Инсон дунёга келибдики, бахтга интилиб яшайди. Саодатли бўлиб, толега чўмиб ҳаёт кечиришни орзу қилади. Унга етишиш йўлларини излайди. Албатта, бу неъматга ўз-ўзидан эришилмайди. Халқимиз азалдан бахт деганда тинчлик, хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, фарзандлар камоли, эл-юрт олдида юзи ёруғлик кабиларни асосий мезон сифатида билган.
Ҳар бир одамнинг бахти, энг аввало, Яратганнинг инояти, ўзининг меҳнати ва интилишлари билан боғлиқ. Лекин шуни унутмаслик зарурки, инсон халқдан, жамиятдан, Ватандан айро ҳолда бахтли бўла олмайди. Тинчлик-осойишталик қўлга киритаётган ютуқларимизнинг бош мезони, эришаётган марраларимиз, фаровон ҳаётимиз, серфайз дастурхонимиз, фарзандларимиз бахти ва камолининг асосидир Тинчлик шукуҳи ҳукмрон бўлмаса, инсонга табиатдаги ҳеч бир нарсанинг, жамиятдаги ҳузур-ҳаловатнинг қадри қолмайди. Хотиржамлик йўқ жойда тараққиёт ҳам, ризқ-рўз ҳам бўлмайди. Келажак, эртанги кун ҳақида орзу-умид ҳам, бахт ҳам, осудалик ҳам хаёлга айланади. Шу боис, тинчлик тараққиётнинг бош омили, эришаётган барча муваффақиятларимизнинг калитидир. Хўш, тинчлик шундай тотли неъмат экан, унга қандай эришилади ёки тинчлик қандай муҳофаза этилади?
Осойишталик инсонларнинг бир-бирига ҳадя этадиган туҳфаси ёки бозорда сотиладиган маҳсулот бўлса экан, осонгина қўлга киритилса. Тинчлик неъмати учун нафақат Яратганга дуо ва илтижоларни кўпайтириш, балки курашиш ҳам кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Президентимиз “Бундай ўзгаришларнинг энг катта замини — юртимиздаги тинчлик-осойишталик”, деганида айни ҳақ гапни айтган эди.
Бугун дунё саҳнига кўз ташлайлик. Узоқ-яқин айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликлар, талатўплар, қирғинбаротлар, ўзаро низолар ўша мамлакатларнинг аҳолисига нима берди, кимнинг ечилмаган муаммосини ечди, кимни муродига етказди? Аксинча, минглаб одамларнинг жонига зомин бўлди, обод гўшалар харобага айланади, ота-боболар хоки оёқости қилинди, ишлаб чиқариш издан чиқди, одамлар оч-наҳор, баъзилари қочган, баъзилари майиб-мажруҳ бўлиб қолган, яна кимдир бошпана излаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон. Бундай жойда бахт, тараққиёт, эртанги кунга ишонч бўладими? Яшаш учун кафолат борми? Асло, йўқ. Демак, инсон Яратганнинг розилигига ҳам, ўзининг бахту иқболига ҳам фақат ва фақат шукрона ва огоҳлик орқали эришар экан. Шукрона, энг аввало, қалбдан бошланади. Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси хилма-хил шакл-шамойил касб этаётган шароитда инсон қалби, онги, дунёқараши учун бўлаётган курашлар бежиз эмас. Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз. Бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб боришимиз зарур.
Насиба БотироваҚашқадарё вилояти бош имом-ҳатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари