1448 йил 14 Жумодус соний | 2026 йил 24 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:10
Sunrise
07:29
Dhuhr
12:23
Asr
15:38
Maghrib
17:18
Isha
18:36


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЖАННАТ ВА ДЎЗАХ АБАДИЙДИР: АҲЛИ СУННА ВАЛ-ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ

Сегодня, 10:18 25 Ўқиш режими + -
Инсон ҳаёти фақат бу дунёдан иборат эмас. Дунё ҳаёти — синов, охират эса инсон қилган амалларининг натижасини кўрадиган боқий ҳаётдир. Аллоҳ таоло бандаларига ҳидоят йўлини кўрсатиб, уларга жаннат неъматларини ва дўзах азобини хабар берган. Жаннат — иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган бандалар учун тайёрланган абадий саодат маскани, дўзах эса куфр ва исён йўлини танлаганлар учун жазодир.
Жаннатнинг неъматлари тугамаслиги, дўзах азобининг эса кофирлар учун абадий давом этиши Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар билан баён қилинган. Шу билан бирга, жаннат ва дўзахнинг қачон яратилгани, уларнинг мавжудлиги ва абадийлиги ҳам ақида илмининг муҳим масалаларидан ҳисобланади.
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жаннат ва дўзах Аллоҳ таоло томонидан яратилган бўлиб, улар ҳозир ҳам мавжуддир. Улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Уларнинг аҳли ҳам охиратда ўзларига белгиланган манзилларда боқий қолади.
Сирожиддин Ўшийнинг «Бадъул амолий» қасидасида ҳам бу масала қуйидагича баён қилинган:
وَلَا تَفْنَى الْجَحِيمُ وَلَا الْجِنَانُ وَلَا أَهْلُهُمَا أَهْلُ انْتِقَالٍ
Яъни: «Жаҳаннам ҳам, жаннатлар ҳам йўқ бўлиб кетмайди. Уларнинг аҳли ҳам (у ердан бошқа жойга) кўчиб ўтувчи эмас».
Ушбу байтда жаннат ва дўзахнинг абадийлиги ҳамда уларнинг аҳлининг охиратдаги боқийлиги баён қилинган.
Жаннат ва дўзахнинг абадийлиги ҳақидаги қарашлар:
Аҳли сунна вал-жамоа жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратилганига ҳамда абадий мавжуд бўлиб қолишига эътиқод қилади. Бу масала охират кунига иймон келтиришнинг муҳим қисмларидан биридир.
Бироқ айрим фирқалар жаннат ва дўзахнинг яратилиши ҳамда абадийлиги масаласида аҳли сунна эътиқодидан фарқли қарашларни илгари сурганлар.
Имом Насафий бундай қарашларни рад этиб, уларни Китоб, Суннат ва ижмўга зид деб баҳолайди. Унинг таъкидлашича, жаннат ва дўзахнинг йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги фикрни тасдиқлайдиган на бирор ҳужжат, на ҳатто шубҳа даражасидаги асос мавжуд.
Қарама-қарши фикрнинг далили:
Жаннат ва дўзахнинг абадийлигини инкор этган айрим мўтазилий ва жаҳмийлар уларнинг ҳозирда яратилмаганини, балки қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан яратилишини таъкидлаганлар.
Улар ўз қарашларига далил сифатида қуйидаги оятни келтирадилар:
كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ
«Унинг Зотидан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир».
Уларнинг фикрича, оятдаги «куллу» (барча, ҳар бир) лафзи умумийликни ифодалайди. Бу умумийликни чеклайдиган далил бўлмаса, лафз ўзининг умумий маъносида қолиши керак.
Шунга кўра, жаннат ва дўзах ҳам яратилган мавжудотлар жумласидан бўлгани сабабли, агар улар ҳозир мавжуд бўлганида, бошқа мавжудотлар каби йўқ бўлиб кетиши лозим бўларди. Уларнинг абадийлиги эса бу оятнинг умумий маъносига зид келади, деб ҳисоблаганлар.
Аҳли сунна уламолари эса бу истидлолга жавобан оятдаги умумийлик бошқа далиллар билан хосланганини баён қиладилар. Жумладан, қуйидаги оятни келтирадилар:
كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ ۝ وَيَبْقَىٰ وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ
«Ер юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш Роббингнинг Ўзи боқий қолур».
Бу оятда ер юзидаги мавжудотларнинг фонийлиги баён қилинган. Демак, «куллу» лафзининг келиши ҳар қандай мавжудотнинг истисносиз йўқ бўлишини англатмайди. Унинг маъноси бошқа шаръий далиллар асосида тушунилади.
Аҳли сунна вал-жамоанинг далиллари:
Аҳли сунна уламолари жаннат ва дўзахнинг ҳозирда мавжудлиги ҳамда абадийлигини Қуръони карим, ҳадислар ва бошқа шаръий далиллар билан исботлайдилар.
  1. Қуръони каримдаги далиллар:
Қуръони каримда жаннат ва дўзахнинг тайёрлаб қўйилгани ҳақида хабарлар келган. Бу эса уларнинг аввалдан яратиб қўйилганига далолат қилади.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 133-оятида марҳамат қилади:
وَسَارِعُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
«Роббингиз томонидан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлар ҳамда ер баробарида бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг».
Шунингдек, Аллоҳ таоло шу суранинг 131-оятида марҳамат қилади:
وَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланинг».
Ушбу оятларда أعِدَّتْ (уиддат) лафзи ишлатилган. Бу лафз «тайёрлаб қўйилди» деган маънони англатади. Феълнинг ўтган замонда келиши жаннат ва дўзахнинг Аллоҳ таоло томонидан аввалдан яратилганига далолат қилувчи далиллардан биридир.
  1. Меърож воқеасидаги далил:
Жаннатнинг мавжудлигига далил бўладиган муҳим воқеалардан бири — Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожга кўтарилишларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида Сидратул мунтаҳога етганлар ва жаннатни кўрганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Нажм сурасининг 13–15-оятларида шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ رَآهُ نَزْلَةً أُخْرَىٰ ۝ عِندَ سِدْرَةِ الْمُنْتَهَىٰ ۝ عِندَهَا جَنَّةُ الْمَأْوَىٰ
«Дарҳақиқат, у уни яна бир бор кўрди. Сидратул мунтаҳо ҳузурида. Унинг ёнида Маъво жаннати бордир».
Ушбу оятлар ҳам жаннатнинг мавжудлигига далолат қилувчи Қуръоний далиллардан ҳисобланади.
  1. Ҳадислардаги далил:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож воқеаси ҳақидаги ҳадисларида ҳам жаннатнинг мавжудлиги ва унинг сифатлари баён қилинган.
Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга кирганларини ва у ерда кўрган нарсаларини тасвирлаб берганлар:
«Сўнгра жаннатга кирдим. У ерда марвариддан қурилган гумбазлар бор экан, унинг тупроғи мушк экан».
Бу ҳадис жаннатнинг шунчаки келажакда яратиладиган макон эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан яратилган ва мавжуд бўлган маскан эканига далил бўлади.
  1. Жаннат ва дўзах аҳлининг абадийлиги ҳақидаги далил:
Жаннат ва дўзахнинг абадийлигига далил бўладиган оятлардан бири Баййина сурасининг 6-оятидир:
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أُولَٰئِكَ هُمْ شَرُّ الْبَرِيَّةِ
«Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан куфр келтирганлар жаҳаннам оловидадирлар. Улар унда абадий қолувчилардир. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонларидир».
Оятда кофирларнинг жаҳаннамда خَالِدِينَ فِيهَا (холидина фиҳа), яъни абадий қолишлари очиқ баён қилинган.
Демак, дўзахнинг ўзи ҳам абадий қолади ва унда абадий қолишга ҳукм қилинган кофирлар учун ҳам азоб абадий тугамайди.
Бу ўринда бир масалага эътибор бериш лозим: аҳли сунна эътиқодига кўра, гуноҳкор мўминлар дўзахга кирган тақдирда ҳам у ерда абадий қолмайдилар. 
Улар Аллоҳ таолонинг раҳмати ва шафоат билан ундан чиқариладилар. Абадий азоб кофирлар учундир.
Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам жаннат ва дўзахнинг абадийлиги масаласида қатъий ҳукм баён қилганлар.
У зотдан қуйидаги гаплар ривоят қилинган:
«Ким жаннат ва дўзах аҳли уларга кирганидан кейин жаннат ҳам, дўзах ҳам йўқ бўлиб кетади, деса, кофир бўлади. Чунки у жаннат ва дўзахда абадий қолишни инкор қилибди».
Бу ҳукм жаннат ва дўзахнинг абадийлиги ҳанафий ақидасида нақадар муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Ақида уламолари яратилган мавжудотларни бошланиши ва охири нуқтайи назаридан икки гуруҳга ажратиб тушунтирадилар:
  1. Бошланиши ҳам, тугаши ҳам бўлган мавжудотлар.
Бунга дунё ва ундаги мавжудотлар мисол бўлади. Уларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан яратилган ва белгиланган муддатдан сўнг йўқ бўлади.
  1. Бошланиши бор, аммо тугаши йўқ мавжудотлар.
Бунга жаннат, дўзах ва уларнинг абадий қолувчи аҳли киради. Улар ҳам Аллоҳ таоло томонидан яратилган. Бироқ Аллоҳ таолонинг иродаси билан абадий мавжуд бўлиб қолади.
Бу ерда муҳим бир ақидавий нозиклик бор: жаннат ва дўзахнинг абадийлиги уларнинг ўз-ўзидан боқий эканини англатмайди. Балки улар Аллоҳ таоло абадий мавжуд бўлиб қолишини ирода қилгани сабабли боқийдир. Аллоҳ таолонинг азалийлиги ва абадийлиги билан махлуқотларнинг абадийлиги бир хил эмас. Аллоҳ таоло Зоти билан азалий ва абадийдир, махлуқотлар эса яратилган ва Аллоҳ уларни боқий қилдириши билан боқий қолувчидир.
Ибн Таймия ва унинг шогирдларининг бу борадаги хатолари:
Ибн Таймийя ва унинг шогирди Ибн ал-Қоййимнинг дўзахнинг тугаши ёки унинг азоби абадий давом этиши масаласидаги айрим фикрлари кейинги уламолар томонидан ўрганилиб, раддиялар берилган.
Ақоид олимлари уларнинг бу борадаги қарашларини танқид қилиб, аҳли сунна вал-жамоанинг машҳур эътиқодига зид деб баҳолаганлар. Хусусан, дўзахнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги фикрни қабул қилмаганлар.
Бу масалада уларнинг қарашларини баён қилишда илмий аниқликка риоя қилиш лозим. Чунки дўзахнинг йўқ бўлиши, унинг азобининг тугаши ва айрим гуноҳкорларнинг ундан чиқарилиши бир-биридан фарқли масалалардир.
Хулоса қилиб айтганда, аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жаннат ва дўзах Аллоҳ таоло томонидан яратилган бўлиб, ҳозирда ҳам мавжуддир. Улар қиёмат кунида янгидан яратилмайди, балки Аллоҳ таоло томонидан аввалдан яратилган ва бандалар учун тайёрлаб қўйилган.
 
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 
Муҳаммад Мирмахаматов