Ислом дини бизни исрофгарчиликдан қайтаради. Аллоҳ таоло айтади: "Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас". (Аъроф сураси, 31-оят).
Энг ёмон исрофгарчилик умр, вақт исрофидир. вақтни беҳудага сарфлаш катта пушаймонга сабаб бўлади.
Ўтган умр қайтиб келмайди. Уни қадрлашимиз лозим.
Чунки вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишлик, дин ва дунёга манфаат берадиган хайрли ва савобли ишлар билан машғул бўлиш барчанинг, хусусан биз мусулмонларнинг ҳам муҳим вазифасидир. Зеро вақтнинг қиймати бебаҳодир
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп инсонлар улардан маҳрумдир, Улар: Соғлиқ ва бўш вақтдир ”.
(Имом Бухорий ривояти.)
Дарҳақиқат, бўш вақтдан унумли фойдаланишимиз лозим. Айримлар вақтини ижтимоий тармоқларда бекордан бекорга ўтказиб, уни исроф қиладилар. Бунинг ўрнига вақтларини илм олишга, яхши амаллар қилишга сарфлаганларида яхши бўлар эди.
Аллоҳ таоло ўтаётган вақтларимизни ғанимат билиб, уни дунё ва охират фойдасига ишлатишни насиб қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими