1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИНСОНЛАРГА РАҲМАТ АЙТМАГАН РОББИСИГА ҲАМ ШУКР ҚИЛМАЙДИ

27-05-2020, 11:44 2 437 Ўқиш режими + -


ИНСОНЛАРГА РАҲМАТ АЙТМАГАН РОББИСИГА 

ҲАМ ШУКР ҚИЛМАЙДИ

 

Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур қилган банда, ўзиданда ёмон аҳволда бўлган минглаб одамлар борлиги ва уларнинг аксарияти шукр қилиб яшаётганини тушиниб етади ва тилига беихтиёр “шукр” келади, камчиликлари учун истиғфор айтади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Ўзингиздан устун кишиларга эмас, ўзингиздан паст одамларга қаранг. Мана шу (иш) Аллоҳнинг неъматларини паст санамаслигингиз учун яхшироқ бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

 Шукр – эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда-мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади.

Истилоҳда мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади.

Аллоҳ таоло дунёвий неъматлардан таом ва шароб, егулик ва кийимни сероб қилди ҳамда инсонни энг гўзал суратда яратди. Инсон яшашига муносиб қилиб ерни кенг қилиб қўйди. Бандаларининг хизмати учун жамики махлуқотларни бўйсундирди. Жасад, кўриш, эшитиш ва бошқа ҳис-туйғу неъматларини берди. Никоҳ ва фарзанд неъматини ҳам яратди. Жоҳилликдан сўнг илм неъматини берди. Инсон яралган вақтида хеч нарсани билмас эди. Аллоҳ таоло унга илм берди ва унда ҳис-туйғуларни яратиши билан илмлардан унга фойда берадиган нарсага ҳидоят қилди.

 Аллоҳ азза ва жалла айтади:“Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан хеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз” (Наҳл сураси, 78-оят).

Инсон жамики неъматлар учун Аллоҳ таолога шукр қилиши ва уни эътироф этиши лозим бўлади. Шунингдек, бандани бандага қилган яхшилигига ҳам шукр қилиш ва ундан миннатдор бўлиб, Аллоҳдан яхшиликлар сўраб ҳаққига дуо қилиши керак бўлади. Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда коронавирус туфайли эълон қилинган карантин шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш, суяш, меҳр-саховат кўрсатиш мақсадида қилинган беғараз ёрдамга шукр қилиш, миннатдор бўлиш ўрнига ношукрлик қилиб, дардини достон қилганларни ҳам ижтимоий тармоқлар орқали кўрдик. 

Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Кимга бирон яхшилик қилинса, ўша яхшиликни мукофотласин (яъни ўша инсоннинг яхшилигини қайтарсин), агар бунга қодир бўлмаса, уни зикр қилсин. Зеро, кимки, (бировнинг яхшилигини) зикр қилса, демакки, шукр қилибди” (Имом Аҳмад ривояти).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга бир яхшилик қилинса ва у ўша яхшилик қилувчига:

Жазакаллоҳу хойрон — Аллоҳ сени яхшилик ила мукофотласин, деса, баҳтаҳқиқ, мақтовни охирига етказган бўлади», дедилар».

(Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти)

 

 

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади: “Эй Одам фарзанди! Агар сени соқов қилиб яратганимда тил учун, кўр қилиб яратганимда кўз учун, кар қилиб яратганимда қулоқ учун ҳасрат чеккан бўлардинг. Бас, берган неъматимнинг қадрига ет, Менга шукр қил, куфр келтирма, чунки Менга қайтажаксан.

Эй Одам фарзанди! Озгина ризқинг бўлиб, шукрли бўлишинг ризқинг кўп бўлиб, ношукр бўлишдан яхшироқдир.

«Гувоҳлик бераманки, якка Ўзимдан бошқа илоҳ йўқ. Менинг шеригим ҳам йўқ. Муҳаммад Менинг қулим ва расулимдир. Ким қазои қадаримга рози бўлмаса, балоларимга сабр, неъматларимга шукр қилмаса, берганларимга қаноат этмаса, Мендан бошқа худога ибодат қилаверсин.....

Эй Одам фарзанди! Мен ато этган тинчлигу саломатлик туфайли тоатимга тоқатли бўлдинг. Тавфиғим туфайли фарзларимни адо қилдинг. Берган ризқим билан Менга итоатсизлик қилишга куч топдинг. Хоҳишим туфайли хоҳлаган нарсангни хоҳладинг. Иродам туфайли нафсинг нени истаса, истадинг. Неъматим туфайли турдинг, ўтирдинг, қайтдинг. Ҳимоятим билан кунни боттириб, тонгни оттирдинг. Фазлим билан маишат кечириб, неъматим билан тўкис яшадинг. Офиятим билан безандинг. Кейин Мени унутиб, ўзгани зикр қилдинг. Нега ҳаққимни ва шукримни адо қилмаяпсан?!»

Аллоҳга шукр қилиш инсонни азобдан сақлайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) ва билувчи Зотдир” (Нисо сураси, 147-оят).

Аллоҳ таоло шукр қилувчиларга кўп ажрлар ва улкан савобларни ваъда қилган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлармиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).

Аллоҳ таолонинг розилиги Унга шукр ва сано айтишга боғлиқдир. “Саҳиҳ Муслим”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ егулик еб, Унга ҳамд айтган ва ичимлик ичиб Унга ҳамд айтган бандасидан рози бўлади”, дедилар (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг шукрлиси одамларга шукр қилганларидир”-деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти). 

Хулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳикам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларини  келтирамиз: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофатласин. Бирор нарса топа олмаса, уни ҳаққига дуо қилсин”-деганлар (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда, Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан бўлишимизни насибу рўзи айласин!

 

 

Ражабхон ҚИЁМОВ, 

Нишон туман “Талимаржон”

жомеъ масжиди имом-хатиби