1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мавлид ойи

26-08-2025, 10:18 4 402 Ўқиш режими + -
Мана 2025 йилнинг 24 августидан  Рабиул аввал ойи кирди. Халқимизда Рабиул-аввал ойи “Мавлид ойи” деб ҳам юритилади.  Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Рабиул-аввал ойида туғилганлар. Шу сабабли халқимиз бу ойни Мавлид (туғилиш) ойи ҳам деб атайди.  
Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в  милодий 571 йилда Мавлид ойининг 12 душанба куни туғилганлар. У зот таваллуд топадиган кечалари бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлгани у китобларда зикр қилинади. Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборади.  Форс юртида мажусийлар сиғинадиган олов  ўчади. Бутхонадаги санамлар қулаб тушади. Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ, оналаринг исми эса Амина эди. Пайғамбаримиз туғилганларида оталари вафот этган бўлиб,  олти ёшларида оналари Амина ҳам вафот этади. 
Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) боболарининг тарбиясида етти ёшгача бўладилар, сўнгра боболари вафот этиб у зот амакилари  Абу Толиб қўлида қоладилар. 
Пайғамбаримиз с.а.в жуда сабрли,  борига қаноат қиладиган одам эдилар.  Бир неча кунларни баъзан овқатсиз ўтказар эдилар. У кунларда пайғамбаримизга   хурмо ва сувнинг ўзи кифоя қилар эди. Пайғамбаримиз содда ҳаёт кечирар ва бировга ўз аҳволларидан шикоят қилмас эдилар.   У зот оддийгина кийиниб, ғоятда оддий таом ер эдилар. Кийимларига ўзлари ямоқ солар қўл тегирмонида ун тортар эдилар. Кийимларининг тозалигига ниҳоятда катта аҳамият берар эдилар. Пайғамбаримиз оғизни бадбўй қиладиган нарсаларни хушламас эдилар. Овқатдан олдин ҳам кейин ҳам қўлларини ювар, оғизларини чаяр эдилар. Тиш тозалаётганда доимо мисвок ишлатар эдилар. Таналарини тоза тутар, хуш бўй нарсалардан фойдалар эдилар. Хулқлари жуда мулойим эди. Ҳеч кимга ёмон гапирмас, қўпол муомила қилмаганлар. Бутун ҳаракатларида ўрта ҳолликни танлар эдилар. Бирор жойга бормоқчи бўлсалар, ўнг-сўлга алангламасдан, тўғри юриб борар эдилар. Юрганларида ёнларидагилар орқада қолиб кетар, ҳатто  у кишига етиб олиш учун югуришга мажбур бўлишар эди.  Пайғамбаримиз ҳазил-мутойиба қилсалар одоб доирасида, ҳақ ва рост сўз билан ҳазиллашар эдилар. Бировни ёмонлаб гапирмас, ҳеч кимни ғийббат қилмас эдилар. Бировни ҳақоратламас, бошлиқларнинг сирларини билишга ҳаракат қилмас эдилар. Биров билан тортишишни, баҳслашишни ёмон кўрар эдир. Ҳеч қачон тўғриликдан, ростгўйликдан ажралмаганлар ва ёлғон гапирмаган эдилар. У зот ёлғондан, ёлғончилардан афратланар эдилар.
У зот мусибатларга ҳам бардошли эдилар. Дўстларига ҳурмат ва эҳтиромлари чексиз эди. Инсонлар йиғилиб турган жойга келсалар жой танламас. Қаер бўш бўлса дарҳол ўтириб олар эдилар. Уйларига келган меҳмонларга ўзлари хизмат қилар эдилар.
Болаларни жуда яхши кўрар эдилар. Ҳаёти давомида бирор боланинг қалбини ўкситмаган эдилар. Ҳадисларнинг бирида: “Сизларнинг яхшиларингиз хотин, бола-чақасига яхшилик қилувчиларингиздир” деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз фақир ва мискинларга, бечора инсонларга жуда шавқатли эдилар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганларида ҳам бировларга таомларини берар эдилар. Аммо у зот инсонларнинг тиланчилик қилишларини хуш кўрмас эдилар. Инсон ўз тирикчилиги учун ҳамиша меҳнат қилишга буюрар эдилар. Ўзлари ҳам чўпонлик қилган, савдо иши билан шуғулланган эдилар. Уй ишларида ҳам аёлларига  ёрдам берар эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) доимо инсонларга меҳнат билан умр кечиришни тавсия қилганлар. 
Пайғамбаримиз одамларга биринчи бўлиб салом берар, ўзларини баланд олмас эдилар.  Одамлардан хато камчиликларни кечирар эдилар.  Бировни айби –нуқсонни юзига солмас эдилар. 
Мавлид ойида халқимизнинг пайғамбаримиз (с.а.в) сифатлари ҳақида битилган китобларни  мутаола қилиш одати бор. Бу одат эл орасида“ Мавлиди шариф” маросими дейилади. Бу маросимда пайғамбаримизнинг ҳаёт йўллари ва одоб-ахлоқларини баён қилинган китоблар ўқилади.       
Пайғамбаримиз (с.а.в) сифатлари битилган китобларни ўқиш маънавиятимиз оламини кенгайтирса,  у зот одоб-ахлоқларидан ибрат олиш эса бизни комиллик сари етаклайди. Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осийишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда пайғамбаримиз (с.а.в) нинг гўзал хулқлари  биз учун яхшилик манбаи бўлиб хизмат қилади.
 
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими