1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (16-ҚИСМ)

27-05-2020, 14:09 370 Ўқиш режими + -




МУҚАДДАС ОИЛА (16-ҚИСМ)
 
ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ

Фарзандга турмушнинг, тарбиянинг муҳим қоида­ла­рини ёшлигидан ўргатиш, унинг қалбига бунёд­кор­лик туйғуларини сингдириш ота-она ва мураб­бий­ларнинг ҳамиша долзарб вазифаси бўлиб келган. Фар­занд Ислом динимизнинг асосий қоидаларидан бири бўл­ган яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайта­риш­ни одат қилиши лозим. Инсонлар ичида фақат пайғамбарлар гуноҳдан покдирлар. Зеро, Парвардигор уларни гуноҳдан пок фитратда яратгандир. Пайғамбарлардан бошқа барча инсонлар гўзал одоб-ахлоқли бўлиш билан бир қаторда, гуноҳ ишлар ва хатоларга йўл қўядилар. Ислом дини гуноҳ амалларни очиқ баён қилган ва мўминларни бундай ишлар­дан сақланишга буюрган. Бу амрга бўйсунган киши ўзини ҳалокатдан сақлайди ва Аллоҳнинг суюкли бандасига айланади. Мусулмон кишининг вазифаси фақат ман қилинган ишларни қилмаслик билан кифояланмай­ди. Балки гунох иш қилаётган биродарини у йўлдан қай­тариб, тўғри йўлга солиши ҳам муҳимдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қайси бирингиз бирор мункар ишни кўрса, уни кўли билан қайтарсин. Агар қўли билан кайтаришга қо­дир бўлмаса, тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса, мункар ишни қалби билан ёмон кўриб қўйсин, мана шу охиргиси имоннинг энг заиф даражасидир”. Ҳар бир инсон ҳаётда маълум мақсад сари интилиб яшайди. Жамиятнинг одоб-ахлоқ билан зийнатланиши учун ҳаракат қилиш ва одамларнинг турли муаммоларига дардкаш бўлиб, ўзини эзгу ишларга масъулиятли ҳис этиш мусулмон кишининг мақсади бўлиши лозим. Шундагина мўмин киши ўз манфаати учун эмас, бутун жамият фаровонлигига кучғай­рат сарфлаган бўлади. Бундай инсон тўғри йўлдагиларни қўллаб-қувватлаб, адашганларни ҳидоятга чақиради. Зеро, жамиятнинг гуллаб-яшнаши ҳам, фалокати ҳам ҳар бир кишининг тақдири билан боғлиқ. Чунки кема сувга чўккан пайт, гарчи уни кема остидагилар тешган бўлса ҳам, кема устидаги бу ишга умуман алоқасиз сайёҳлар ҳам сувга ғарқ бўлади. 
Демак, ҳаётда баъзи бир хатоларга йўл қўйган кишини тўғри йўлга солиш мўминга хос бўлган хис­латдир. Шунинг учун кишига хатосини ўз вақтида англатиш ҳам муҳим. Бундай ҳолатларда Пайғамба­римиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тутган йўллари биз учун юксак намунадир. Ул зот биринчи навбатда кишининг хатосини юзига солмасдан, уни тўғрилаш йўлларини шахсиятига тегмаган ҳолда ширинсуханлик билан тушунтирганлар. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан Мусо билан Ҳорунга (алайҳиссалом) Фиръавнни динга даъват қилиш буюрилганида: “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”, (Тоҳо, 44) дейилган. Бу ояти каримада гуноҳ ва хато иш қилганларга нис­батан қандай муносабатда бўлиш аниқ баён қилинган. Ҳаётда баъзи кишиларнинг билиб-билмай гуноҳ ёки хато иш қилаётганларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Биз­лар­дан, аввало, ўзимизни бундай ишлардан сақлаш, бошқа­лар­нинг нотўғри ишларини Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатиб берганларидек ва Парвар­дигоримиз буюрганидек тушунтириш талаб қилинади. Мураббийлар фарзанд қалбига жасурлик, шижоат­лилик ва тўғри сўзли бўлишни ҳам сингдириши, Ис­ломнинг эзгу тушунчаларини дилига жойлаб, Аллоҳ йў­лида хайрли ва савобли ишларни кўп қилишни ўргатиши лозимдир. Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш Ислом дини барча умматларга жинси, миллати, ирқи­дан қатъи назар, бирбирларидан ажратмасдан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилди. Бу муҳим вазифани адо этишда белгиланган қоидаларга амал қилинади. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўст­дир­лар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмон­ликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71). Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан қи­йинчилик ва енгилликда итоат қилишга, қай ҳолат­да бўлса ҳам, тўғри сўзлашга ва сабрли бўлишга аҳд олдилар. Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Саҳобалар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда, ихтиёрий ва маж­бурий амалда итоат қилишга, ўзидан бошқани афзал кўришда, жўяли сабаб бўлмасдан бирор киши билан тортишмасликка, доим тўғри сўзлашга ҳамда Аллоҳ йўлида сабр қи­лишга аҳд қилдилар”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамият­даги ҳар бир кишининг ҳаётини битта кемада кетаётганларга ўхшат­дилар. Шунинг учун ҳар бир кишининг хаттиҳара­катида салбий ҳолатлар сезилса, мусулмон киши уни тартибга чақириши лозим бўлади. Амру маъриф ва наҳйи мункар Ислом умматига вожиб ва ҳар бир мусулмон кишининг белгиланган тартибда уни адо этиши улкан вазифадир. Амру маъруф ва наҳйи мункар эркак, аёл, ёш ва кекса, катта-кичик мусулмонга вожиблиги ҳақида Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари бор. Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нафсим изми­да бўлган Зотга қасам, албатта, яхшиликка бую­ри­ла­сизлар ва ёмон­ликдан қайтариласизлар ёки Аллоҳ сиз­лар устиларингизга азоб юборади. Сизлар дуо қила­сизлар, бас, дуоларингиз қабул қилинмас”, де­дилар (Имом Термизий ривояти). Ибн Ҳиббон Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қи­лади. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзла­ри­да маҳзунликни кўрдим. У киши таҳорат қилдилар, бирон кишига гапирмадилар. Мен Ул зот нима деган­ла­рини билиш учун ҳужра деворига яқин келдим. У киши минбарга ўтирдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга: “Менга дуо қилишдан олдин яхшиликка буюринглар ва ёмонлик­лардан қайтаринглар. Акс ҳолда мен дуола­рингни қабул қилмайман. Мендан ёрдам сўрайсизлар, ёрдам бер­майман”, деди», дея минбардан тушдилар. 
Давоми бор...

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан