1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОНИМ - ТИНЧЛИК ДИЁРИ

3-09-2025, 09:26 169 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолога улуғлиги ва буюклиги қадар ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, осойишта, фаровон, маҳаллаларимиз обод, саришта. Мустақил Ватанимиз  халқининг ҳар тонги, куни гўзал  тинч, хотиржам, бехавотир яшайди. Чунки бу диёрда мустақилликнинг шукуҳли нафаси, барқарорликнинг мустаҳкам пойдевори, меҳр - оқибатнинг илиқ руҳи ҳукм сурмоқда. Инсонлар эртанги кунга ишонч билан қарайди, фарзандлар қувонч ила илм олади, Ватанимизнинг мустақиллиги, тинчлиги   сабабли биз эркин фикрлаш, озод яшаш, илм олиш орзу - истакларимизни рўёбга чиқариш бахтига муяссар бўлдик. 
Деҳқонлар ўз меҳнатининг  ҳосилидан барака топади. Бу халқнинг ҳаёти хотиржам, чунки унинг қўли меҳнатда тилида шукроналик, қалбида эса бу юртга бўлган юксак муҳаббати бор. Дуогўй нуронийларимиз бор. Ўксик қалбларга, малҳам бўлгувчи, йиқилса туришига кўмак берадиган саховатли инсонларимиз борки, улар бировнинг дардини ўз дардидек билиб, мурувват қўлини чўзадилар, эзгу амаллардан ҳузур топадилар, қалбида нур, сўзида самимият, амалида эса яхшиликлар мужассамдир.
Мустақиллигимизнинг барқарор бўлиб туришида халқ дардини биринчи ўринда қўядиган Юртбошимизнинг ҳам  олиб бораётган ислоҳотларининг ўрни беқиёс. Чегараларимизнинг дахлсизлиги, миллий хавфсизлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш, халқ турмуш фаровонлигини мустаҳкамлаш, ёшларнинг илм олиши, касб ҳунарга эга бўлиши ва юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшадиган садоқатли авлод сифатида камол топиши учун имкониятлар яратиш, тарихий меросимиз, урф - одатларимиз ва маънавий бойлигимизни авлодлардан авлодларга етказиш, дўстлик тотувлик, ҳамжиҳатликнинг барқарорлигини сақлашга йўналтирилган оқилона, адолатли, халқчил сиёсатлари халқимиз бирлиги ва юртимиз тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Аллоҳ таолонинг яратган неъматлари ичида иккита - энг буюк неъмати бор, бу тинчлик ва саломатлик неъмати. Уларни асраб авайлаш эса ҳар бир шу мустақил, озод юртда яшаб келаётган фуқаронинг муқаддас   бурчидир. 
Жонажон, муқаддас, улуғвор юртимиз таърифини  қанча мадҳ этсакда кам, шоирларнинг сўзи-ю,  достонлар битувчи  ёзувчиларнинг  сиёҳи етмайди. Шу лаҳзада элу - юртимизнинг суюкли инсони, ўзбегимнинг фахри, Ўзбекистон қаҳрамони марҳум шоиримиз А. Ориповнинг ушбу шеърий сатрларини эсга олиб ёзмасам бўлмас.
Шоирлар бор ўз юртин бутун,
Олам аро атаган танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри.
Бир ўлка бор дунёда бироқ,
Битилмаган достондир бори.
Фақат ожиз қаламим  маним,
Ўзбекистон Ватаним маним.
Завол кўрма ҳеч қачон ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл ўктам,
Дўсту, ёринг, қардошинг билан.
Мангу ёруғ, масканим маним,
Ўзбекистон Ватаним маним.
Илоҳим, юртимизнинг тинчлиги осойиштали абадий бўлсин, ҳар бир хонадонга файзу - барака бериб, халқимиз ҳамжиҳат, меҳр - оқибати бардавом бўлсин!
Жонажон Ватанимизнинг равнақи кундан кунга юксалиб бораверсин!Амин.
Мустақил Ватаним 34 ёшинг муборак бўлсин!
 
Г. Мавлянова, 
Шаҳрисабз шаҳар бош имом хатибининг хотин - қизлар масалалари бўйича ўринбосари