1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИ ИЛА ШОДЛАНИНГ!

2-09-2025, 11:20 114 Ўқиш режими + -
Оламларга раҳмат бўлган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини ҳурсандлик билан нишонлашни бидъат деб, бундай ишдан қайтаришаётган ҳолатларга кўп дуч келамиз. Аслидачи, аслида бу иш бидъатми, тўғри нималарнидир нишонлашдан кўра У зотнинг суннатларини бажаринг, қайтарганларидан қайтинг дейиш мумкин, буларни қилиш бош устига, ҳеч эътрозимиз йўқ, ҳеч ким таваллудларини нжишонласанг бўлди, айтганларини қилмасанг ҳам бўлади деяётгани йўқ албатта, бундай дейишдан йироқмиз. Фақат, уммат бўлиб раҳмат пайғамбар учун шафоатчимиз бўлганлари учун шод бўлишга ҳаққимиз йўқми ёки бу ёмон ишми. Келинг ҳозир биз бу аслида бидъат эмаслигини бирма-бир далиллар билан келтириб ўтамиз, ўзингиз хулоса қилиб оласиз.
Бидъат деганда шариъатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмган шариъатга оид ишлар тушунилади. Аммо ўзлари қилиб берган ёки шунга ишора қилган амаллар бидъат дейилмайди.
Шулардан бири У зотнинг таваллудлари кунини ҳурсандлик билан ўтқазиш ва шодликга далолат қилувчи ишларни бажариш саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
قُلۡ بِفَضۡلِ ٱللَّهِ وَبِرَحۡمَتِهِۦ فَبِذَٰلِكَ فَلۡيَفۡرَحُواْ 
“Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан ҳурсанд бўлсинлар…”, деб айт”. (Юнус сураси 58-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло раҳмати билан ҳурсанд бўлишимизга буйирмоқда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматлар учун Аллоҳ таоло тарафидан берилган энг буюк раҳмат саналадилар. Бу ҳақда ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи Анбиё сурасининг 107-оятида шундай марҳмат қилган:
وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ١٠٧
“Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”. 
Юқоридаги оятларни умматнинг билимдони ва Қурўн таржимони бўлмиш Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг қуйидагича қилган тафсирлари қўллайди: “Аллоҳнинг фазли бу - илм бўлса, раҳмати эса - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Чунки Аллоҳ таоло “Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”, деб марҳамат қилган, деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам билан ҳурсанд бўлиш ҳар вақт ва ҳар неъматда талаб қилинган ишдир. Лекин бу нарса ҳар йили Робиул аввал ойи душанба куни яна ҳам таъкидлироқ бўлади. Бундай неъматдан қалби очиқ инсон ғафлатда қолмайди ва ундан юз ўгирмайди балки, ўша кунни ўзига муносиб тарзда сурур билан ўтказади. 
Мавлидни нишонлаш бидъат эмаслигига энг кучли далил Қуръондан келтиргач, сўзимзи яна ҳам исботлироқ бўлиши учун суннатдан далил олиб келсак, мақсадга мувофиқ бўлади, шояд қалби очиқ мўмин инсон буни англаса!.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини энг биринчи нишонлаган зот Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўладилар. Бунга Имом Муслим Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари далолат қилади. Абу Қатода айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куннинг рўзаси ҳақида сўралганларида шундай жавоб бердилар: “У кун мени туғилган куним ва шу кунда Аллоҳ таоло менга ваҳий қилган кун”. Ушбу ҳадис Пайғамбар алайҳиссалом душанба куни рўза тутишларига сабаб шу кунда туғилганлари ва мана шу кунда ваҳий нозил қилингани эканига далолат қилмоқда. У зотнинг ушбу амаллари ана шу кунда рўза тутиш ёки шариъатга зид бўлмаган бошқа ибодатларни қилиш ила Аллоҳга шукрни кўрсатишга аҳамият бериш кераклига далил бўлмоқда.
Мавлиди шарифни нишонлаш Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам учун шод бўлиш ва ҳурсандлик ифодаси бўлиб, бундай ишдан кофир ҳам манфат топган. Имом Бухорий, Ҳофиз Ибн Ҳажар Абдураззоқ Санъоний, Ҳофиз Байҳақий, Ибн Касир, Ибн Дабийъ Шайбоний, Ҳофиз Бағовий, Ибн Ҳишом ва Суҳайлий, Омирий ва бошқа имомлар ривоят қилишган ҳадисда қуйидаги қисса келади. Саййидимиз Аббос розияллоҳу анҳу Абу Лаҳаб вафот қилгач тушларида кўриб, ундан ҳолинг қандай деб сўраганларида, Абу Лаҳаб: азобдаман илло ҳар душанба кечаси мендан азоб енгиллатилади ва мана бу икки бармоғим орасидан сув билан суғориламан, деб икки бармоқ учига ишора қилибди. Чунки бу кунда у Пайғамбар алайҳиссалом таваллуд қилганларидан ҳурсанд бўлиб, чўриси Сувайбани озод қилган ва Сувайба эса Пайғамбаримизни эмизган эди.
Аллома Шамсиддин ибн Жазарий ушбу қиссадан сўнг қуйидаги сўзни айтганлар: “Кофир Абу Лаҳаб, уни ёмонлаб Қуръон нозил бўлган бир шахс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд қилган кеча шод бўлиб, у зотни яхши кўргани учун дўзахда туриб ҳам мукофотланаётган бўлса?, умримга қасамки, мавлид кунидан ҳурсанд бўлишнинг мукофоти мўмин кишига Аллоҳнинг фазли ила жаннатига киритиш бўлади”. 
Бу ҳадисга шарҳ улароқ Ҳофиз ибн Носирддин Дамашқий шундай деганлар: “Уни қоралаб Қуръондан “Таббат яда” сураси нозил бўлиб келган, Жаҳиймда абадий қолувчи кофирнинг ҳоли ҳар Рабиул аввал ойи душанба куни Аҳмад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳурснадлиги учун азоби енгиллатилар экан, энди сиз нима деб ўйлайсиз, умр бўйи Аҳмад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллудига шодланиб юрган бир мўмин банданинг ҳоли қандай бўлар экан!”. (Албатта, Аллоҳнинг фазли ва Росулимиз алайҳиссаломнинг шафоатлари ила олий Жаннат бўлади).
Саййидимиз Аббос розияллоҳу анҳуннинг тушлари рост туш бўлиб, шаръий жиҳатдан эътиборга эгадир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом рост тушни шариъатда алоҳида эътиборга олганлар, шу орқали азонни шариъатга киритганлар. Ушбу туш ҳаммалари саҳобалар бўлган бир замонда содир бўлган, улардан бирортасидан: бу шунчаки туш, уни эътибори йўқ, деган гапни эшитмаганмиз, балки уларнинг барчаларидан сукутий ижмо собит бўлган яъни ҳеч ким инкор қилмаган, унга зид гап айтмаган. Улардан кейин бу ҳадисни тобеъийнлар қабул қилиб, ривоят қилишган ва буни гўзал санашган ҳозиргача буюк зотлардан бу ҳадисга ҳеч қандай эътироз эшитмаганмиз.
Хулоса қилиб шуни айтишимз мумкинки, оламларга раҳмат бўлган Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд кунларини ҳурснадлик билан нишонлаш Аллоҳнинг кўрсатмаси экан. Расули акрам алайҳиссаломнинг айнан туғилган кунлари бўлмиш душанба кунни ҳурсандлик сифатида турли ибодатлар айниқса, рўзи тутиш орқали нишонлаш бидъат эмас, аксинча суннат экани аён бўлмоқда. У зотнинг тавваллудларини шодлик ва сурур билан қабул қилиш кофирга фоида берар экан шундай экан, мўминга фоидаси тегиши батариқи авло десак адашмаган бўламиз. 
Аллоҳ таолодан Ҳабиби муҳтарам Расулимиз алайҳиссаломнинг буюк шафоатларига ноил қилиб, Фирдавс Жаннатида У зот билан қўшни қилишини илтижо қилиб сўраб қоламиз!!!.
 
Саидмуҳаммадхон Довудхон ўғли тайёрлади.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси