Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратгандир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Дарҳақиқат, Бани одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик...” (Исро сураси, 70-оят). Ана шу “мукаррам” қилиб яратилган инсон ҳаётини асраш ҳам инсон хавфсизлиги, саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз ичига олган кенг қамровли вазифадир.
Кимки бир инсонни сабабсиз ҳаётидан маҳрум қилса, барча одамларни ўлдиргандек ва аксинча, кимдир бир инсонни хавфдан қутқариб, ҳаётини сақлаб қолса, барча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолгандек ҳисобланади.
Қуръони каримда шундай дейилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандекдир» (Моида сураси, 32-оят).
Бугунги кунда қиш фасли келиши билан ҳар биримиз уйларимизда яхши шароитни таъминлаш мақсадида кўмир, газ ва электр тармоқларидан фойланамиз. Айниқса, уйларни иситиш учун газ ва кўмирдан фойланганда ис газидан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Ис гази инсон ҳаёти учун-кўринмас хавф. У инсон ҳаёти учун ўлим хавфини солади.
Ис гази (углерод оксиди, CO) — рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз заҳарли газ бўлиб, табиий газ, кўмир, ўтин ёки бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслигидан ҳосил бўлади.
Инсон ҳиди ёки ранги орқали уни дарҳол сезмайди, шу боис ухлаб ётганда ҳам заҳарланиш мумкин.
Қондаги гемоглобин билан бирикиб, организмга кислород етишишини тўсади.
Заҳарланиш белгилари
Бош оғриғи ва бош айланиши
Кўнгил айниши, қусиш
Умумий ҳолсизлик, уйқучанлик
Нафас қисиши, ҳушдан кетиш ва оғир ҳолатларда ўлимга олиб келади.
Олдини олиш:
Иситиш печлари, газ жиҳозлари ва мўриконларнинг созлигини мунтазам текширишимиз лозим. Хоналарни тез-тез шамоллатиб, имкон бўлса ис гази датчиги ўрнатайлик.
Қиш мавсумида кўмир, газ ва электр тармоқларидан келиб чиқадиган хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уни бартараф этиш ҳам инсон ҳаётини асрашдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни турли хавф-хатарлардан омонликда сақласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими