1448 йил 14 Жумодус соний | 2026 йил 24 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:10
Sunrise
07:29
Dhuhr
12:23
Asr
15:38
Maghrib
17:18
Isha
18:36


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

КЎНГИЛ РАНГИ – ДУНЁ РАНГИ

Вчера, 10:17 19 Ўқиш режими + -
Бир кўчадан икки киши ўтади. Бири “Бу қандай гўзал оламки, ҳамма жойда Яратганнинг неъматлари бор”, деб ҳайратланади. Иккинчиси “Ҳамма нарса хароб, одамлар ёмон бўлиб кетди”, деб ўксийди. Кўча бир, кўзлар бир, аммо дунёқараш иккита. Фарқ у иккисининг кўзида эмас, қалбида.
Қуръони карим бу ҳақиқатга қуйидагича ахборот берилди: 

أَفَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَا أَوْ آذَانٌ يَسْمَعُونَ بِهَا ۖ فَإِنَّهَا لَا تَعْمَى الْأَبْصَارُ وَلَٰكِن تَعْمَى الْقُلُوبُ الَّتِي فِي الصُّدُورِ 

“Ахир, ер юзида айланиб юрмайдиларми, токи қалблар ила ақл юритсалар, қулоқлари ила эшитсалар. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж, 46). Демак, кўриш икки хил экан, бири бош сузагидаги кўриш, иккинчиси қалб кўзи билан кўриш. Биринчиси ҳамманда бор, иккинчисини эса тарбия қилиш керак.
Қалб бутун вужудга нисбатан подшоҳ мақомида бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ (яхши) бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир” (Бухорий, Муслим ривояти).
Бу ҳадисдан аниқ бўладики, инсоннинг сўзи, назари, ҳукми ва хулқи қалбидаги нарсанинг аксидир. Қалб покиза бўлса, ундан чиққан ҳар бир нарса покиза бўлади. Қалб кирланган бўлса, энг гўзал манзара ҳам унга хира кўринади. Ҳар ким ўз табиатига кўра иш тутади. Қуръонда шундай дейилади:  “Сен: “Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Бас, Роббингиз ким тўғри йўлдалигини яхши билгувчидир”, деб айт”(Исро, 84). Яъни ҳар бир инсон ўз табиати ва эътиқодига мувофиқ иш тутади, ким ҳақиқий ҳидоят ва тўғри йўлда эканлиги эса фақат Аллоҳга аёндир. Бир хил воқеа бировни шукрга, бировни шикоятга етаклайди. Бир хил мол-дунё бировни саховатли, бировни бахил қилади.
Шоир атганидек бу дунё:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа, топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.
Расулуллоҳ алайҳиссалом яна бир бошқа ҳадисларида: “Амаллар ниятларга қараб бўлади” (Бухорий, Муслим). Ният қалбнинг иши. Шунинг учун ҳам икки киши бир хил ишни қилса-да, савоби ҳар хил бўлиши мумкин. Шундай амаллар борки, уларнинг кўриниши дунёвий амал бироқ ниятнинг гўзаллиги ила охират амалига айланади ва унинг соҳиби улкан савобга эришади.
Бошқа бир ҳадисда шундай огоҳлантирилади: “Киши “одамлар ҳалок бўлди” деса, ўзи улардан кўра ҳалокроқдир” (Муслим ривояти). Ҳамма ёмон, ҳамма бузилган деб ҳисоблаш кўпинча ўз қалбидаги бузилишнинг акс-садосидир. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Агар дунёда бир дона яхшилик қолган бўлса-да шуни гапириш керак, умидни узмалик керак”. Чунки фаришта яхши гапга ҳам ёмон гапга ҳам омийн дейди. 
Дунё бир кўзгу кабидир. Унга хафа бўлиб боқсанг, хафалик кўрасан. Шукр билан боқсанг, неъмат кўрасан. Шунинг учун дунёни ўзгартиришдан олдин қалбни ўзгартириш керак. Қуръон бу қоидани очиқ айтади: «Албатта, Аллоҳ бир қавм ўз ҳолини ўзгартирмагунча, уларнинг ҳолини ўзгартирмас» (Раъд, 11). Мусулмон инсон пайғамбарлар, валий зотлар ва тақводорлар каби Аллоҳ таолонинг ҳузурига “соғлом қалб” билан келсагина нажот топади. Келинг, дунёга шикоят назари билан эмас, ибрат назари билан боқайлик. Токи бу кўзгуда биз гўзал суратни кўрайлик.
 
 Уткир Махмудов
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси ўқитувчиси