Дарҳақиқат, инсон ҳар хил тушлар кўради. Баъзи тушлар яхши бўлса, баъзи тушлар ёмон бўлади. Инсон кўрган тушини таъбирини билишни хоҳлайди. Хўш, тушни қандай таъбир қилиш керак?
Ҳар қандай туш яхшиликка йўйиб таъбир қилиниши лозим. Маълумки,туш раҳмоний ёки шайтоний, яхши ёки ёмон бўлади. Шу билан бирга яна тушнинг яхши ёки ёмон бўлиши уни қандай таъбир қилишга ҳам боғлиқдир. Агар кўрилган туш яхшилик томон таъбир қилинса, туш яхши бўлади.
Бу ҳақда Имом Дорамийдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, бир аёл уч марта келиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га: “Эрим тижорат билан кетган, ўзим ҳомиладорман, тушимда уйимнинг устуни синибди, ғилай бир бола туғибман”, деб мурожаат қилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга:“Эринг сафардан қайтади, солиҳ бир фарзанд туғасан”, деб унга кўрган тушини яхшиликка йўйиб таъбир қиладилар. Вақт ўтиб аёл яна тушининг таъбирини сўраш учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳузурларига келади. Фақат бу сафар аёл туш таъбирини Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аёллари, мўминларнинг онаси Оиша (р.а.)дан сўради. Оиша (р.а.) унга кўрган тушидан келиб чиқиб, эрининг вафот этишини, фожир бир бола туғишини айтиб, тушини таъбир қиладилар. Буни эшитган Пайғамбаримиз (с.а.в.):
“مَهْ يَا عَائِشَةُ إِذَا عَبَرْتُمْ لِلْمُسْلِمِ الرُّؤْيَا فَاعْبُرُوهَا عَلَى خَيْرٍ فَإِنَّ الرُّؤْيَا تَكُونُ عَلَى مَا يَعْبُرُهَا صَاحِبُهَا”
“Эй, Оиша! Ундай дема! Мусулмон кишининг тушини таъбир қилсангиз, яхшиликка таъбир қилинг. Чунки туш эгаси қандай таъбир қилса, шундай бўлади ”, дедилар.
Хулоса қилиб айтамизки, ҳамиша тушларимизни яхшиликка йўйиб таъбир қилиб, уни ёмонликка йўйишдан сақланайлик!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими