бир жойга яширади ва кейин молини қўйган жойдан тополмай йўқотади;
  4.                Бахил одам бир касалга йўлиқиб, у касални даволатиш учун мажбур бўлиб йиққан молидан ажралади;
  5.                Бахил одамнинг жамлаган моли ўғри, қароқчи ёки фирибгарлар томонидан ўзлаштирилади.
  6.                Бахил одамнинг фарзандлари ноқобил чиқиб, унинг молини буҳуда кетишига сабаб бўладилар;
  7.               Бахил одамнинг кўнглига мол зое кетадиган жой (масалан, рухсат қилинмаган жойга иморат қилиш, ноўрин маърака қилиш каби)ларга маблағ сарфлаш келиб, тўплаган молини ўша жойда беҳуда йўқотади.
  8.               Бахил одамнинг бахиллиги уни ҳақ билан ҳам, халқ билан яқин бўлишига путур етказади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади: “  Сахий ҳаққа ҳам, халққа ҳам яқиндир. Бахил ҳақдан ҳам, халқдан ҳам узоқдир”; 
  9.  Бахил одамнинг бахиллиги уни дунё ва охират яхшилигидан маҳрум қилиб, ёмон жойга боришига сабабчи бўлади.  Бу ҳақда Яссавий ҳикматларида:“Дўзах айтурман ортиқ бахил қуллар менда бор, Бахилларнинг қўлида  ўтли- занжир кишан бор”, дейилади. 

                 Ривоят қилишларича, Яҳё алайҳиссалом бир куни Шайтонга дуч келадилар. Ва ундан: “ Эй, Шайтон,   одамлар орасида энг ёмон ва энг яхши кўрган кишинг ким? ”, деб сўрайдилар. Шайтон: “ Одамлар ичида энг ёмон кўрганим сахий киши бўлса, энг  яхши кўрганим бахил кишидир. Чунки сахий киши ўзининг саховати билан доим яхшиликни, бахил киши  ўзидаги хасислик билан доим ёмонликни қўлга киритади. Мени доим одамлардаги яхшилик феъли хафа қилса, улардаги қабоҳат, ёмонлик хурсанд қилади”, деб жавоб беради. Инсонни бахиллик дунё ва охират манфаатидан олиб қолади. Бу ҳақда ҳазрати Али р.а. шундай дейдилар: “ Агар қуйидаги беш хислат бўлмаганида одамлар яхши амал қилувчилардан бўлар эдилар:

1.Дунёга оч кўзлик қилиш.2.Қилган ишига риё қилиш. 3.Ортиқча нарсасига бахиллик қилиш. 4. Худбинлик. 5. Нодонлик.

 Халқимиз ўз мақолида ҳам: “Бахилнинг боғи кўкармас” дейди. Бахил одамнинг иши юришмайди.  Бахиллик инсоннинг бахт йўлидаги тўсиқ бўлиб,  у туфайли инсоннинг толеи кулмайди. Бу ҳақда шоир Абдулла Орипов шундай дейди: 

Дасти қисқаларни камситма зинҳор,        

Савобнинг каттаю кичиги бўлмас.                                                                                                      

Кимнинг давлати беҳуда, бисёр,                                                                                                           

Ва лекин бахилдир, толеи кулмас.

         Дарҳақиқат, инсон учун бахиллик ҳеч қачон бирор манфаат келтирмайди. Бахиллик жамиятдаги кишилар  ўртасида меҳр-оқибатни кўтарилишига, инсонларнинг бир-бирларини ёмон кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларга путур етишига сабаб бўлади. Шу сабабли инсон ўз табиатидаги бахилликка тўғри баҳо бериб, уни хайру-саховат билан ушлаш натижасида икки дунё саодатига эришади.

 

Р. Акбаров  

 

Энг кўп кўрилган
20 noyabr kuni O‘zbekiston musulmonlari idorasi raisi, muftiy Usmonxon Alimov hazratlari va Din ishlari bo‘yicha давоми...
Hududlarda faoliyat yuritayotgan otinoyilarning bilim va saviyasini yanada oshirish, shariat ilmlari, zamonaviy давоми...
Turkiya va Tatariston o‘rtasidagi tashqi savdo aylanmasi 314 million AQSh dollaridan 1 milliard AQSh dollarilik давоми...
Birlashgan Arab Amirliklari jahonda migrantlar uchun eng mehmondo‘st mamlakat sifatida e'tirof etildi. Bu hisobot давоми...
20 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита давоми...
2020 - йил / 25 февраль
2020 - йил / 22 февраль
2020 - йил / 19 февраль