Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду - санолар санолар бўлсинки, бандалари учун энг суюкли, ҳаётининг мазмуни бўлган, азиз фарзанд неъматини ато этди ва ҳар бир инсон учун унинг тарбиясини, одоб ахлоқли бўлиб улғайиб, камол топишида сабабчи қилиб масъул қилиб қўйди. Фарзанд тарбияси жамиятимизнинг келажагини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир. Келажагимизнинг пойдевори бўлган фарзандларимизнинг биринчи мураббийси - бу уларнинг ота - оналаридир. Абу Али Ибн Сино ҳазратлари таъкидлаганидек, бола туғилиши биланоқ "Аввало ота унга яхши исм қўйиши, сўнг яхши тарбия бериши лозим" . Фарзанд тарбияси ҳар бир ота - онанинг фарзанди учун энг муҳим ва масъулитли вазифалардан биридир. Бу жараён боланинг жисмоний, ақлий, маънавий ва руҳий ривожланишига таъсир қилади. Боланинг камолоти учун энг муҳим омиллардан бири ота-она муҳаббати ва доимий эътиборидир. Фарзандлар ота - онани кузатиб, улардан ўрнак олишга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам яхши хулқ, одоб ва меҳнатсеварликни ҳам ота - онанинг ўзи кўрсата билиши керак. Болага ёлғон гапирмаслик, меҳрибонлик адолатлилик, ва бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатиш зарур, болага ишонч билдиририб, ютуқларини мақтаб, руҳлантириб туриш, камчиликларини эса мулойимлик билан тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Боланинг китоб ўқишга бўлган меҳрини ошириш, Бунинг учун эса ота - онанинг ўзи ўрнак бўлиши муҳим. Болага шахсий фикрини билдиришга имконият яратиб бериш, ўз ҳис- туйғуларини билдиришда эркин бўлиши, дард ва қувончларини ота - онаси билан баҳам кўрадиган даражада меҳрли бўлиши керак.
Ота - она боласига меҳр ва диққат, эътибор берса, унинг билим олишига, яхши инсон бўлиб етишишига йўл очиб берса, бола келажакда камол топиб, ўз ўрнига эга, комил инсон бўлиб вояга етади.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда кўп ота – оналар оилавий шароит, молиявий эҳтиёжлар сабабли четга чиқиб кетишмоқда. Бу эса бола тарбиясига жиддий таъсир кўрсатади. Ота - она меҳнати билан топиладиган пуллар моддий ҳолатини яхшилаш мумкин, лекин маънавий, руҳий тарбияси учун етарли бўлмайди.
Ота - онадан бири, айниқса ота оила боқувчиси бўлиб, маълум даражада тушинилади, лекин оналарнинг ҳам четга чиқиб кетиши боланинг тарбиясига жуда катта таъсир кўрсатади.
Она болага нафақат моддий, балки руҳий тарбия беради. Унинг меҳри, парвариши ва ҳимояси бола учун ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмас даражада буюк неъмат ҳисобланади. Она фарзандлар учун улкан тарбиячидир. Айниқса қиз бола учун. Она қизига ҳаёт сабоқларини беради, уни келажакда яхши аёл, яхши она бўлишига тайёрлайди.
Кўп ҳолларда онаси четга чиқиб кетган қизларнинг тарбиясиз муҳитга тушиб қолиб, нотўғри йўлга кириб қолаётганларини, ҳаётда эса ўз ўрнини тополмай қийналиб юрганлигини гувоҳи бўлиб қоляпмиз, бу эса ота оналар учун тузатиб бўлмас катто хатодир. Оналарнинг четга чиқиши кўпинча " Болаларимни келажаги учун " деган даъво билан асосланади. Лекин келажак фақат пулга боғлиқ эмаслиги, она меҳрининг йўқлиги боланинг ёмон муҳитга тушишига, носоғлом одатларга мойил бўлишига, ҳатто жиноятчиликка қўл уришига олиб келиши мумкин.
Шундай экан ота - онанинг асосий вазифаси аввало фарзандига тўғри тарбия беришдир. Моддий бойликни топиш мумкиндир, аммо маънавий тарбия йўқотилса, уни қайта тиклаш осон эмас.
Комил фарзанд юрт келажагининг мевасидир, уни яхши тарбияласа ота - онанинг энг катта ютуғи ва бахти бўлади. Агар оилада ахлоқли, ватанпарвар, меҳнатсевар, ҳақиқатни ҳимоя қилувчи, саховатпеша, мард фарзандлар тарбияланса , келажакда мамлакат равнақи таъминланади. Комил фарзанд ота - онага бу дунёда ҳам, охиратда ҳам шодлик келтиради.
Аллоҳ юртимизга, оилаларимизга барака берсин!. Фарзандларимизни имон - эътиқодли, одобли, билимли, элу - юртимизга манфаати тегадиган инсонлардан қилсин!
Комил фарзандлар - юрт келажагининг нурли умидидир. Аллоҳ таоло барчамизни фарзандларимизни тўғри тарбиялашни насиб этсин!
Г. Мавлянова,
Шаҳрисабз шаҳар бош имом хатибининг хотин - қизлар масалалари бўйича ўринбосари