Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиздан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
27-август куни барча мукофотланганлар қаторида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига шахсан “Олий Даражали Имом Бухорий” орденини топширди.
Ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз Имом Бухорий илмий мероси барчамиз учун ибрат ва намуна мактабидир. У ўз ҳаёти давомида машаққатли илм йўлини босиб, инсоният тарихида чуқур из қолдирди. Олим томонидан яратилган ишончли ҳадислар тўплами ислом оламида муқаддас Қуръони каримдан кейинги манбадир. Буюк бобомизнинг тадқиқот услублари ҳалоллик ва поклик рамзи бўлиб, ўзидан кейинги барча илм аҳли учун бебаҳо маёқ сифатида хизмат қилмоқда.
“Имом Бухорий” номидаги орденнинг таъсис этилиши мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеалардан, десак, асло муболаға эмас. Олий даражадаги “Имом Бухорий” ордени билан диний-ижтимоий соҳадаги раҳбар ва етук уламолар, олимлар, педагог ва илмий тадқиқотчилар, хорижий давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхона, консуллик муассасаси ва уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда вакиллари, хорижий олимлар, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари мукофотланади.
Муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муборак динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Имом Бухорий номидаги олий даражадаги мукофотга сазавор бўлдилар.
Мустақилликни мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, илм - фан, ёшлар маънавияти ва маърифатини ошириш, диний ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришдаги беқиёс меҳнати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланишлари юртимиз мўъмин-мусулмонларини, хусусан, Қашқадарё вилоятида диний соҳа ривожи йўлида фаолият олиб бораётган барча соҳа ходимларини беҳад хурсанд қилди.
Маълумки, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раҳбарликларида диний соҳада ўтган йиллар давомида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз амалга оширилаётган диний соҳадаги ижобий ўзгаришлар Қашқадарё вилоятидаги олиб борилаётган диний фаолиятда ҳам ўз самарасини бермоқда. Ҳазратнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан Қашқадарё вилоятида ҳам бир қанча масжидлар янгидан очилди, ва кўплаб масжидлар қайта қурилди ёки янгидан таъмирланди.
Охирги йиллардаги ҳаж мавсуми давомида муҳтарам Президентимиз муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон мулоқоти қилиб, ҳожилар учун яратилган шароитлар ва уларнинг кайфияти ҳақида сўрашлари хайрли анаъна тусига кирди. Ўз навбатида мана шундай эҳтиром ва ғамхўрлик учун ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллаларда ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, ёшларни илм-маърифатга тарғиб этишда намуна кўрсатиш ишларида ибрат бўлиб келишмоқда.
Муфтий ҳазратнинг диний маърифат тарғиботи йўлидаги хизматлари беқиёс. У киши катта ғайрат, адоқсиз муҳаббат ва таърифга сиғмас жонбозлик ила меҳнат қилдилар: ўнлаб асарлар битдилар, ижтимоий тармоқларда ўта фаол ва жонкуярлик билан маърифий тарғибот ишларини олиб бордилар. Ҳозирда муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг барча ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари сони уч миллионга яқинлашди ва ушбу рақамлар тобора ошиб бормоқда.
Маълумки, кейинги йилларда юртимизда шу муқаддас заминда яшаб ижод этган, илм-фан ва маданият ҳамда ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, уларни халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига улкан мукофот муборак бўлсин, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги масъулиятли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Р. Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги
вакили, вилоят бош имом-хатиби