Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиздан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
27-август куни барча мукофотланганлар қаторида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаровга шахсан “Олий Даражали Имом Бухорий” орденини топширди.
Мазкур орден илм-фан ва маданият ривожига, жумладан, ислом маърифатини ёйишга улкан ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш йўлида эришилган ютуқлар учун тақдим этилади.
У билан хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламент вакиллари, халқаро ва дипломатик ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, юртимиз ва чет эллардаги таниқли олимлар, уламолар, адиблар ва жамоат арбоблари мукофотланиши мумкин.
Шунингдек, “Имом Бухорий” ордени юртимизда буюк мутафаккирлар илмий ва диний меросини тадқиқ этиш, уларнинг ғояларини тарғиб қилиш, халқ, айниқса ёшлар онгига умуминсоний қадриятлар ва ислом динининг асл моҳиятини етказишга қўшган ҳиссаси учун тақдим этилади.
Ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени тақдим этилди.
Ҳар қандай шахснинг салоҳияти, меҳнату хизматлари ва албатта муносиб тақдирланиши жамият ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. Хусусан, эл-юрт меҳрини қозонган инсонга бўлган юксак эътибор ўша халқ вакиллари қалбида, шуурида давом этади.
Халқ оддийгина қилиб, лекин чин қалбдан, ҳаяжон-ла, “Айни муносиб инсонга берилибди!” дея муносабат билдиради, тасанно айтади.
Муфтий ҳазратнинг диний маърифат тарғиботи йўлидаги хизматлари беқиёс. У киши катта ғайрат, адоқсиз муҳаббат ва таърифга сиғмас жонбозлик ила меҳнат қилдилар: ўнлаб асарлар битдилар, ижтимоий тармоқларда ўта фаол ва жонкуярлик билан маърифий тарғибот ишларини олиб бордилар. Ҳозирда муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг барча ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари сони уч миллионга яқинлашди ва ушбу рақамлар тобора ошиб бормоқда.
Мустақилликни мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, илм - фан, ёшлар маънавияти ва маърифатини ошириш, диний ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришдаги беқиёс меҳнати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланишлари юртимиз мўъмин-мусулмонларини, диний соҳада фаолият олиб бораётган барча соҳа ходимларини беҳад хурсанд қилди.
М. ҚораевҚарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби